» » Толибжон МЎМИНОВ:““Эътироф” сабаб мухлислар ўзимдан ҳам зиёд қувонишди”

Закладки Толибжон МЎМИНОВ:““Эътироф” сабаб мухлислар ўзимдан ҳам зиёд қувонишди”

Название:
Толибжон МЎМИНОВ:““Эътироф” сабаб мухлислар ўзимдан ҳам зиёд қувонишди”
Жанр:
Дата:
16-02-2014, 18:20
Просмотры:
715
 

     Йигирма йилдан буён театр саҳнасида ижод қилаётган, кейинги пайтда эса кинода ҳам тез-тез суратга тушаётган актёр – Толибжон Мўминов 2013 йили "Йилнинг энг яхши киноактёри” номинацияси бўйича "Эътироф” мукофоти билан тақдирланди. Бу унинг кўп йиллик меҳнати, интилишлари самарасидир, албатта. Бугун ана шундай эътирофга муносиб кўрилган истеъдодли актёр – меҳмонимиз.

— Толибжон ака, ота-онангиз сизнинг ҳуқуқшунос бўлишингизни исташган экан. Аммо барибир актёрлик касбини танладингиз. Бунинг сабаби нима?

— Тўғри, уйдагилар менинг ҳуқуқшунос бўлишимни орзу қилишган. Мен эса фикримдан қайтмаганман. Отам: "Балки, бошқа соҳани танларсан. Актёрлик — машаққатли касб, катта куч ва меҳнат талаб қилади”, деганди ўшанда. Болаликдан санъатга қизиқсам, нима қилай, ахир?!

Эсимда, ўқувчилик йилларим турли саҳна "асар”ларини намойиш қилардик. Ўшанда адабиёт ўқитувчиларим мендаги қизиқишни сезиб: "Сен, албатта отангнинг йўлидан боргин. Истеъдодинг бор”, дейишарди. Шунгами, мактабни битирганимдан сўнг отамга ўхшаб, актёр бўламан, деган ниятда мазкур соҳа бўйича таълим олишга қарор қилдим. Иккита институтда ўқидим. Аввалига Театр ва рассомлик институти, кейин эса Москвадаги кинематография институтида таҳсил олганман. Ўқишни битиргач, 1994 йили Ўзбек миллий академик драма театрига ишга олиндим. Бу йил театрда фаолият бошлаганимга йигирма йил тўлади. Шу ўтган вақт ичида элликдан зиёд спекталларда роль ўйнадим.

Биласиз, биз ўқишни битирган кезларимиз кинофильмлар ниҳоятда кам ишланар, асосан, теленовеллалар, видеофильмлар суратга олинарди. Шуларнинг айримларида роль ижро этиб, эл эътиборига тушишга ҳаракат қилганман. Кейинчалик эса фильмларга таклиф эта бошлашди. Ҳозир таклифлар анча кўп. Бундан хурсандман. Аслида ҳам актёр кўп қиррали бўлиши, бир жойда туриб қолмаслиги керак.

— Актёрликни танлаганингиздан афсусланган, бошқа соҳада ишласам бўларкан, каттароқ муваффақиятларга эришармидим, деган пайтларингиз бўлганми?

— Бўлган, кўп бўлган. Қийналган пайтларингизда шундай ўйларга борасизки... Масалан, саҳнадаги ролларингиз сиз кутгандек чиқмайди. Шундай пайтда ҳар бир санъаткор тушкунликка берилиши табиий. Лекин ҳозир шу касбни танлаганимга шукр қиламан. Айни дам "Эътироф” сабаб ўзимдан-да зиёд хурсанд бўлаётганларнинг табрикларини эшитиб, бошим осмонга етади. Энг муҳими, санъатимиз, ижро этаётган ролларимиз орқали кимнингдир кўнглига йўл топаяпмиз, яна кимнидир ёмон йўлдан қайтаришимиз, уни эзгулик сари йўналтиришимиз мумкин. Бу жуда катта ютуқ, деб ўйлайман. Мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларига хизмат сафари билан борганимизда Хилол Насимовнинг "Алданган аёл” фильмини кўп бор тилга олишади. Бир жойда айтиб қолишди: "Бир гуруҳ қизларимиз чет элга бориш учун ариза топширишганди. Шу фильмни кўргач, уларнинг аксарияти аризасини қайтариб олди. Сизларга раҳмат!”, деб.

— Кинодаги фаолиятингизда бир неча йил танаффус бўлган эди. Аммо кейинги пайтда кўп суратга тушаяпсиз.

— Авваллари ҳам кинога таклиф қилиб туришарди, лекин ҳеч ҳозиргидек бўлмаган. Кинематография институтини битирганим боис фильмлардан таклифлар камлиги мени кўп ўйлантирарди. Омад келса, ҳеч гап эмас экан. "Менинг акам бўйдоқ” фильмидан кейин таклифлар кўпайди. Шу фильмга бошқа актёрни олайлик, дейишганида актёр Алишер Узоқов: "Мен театрда бирга ишлаганман, бу санъаткорнинг қандай имкониятлари борлигини яхши биламан”, деб қатъий туриб олган. Бунинг учун унга раҳмат! Мазкур фильмдан сўнг "Энди дадам бўйдоқ” фильмида ўйнадим. Режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг "Паризод” фильмида ҳам суратга тушдим. Бу картина кўплаб халқаро танловларда қатнашиб, юксак мукофотларни қўлга киритди. Ундан кейин ҳам тўрт-бешта фильмда роль ижро этдим. Айни дамда, негадир, комик ролларни кўп таклиф қилишаяпти.

— "Паризод” фильмидаги ролингиз буткул бошқача. Умуман, сиз ўша қаҳрамон ўрнида бўлганингизда, қандай йўл тутган бўлардингиз?

—Қаҳрамонимнинг қисмати оғир. Бундай кўргулик ҳар кимнинг бошига тушиши мумкин. Рафиқаси эрта вафот этиб, фарзандлари қўлида қолган, кўнгли ярим инсон у. Катталар, албатта, уйланишни маслаҳат беришади. Аммо унинг кўнглига ҳамма ҳам манзур бўлавермайди, фақат Паризодни ёқтиради. Ва ҳатто фарзандлари ҳам уни яхши кўриб қолишади. Фариштасифат қизни олиб қолишни астойдил истайди. Лекин ҳаёт бешафқат: уларнинг тақдири қовушмайди. Бунинг сабаби эса фақат Яратганга аён, яъни қаҳрамонимга боғлиқ бўлмаган ҳолат юз беради. Паризодни олиб қола олмаганига қанчалик ачинмасин, у чорасизлигича қолаверади. Жуда мураккаб руҳий ҳолат...

— Ўзингизнинг ҳам фарзандларингиз, яъни икки ўғлингиз бор. Яхши биласиз, ўғил бола тарбиясида отанинг ўрни муҳим. Шу маънода болалар айб иш қилиб қўйишса, койиш билан чекланасизми ёки жазо қўллайсизми?

— Койийман ҳам, вақти келса, жазолаган пайтларим бўлган. Имкон қадар сўз билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. У қулоғидан кириб, бунисидан чиқиб кетмаслиги, қилган хатосини бошқа такрорламаслиги учун уриш ё сўкишдан кўра, ўткир-ўткир сўзларни айтаман. Бола барибир бола-да, соддалигига боради, ғўрлигу шўхлик қилиб қўяди... Ҳар бир инсон фарзандининг ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишини ният қилади. Болаларингиз улғайгани сайин "Қай бир соҳага берсак экан? Қайси касбга қизиқиши бор? Эплаб кетармикин? Ким бўларкин?”, деб ўйланаркансиз.

 

 


— Ўғилларингизда қандай касбга қизиқишни сезаяпсиз?

— Ҳозир аниқ бир соҳага қизиқиши бор, деб айтолмайман. Чунки улар ҳали кичик: тўнғичим олтинчи, кичигим тўртинчи синфда ўқияпти. Катта ўғлимиз футболчи бўламан, дейди. Мен унга: "Бу хобби, сен, энг аввало, ўқишинг, меҳр қўйган касбингни эгаллашинг керак”, дейман. Кенжа ўғлим Успенский номидаги мусиқа академик лицейида фортепиано йўналиши бўйича ўқияпти. У ерда мусиқий билим мукаммал берилади. Келажакда шу соҳанинг бошини тута олса, хурсанд бўлардим. Бунинг учун ўғлимга қўлимдан келганича ёрдам бераман.

— Отангиз билан бир саҳнада роль ижро этган пайтларингиз бўлган. Бу сизга ишонч бағишлайдими ёки у кишининг салобати босадими?

— Бирга роль ижро этган пайтларимизда отам маслаҳат беради, камчиликларимни айтади. Актёр саҳнага чиққанида хатоси, нуқсони ўзига билинмайди, фикру хаёли қаҳрамонида бўлади-да. Отам билан бирга ўйнаганимизда ҳам у кишини ота, деб эмас, балки ўша ўйнаётган образлари орқали қабул қиламан. Ёшликда, тажриба кам бўлган пайтда ҳаяжонланасиз, албатта. Отам ёки бошқа устозлар билан бирга ўйнаганда, уларнинг олдида камчиликка йўл қўймасмикинман, ролимни яхши ижро эта олармикинман, айблашмасмикан, деган хавотир бўлган. Секин-аста тажриба ошгани сайин эса улар билан бирга елкама-елка ижод қилишга, баҳслашишга ҳаракат қилар экансиз. Хоҳлайсизми-йўқми, бу сизнинг касбингиз. Образдан келиб чиққан ҳолда керак бўлса, бақирасиз, зарур пайтда "ёқасидан оласиз”.

Отам айтиб берганди. Театрга янги ишга келган пайтларида роллари яхши чиқмаётганида ойим: "Сиз партнёрингизни фалончи ё пистончи, деб эмас, ўйнаётган қаҳрамони тимсолида қабул қилинг. Ўшанда ортиқча ҳаяжонланмайсиз”, деб маслаҳат берган экан. Ҳақ гап, зеро, партнёрингизнинг кимлигидан кўра унинг асардаги роли муҳим.

— Саҳнада роль ижро этаётганингизда ҳеч ноқулай вазиятга тушганмисиз? Масалан, сўзларнинг эсдан чиқиб қолиши...

— Ҳар бир актёр билан бўладиган ҳолат, бу. Аммо сўзингиз эсдан чиққан тақдирда ҳам гапингизни давом эттириб кетишингиз керак. Тўхтаб қолиш мумкин эмас. Замонавий спектаклларда осонроқ, ўз сўзларингизни ҳам қўшиб кетаверасиз. Мумтоз асарларда эса янглишсангиз, қийналиб қолишингиз мумкин. Айниқса, шеърий мисраларда қофия, вазн, дегандай масъулият талаб қиладиган жиҳатлар бор... Мана шундай ҳолатларда хатога йўл қўйсак, суваб, сийпаб, чиройли йўл билан вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Томошабин сезмай ҳам қолади.

— Дубляжда ҳам қатнашаяпсиз. Дубляж, театр, кино. Буларнинг барига улгура олаяпсизми?

— Ҳаммасига вақт топиш керак. Эплолмасам, баъзиларини рад этишга тўғри келади. Албатта, биринчи ўринда театр, асосий иш жойимиз шу ер. Ундан ортсак, кино, телевидение, дубляжга вақт ажратамиз. Авваламбор, касбни севиш керак, шунда барча қийинчиликларга чидайди, киши.

— Эркак кишининг ҳам уй-рўзғорда бажариши керак бўлган ишлар мавжуд. Аммо кўпчилик санъаткорлар вақти йўқлигини, жуда бандлигини рўкач қилиб, бундай ишларга қўл урмайди. Сиз ҳам шулар тоифасиданмисиз?

— Йўқ, вақт топаман. Чунки эркакман, оила бошлиғиман, менинг оиламни биров келиб бошқармайди, ўзим бош-қош бўлишим керак. Рўзғорни ўзим қиламан. Менда бировни ёллаш одати йўқ. Фарзандларимни мактабга олиб бориб, олиб келаман. Бўш бўлсам, рафиқамни ҳам сщраган жойига элтиб, зарурат туғилса, кутиб ўтираман. Ортиқча қийналмасин, дейман-да. Оиламга етарлича вақт ажратишга бор кучим билан ҳаракат қиламан. Чунки оила тинч бўлса, инсон хотиржам, иши эса унумли бўлади.

— Бўш вақт топилса, нима билан шуғулланасиз? Хоббингиз борми?

— Ўғилларимни стол тенниси машғулотларига олиб бориб тураман. Болаларим: "Дада, теннисга борайлик”, деб туришади, тез-тез. Уларни қизиқтириб қўйганман-да. Теннисни ўзим яхши кўраман, болалигимда ҳам роса ўйнардим. Бундан ташқари, футбол мухлисиман. Ёзда болаларим билан бирга стадионга, сузиш ҳавзаларига борамиз. Спортнинг соғлиққа фойдаси кўп.

— Яқинда Миллий театрнинг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида Юртбошимиз қарори эълон қилинди. Юбилейга тайёргарлик ишлари бошланган бўлса керак?

— Ҳа, ҳозирлик кўрилаяпти. Яхши-яхши асарлар саҳналаштиришни режалаштираяпмиз. Кўплаб спектакллар тақдимоти ўтказилди. Драматургларимизнинг турли жанрлардаги асарлари, мумтоз санъатимиз намуналари саҳналаштирилаяпти. Кўплаб ижодий сафарлар, учрашувлар ҳали олдинда. Театрнинг юз йиллиги катта байрам, муҳим сана, шунинг учун кенг миқёсда, кўтаринки руҳда нишонланиши, шубҳасиз.

— "Суғдиёна” газетаси ва "Onlayn.uz" сайтининг мухлисларига қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

— Биз, санъаткорларни қадрлайдиган мухлислар доим омон бўлишсин. Хонадонларидан бахт-омад, файзу барака аримасин. Қалбларидаги орзу-умидлар, муроду мақсадлар ижобат бўлсин. Театрга тез-тез келиб туришсин, янги-янги асарларни томоша қилиб, маънавий озуқа олишсин. Биз ҳамиша уларнинг хизматидамиз! 


Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.

"СУҒДИЁНА" газетасидан олинди  

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz