» » Муниса Ризаева: “Гулсанамга ҳурматсизлик қилгим келмаганди, аммо...”

Закладки Муниса Ризаева: “Гулсанамга ҳурматсизлик қилгим келмаганди, аммо...”

Название:
Муниса Ризаева: “Гулсанамга ҳурматсизлик қилгим келмаганди, аммо...”
Жанр:
Дата:
27-02-2014, 07:44
Просмотры:
2952
 
 
 

     Онда-сонда кўришиб турадиган бир танишимнинг тилидан Муниса Ризаева, деган исм ҳеч тушмайди. Гўёки, у Муниса билан дўст, ҳар куни бирга эмиш. Айтишича, Ризаева ундан тез-тез қарз ҳам сўраб турар экан. Наҳот, хонанданинг бировдан қарз сўрашга эҳтиёжи бор?!

Интервьюга шу ўйда борган эмасманми, Мунисадан ўша одам ҳақида сўрадим. У эса танимаслигини айтди. Шунда қўшиқчи Ризаеванинг бугунги машҳурлиги ва ана шу танилиш ортидаги топиш ва йўқотишлар, туҳмату бўҳтонларни эсладим. Буларнинг бари хонанда қизнинг оёғидан чалишга бўлган интилиш эмасми? Ахир, одамларни машҳур қўшиқчи билан яқиндан таниш эканига ишонтира олганлар эртага у ҳақидаги ғийбатларга ҳам бизни бемалол ишонтириши ҳеч гап эмас!

— Муниса, кайфиятингиз жуда яхши. Эшитишимча, концерт бошлабсиз, лекин бундай таваккал қимматга тушиши ҳам мумкин. Чунки июнь ойи, ўзингизга маълум, концерт мавсуми эмас...

— Биласизми, шахсан мен буни таваккалчиликка йўймаган бўлардим. Июнь ойи концерт мавсуми бўладими-йўқми, қандай аҳамияти бор?! Мен пул ишлаш учун концерт бермаяпман. Шу боис мухлисларим сиз айтган ўйларга бормай, қўшиқларимни тинглаш учун келишларига ишонаман!

— Назаримда, жиззакилигингиз кўп ҳолларда сизга бўлган муносабатнинг ўзгаришига сабаб бўлаяпти, шундай фикрда эмасмисиз?

— Буни рад этмайман. Нима қилай, кўра-била туриб, ёлғон гапиролмайман, "артист”лик қилолмайман. Мен саҳнада артист бўлишим, ўзимга юкланган вазифани қойилмақом бажаришим мумкин, лекин реал ҳаётда буни эплолмайман. Шундоқ ҳам ён-атрофимизда сохта, маблағ ва мансаб учун ҳеч нимадан қайтмасликка тайёр одамлар кам эмас. Аввалдан айтиб қўяй, бу балки Европада ўқишнинг таъсиридир, деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Чунки мен хорижда ўқиганим билан ўзбек оиласида туғилдим, тарбия олдим. Томиримда ўзбек қони оқаяпти. Миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни яхши биламан. Ва яна шуни ҳам айтишим керакки, одамларнинг кўзига қараб туриб, ёлғон сўзламаётганимдан, дилимдагини тилимга чиқара олганимдан ғурурланаман.

— Ўзингизга нисбатан шундай қилишса-чи? Мисол учун, Мадина Мумтознинг туғилган кунида хонанда Умидахон ёнингизга келиб: "Нега сиз билан саломлашсам, нуқул индамай ўтиб кетасиз?” деган экан. Хўш, ўшанда қандай аҳволга тушгансиз?

— (ўйланиб) Ҳа, бу воқеа эсимда. Очиғи, Умида менга келиб бундай дейишини умуман кутмагандим. У қизга нисбатан ҳеч қандай адоватим йўқ. Ўшанда ҳам ўзига буни тушунтириб айтганман ва ҳаммасини келишиб олганмиз.

— Яқинда "Эътироф – 2013” тақдирлаш маросимида Гулсанам Мамазоитова билан ўрнингиздан туриб кўришаман, деганингизда у шунчаки "Салом, қизлар”, деб ўтиб кетди. Ўша воқеадан кейин концертнинг охиригача чеҳрангиз очилмади.

(жаҳли чиқиб) Нимасини айтасиз! Гулсанамдан умуман бундай муносабатни кутмагандим. Мен ўзимдан каттанинг ҳам, кичикнинг ҳам ҳурматини жойига қўяман. Мамазоитова билан кўп яқин бўлмасак-да, ўша куни у залга кириб келганида ўтирган жойимдан турмай кўришишни ўзимга эп кўрмадим. Аммо у эҳтиромимга яраша жавоб қайтармади.

— Дўстларингизни тез-тез алмаштириб турасиз, нега?

— Ким айтди, сизга, менда дўст бор, деб?! Баъзилардан чин дўст ҳамиша яхши-ёмон кунингда ёнингда бўлади, деган гапни эшитиб қоламан. Менимча, ёмон кунда эмас, қувончли кунда хурсандчилингга шерик бўла олган одам чин дўст. Ҳарҳолда ёмон кунингда ёнингда бўлиб, устида сенга ачиниб, ичидан хурсанд бўлаётганлар эмас.

— Санъатга кириб келганингизда Райҳон билан дўстлашдингиз. Энди эса унинг ўрнини Манзура эгаллаган.

— Тўғри, шу пайтгача биргина дўстим бўлган – у ҳам бўлса Райҳон. Манзура опа билан эса опа-сингилдекмиз. Керак пайтда бир-биримиздан ёрдамимизни аямаймиз, ўзаро маслаҳатлашамиз, фикр алмашамиз. Очиғини айтсам, менинг умуман дўстим йўқ. Бўлиб ўтган ишлардан кейин ҳеч кимга ишонмай қўйганман. Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичаркан...

 

 


— Нима учун, сиз ва Райҳон ўртасидаги муносабатлар бузилганида одамлар фақат Райҳонни тинглашди. Ҳолбуки, сизнинг ҳам ўз ҳақиқатларингиз бор эди.

— Нима демоқчилигингизни тушуниб турибман. Мен ўша пайтлар матбуотда чиқиш қилиб, ўзимни оппоқ кўрсатгим келмади. Чунки Яратганнинг ўзи барини кўриб турибди. Худди айб иш қилган одамдек, ўзимдан фаришта ясашим, кимнидир қоралашим шарт эмас, деб ўйладим.

— Кейинги пайтда сиз борган тўйларнинг кўпида жанжал чиқаётган экан, деган хабарни эшитиб, бу хусусда ўзингизга ҳам айтган эдим. Ҳатто пойтахтдаги "Grand palace” ресторанида бўлиб ўтган жанжалга ўзим гувоҳ бўлдим. Ўшанда бироз вазминлик қилганингизда вазият бундай тус олмасмиди...

— Кечирасиз-у, сиз ўша ерда бўлган экансиз, бу ҳолатни бошқача баҳолашингиз керак эди. Мен тўйлардаги қитмирликлар, санъаткорнинг ёнига келиб, уни обрўсизлантиришга уринишларни тушунарман, лекин у ерда гап онам, оилам шаънига бориб тақалди. Мен билан жанжаллашган йигит кўпчиликнинг кўз ўнгида онам номини қўшиб, мени ҳақорат қилди. Хўш, ўша вазиятда ҳам оғир вазмин бўлиб туришим керакмиди? Ваҳоланки, жанжални мен чиқарганим йўқ. Ўша воқеадан кейин маъмуримга келиб айтдим: "Агар тўй дегани шундай бўлса, бошқа бормайман ёки мени тўйига таклиф қилаётганлар ҳурматимга яраша жавоб қайтаришсин”, деб. Тушунаман, ҳурмат қилишганидан, яхши кўришганидан тўйларига чақиришади. Лекин мен қиз боламан. Йигитлар билан бу тарзда жанжаллашиб юришга тобим йўқ. Шукрки, тарбиям шу пайтгача ҳеч ерда панд бермаган.

— Муниса, сизнинг "турли” ҳолатлардаги тасвирингиз туширилган видео ва фотосуратлар қўл телефонлари, интернет тармоғи орқали тарқалиб кетганидан кейин, негадир, бунга изоҳ беришни истамадингиз. Жим туришни афзал билдингиз. Балки гапириш пайти келгандир?

— Ҳа, менимча, ҳам шундай. Биласизми, бу тасвирларни тарқатиб юборган одамлар билан қайтиб кўришганим йўқ, балки энди уларни умуман учратмасман. Буниси фақат Яратганга аён. Лекин вақт ўтди. Улар бу ишларни нима мақсадда қилганлар, ўша мақсадга эришдиларми-йўқми, буниси ҳам менга қоронғу. Фурсатдан фойдаланиб, мен уларни аллақачон кечирганимни айтмоқчиман. Ҳеч ҳам ўзимни оқлаш ниятида эмасман. Чунки ҳар биримиз ўзимизга бегиланган тақдир йўлини босиб ўтамиз. Баъзида одам ўз тақдирини ўз қўли билан қуради, дейишади. Мени маъзур тутасиз, агар ҳамма ўз хоҳиши билан ҳаётини ўзгартира олганида бу дунёда бахтсиз одамнинг ўзи бўлмасди. Мен ўзимга ишонадиган, кучли қизман. Ҳаётда бундан баттар қийинчиликларни, йўқотишларни кўрганман. Фақат руҳимни синдирмоқчи бўлганларга ачинаман, холос. Тўғри, ўша видеотасвирлар тарқалиб кетгач, кимдир кулди, кимдир, мана, энди Мунис санъатни тарк этади, деди. Лекин мен нафақат ўзим, балки созанда йигитларнинг ҳам ризқини ярим йўлда қийиб кетишга ҳаққим йўқлигига ақлим етди. Бир нарсани айтишни жуда ҳам истайман. Ўша пайтлар мен билан сурати тарқалиб кетган йигит билан беш йил учрашиб юрганмиз. Ҳатто тўйимиз бўлиши керак эди. Ўша нохушликлардан кейин тўйимиз тўхтади. У ўз йўлидан кетди, мен қолавердим. Кимнингдир ёнига бориб, жанжал кўтармадим, нолимадим, айбни бошқаларнинг гарданига юкламадим. Ҳаммасини тан олдим!

– Назаримда, Муниса Ризаевага бошқаларнинг у ҳақида қандай фикрлаши қизиқ эмасдек. Гўё ўз "маданият”ингизни яратиб олгандексиз, ўзгаларнинг мушоҳадасига қўл силтайсиз.

– Биласизми, мен хонандаман. Вазифам – қўшиқ айтиш. Шундай экан, манзур келса, қўшиғимни тинглашсин, шахсий ҳаётимни таҳлил қилишларига эса қаршиман!

— Тўғриси, бу гапларингизга қўшилмасликнинг иложи йўқ!

— Шундай бўлгани ҳам дуруст. Балки бу сиз билан охирги суҳбатимиздир, ким билади, дейсиз...

— Инсоннинг ота-онаси олдидаги жавобгарлигидан кўра, фарзанди олдидаги масъулияти залворлироқ, назаримда. Шу маънода йиллар ўтиб, она бўлсангиз, болангизга буларнинг барини қандай изоҳлайсиз?

— Кечирасиз-у, вақти келиб, фарзандларимнинг ёнида юзим шувут бўладиган иш қилганим йўқ. Кимнинг ҳаётида нималар бўлмайди, дейсиз. Айниқса, бугунги тараққиёт замонида ҳеч биримиз бундай нарсалардан суғурталанмаганмиз. Одамлар ўзгараяпти. Саксонинчи йиллардаги қизлар билан бугунги кун қизлари ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Шундай экан, йиллар ўтгач, фарзандларим ҳам мени тўғри тушунишади ва бу мавзу юзасидан ортиқча изоҳ талаб қилишмайди, деб умид қиламан.

— Муниса Ризаева турмушга чиқса, саҳнани тарк этиши мумкинми?

— Мумкин. Айтаяпман-ку, аввалдан ҳеч нарса деёлмайман. Мен рисоладагидек оиланинг фарзандиман. Шу пайтга қадар бирор марта отамнинг кўзига тик қарамадим. Оила қургач, умр йўлдошим нима деса, шу бўлади.

— Эшитишимча, онангиз саратон касаллигига чалинган эканлар...

— Онам бироз бетоб бўлиб қолганида шифокорлар кўригига олиб борсак, шундай ташхис қўйишди. Ўшанда бунга ишонмадим. Чунки бизнинг авлодимизда бу дард билан оғриганлар бўлмаган. Сўнг бошқа шифокорлар қабулига бордик ва касаллик бутунлай бошқача эканини, хавотирга ўрин йўқлигини айтишди. Шукрки, ҳозир онам соппа-соғ. Лекин ўшанда бу хабарни эшитиб, юрагимнинг бир томири узилиб кетгандай бўлди. Онамни қанчалар яхши кўришимни ўшанда ҳис қилдим.

— Эртанги кунингизни қандай тасаввур қиласиз?

— Билмадим, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайман. Лекин яхши ният қилсанг, унга, албатта, эришасан, дейдиганларданман. Шунинг учун фақат эзгу орзуларга бериламан. Насиб қилса, истакларим ижобат бўлган кунда ҳам би-ир ўтириб, суҳбатлашамиз, босиб ўтган йўлимизни таҳлил қиламиз!

– Насиб қилсин!

Қамариддин ШАЙХОВ суҳбатлашди.

"СУҒДИЁНА" газетасидан олинди

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz