» » Алишер УЗОҚОВ: “Бугун дунёқарашим бутунлай ўзгарган!”

Закладки Алишер УЗОҚОВ: “Бугун дунёқарашим бутунлай ўзгарган!”

Название:
Алишер УЗОҚОВ: “Бугун дунёқарашим бутунлай ўзгарган!”
Жанр:
Дата:
9-05-2015, 07:42
Автор:
Просмотры:
2258
 

Истеъдодли актёр, устазода санъаткор Алишер Узоқов яқинда томошабинлар эътиборига "Кузда гуллаган дарахт” номли фильмини тақдим этганди. Шундан кейин у "Ҳаётда” фильмида ҳам асосий роллардан бирини ижро этди. Яна жўшқин ижодга қайтган актёрни "Тенгдошлар” лойиҳасига таклиф этишга қарор қилдик...


Шаҳноз, хонанда бастакор, шоира:


— Алишер Узоқовни иқтидорли ижодкорлар сафига бемалол қўша оламан. У роллари билан халқимизнинг юрагига кириб бора олган актёр. Қўшиқчиликда ҳам ёмон натижага эришмади. Алишернинг ижодий фаолиятидаги бироз танаффус, унинг дунёқарашини янада ўстирганига ишонаман.


— Алишер кўришмаганимизга анча бўлди. Мен санъаткор сифатида ижодкорга бироз танаффус кераклиги ва бу яхши самара беришини жуда яхши биламан. Сизнинг ҳам танаффусингиз анча самарали бўлгандир.


— Очиғи, танаффусда эдим десам нотўғри бўлади. Бугунги кун киносаноатидан кўнглим тўлмаётгани сабаб, уни ривожлантиришга ҳаракат қилиб кўрдим. Ўтган ой "Кузда гуллаган дарахт” учинчи режиссёрлик фильмимни томошабинлар ҳукмига ҳавола этдим. Бу фильмда ўз ишининг ҳақиқий жонкуярлари, профессионал кино ижодкорлар ишлашган. Кейин бу танаффус оралиғида режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг "Ҳаётда” номли фильмларида суратга тушдим.


— Очиғи ҳали бу фильмни кўришга улгурмадим. Лекин номиданоқ мени ўзига тортяпти:


— Бу фильм ўзбек киносида жуда катта янгилик, унинг сўнги йиллардаги энг катта ютуқларидан бири десам муболаға бўлмайди. Фильмда суратга тушиб актёр сифатида қандай кинода рол ўйнаш кераклигини мана энди тушуниб етдим. Кадр ортидаги қаҳрамонлар – режиссёр ва операторларнинг меҳнати ҳам тахсинга сазовор. Мен сизга бу фильмни томоша қилишни тавсия қиламан.


— Албатта. "Кузда гуллаган дарахт” фильмингизнинг премьерасига таклиф қилгандингиз. Эшитишимча фильмни суратга олиш ғояси туғилишида бошқа ҳамкасбларингизнинг ҳам ҳиссаси бор экан. Аслида комедиядан чекиниб, драмага ўтишнинг сабаби нима эди?


— Кино санъати қозонида қайнаётган одам, актёр сифатида унинг бугунги аҳволига бироз ачинаман десам муболаға бўлмайди. Бу фильмни олиш ғояси эса киноактёрларимиз билан бир даврада туғилган. Бундан икки йил аввал кўпчилик актёрлар билан бир вилоятга гастроль сафарига бордик. Ўшанда ҳамкасбларим "актёрларнинг орасидан битта сен режиссёрликка қўл уряпсан, кимнинг иқтидори нимага етишини биласан, актёрнинг дардини ҳис қила оласан. Яхши фильм ишласанг, биз ҳам унда роль ўйнасак,” деган таклифни беришди. Гастролдан қайтаётиб фильмнинг умумий ғояси кўз ўнгимда гавдаланиб, унинг сўнгги воқеалари қуйилиб келаверди. Сценарийни ҳам бир йил деганда ёзиб тугатдим. Суратга олиш ишларига ҳам бир йилга яқин вақт сарфладик.


— Нега фильмнинг саундтреки йўқ. Мен ўзингиз айтсангиз керак деб ўйлагандим.


— Йўқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархонга айттирмоқчи эдик, имкони бўлмади. Шунинг учун фильмни саундтрексиз томошабинларга ҳавола этдик. Яхши фильм соундтреки бор йўқлигига қарамайди, менимча.


— Хонандалик борасида ҳам янгиликлар борми? Ҳар ҳолда ёмон ижод қилмагандингиз...


— Хонандаликда ҳали бирор нарсага қўл урганимча йўқ. Балки, қўшиқчиликни яна давом эттирарман лекин ҳамма хонандалар сингари ҳар ҳафта ёки ҳар ой қўшиқ чиқараман деб ваъда бермайман. Балки бир йилда, балки 5 йил ёки 10 йилда битта қўшиқ айтарман. Яхши қўшиқ айтсангиз, менимча бунга вақтнинг аҳамияти йўқ. Одамлар топиб эшитаверади. Сўнгги қўшиғимни айтганимга 4-5 йил бўлди. Лекин бу вақт оралиғида хонандаликдан умуман бегоналашдим деб айтолмайман. Бир-иккита қўшиқлар тайёрладик, лекин улар халққа тақдим этишга ҳали тайёр эмас.


— Ғурурланиб айтши керакки бугун бизнинг фильмларимиз ҳам халқаро фестивал, танловларда иштирок этиб, мукофотларни қўлга киритяпти. Ҳаммамиз биламиз, кино оламининг энг юксак мукофоти бу "Оскар”. Нима деб ўйлайсиз: келажакда биздан қайси режиссёр ўз фильми билан "Оскар”га номзод бўла олади?


— Мен албатта! (кулги кўтарилди)


— Янги фильмингиз биланми?


— Йўғ-э дарров тилимдан тутманг-да. "Оскар”га аталган ғоялар хали фақат миямда чарх уряпти холос. Уни эса амалга ошириш керак. Насиб қилса албатта ўзбек киноси ҳам "Оскар” олади. Агар яхши кино чиқарсак, бу мукофотни олишимизга ишончим комил. Ижодкорнинг ижодини ҳеч нарса тўхтата олмайди. Ижод юракдан вулқон каби отилиб чиқаверадиган нарса. Ижодкордан ҳамма нарсасини олиб қўйсангиз ҳам, ўша юрагидан отилиб чиқаётган нарсани олиб қўёлмайсиз. Ҳақиқий ижодкорнинг ижоди эса, юраги тўхтаганда тўхтайди холос. Қандай чекловлар қўйилиши, қандай ноҳақликлар бўлишидан қатъи назар у ижоди билан ўша тўсиқларни ёриб чиқаверади. Демоқчи, бўлганим яхши ижодкорнинг, арзигулик иши ҳам назардан четда қолмай "Оскар”гача етиб бораверади. "Оскар”ни оламан дейишим балки кулгили туюлар, лекин асосийси ният бор.


— Фақат орзу ва интилишнинг ўзи камлик қилади, менимча.


— Албатта фильмнинг бюджети ҳам шунга мос бўлиши керак. Ҳар ҳолда бизда 50-60 млн. сўмга олинаётган фильмлар "Оскар”га яқин бора олмаслиги аниқ. Бунча сарф ҳаражат билан халқаро мукофотлар даражасига чиқаман десангиз, салкам дахо бўлишингиз керак (кулиб). Ҳоҳлайсизми йўқми кинонинг ривожи учун катта маблағ керак. Ўзбек киносида арзон фильмлар шундоқ ҳам қалашиб ётибди. Режиссёрларнинг асосий мақсади камроқ пул сарфлаб, халқ таниган актёрларни арзонга, иложи бўлса текинга ўйнатиб, кино "ясаш”, шунинг ортидан даромад топиш. Кинони ривожлантирай, ўзбек киноси ҳам жаҳонга чиқсин, дейдиганлар кам. Асосий мақсад ҳеч қанча пул сарфламай, катта даромад олиш, тирикчилик қилиш бўлиб қолган. Режиссёрлар шундай қилиб тургандан кейин ўзбек киноси қандай қилиб ривожланади? Кўп режиссёрлар билан бир даврада ўтириб қолсам, аксарияти фильмга деярли пул сарфламасликни, сифатли камераларда эмас, оддий фотоапаратда ҳам кино олса бўлишини айтади. Кечирасиз-у томошабинни қачонгача алдаймиз? Бугунги томошабин бемалол хориж фильмлари билан бизникини таққослайдиган даражага етган. Уларнинг дунёқараши кечагидек эмас. Хуллас, гапираман десам гап кўп, бировни қўя турайлик, шахсан ўзим кинонинг ривожи учун қаттиқ ҳаракат қиляпман


Қамариддин Шайхов: Куни кеча бобонгиз Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Узоқовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильмни томоша қилгандим. Назаримда бадиий фильмларнинг прототипи ҳам аслида ҳаётдан олиниши керак. Минг афсуски бугунги киноларда прототипнинг ўзи йўқ. Шунинг учун балки бобонгизнинг ҳаёти ҳақида бадиий фильм ишларсиз? Оддий томошабинлар, ёшлар билиши керак бўлган воқеалар талайгина менимча.


— Албатта бундай режаларим ҳам йўқ эмас. Лекин уларни рўёби учун вақт керак. Мен эндигина учинчи фильмимни чиқаряпман. Бундан олдинги "Менинг акам бўйдоқ”, "Энди дадам бўйдоқ” номли фильмларимни кино деёлмайман. Булар шунчаки комедия жанридаги мини фильм.


Қ.Ш.: Шундай экан уни фильм сифатида экранга олиб чиқишдан мақсад нима эди? Шунчаки телевидениега бериб қўйсангиз ҳам бўларди-ку.


— Энди тирикчилик қилиш керак-ку!


Қ.Ш.: Ҳа, яшанг, мана ўзингиз ҳам тирикчилик учун кино ишлаган экансиз-ку.


— (жаҳли чиқиб) Ҳозир бу гаплардан мақсад нима? Сиз аввал саволингизни ўйлаб кейин беринг.


Қ.Ш.: Юқорида бошқа режиссёрларнинг асосий дарди тирикчилик, ва арзон фильм ишлаш бўлиб қолган дедингиз. Ҳамма ҳам барибир шу даврни босиб ўтаркан, мана ўзингиз ҳам буни тан оляпсиз?


— Ўшандан кейин бундай фильмларга қўл урмадим-ку (асабийлашиб). Ҳозир эса кузатувларим, тажрибам ошиши натижасида ўша фильмларимни кино деб айтолмайман. Лекин ўз даврида томошабинларга жуда манзур бўлган, яхшигина даромад ҳам келтирган. Мен режиссёрликни эндигина бошлаганимда дарров зўр кино оламан деёлмасдим. Кишининг тажрибаси ортгани сайин касбига, ишига нисбатан муносабати ҳам ўзгаради ахир. Сизнинг ҳам бундан 5-6 йил аввал ёзган мақолаларингиздан бугунгилари фарқ қилади-ку. Мен биринчи фильмларимни суратга олганимда умуман фикрлашим бошқача эди. Бугун эса ўша фильмлар сабаб дунёқарашим буткул ўзгарган. Профессионал нуқтаи назардан олиб қараганда ўша фильмларимда жуда катта ҳатоликларга йўл қўйганман.


Қ.Ш.: Бугунги кун актёрлик мактаби ҳақида нима дея оласиз?


— Жуда керакли мавзуни очдингиз. Ҳақиқатдан ҳам ёш, иқтидорли актёрлар камайиб кетяпти. Яқинда Тошкент Давлат Санъат ва маданият институтига бориб, маъмуриятга учрашиб "мен талабаларга дарс бермоқчиман, 4 йил ичида кино учун камида икки нафардан яхши актриса ва актёрлар чиқариб бераман” деб айтдим. Ўзбек киносида порлаган сўнгги юлдузлар — Фарруҳ Соипов, Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабовлардан кейин пичоққа илинадиганлардан охиргиси мен бўлсам керак (кулиб). Бундан хурсанд бўлмайман, аксинча янги қаҳрамонлар пайдо бўлмаётганидан афсусдаман. 30 ёшга кирдим, иккита фарзандли бўлдим, сочим ҳам тўкилиб, қиёфам анча улғайган. Хоҳлайманми йўқми энди 18 ёшли йигит ролини ўйнолмайман. Бошқа тенгқурларимда ҳам худди шундай жараён кечяпти. Киномизга янги қаҳрамонлар, янги чеҳралар керак. Янги фильмим учун жуда узоқ вақт давомида актёр қидирдим. Тошкент давлат Санъат ва маданият институтидан ҳам ўзим истаган актёрни тополмадим. Охири ўша ролни ўзим ўйнашга мажбур бўлдим. Аслида бу фильмда умуман кўринмоқчи эмасдим.


— Келинг, фарзандларингиз ҳақида гаплашайлик.


— Хабирингиз борми йўқми яқинда қизли бўлдим. Исмини Солиҳа қўйдик. Ўғлим Фирдавс эса 2 ёшда. У менинг болалигимга ўхшамайди, анча тетик, гап сўзи, фирклаши ҳам анча кенг. У билан бемалол гаплашиб ўтираман, ҳар куни футбол машқларини ўтказамиз, футбол томоша қиламиз. У ҳам менга ўхшаб "Атлетика Мадрид” жамоасининг ишқибози. Хуллас, оила даврасида зерикишга вақт йўқ.


— Алишер Узоқов профессионал футболга ўтиб, "Истиқлол” жамоаси ўйинларида иштирок этяпти, деган гапларни эшитгандим. Ҳали ҳам футбол ўйнаб турибсизми?


— Тўғрисини айтсам, йўқ. Кино суратга олиш ишлари билан бўлиб, уни ҳам ярим йўлда ташлаб қўйдим. Балки вақти-соати билан яна футболга қайтарман.


— Ўйлайманки шунча вақт сарфланган, севимли машғулотингиздан кечишга мажбур қилган фильмингиз томошабинларга ҳам манзур бўлиб, ўзбек киносининг савиясини яна бир поғонага кўтаради. Суҳбатингиз учун эса раҳмат.


— Сизга ҳам раҳмат!


Лойиҳа муаллифи Қамариддин ШАЙХОВ


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?