» » Актрисалар режиссёрларнинг «қолипи»га тушиб қолишдан хавотирда

Закладки Актрисалар режиссёрларнинг «қолипи»га тушиб қолишдан хавотирда

Название:
Актрисалар режиссёрларнинг «қолипи»га тушиб қолишдан хавотирда
Жанр:
Дата:
8-08-2015, 06:10
Автор:
Просмотры:
2500
 
 
 
Клипдан кинога «йўл олган» актрисалар режиссёрларнинг «қолипи»га тушиб қолишдан хавотирда

     Бугун бўлажак актрисалар тўлиқ метражли фильмларда роль ижро этишдан олдин клиплардаги ижролари орқали тажрибаларини орттириб олишлари мумкин. Бугунги суҳбатдошларимиз ҳам сўнгги вақтларда клип ва киноларда талабгирлар сафига қўшилиб бораётган ёш, умидли актрисаларимиздан Юлдуз Ражабова ҳамда Муқаддас Саъдуллаевалардир. Икки ҳамкасбнинг бир хил саволларга берган турфа жавобларидан, очиқ-ойдин суҳбатидан қандай хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола.
- Аввало бир-бирингиз учун сирли бўл­ган ҳолда дуэт суҳбатга розилик билдирганингиз учун раҳмат. Иккалангиз ҳам клипларда суратга тушиш бўйича етакчи актрисалардансиз. Бугунги кун клипларига қандай муносабатдасизлар?
Юлдуз Ражабова: — Мен клипларнинг кичик кино бўлишини истайман. Худди бир асар каби кириш, тугун ва ечим қисми бўлиши тарафдориман. Иложи борича шунақа клипларда роль ўйнашга ҳаракат қиламан. Клип воқеалари  томошабинга маънавий озуқа бериши керак.
Муқаддас Саъдуллаева:  — Мен ҳам тўрт ё беш дақиқали клипларнинг бирор-бир сюжет асосида яратилишини истардим. Айрим клипларга ўхшаб бирон йигит ёки хонанданинг ўзи бир дас­та гул кўтариб қизнинг ортидан югуриб юришига тушунмайман. Баъзи клипларнинг якуни бўлмайди. Менимча, клипнинг боши ва охири бўлиши керак.
- Сизлар роль ижро этган клипларингиз орасида қайсиларидир оммалашган, айримлари эса йўқ. Клипнинг томошабинлар томонидан олқиш олишига кўпроқ ким сабабчи бўлади?
Ю.Р.: — Мисол, илк ижроим «Уммон» гуруҳининг қўшиғига олинган клипдаги қиз роли. Бу клип ҳам, қўшиқ ҳам оммалашди. Видеоролик клипмейкер Наримон Султонхўжаев томонидан суратга олингани учун оммалашди, деб ўйлайман. Чунки у кишининг ўзига яраша мухлислари бор, ноодатий тарзда клип олишларини кўпчилик билади.
М.С.: — Менимча, клипнинг оммалашишини жамоа таъминлайди. Чиройли қўшиқ бўлгани билан клипи яхши бўлмаса, актёрлар жамоаси яхши танланмаса, самара бўл­майди.
- Айрим актрисалар ёмон аёллар қиёфасини яратишдан қочишади. Аммо иккалангизнинг ижроингиздаям салбий роль бор. Юлдузни Улуғбек Раҳматуллаевнинг «Ома­дим келмади» қў­ши­ғидаги ёлғончи аёл қиё­фасида, Муқаддасни Шоҳжаҳон Жўраевнинг «Жайра» қўшиғидаги йў­лидан адашган журналист қиз ролида кўрганмиз. Иккала клип ҳам анча оммалашди. Бир-бирингизнинг ижроингизга муносабатингиз қандай?
М.С.: — Юлдузга, очиғини айтадиган бўл­сам, ижроларига «беш» ба­ҳо қўйганман. Унинг шу ролини кўриб, ижтимоий тармоқлардан бири ор­қали танишиб олганман. Клип жуда қисқа дақиқаларни ўз ичига қамрайди. Лекин қиёфани, образни очиб бера олиш актёрнинг маҳоратига боғлиқ. Юлдуз буни уддалаган.
Ю.Р.: — Муқаддаснинг ижросига «аъло» ба­­­­ҳо бераман. Менимча, айримлар кўча-кўйда уни ўз исми билан эмас, Жайра деб чақиришса керак.
М.С.: — Тўғри.
- Клипларда суратга олиниши қийин бўлган саҳналар бор. Ундан ҳам қийини, шеригингизнинг сизни қай даражада тушуна олиш-олмаслиги, тўғрими?
М.С.: — Ўзимнинг ҳам мутахассислигим бош­қа. Лекин актёрлар оиласида вояга етганман. Актёрлик сабоқларини олиб, мактабини кўрганман, дея оламан. Ҳали ўрганишим керак бўлган нарсалар кўп. Вақт ва тажриба синовидан ўтиб пишиб борамиз. Саволингизнинг биринчи қисми ижодимга алоқадор. ўайрат Усмоновнинг «Ёр-ёр» қўшиғига клип суратга олаётганимизда сувда оқадиган саҳнаси бор. «Сузишни билмайман» десам, режиссёр камера ортига тўртта йигитни чақиртириб, «Агар биз ушлай олмай қолсак, булар ёрдам беришади» деган. «Майли», деб ўзимни сувга отганман, лекин чўкиб кетишимга сал қолган. Актёр Умид Искандаров жасорат кўрсатиб қутқариб қолганлар. Аёллари пардозчимиз эди, икки соат тепамда туришган. Клипнинг қолган қисмини ўзимга келганимдан кейин суратга олганмиз.
Ю.Р.: - Қи­йин бўлган саҳна кўринишларидан кўра, партнёрингизнинг сизни тушунмаслиги қийинроқ. Ўзим роль ўйнаган бир кинода шунақаси бўлган. Жуда қийналиб кетганман. Бизда танлаш имконияти йўғ-у, шундай бўлса-да мактаб кўрмаган, шу соҳадан хабари йўқ, актёрлик маҳорати бўлмаган шериклардан қочишга ҳаракат қиламан. Сабаби, улар кино ёки саҳна асарининг мавқеи тушишига сабабчи бўлишади. Томошабин зерикади. Ўз-ўзидан яхши ўйнаган актёр ҳам четга чиқиб қолади.
- Юлдуз гапингизга қараганда, партнёрингиз мактаб кўрган бўлишини истайсиз. Дейлик сизни Муқаддас билан бир фильмга таклиф қилишди. У мутахассислиги бўйича психолог. Рад қиласизми?
- Менимча, Муқаддас билан қийналмасам керак. Чунки ота-онасининг мактабини кўриб катта бўлган. Йўл-йўриқ кўрсатиб, маҳоратини оширишга ёрдам берадиган устозлари ҳамиша ёнида. Бу борада иккиланмай рози бўламан.
- Юлдуз роль ижро этган «Хазон», «Севги балки бу жаннат» каби фильмлар томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Муқаддаснинг ижросини ҳали катта экранларда кўрмадик. Озми-кўпми кинорежиссёрлар билан ишлаб, тажриба орттиряпсиз. Сизга қайси режиссёр билан ишлаш қулай?
М.С.: - Кетма-кетига учта фильмда суратга тушдим. Режиссёрлардан Ёлқин Тўйчиевнинг «Садоқат»ида, Музаффар Эркиновнинг «Эртага каштан гуллайди» фильмида, болалар учун ишланган «Таътилдаги томоша» фильмларида яхши-ёмон образларда намоён бўламан. Ҳар бир режиссёрнинг ўз талаб ва қонунлари бор. Ҳаммасиниям ўз ўрни бор деб биламан. Киноларда роль ўйнай бошлаганимга кўп бўлмади. Аммо ўзимни хокисор, маъюс аёллар образида кўришни истардим.
Ю.Р.: — Тафовутни қаранг, Муқаддас, мени кўпроқ сиз айтаётган аёллар ролига таклиф қилишади. Ўзимга қолса, экранга қийинчиликларни енгиб, матонат билан ҳаётда нимагадир эришган кучли шахс образини олиб чиқгим келади. Ҳозирча тўртта кинода, тўртта режиссёр қўлида  роль ўйнадим. Биронтасини бошқасидан устун қўйиш қийин. Чунки ҳаммаларининг ўз «мен»и бор. Саид Мухторов, Нозим Тўлахўжаев, Рустам Саъдиев. Мен улардан кўп нарса ўргандим ва ўрганишда давом этаяпман. Биз ёшлар устозлардан фойдаланиб қо­лишимиз керак. Фақат бир нарса, мен режиссёрнинг қолипига тушиб қолишни истамайман. Яратаётган образимга нималардир қўшишга ҳаракат қиламан.
- Суҳбат учун ташаккур. Ижодий баркамоллик тилаймиз.
- Ҳурмат қилиб чақирганингиз учун сизларгаям катта раҳмат.
 
"Bekajon"dan olindi
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz