Закладки РУСЛАН ШАРИПОВ

Название:
РУСЛАН ШАРИПОВ
Жанр:
Дата:
8-12-2013, 06:01
Просмотры:
1711
 

РУСЛАН ШАРИПОВ:"Бошимга мусибат тушганда Шогирдларимни топа олмадим"

 
     Мазмунли қўшиқ яратиш.  Бу — айтишга осон. Аммо бунинг учун қанчалик кўп ижодиймеҳнат қилиш кераклиги ижодкоргагина аён. Бугунги қаҳрамонимизга ортиқчатаъриф керак эмас! Чунки у басталаган, сайқал берган ва куйлаган қўшиқлари ҳали ҳам мухлислар тилидан тушмайди. У сабаб ўзбек санъатида янги-янги номлар пайдо бўлди ва уларнинг бари бугунги кунда ўз мухлисига эга ижодкорга айланган. Англаганингиздек, саҳифамизнинг галдаги меҳмони — Руслан ШАРИПОВ...     
 
"Илк қўшиғим танқидга учраган
 
   — "Садо” гуруҳи тарқалиб кетгандан сўнг, Кумуш Раззоқова "Наво” гуруҳида фаолиятинидавом эттира бошлади. Гапни шундан бошлашимдан мақсад, ижодимни айнан шу гуруҳда бошлаганман-да! "Ассалому алейкум, келинглар” қўшиғини ёзиб бергандим. Шу
қўшиқ билан кўплаб давлатларга гастролга борардик. Сира ёдимдан чиқмайди, қўшиқни илк бор эшитган ҳайъат аъзолари "Ўғирланган-ку!” деб эътироз билдиришганди. Тан оламан, "Ялла” гуруҳи "Шаҳрисабз” қўшиғининг куйланиш усулига ўхшаш. Аммо сўзлари ҳам, нақорат ва мусиқа томондан ҳам бир-биридан фарқ қилади. Қисқаси шу қўшиқ борасида қатор тортишувлар бўлган. Ўша вақтлари мусиқа билим юртининг иккинчи босқич талабаси эдим. Катта-катта бастакорлар эътироз билдиришгани ҳам ёдимда (кулади).Ахир улар қолиб менинг қўшиғимни танлаб олишганди-да! Хуллас "ташриф қоғозим”га айланган қўшиғим қатор мулоҳазаларга сабаб бўлган.   
   Биласизми, ўша дамларни эсласам, кулгим келади. Сабаби, ўзбек эстрадасининг барча вакиллари иккита катта сариқ "Икарус” автобусига сиғарди. Менимча, ҳозир юзтасига ҳам жойлашиши амри маҳол (самимий кулади)

"Ҳаёт давом этар…
 
— Ҳар бир қўшиғим фарзандимдек гап. Қалбимда ҳаммаси ўзига хос ўринга эга. Аслида хонанда эдим, ўзим басталаган қўшиқларимни яқинлар даврасида куйлаб юрардим ва ҳалигача куйлайман. Истаган мавзуда қўшиқ куйлашим мумкин, бу борада ирим қилмайман. Аммо бу мавзуларга енгил ёндашаман, дегани эмас. Шеърни осонгина қўшиқ қилмайман. Иш жараёнида унга бир қанча ўзгартиришлар ҳам киритаман. Сўзларининг ўрнини алмаштиришим, қўшимчалар қўшишим мумкин. Қисқаси, жуда инжиқ одамман. Бу феълимни мен билан ҳамкорликда ишлаганлар яхши билишади. Қўшиқдаги арзимаган хатони ҳам ҳазм қила олмайман. Балки шунинг учун қўшиқларим сони бошқа ижодкорларникига нисбатан камроқдир. Биласизми, кўп жойларда "Дўст”, "Йўқчилик”, "Ҳаёт давом этар...” каби қўшиқларимни сўрашади, хурсанд бўламан. Демак, фақат бастакор эмас, хонанда сифатида ҳам ҳурматга лойиқ эканман. 
 
"10 дақиқада яралган қўшиқ”
 
— "Эски шаҳарда ўсганман, жоним” қўшиғини ишонсангиз, ўн дақиқада ёзганман. Тоҳир Содиқов ҳалигача "Қандай қилиб, қисқа вақт ичида ёзиш мумкин?” деб сўрайди. Тўғриси, бу саволга менда жавоб йўқ. Илҳом келган ва қоғоз қоралаганман, тамом! Тўғри, сўзлари содда бўлиши мумкин. Аммо 1991 йилда ёзилган бу қўшиқ халқ меҳрини қозонди ва ҳалигача хит даражасини йўқотмади. Ёзган қўшиқларимнинг умри узоқлигидан хурсанд бўламан. "Бугун байрам”, "Ўзбекистон ёшлари” каби қўшиқларим ҳали ҳам халқ орасида машҳур.  
    Ўз вақтида кўплаб ёш хонандалар билан ижод қилганман. Озми-кўпми санъатда ўз ўрнини
топишларига ҳиссамни қўшганман. Масалан, Тоҳир Содиқов, собиқ "Сетора”, "Шаҳзод” ва "Хўжа” гуруҳлари. Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттиришим мумкин. Уларнинг ижоди ва эришаётган ютуқларини кўриб фахрланаман. Лекин тан олиш керак, улар орасида энг машҳури бу — "Болалар” гуруҳи. Гуруҳга ном танлаш мунозарага сабаб бўлганди ўшанда. Чунки гуруҳ вакиллари "бу ном жуда оддий. Қолаверса, ёшимиз элликка борганида бу ном билан қандай ижод қиламиз?!” дейишганди-да! Ўшанда "Етмиш ёшли қария ҳам ўзини ёш деб билади. Ўз оғайниларига "болалар” дея мурожаат қилади”, деб жавоб қайтаргандим. Сўзим ўз исботини топди. Улар ҳали ҳам "Болалар” ва ижод қилишяпти! 
 
"Оиламдан кўнглим тўқ!
 
— Бахт бу — неча қаватли уйда яшашинг ё автомобиллар сони қанчалигида эмас, балки кўнгил хотиржамлигида. Катта бойлигим — учта қизим. Каттаси 24 ёш, ҳозирда онаси — биринчи турмуш ўртоғим Наргиз Зокирова билан АҚШда истиқомат қилади. Иккинчи оиламдан ҳам иккита қизим бор. Улар ҳозир мактабда ўқишади. Қизларимнинг мусиқа билан шуғулланишларига қарши эмасман. Аммо келгусида қайси соҳа вакили бўлиш ўзларининг ихтиёрида. Аллоҳга шукр, рафиқам ёнимда, доим мени тушунади ва қўллаб-қувватлайди! 2008 йил мен учун анчайин оғир ва синовларга бой бўлди. Шу сабаб, ҳатто бир йил давомида уйдан чиқмай ўтирдим. Рости, ижод қилишга қўлим бормади. Моддий жиҳатдан ҳам муаммоларга дуч келдим. Шукр, яқинларим кўмаги сабаб, бари ортда қолди. Бошимга мусибат тушганда атрофимдагиларнинг асл қиёфалари намоён бўлган. Шогирдларимни топа олмасдим... Бу ҳолат кишига қанчалик оғир ботишини, менинг вазиятимга тушганлар яхши тушунади. Бугун бари изга тушди, лекин ўша воқеалардан ўзим учун етарлича катта хулоса чиқардим.   
  
"Ижоддан тўхтаганим йўқ!

— Қаерга бормай доим "Нега ижод қилишдан тўхтадингиз?” деган саволга дуч келаман. Бунга жавобан баралла "Мен ижод қиляпман!” дейман. Аслида янги қўшиқлар ёзиш мен учун қийин иш эмас. Бир қанча қоралаб қўйган қўшиқларим ҳам бор. Уларни халққа тақдим этишдан аввал, режалаштириб қўйган катта лойиҳамни амалга ошириш истагидаман. Барча ёзган қўшиқларимни янги оранжировкада "попури” қилиб куйламоқчиман. Шундан сўнггина янги қушиқларимга навбат келади. Келаси йил 48 — мучал ёшимни қаршилайман. Айнан шу сана муносабати билан "Истиқлол” санъат саройида яккахон концерт дастуримни тақдим этмоқчиман. Концертда янги ижод намуналаримдан ташқари, асосан аёл хонандалар билан дуэтлар гулдастасини тақдим қиламан. Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева ва Кумуш Раззоқова шулар жумласидан. Рости, концерт борасидаги ғояларим бисёр. Фақат уларни амалга оширишда менга бироз вақт етишмаётгандек. Қисқаси, ҳозир ижод қилишга иштиёқим катта!  
    Ижодимдаги танаффуснинг яна бир сабаби — бир нечта жарроҳлик операцияларини бошдан ўтказдим. Овоз пайидаги ўсимтани олиб ташлаш ва кўз жарроҳлиги шулар жумласидан.
Операциядан сўнг уч ой пичирлаб гаплашишимга тўғри келди. Овозим аввалги ҳолига
қайтгунича қатор машқларни бажаришимга тўғри келди. Бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Кўнглимни ранжитадигани — одамларнинг мен ҳақимдаги турли гап-сўзлари бўлди. Тўғри, ичкилик сабаб, кўпгина хатоларга йўл қўйгандирман. Лекин бари ортда қолди. Ўша ишларим учун ўзимни ўзим койийман! Айни кунларда соғлом турмуш тарзига асосланиб умр кечиряпман. Мақсадим  эса битта – ижодга қайтиш.
 
 
Ҳадия АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, "Даракчи"
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?