» » Умид ИСКАНДАРОВ:«Менга ато этилган севги учун тақдиримдан миннатдорман»

Закладки Умид ИСКАНДАРОВ:«Менга ато этилган севги учун тақдиримдан миннатдорман»

Название:
Умид ИСКАНДАРОВ:«Менга ато этилган севги учун тақдиримдан миннатдорман»
Жанр:
Дата:
15-02-2014, 05:57
Просмотры:
2994
 
Умид ИСКАНДАРОВ:«Менга ато этилган севги учун тақдиримдан миннатдорман
 

Аввалига у хаёлларингизда яшайди. Узоқ-узоқ ўйлар сурасиз у ҳақда... Хаёлларингиз улғаяди-ю, орзунгизга айланади. Беғубор орзунгизга. Вақтлар ўтиши билан кўнглингизда илинж пайдо бўлади. Орзуингиз бир куни ушалишидан умид қиласиз. Юракнинг туб-тубида уйғонган ўша умид сизни мақсад сари етаклайди. Интиласиз, қоқиласиз, йиқиласиз, ҳатто орзунгизни унутгандай бўласиз... Аммо УМИДингизни сўндирмайсиз! Ҳаёт қонунларининг энг асосийси ҳам шумасми, аслида?!

Актёр Умид ИСКАНДАРОВ билан суҳбатимиз унинг умидли дунёси — кино ҳақида бўлди. Зеро актёрнинг кино оламидан кутганлари кўп...

— Умид, кўпчилик сизни кино оламига кутилмаганда кириб келиб, машҳурликни тез қўлга киритган деб ўйлашади... Аслида-чи, Умид Искандаров ҳақиқатда кетмони учган актёрми?

— Негадир, кўпчилик наздида мен ҳаммасига осон ва тез эришгандекман. Тўғри, кино соҳасидаги фаолиятимни бошлаганимга беш йилгина бўлди холос. Бу катта муддат эмас. Аммо шу беш йилдан олдинги жараёнлар ҳам бор. Аввалига санъат соҳасига қадам қўйишга иккиланишлар, шу беқарорлик сабаб йигирма беш ёшимда режиссёрлик йўналишига ўқишга киришим, кейин кастингма-кастинг суратларимни кўтариб юришларим, танаффуслар... Булар ҳам ўз навбатида меҳнат ва вақт талаб этган. Шуни унутмаслик керакки, кинода ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Йигирма саккизни уриб қўйганлар ўз ишига, оиласига эга бўлган бир даврдан менинг ҳамон камера изидан қувишим таваккалдек эди. Ўша пайтлари ота-онам "Қачонгача шунақа давом этади? Юришингни қара? Оилали бўлишинг, эртага-бола чақа боқишинг керак” дея даккилар ҳам берган. Аммо мен чекинмаганман. Тўғри булар ваҳимали нарсалар эмас, бироқ юлдузлик орзусидаги айримлар шугина синовлардан ҳам ўта олмаяпти...

— Хўш, нега замондош тенгқурларингизга қараганда ҳаракатни кечроқ бошлагансиз?

— Саволингизга жавоб беришдан олдин шуни таъкидламоқиман: санъат аввало, қонда ва жонда бўлиши керак! Шундагина сиз нимагадир эриша оласиз. Бобом ва бувим умрларини санъатга бахшида этган инсонлар. Гарчи катта асарларда бош қаҳрамонларни ижро этишмаган бўлса-да, улар театр ва кино тарихида ўз ўрни ва номига эга. Бобом нафақат актёр, режиссёр, хонанда бўлиб ишлаган. "Алибобо ва қирқ қароқчи” фильмида эпизодик роль ижро этган. Отам ҳам 40 йилдан ошиқ радио соҳасида ишлаган. Онам эса турмуш ташвишлари сабаб актриса бўлиш орзусидан чекинган. Санъаткорлар оиласида улғайган бўлсам-да, негадир дабдабали ва ваҳимали кўринган бу оламга қадам босишга чўчиганман. Актёрликни орзу қилганман, хаёл сурганман, умид қилганман... Лекин "Мендек йигитлар ҳеч қачон кинода роль ўйнай олмаса керак” деб ўйлаганман. Чунки ўзбек киносининг дарғалари — Шукур Бурҳонов, Ҳамза Умаровларнинг ижодини кузатиб, санъаткор шунчаки актёрмас, кучли илмга эга шахс бўлиши кераклигига амин бўлардим. Хуллас, иқтидор, илм ва қайсидир маънода телбалик талаб қиладиган санъатга ҳам интилардим-у, ҳам ундан ўзни олиб қочардим. Аммо барибир бўлмади. Йигирма беш ёшимда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг режиссёрлик факультетига ҳужжат топширдим. Ва шу йўналиш бўйича таҳсил олдим.

 

— Аммо актёрликнинг бошини тутдингиз...

— Ҳа, бунинг ўз сабаблари бор. Санъат оламига кириб келганимда ўттиз ёшда эдим. Ёш йигитга эса ҳамма ҳам кинони ишониб топшира олмайди. Тўғри, ҳозир фильм суратга олиш кимлар учундир осон бўлиб қолди. Аммо мен кинога бир соатлик кўнгилочар восита сифатида қарамайман. Кино бу тарбия воситаси. Ундан томошабин нимадир олиши, ўзига хулоса чиқариши керак. Яна режиссёр билан актёр бир-биридан узоқ кишилар эмас. Улар доим бирга ишлайди. Бир-бирини тўлдиради. Киноларда роль ижро этаётганим, бу — мен учун аввало амалиёт. Нафақат фильмда суратга тушаяпман, шу аснода режиссёрлик ишларини ҳам ўрганаяпман. Режиссёр суратга олиш жараёнида бутун бир жамоа билан ишлайди. Бу эса ўз навбатида катта маҳорат, истеъдод ва билим талаб этади. Бир киши билан (хоҳ у режиссёр, хоҳ актёр бўлсин. Бизда кино ҳақида гап кетганда негадир асосан шу икки "қаҳрамон” тилга олинади) картина зўр бўлиб қолмайди. Асар фильм ҳолига келгунча режиссёрдан тортиб либос устасигача тер тўкади. Шу сабаб баъзан энг маҳоратли режиссёрнинг ҳам картинаси ўртамиёна чиқиб қолиши мумкин.

— Нима деб ўйлайсиз, актёрни қолипга солиб қўйиш ёки уни янги қиёфада кашф этиш қай даражада режиссёрга боғлиқ?

— Қарс икки қўлдан чиқади. Айни шу вазият менинг икки йил танаффус қилишимга сабаб бўлган. Чунки мени ҳам олдинига салбий қаҳрамон сифатида кўришган-да. Илк ролларим "Қасд” ва "Тузоқ” фильмларидаги образларим. Иккала фильмда ҳам салбий қаҳрамонни ижро этганман. Актёрлик фаолиятимни салбий образлар билан бошлаганим учунми ёки баъзиларнинг фикрича, кўринишим шундай типга мосми, режиссёрлар мени фақат шу характердаги ролларга таклиф қилишарди. Агар ўшанда шу йўсинда давом этсам, бир умр қора либосдаги қаҳрамон бўлиб қолардим. Чунки кўпчилик ижобий ролларни ҳам ижро эта олишимга ишонмасди. Шу сабаб танаффус қилишга мажбур бўлдим. Актёр ҳар қандай образни гавдалантира олиши керак. Меҳр ҳам, қаҳр ҳам кўзлар орқали ифодаланади. Бир хил қиёфада қолиб кетмаслик учун ўз устимда ишладим. Ва қайсидир маънода кўриниши туфайли экранларга чиқадиган актёр эмаслигимни исботладим, деб ўйлайман.

— Тўғри, бугун ижобий ролларни ҳам ижро этаяпсиз. Аммо қаҳрамонларингиз тузилишида ўхшашликлар бор. Масалан, "Супер қайнона”, "Оқибат”, "Ўжар келин” картиналарида қайнона-келин ўртасидаги куёв қиёфаси.

— Бу фильмларнинг мавзуси оила. Шу сабабдан ҳам улар бир-бирига ўхшашдек. Аммо инсонлар бир-бирини такрорламаганидек, қаҳрамонларим ҳам бир-бирини такрорламайди. Образларим ўхшаш бўлиб қолмаслиги учун сценарийни ўқиш давомида ҳаёт билан солиштираман. Қаҳрамонларимни оқлаб, қоралаб кўраман. Камчиликларини, ютуқларини қидираман. Агар уларга бу ижобий қаҳрамон деб қарасам, образ ҳаётий бўлмайди. Чунки бу билан уни фариштага айлантириб қўяман.

— Фақат Умид Искандаров ижро этиши мумкин бўлган роль, бу қайси роль?

— Тан оламан, бугунгача бундай роль бўлмади менда. Менимча, Алишер Узоқовнинг ҳам, Адиз Ражабовнинг ҳам, умуман бизнинг авлодда ҳали ҳеч биримизнинг ўзимизники бўлган ролимиз йўқ. Мисол учун, Абдурайим Абдуваҳобов ҳозиргача "шум бола”. Уни халқ шундай атайди. Бу образ фақат у кишиники. Келажакда, насиб қилса, менинг ҳам кино тарихида ўз образим бўлади. Истагим, саркарда Жалолиддин Мангуберди образини яратиш. Жасорати билан Чингизхонни лол қолдирган бобоколанимиз ҳурматим, қизиқишим катта. Танишларим, ташқи кўринишимиздаги қайсидир белгиларни ўхшатишади. Балким бу ҳам сабабдир...

— Фридрих Шиллернинг бир гапи бор: "Яхши актёрнинг ёмон роли бўлмайди”. Ролларингиздан қониқасизми?

— Аввало, нима бўлган тақдирда ҳам ҳар бир ролим менинг боламдек. Уларни яхши-ёмонга ажрата олмайман. Тўғри қойиллатиб ижро этмаганларим ҳам бор. Ҳатто баъзи ролларимдан уяламан ҳам. Ўша кинолар телеэкранда намойиш этилса, қизариб хонадан чиқиб кетаман. Аммо ёмон кўрмайман. Чунки фильмда нафақат ўзим, бошқалар ҳам меҳнат қилган. Буни кўрганман, ҳис қилганман. Кўпчиликнинг тилига тушган кино "Оқибат” бўлди. Ундаги ролим, умуман кинонинг ўзи ҳам мени қониқтирган. Мухлислардан раҳматлар эшитганмиз, нотинч оилаларда фильм томошасидан сўнг барқарорлик юзага келганини айтишган. Кимгадир заррача бўлса-да, фильмнинг нафи текканидан хурсандман.

— Укангиз Муҳаммадали аслида актёрлик йўналишида ўқиган экан. Аммо бугунги кунда клиплар суратга олиш билан банд. Ака-ука Искандаровларнинг санъатдаги ўрни таҳсилдан сўнг алмашиб қолгандек...

— Биласизми, аслида отам менинг исмимни Муҳаммадали қўймоқчи бўлган. Аммо бувим "Илк набирамга ўзим исм қўяман” дегани учун, ноилож қолган. Исмларимиз ҳам шунақа алмашиб қолгандек гўё (кулади). Иккаламиз бир вақтда ўқишга кирганмиз, бирга ўқиганмиз. Доим ҳамфикр бўлганмиз. Ҳозир у режиссёликка қизиқаяпти. Мен эса ўзимни келажак учун тайёрлаяпман. Ўрни келганда бир-биримизни танқид қиламиз, маслаҳатлашамиз. Қачондир мен ўзимни асл соҳамда синаб кўришим мумкин. У эса киноларда роль ижро этган. Демак, иккаламиз ҳам айни пайтдаги имкониятлардан фойдаланаяпмиз. Қолганини эса вақт кўрсатади.

— Ҳа, вақт кўп нарсага қодир. Хўш, вақтга ҳукмингиз ўтаяптими?

— Йилига тўрт, бешта фильмда суратга тушаман. Орада гастроль сафарлари, учрашувлар, тадбирлар. Ўртача ҳисобласак, бир картина учун бир ойча вақт сарфлайман. Бу қисса муддат. Тўғри, актёр тайёр сценарийни ёд олади, тайёр "съёмка” майдонига бориб роль ижро этади, фильм тайёр бўлгач, қаҳрамонига овоз беради. Булар бирламчи. Уларга улгуриш мумкин. Аммо бир қаҳрамон руҳиятидан бошқасига ўтиш учун вақт керак. Психологик жиҳатдан йилига бешталаб фильмга тушиш оғир. Аммо касбим ва шароитим талаби шу.

Шахсий ҳаётда эса кўп нарсаларга вақтим етмаслиги туфайли ўзимни одамгарчиликдан чиқиб кетаётгандек ҳис қиламан. Қариндош-уруғларнинг тадбирларига вақтида боролмайман, минг йиллик ошнамнинг қўнғироғига жавоб беролмайман... булар ҳаммаси кун тартибимнинг иш режимига мослашганидан. Хуллас, қайсидир маънода вақтдан ютқазмаяпман, аммо нималаргадир улгуришга ҳарақат қилаяпман ҳам...

Ўтган йил тўртта фильмда суратга тушдим. Иш ҳисобим бўйича "Фотима” картинасидан кўнглим тўлди. Айни кунларда эса "Ишқ ва андуҳ” фильмида ишлаяпмиз. Айнан шу газетада чоп этилган Наргиза Усанбоеванинг "Ишқ ва андуҳ оғушида” асари асосида фильм суратга олинишини бир йил кутдим. Чунки қиссада муҳаббат жуда чиройли, табиий ва самимий тарзда баён этилган. Тўғри, бугунги кунда севги ҳақида фильмларимиз кўп. Аммо бу картина ўзгача. Унда севги туйғуси одатий бойликка қурбон бўладиган қанақадир ҳис эмас, синовларда тобланган ишқ ҳақиқий муҳаббат экани талқин қилинган. Мана, Худо хоҳласа, яқин кунларда экран юзини кўради бу асар.

— Севгисиз дунё умидсиз дейишади. Ҳақ гап. У орқали биз борлиқни ҳис қиламиз. Ҳаётни севишни ўрганамиз. Билишимча, муҳаббат бобида омади чопган йигитсиз...

— Менга ато этилган севги учун тақдиримдан миннатдорман. Рафиқам билан севишиб турмуш қурганмиз. Муҳаббатимиз бардовам бўлишига ишонаман. Эътибор берганмисиз, ҳеч кимни севмайдиган кишилар доим ҳаётдан норози юришади... Чунки улар дунёни фақат битта рангда кўришади-да. Муҳаббат бу ҳаётимиз ранглари. Мен эса ҳаётимнинг ҳар бир дақиқасини севиб-севилиб ўтказаман. Санъат ҳам аслида кучли муҳаббат талаб этади. Яна суратга олиш жараёнларида қаҳрамоним қиёфасига кириб партнёримни севаман. Рашк туйғуси бош кўтарганда эса кинодаги "севгим”ни ўчириб қўяман.

— Турмуш ўртоғингиз ҳам кино соҳаси вакили — пардоз устаси. Бу шахсий ҳаётингизда ва фаолиятингизда халал бермайдими? Ёки аксинчами?

— Мен оилавий муносабатларни кинога аралаштирмасликка ҳаракат қиламан. Аёлим бирор кинода суратга тушишимдан олдин имиджим бўйича маслаҳатлар беради. Агар кўнглимга ёқса, унинг тавсияларини инобатга оламан. Бўлмаса, йўқ. Шу пайтгача турмуш ўртоғим билан бирор фильмда бирга ишламаганмиз ҳам. Бунга қаршиман. Сабаби, "съмёка” майдонидан, шовқинли кино оламидан аёлимни соғиниб, уйга қайтишни истайман. Ана шу соғинч ҳисси, рафиқамнинг мени кутиши, мени ўйлаши илҳом бағишлайди. Барча тадбирларга, йиғинларга бирга борамиз. Аммо иш жараёнида масофа сақлаймиз.

— Ўттиз учни қаршиладингиз. Кино оламида Умид Искандаров бўлиб озми-кўпми танилдингиз. Оила қурдингиз. Хулласи калом, бир йигит ўттизгача орзу қилганларига эришдингиз ҳисоб. Ўттиз учинчи баҳор остонасида англаганларингиз...

— Тақдирга ишониш керак! Аммо тан бермаслик лозим! Ниманидир дилга тугдингизми, албатта ўшани қўлга киритишга ҳаракат қилиш шарт. Ҳар бир йигитнинг бошида қора кунлар бор. Тушкунликка тушиб қолган вақтларим кўп бўлган. Албатта, ўн саккиздаги ҳиссиётлар билан бугунги кундагиси фарқли. Бироқ доим нимадандир нолий бошласам, ўз-ўзимга "Умид инсофинг борми?” дейман. Борига шукр қилиш йўқдан ниманидир йўндиришга имкон беради ахир. Эркак киши эса имкон излаб яшаши керак. Тўғри, ҳали оламшумул ишлар қилмадим. Аммо ўтган йиллар учун афсусланмайман. Ҳали ҳаммаси олдинда...

— Умиднинг умидлари...

— Бувим доим "Сендан умидим бор! Бекорга исмингни Умид қўймаганман. Дилимга туккан истагимни амалга оширганингда айтаман!” дейди. Умидим шу кишининг истакларини амалга ошириш. Яна денгиз бўйида кичкина виллам ва яхтам бўлса. Чунки денгиз инсоннинг асабларини тинчлантиради, орзуларини юксалтиради. Чарчаган пайтларим оилам билан маза қилиб дам олсам. Оиламга тиргак бўлсам... Ўзимнинг киноларимни яратсам... Қолгани пешанадан....


Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди

"СУҒДИЁНА" газетасидан

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz