Закладки ҚАСАМ ИЧГАНИМ ЙЎҚ!

Название:
ҚАСАМ ИЧГАНИМ ЙЎҚ!
Жанр:
Дата:
13-05-2014, 06:11
Просмотры:
1062
 

Анвар Санаев: «МЕН ҚАСАМ ИЧГАНИМ ЙЎҚ!»

 

«Муҳаббат куйчиси» дея таъриф бериладиган Анвар Санаев  секин-аста устозлар қаторига кириб бормоқда. Унинг ўзига муносиб шогирдлари бор, қолаверса, фарзандлари ул­ғайиб, турли касбларнинг бошини тутишмоқда. Санъаткорнинг ўзи тинмай изланишда. 7-8 июнь кунлари «Истиқлол» санъат саройида ўтказилаётган нав­батдаги яккахон концерти ҳам ана шундай изланишлари самараси, мухлислари олдидаги ҳисоботидир. Биз Анвар ака билан ана шу дастур тайёргарлиги чоғида суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

- Сўз усталаримиздан бири сизни Шерали Жўраевдан кейин стадионларни ларзага келтирган биринчи санъаткор, деб эътироф этган эди. Бунга нима дейсиз?

- Ҳамиша халқ билан бирга эканлигимдан қувонаман.

- Бу йилги концертингизда ҳам буни исботлай олармикансиз?

- Аввало, концертни кимгадир, ниманидир исботлаш учун ўтказиш ниятим йўқ. Боғбон меваларни етиштириб, олим эса фан ва техникада бирор янгилик яратиш билан Ватан олдидаги бурчини адо этади. Турган гапки, санъаткорнинг бурчи тингловчиларга маънавий озуқа улашиб, дилларини хушнуд этиш. Яқинда Қашқадарёда ўтказилган «Биз буюк юрт фарзандларимиз» ёшлар фестивалида иштирок этдим. Халқимиз ҳа­қиқий санъат ихлосманди эканлигига яна бир карра амин бўлдим.

- Концерт қўяётган санъаткорларнинг барчаси нимадир янгилик қи­лишга ҳаракат қи­лишади, сиз нималар қиляпсиз?

- Концерт беришдан асосий мақсадим ҳам мухлисларга янги қўшиқларни тақдим этиш. Дастурда йигирмага яқин қўшиқ ижро этишни режалаштираяпмиз. Албатта, уларнинг аксарияти янги қўшиқлар. Кейин бу йилги концертда ўзгача саҳна безакларидан фойдаланишга қарор қилдик. Ке­йин… (ўйланиб) барча сирларни ошкор этсам, унинг нима қизиғи қолади?!

- Бир пайтлар қизиқ одатингиз  бор экан. Дастхатни муҳр билан қўйган экансиз, тўғрими?

- Тўғри! Чунки мухлислардан ҳеч бирининг кўнглини оғритишни истамасдим. Барча мухлисларга тилак сўз ва дастхатни қўйишга улгурмаслигимни инобатга олиб, муҳр ясатишга қарор қилгандим. Муҳрда «Сизга бахт тилаб Анвар Санаев» сўзлари ёзилган эди.

- Бугунги концертларда ҳам у муҳрдан фойдаланаяпсизми?

- Йўқ, анчадан буён ундан фойдаланмаяпман. Агар зарурат туғилса, у анча асқотади.

-  Ўша пайтлардагидек стадионларда яна концерт берсангиз бўлмайдими?

- Илгари стадионларда ўтказилган концертлар ҳам телевидениеда намо­йиш этиларди. Ҳозир телевидениенинг талаблари анча ўзгарган. Катта майдонда ўтказилган концертнинг тасвири телевидение талабларига тўлиқ жавоб бермаслигини ҳам инобатга олиш зарур. Лекин бу Анвар Санаев стадионларда концерт бермаяпти, дегани эмас. Насиб қилса,«Истиқлол» санъат саро­йи­даги концертдан сўнг вилоятлар бўйлаб гастроль сафарларини ўтказишни режалаштираяпмиз. Чунки юртимизнинг чекка вилоят ва туманларида истиқомат қиладиган мухлисларга ҳам муҳаббатим чексиз.

- Сўнгги куй­лаган Хо­разм­ча қўшиғингизни айтишдан мақсад нима эди? У бир пайтлар хит бўлган «Занжир» таронангиз муваффақиятини такрорлай олмади-ку!

- Ҳар бир инсон ўз омади ва бахти билан дунёга келади. Қўшиқ ҳам шундай. «Оҳ дедим» қўшиғи ҳақида ҳеч қандай танқидий фикр эшитмадим. Шўх, ортиқча безак ва сунъийликдан холи, кайфиятни кўтарадиган қўшиқ бўлган, назаримда. Мухлисларга кетма-кет иккита лирик қўшиқ тақдим этгач, бир шўх, рақсбоп қўшиқ яратишни истадим. Қўшиқ сўзларини халқ термаларидан тўплаб, укам Санжар иккимиз унга мусиқа басталадик.

- Назаримда, клип ҳам бироз тушунарсиз, либослар ва рақслар ҳам…

- Одатда клип сюжетини ўзим аввалдан ўйлаб, ғояни режиссёр билан ҳамкорликда «пишитамиз». Бу клипда ҳам шундай бўлди. Хаёлимга шундай оддий, аммо ноодатий клип суратга олиш фикри туғилди. Ишонасизми, клипда юздан ортиқ актёр, актриса ва раққосалар иштирок этишган. Уларнинг эгнидаги либослар ҳам махсус клип учун тиктирилди. У ердаги ҳаракатларнинг барчаси табиий.

- Нима учун доим муҳаббат ҳақида ва ғамгин қўшиқларни куйлайсиз?

- Нима учун муҳаббат ҳақида?

- Ҳа, деярли барча қўшиқларингиз муҳаббат мавзусида.

- Аввало, у энг буюк туйғу. Дунёда уни таърифламаган ижодкор топилмаса керак. Лекин репертуаримда нафақат, муҳаббат, дўст, ота-она мавзуларидаги қўшиқлар ҳам етарлича топилади. Биласизми, романтик қўшиқларда ҳис- туйғу етакчилик қилгани учун у ҳаммага турлича таъсир этади. Бундай қўшиқлар тингловчининг кайфиятига ҳам боғлиқ, десам хато бўлмайди.

- Бир пайтлар дуэт айтмайман, деб қасам ичган экансиз, бунга ни­ма сабаб бўлган?

- Қасам ичмаганману, лекин интервьюларнинг бирида ҳозирча дуэт куйлаш ниятим йўқ, деганим ёдимда. Чунки бир йили дуэт қўшиқларни куйлаш анча оммалашиб кетди. Очиғини айтсам, ҳамма қилган ишни такрорлашни истамайман. Ижодий йўналишда ҳам якка бўлишни истайман. Мухлислар бирор услубдаги ёки мавзудаги қўшиқни тинглашса, «Буни Анвар Санаев айт­ган-ку!», дейишларини истайман. Лекин бир йил олдинги концертимда шогирдим Ирода билан дуэт куйладик. Адашмасам, 2009 йилдаги концерт дастуримда раҳматли устоз санъаткор Муҳриддин Холиқовнинг қизи билан дуэт куйлаганман.

- Баъзи бир ҳамкасбларингиз  интервьюларида сизни очиқчасига танқид қилган ҳолатлар бўлган. Нимага сиз матбуот орқали жавоб бермагансиз?

- Бундан кимга фойда? Кимнидир омма олдида изза қилишни, ўз ҳамкасбимни обрўсизлантиришни ўзимга эп кўрмайман.

- У шуни ўзига эп кўрди-ку?

- Бу унинг шахсий иши. Бунга эътибор бермайман.

- Умуман интервью бермайдиган санъаткорлар қаторидасиз. Нега фақат концертдан олдин суҳбатлашишга рози бўласиз. 

- Мен санъаткорман, халқ мендан интервью эмас, яхши ва янги қўшиқ кутади. Санъаткор дилдагиларини қўшиқ қилиб ижро этса, мухлис билан ғойибона суҳбатлашгандек бўлади.

- Менимча, танқидий саволларни хушламайсиз чоғи?

- Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор! Ке­йин танқидий саволларни хушламайсиз, деган фикрингизга ҳам қўшилмайман. Кўриб турганингиздек, оғир-вазмин инсонман. Ҳеч бир танқидий саволларга бефарқ бўлмайман. Айниқса, ижодим борасидаги фикрлар мен учун жуда муҳим. Афсуски, атайин асабингизга тегиш учун тирноқ остидан кир излайдиган «танқидчи»лар ҳам топилади.

- Негадир сирлисиз…

- Яқинларим бундай фикрда бўлишмайди. Ҳар доим вазиятга қараб, феъл -атворим ўзгаради. Дўстлар ва оила аъзоларим орасида хушчақчақ инсонман. Мухлисларим орасида ҳар нарса меъёрда бўлишини истайман.

- Қизингиз кинога тушаяпти экан, шу соҳага қизиққанлиги учунми ёки шу касб­да ишлашни ният қилганми?

- Қизим Асал болалигидан актрисаликка қизиқади. Буни инобатга олиб, барча шароитларни яратиб бердим. «Оталар сўзи-ақлнинг кўзи» кўрсатувида бир неча бор катта-кичик ролларни ижро этди. Бироз улғайгач, дизайнерликка бўлган қизиқиши ортдими, билмадим, бу соҳада таҳсил олишни истади. Ҳозир бир-биридан бежирим либослар  яратаяпти.

- Ўғлингиз ҳам бир пайтлар концертингизда ашула айтиб чиққанди. Унинг санъаткор бўлишини истайсизми?

- Агар санъаткор бў­лишга аҳд қилса, қаршилик қилмайман. Чунки ўғлим Содиқжоннинг санъатга бўлган иштиёқи жуда баланд.

- Омадсиз чиққан қўшиқлар ва клипларингиз борми?

- Бор, уларни омадсиз деёлмайман-у, менга ёқмайди. Шундай қўшиқларимнинг уч-тўрттаси ҳеч бир дискимдан ўрин олмаган. Уларни бирор даврада ижро этишни ҳам истамайман. Шогирдларим ёки ҳамкасб дўстларимга маъқул келади-ю, ундан ўзимнинг кўнглим тўлмайди.

- Мультфильм кўринишидаги клипларни аслида сиз бизнинг шоу-бизнесга киритгансиз. Бугун нимагадир ана шундай янгиликларингиз кам?

- Чунки бундай янгиликлар ҳар доим ҳам топилавермайди. Насиб қилса, санъатимизда бундан-да яхшироқ янгилик олиб кириш ниятим бор. Буларнинг бари концерт дастуримдан ўрин олган. Айтганча, барчани концертимга таклиф қиламан!

Нодира Ҳайдарова суҳбатлашди

"БЕКАЖОН"дан олинди


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?