» » Шоҳ Жаҳон Жўраев: «ҲЕЧ КИМ ФИКРИМНИ ЎЗГАРТИРОЛМАЙДИ!»

Закладки Шоҳ Жаҳон Жўраев: «ҲЕЧ КИМ ФИКРИМНИ ЎЗГАРТИРОЛМАЙДИ!»

Название:
Шоҳ Жаҳон Жўраев: «ҲЕЧ КИМ ФИКРИМНИ ЎЗГАРТИРОЛМАЙДИ!»
Жанр:
Дата:
23-02-2014, 07:29
Просмотры:
1330
 
 
 
     Ўзига хос овоз ва бетакрор қўшиқлар муаллифи, истеъдодли ёш санъаткор Шоҳ Жаҳон Жўраев билан 11-12 февраль кунлари «Истиқлол» санъат саройида яккахон концерт дастурини мухлисларга тақдим этиш тараддудида юрган айни кезда суҳбат қурдик.
Блиц-саволлар:
- Қайси спорт турини ёқтирасиз?
- Яхшиси, қай бирини ёмон кўришимни айтай. Футболни ёқтирмайман.
- Охирги марта кимнинг қўшиғини мириқиб тингладингиз?
- Таваккал Қодировнинг ашулаларини.
- Асабийлашганда, нима қиласиз?
- Аввало олдимда одам туришини истамайман. Дилини оғритиб қўйишим мумкин.
 
- Ўтган йилги концертингиздан қандай хулоса чиқарган эдингиз?  Бу сафар мухлисларни қанақа янгиликлар кутмоқда?
- Одамларнинг фикрига қараганда, ўтган йилги концертим маромига етган. Унга келганлар орасида жонли ижро билан «учрашиб», лол-у ҳайрон бўлиб ўтирганларни кўрдим. Ўзимга нисбатан ўта талабчан бўлганим боис, очиғи, ўша концертимдан кўнглим тўлгани йўқ.  Катта залда репетиция қи­лишга имкон бўлмади. Аппаратуралар биз истагандек ишламади, айниқса, биринчи куни мусиқанинг овози менга яхши эшитилмаган. Бу гал ушбу хатолар такрорланмаслигига ҳаракат қиляпмиз. Кейин, ўтган йилги концертимга кўпроқ пойтахтликлар тушган. Уларнинг аксарияти мени қандай қилиб жонли ижрода куйларкан, деган қи­зиқиш билан келишган. Ўзи Тошкентнинг тўйларига боришни ёмон кў­раман. Сабаби ҳам­маёқ «бирров» бўлиб кетди. Баъзан тўйнинг эгаси сиздан фонограммани талаб қилади. «Ака, чиройли қилиб қиздириб берсангиз бўлди» дейди. Наҳотки, ўша инсон берган пулига ачинмаяпти?! Вилоятларда 5-6 соатлаб қўшиқ айтиб, маза қилиб тўй ўтказаман.
- Охирги пайтларда тордан кўра, гитара қўлингиздан тушмай қолгандек?..
- Нима учундир одамлар сал ўзгаришни кўришса, шунга ўтиб кетмоқчи экан, деган фикрга боришади. Бундай қараш менга ёқмайди. Эртага Шерали Жўраев рок айтиб чиқса, «Санъаткор бузилибди, рок айтибди» дейишадими? Бир сирни айтсам, Шерали Жўраев барча усулда қўшиқ айтган, фақат кераклисинигина мухлислар ҳукмига ҳавола этган. Санъаткор бир усулда ижод қилаверса, охир-оқибат «қотиб» қолади. Қўлингдан келяптими, янгиликка қўл уриб кўр. Қўрқма. Гитара ҳам торга ўхшаш асбоб. Торда қилинмаганларини бу асбобда чалса бўлади.
- Асилбек Амануллоҳ, Сардор Мамадалиев… Мухлислар ижро услубларингизни ўхшатишади, солиштиришади. Бунга қандай муносабатдасиз?
- Бундан фақат хурсандман. Мендан уларга салом бўлсин!
- «Instagram»да жуда фаолсиз. Гоҳ ҳамкасбларингизни баҳсга чорлайсиз, гоҳ антиқа суратларингизни жойлаштирасиз. Дарвоқе, Элвис Пресли расми билан ёнма-ён қўйилган суратингизни ҳам кўрдик…
-«Instagram»да қадамингиз етмайдиган жойларни кўриш имконияти бор. Илк қизиқишим ҳам шундан бўлган. Бугун ушбу тармоққа гоҳида янгиликлар ҳам қўйиб тураман. Элвис Пресли тароналарини болалигимдан яхши кўраман. Бир куни телевизорда бу санъаткорнинг ҳаёт йўли ҳақидаги кино берилди. Энг қи­зиғи, Элвиснинг тимсолида ўзимга ўхшаган одамни кўр­дим. Кейин ижодига қизиққанман. Уни яхши кўрганим учун ҳам олти йилча олдин бир қўшиғини айтганман, унга ўхшатиб соч турмаклар қилиб расмларга ҳам тушгандим. Аммо ҳавас бошқа, ижод бошқа. Бугун ўзимга ўхшаш учун меҳнат қилаяпман.
- Шунақа денг. Бирор фикр­га келсангиз, уни ким ўзгартира олиши мумкин?
- Кимдир фикримни ўзгартириши жуда қийин.
- Ҳатто отангиз ҳамми?
- Агар ичимда «шу нарса тўғри» деган ҳиссиёт бўлса, отам ҳам фикримни ўзгартиролмаган.  «Зебо» ашуламни отамга биринчи марта эшиттирганимда, «Шу ҳам ашулами», деганлар. Аммо ички бир овоз «Бўлади, шуни айтавер!» деган. Билганимдан қолмай, «Зебо»ни клип қилиб эфирларга узатдим. Орадан бир ойча вақт ўтди. Айни отам билан овқатланиб ўтирган пайтимиз, танишлардан бири қўнғироқ қилиб қолди. Салом-аликдан кейин: «Ўғлингиз «Зебо» деган бир ашула айтган экан, эшитиб маза қиляпмиз», де­­­­ди. Отам  ўзининг эски ашуласини назарда тутиб, «Зебо-зебо»ни айтяпсизми?» деб сўрадилар ундан. «Йўқ-йўқ, эшитиб кўринг», — дея ҳалиги одам қўшиқни қўйиб берди. Отам менга бир қараб қўйди-да. «Ўзимиз қилиб берганмиз-да» деб қўя қолдилар.
…2008 йил, водийда юрибман, бир тўйга отам келадиган бў­­­либ қолди. Кутиб олдим, тўйда отам ярим соатча ашула айтди. Кейин: «Айтасанми, сен ҳам?» деб сўради. Айтаман, дедим. Аввалига отамнинг ашуласини куйладим, кейин «Зебо»ни бошладим. Қа­ердандир «вой-дод!» деган овоз келиб қолса, денг. Менга куч кирди-ку, хуллас, бошқа мухлислар ҳам қўшилишиб «Зебо»ни куйладик. Отам эса айтавер, деган маънони бериб, ўзлари сал нарига чиқиб кетди. Шу тариқа, ниҳоят отам дуо берди.
- Баъзилар Шоҳ Жаҳоннинг ашулаларини отаси ёзиб берса керак, деб ўйлашади…
- Консерваторияда ўқиб юрганимда, отам бир ашулани берди. «ўунча лабинг болдан бўлганми» деб куйлаганим бор-ку, ўша. Бир камтарин шоир бор эди. Унинг ёзганларини шеър деб ҳам бўл­майди. Ўшанинг биттагина ижод маҳсули бироз яхши чиқиб, отам куй басталаган, ўзининг ёши­га тўғри келмагани учунгина уни менга берган. Яна бир куни чалиб ўтирган куйимга отам шеър ёзди. «Дарвозаси тилло-тилло, кўзинг етмас осмонига» дея айтилади. Ўша ашула Шерали Жўраев шеъри, Шоҳ Жаҳон мусиқаси бўлиб яралган. Сиз айтгандай, ҳалигача қў­шиқларини отаси қилиб беради, дегувчилар топилади. Ана ўшалар бизни яхши билмай туриб гапиравермасдан, биз хизмат қилувчи тўй­ларга келиб кўришсин.
- Бугун сиз тўйларга Шерали Жўраевнинг ўғ­ли эмас, балки айнан санъаткор Шоҳ Жаҳон Жўраев бўлиб чақирилишингизга нечоғли эриша олдингиз?
- Мен ким бўлмай, қандай ютуқларга эришмай, санъаткорлигимдан ҳам аввал Шерали Жўраевнинг ўғлиман. Мен учун бу ҳаммасидан улуғ унвон. Энди саволингизга келсак, бундай эътирофга йиллар давомида тинимсиз меҳнат қилиб, мисқоллаб эришилади. 2007-2008 йилларда тўйларга чиқиб юрганимда, асосан отамнинг ашуласини айтардим. Бу қўшиқлар ҳеч қачон йўқолиб кетмайди. Ўшанда, менинг ҳам мана шундай — одамлар сўраб айт­тирадиган ўз қў­шиқларим бўлишини орзу қи­лардим. Шукурки, бугун шу ниятимга озми-кўпми эришдим.
- Шоҳ Жаҳон қиз фарзанд­ли бўлганидан кейин қай томонга ўз­гарди?
- Ота бўлдим. Елкамда янада катта масъулият пайдо бўлди. Болали бўлганимдан кейин кўчага камроқ чиқадиган бўлдим, бекорчи ишларни йиғиштирдим. Ундан кўра, вақтимни қизимга ажратаман. Шундоқ ҳам, қизим кўпроқ ота-онамга ўрганиб қолган. Уй­ғонса ҳам, ухласа ҳам: бобоси билан бувисининг олдида.
- Машҳур ҳофизнинг ўғли бўлмаганингизда, санъатни танлармидингиз?
- Бахтимга шундай одамнинг фарзандиман. Мен фақат нас­лий жиҳатдан эмас, табиатан ҳам қўшиқ айтишга мойилман. Тор чалмасам, ашула айтмасам, ўзимни бутун сезмайман. Ҳаттоки тушларимда ҳам ашула айтаман, бунга нима дейсиз? Айт­ганча, тушимда яралган қўшиқларимни бу йилги концертимга киритяпман…

Нодира ҲАЙДАРОВА суҳбатлашди
"БЕКАЖОН" газетасидан олинди

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz