» » Гулсанам МАМАЗОИТОВА: «Бахт кўз-кўз қилиш учун эмас!»

Закладки Гулсанам МАМАЗОИТОВА: «Бахт кўз-кўз қилиш учун эмас!»

Название:
Гулсанам МАМАЗОИТОВА: «Бахт кўз-кўз қилиш учун эмас!»
Жанр:
Дата:
8-03-2014, 01:36
Просмотры:
1851
 
 

     Шаҳноза Тожиддинова, журналист: – Бу ҳаётда мусиқани севмайдиган, ундан таъсирланмайдиган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Миллий қўшиқчилигимиз донғини жаҳонга таратаётган истеъдодли санъаткорларимиз ижодига назар ташласак, бу яна бир бор ўз исботини топади...

Ўзбекистон халқ артисти – Гулсанам Мамазоитованинг яқинда "Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтган жонли ижродаги концерт дастури давомида ана шундай илиқ фикрлар кўп маротаба қулоғимизга чалинди. Шу муносабат билан куни кеча хонандани суҳбатга тортдик.

– Икки йиллик танаффусдан сўнг ҳисобот концертингизни мухлислар эътиборига ҳавола қилдингиз. Таассуротлар қандай?

– Нафақат мен, балки ҳар бир санъаткор ўзининг яккахон концертини ижро этганида улкан масъулият ҳиссини туяди. Шу маънода жамоамиз билан бирга ҳар йилгидан кўра кўпроқ меҳнат қилиб, дастурга катта тайёргарлик кўрдик. Саҳнага чиққан пайтим ижодим шинавандаларининг менга бўлган ҳурмати, эътиборидан мамнуният туйдим ва мухлисларимни жуда-жуда соғинганимни ҳис қилдим.

 

 


– Концертингиз икки соату ўттиз дақиқадан зиёд давом этди. Аммо репертуарингиздаги қўшиқлар нисбатан эски тароналардан ташкил топганини сездик. Бунинг сабаби нимада?

– Ушбу тадбирга атаб, бир нечта энг сара ва энг янги қўшиқларимизни тайёрлаган эдик. Лекин ашаддий мухлисларимиз, созандалару дўстлар "Эски қўшиқларингиздан ҳам куйланг”, деб илтимос қилишди. Айниқса, "Билсангиз, энг дардли ёр-ёрни айтинг”, "Хабар келмас” каби қўшиқларни энг кўп талаб этилган тароналар сифатида жўшиб куйладим.

– Сизни тингловчиларингиз яхши билишади. Яъни ҳар қандай қўшиқни юқори пардада жонли ижро эта оласиз. Шу маънода нега авваллари фонограммасиз дастур тайёрламагансиз?

– Жонли ижро ўз номи билан жонли. Ҳар ненинг ҳам ҳақиқийси, чинаками, барибир, бошқача бўлади. Бироқ мен фонограммасиз куйладим, деб мақтанмайман, ҳаволанмайман. Бу – бурчим, вазифам! Шуни ҳам айтишим керакки, авваллари жонли ижрога талаб йўқ эди. Ўтган икки-уч йилдан буён эса юртимизда чинакам иқтидор соҳибларини кашф қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, ҳар йили республика миқёсида ўтказилаётган "Марду майдон” номли кўрик-танловни олайлик. Бундай тадбирлар бизнинг ҳар биримизни саҳнага чиққач, санъатимизни, маҳоратимизни намоён қилишга ундаяпти.

– Рости, ижодингизга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Бироқ шуниси ҳам борки, касбингиз машаққатли. Айниқса, аёл киши оила билан санъатга бир вақтнинг ўзида вақт ва куч сарфлашини тасаввур қилишнинг ўзи мушкул...

– Тўғри, аёл киши учун оила биринчи ўринда туради. Лекин касбимни яхши кўраман, унга бутун меҳрим, қалб қўримни бахш этганман. Шунинг учун ҳам имкон қадар оила ва саҳнани тенг билишга, тарозининг иккала палласини ҳам бир меъёрда ушлашга ҳаракат қиламан. Биласизми, табиатан жуда нозикфеълман. Тез хафа бўламан, салга кайфиятим тушиб, кўнглим оғрийди. Касбимизнинг эса ўзига яраша талаблари бор. Саҳнага чиқдингми, сен саҳна одамисан! Ҳар қандай ўй-ташвишингни унутиб, очиқ чеҳра билан хизматга бел боғлашинг керак. Эл-юрт учун хизмат қилаётганингда, куйлаётганингда нимаики бўлмасин, ўзингни енга билишинг, қаддингни тик тута билишинг керак. Бу – бизнинг қисматимиз.

– Шу ўтган йиллар ичида Гулсанам Мамазоитова она деган юксак мартабага бир эмас, икки бор сазовор бўлди. Бу сизни қанчалар ўзгартирди?

– Мақтанишга йўйманг-у, мен она бўлиб, болалардек беғубор инсонга айланганимни ҳис қилдим. Худди ёшлигимга, ота-онам бағрида юрган мурғак кезларимга қайтгандекман. Шу билан бирга она бўлганингиздан кейин фикрлашингиз ўсиб, ҳаётий тажрибангиз ошаркан. Болам, деб, оилам, деб яшай бошларкансиз.

– Гастроль, концерт, байрам тадбирлари, мухлислар, саҳна... Хуллас, буларнинг бари фарзандларингизга етарлича вақт ажрата олмаслигингизга сабаб бўлади, шундай эмасми?

– Фарзандларим учун имкон қадар кўпроқ вақт ажратиб, уларнинг тарбияси билан жиддий шуғуллансам, дейман. Чунки иккинчимиз ҳали жуда ёш. Унга бошқалардан ҳам кўра, онанинг, яъни менинг эътиборим кўпроқ керак. Ёши улуғларимиз айтишади-ку, она учун бола ҳар недан азиз, деб. Чиндан ҳам шундай. Уларни кимгадир ишониб топширгим келмайди, ҳамиша ёнларида бўлсам, дейман. Тўғри, иложсиз пайтларим, кўпинча, яқинларим менга бу борада кўмак беришади. Минг раҳмат, уларга!

– Ижодкор учун эътироф ва рағбат қай даражада муҳим?

– Юртимизда нафақат қўшиқчилар, балки барча соҳа эгаларининг меҳнатини қадрлашга алоҳида эътибор қаратилади, бу ҳеч кимга сир эмас. Биз, санъат аҳли учун таъсис этилган нуфузли мукофотлар эса ижодимизни қўллаб-қувватлашга ва бизни янада илҳомлантиришга хизмат қилаяпти. Халқимиз бизнинг изланишларимизни, ижод маҳсулимизни ижобий қабул қилаяптими, шахсимизга эҳтиром билан муносабатда бўлаяптими, демак, биз улар учун ҳамиша сидқидилдан меҳнат қилишимиз керак. Катта ишонч билдирилиб, юксак мукофотлар билан тақдирланганимизда, айниқса, бунга ҳар жиҳатдан лойиқ бўлишимиз даркор, менимча.

– Яна оилавий ҳаётингиз ҳақида билмоқчи эдик. Яқинларингиз сизнинг феъл-атворингиздаги кўпроқ қайси хислатни қадрлашади?

– Инсонга ўз феъл-атворининг кам-кўсти билинмайди. Аммо шуни аниқ биламанки, яқинларим, оила аъзоларим мени қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилишади.

– Акангиз – Отабек Муҳаммадзоҳиднинг сизни йиғлата олган, кўнглингиздан чуқур жой эгаллаган қўшиқлари қайсилар?

– Мен акамнинг ашаддий мухлислари қаторида бўлганим боис деярли барча қўшиқларини севиб тинглайман, маҳзун тароналарини эса йиғлаб эшитаман. Улар орасида менинг қалбимдан жой олганлари жуда кўп. Отабек Муҳаммадзоҳид – акам бўлгани учун эмас, балки чинакамига юрак тўридан жой оладиган қўшиқлар куйлагани учун ҳам унинг мухлисиман.

– Эшитишимча, сиз катта бир маҳаллада, ҳовлида истиқомат қиласиз. Қўни-қўшнилар билан муносабатларингиз қандай?

– Қўшниларим билан ҳамма қатори борди-келди, кирди-чиқди қиламиз. Аммо ишим туфайли кўпинча, банд бўламан, уйга чарчаб қайтаман, шунинг учун ҳам ҳар куни дарвозам ёнида улар билан чақчақлашишга имконим йўқ.

– Ҳар бир аёлнинг ўзи ёқтирган гули бор. Сизники-чи? Одатда, сизга гул беришлари тайин, ўзингиз ҳам кимгадир гул ҳадя қилганингизни эслайсизми?

– Яқинда, яъни январь ойида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – Шуҳрат Қаюмовнинг концертига бордик. У кишига гул совға қилдим!

– Энг кўп машғул бўладиган хоббингиз борми?

– Балки буни хобби деб бўлмас... Мен миллий услубдаги кийимлар ва уларнинг тикилиши тарихига жуда қизиқаман. Қадимги миллий либослар, тақинчоқлар ва матоларнинг келиб чиқишига оид китобларни ўқишни хуш кўраман. Гардеробимда ҳам адрас, атлас матоларидан тикилган либослар кўп. Уларга боқиб, тўймайман!

– Нозикқалб бир аёл сифатида сизнинг ҳам орзу- армонларингиз бўлса керак?

– Инсон борки, орзу-умид билан яшайди. Шу қатори менда ҳам фарзандларим, яқинларим билан боғлиқ нияту истаклар бисёр. Уларнинг ижобат бўлишига умидворман. Шукрки, армоним йўқ!

– Кўпгина аёллар бахтимиз ҳамиша ёнимизда, уни ушлаб қолиш, асраб қолиш ўз қўлимизда, дейишади. Бу хусусда сизнинг фикрларингиз?

– Биласизми, одамларга синчиклаб қарасангиз, улар орасида кўр-кўрона бахтлиман, дейдиганлар кўп. Сиз у инсонга ташқаридан боқиб, ҳавас қиласиз, бироқ ички олами, ҳаёт тарзини яқиндан билганингиз сайин фикрингиз қанчалар янглиш эканига амин бўлаверасиз. Менинг фикримча, инсон ён-атрофдагиларнинг муносабати учун эмас, ўзи, азизлари учун бахтга интилиши керак. Ҳаётда нимаики бўлмасин, эзгулик сари қадам ташласак, бахтни "олиб қолиш”имизга, "ушлаб қолиш”имизга ҳожат йўқ. Унинг ўзи доим ҳамроҳимиз бўлади!

– Омадга қай даражада ишонасиз?

– Шукрки, мен ўзимни омадли инсон санайман. Озми-кўпми, ютуқларга эришишим Яратганнинг менга ато этган омади туфайлидир.

– Соғлом танда – соғ ақл, деганларидек, спорт билан шуғулланиб турасизми?

– Кўпинча, ўзим ёқтирган шўх мусиқага рақс тушаман. Бу мунтазам машғулотимга айланиб қолган. Фикримча, рақс ҳам спортнинг бир тури ҳисобланади. Ахир, бежиз рақс тушаётган маҳалимиз дилдаги ғуборлар ариб, енгил тортмаймиз! Қолаверса, бу чиройли қоматни асрашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

– Сир бўлмаса, икки камчилигингиз ёки ютуғингиз ҳақида айтсангиз.

– Ҳар ким билан тез мулоқотга киришиб кетаман, одам танлаб суҳбатлашмайман. Ютуғимга келсак, ҳеч кимдан гина қилмаслик одатим. Кимдир мени қаттиқ хафа қилгудек бўлса ҳам тез ёдимдан кўтарилади. Кек сақлаб юрмай, аввалги муносабатимни ўзгартирмайман.

– Ҳаётингиздаги энг сўнгги қизиқарли воқеани эслай оласизми?

– Яқинда бўлиб ўтган яккахон концертимда бир қизиқ воқеа юз берди. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди-да... Мухлисларимиз мен саҳнадан чиқиб кетишим билан саҳнага тўртта катта-катта юмшоқ ўйинчоқ олиб чиқишди. Шу маҳал Шукурулло Исроилов: "Вой, ана менинг болаларим келаяпти”, деб ҳамманинг ичагини узди!

– Нималарни кўпроқ ёқтиришингиз ҳам мухлисларингиз учун қизиқ?

– Китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Авваллари жаҳон адабиётини кўп мутолаа қилар эдим. Ҳозир эса шарқ бадиий адабиётига қизиқиб қолганман. Айни кунларда ўқиётган китобим – Эргаш Очиловнинг икки томлик "Умрбоқий қўшиқлар” номли асари. Унда классик шоирларимизнинг қўшиқ бўлган шеърлари таҳлил қилинган.

– Интервьюларингиздан бирида қирқ ёшни қоралаганимда ижодни тўхтаман, деган эдингиз.

– Тўғри, қирқ ёшга тўлганимдан кейин ижодни тўхтаман, деган фикрим йўқ эмас. Аммо яқинларим, хусусан, акам: "Ота касбимизни умримизнинг охирига қадар давом эттиришимиз керак”, деб баъзан фикримдан қайтаришади. Ким билади, аввалдан аниқ бир гап айтиш қийин.

– Шоу бизнесдаги миш-мишларга эътибор бериб жаҳлингиз чиққан пайтлар ҳам бўладими?

– Мен умуман ғийбату миш-мишларга ишонмайман. Бундай нарсаларга буткул эътиборсизман, чунки қиладиган ишим, чалғийдиган машғулотларим кўп.

– Энг завқли машғулот – ижоддан асло тўхтамаслигингизни тилаймиз!

– Минг бор ташаккур!

 
 
 

"Суғдиёна" газетасидан олинди.
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz