» » Кулиб туриб йиғлайман

Закладки Кулиб туриб йиғлайман

Название:
Кулиб туриб йиғлайман
Жанр:
Дата:
7-05-2014, 06:19
Просмотры:
977
 

Муқаддас ҲОЛИҚОВА: «Кулиб туриб йиғлайман-у, йиғлаб-йиғлаб куламан...»

 

     Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муқаддас ҲОЛИҚОВАнинг ниҳоятда кучли аёллигига доим ҳавасим келган. Бугун фурсатдан фойдаланиб, ушбу актрисанинг дил кечинмаларию аёллик оламига назар ташлаймиз. Кўринишидан шўх-шаддод, шарттаки бўлган Муқаддас Ҳолиқова чин аёллик бахти ҳақида сўзлайди…

«Ота-онанг ўтирган уйнинг томига чиқмагин»

— Кичиклигимиздан «Ота-онанг ўтирган уйнинг томига чиқмагин» деган сўзларни эшитиб, катта бўлганмиз. Ота-онамиз суҳбатлашиб ўтиришганида ҳатто, жуда зарур юмушимиз бўлса ҳам, уларни безовта қилишга ҳаддимиз сиғмасди. Тартиб-интизом шу даражада кучли бўлган-да! Яна биласизми, оиламизда ота-онамнинг коса-товоғи алоҳида, биз болаларники алоҳида бўларди. Ота-онанинг товоғига қўл узатиб, улар билан тенг таомланишдан уялардик. Ўзимнинг оиламда ҳам шу тутим бор. Биласизми, мана шундай тарбия хазинасини кўриб-билиб катта бўлганим ва уни фарзандларим, уларнинг болаларига ҳам етказа олишим бахт бўлмай, нима?

Салбий қаҳрамонларнинг яхшилиги

— Наинки аёл киши, балки ҳар бир инсон истаган, меҳри тушган касб-ҳунарни эгалласа, ҳаётда ўз мақсад-интилишига эришади. Мен ўн икки ёшимдаёқ санъаткор бўлишимни билганман. Шунга интилдим, қўлимдан келганича меҳнат қилдим. Эътибор беринг: қўлимдан келган ишни қилганим йўқ, меҳнат қилдим. Санъат енгил-елпи нарса эмас. Унинг тагида катта меҳнат, сабр-чидам ва метиндек ирода туради. Тўғри, актрисаликнинг нимаси қийин дейишингиз мумкин. Берилган ролингни ўйнайсан, тамом-васаллом. Аммо ўша ролни ижро этиш учун уни тушуниш, нима демоқчилигингизни, қаҳрамонингиз туйғуларини томошабинларга етказа олиш осон иш эмас. Биласиз, мен кўпинча салбий ролларни ижро этаман. Уларни маромига маромига етказиб ижро этиш шарт. Чунки мана шу роль орқали баъзи одамларга кўзгу тутамиз, ўз хато-камчиликларини кўришисин деймиз. Лоақал 100 та одамдан 10 тасига ижром таъсир этса ҳам, мендан бахтиёри бўлмайди.

Бахт бу қадрли бўлиш

— Қадам ранжида қилган давраларингизда қувонишса, очиқ чеҳра билан сизни қарши олишса, билингки, атрофдагилар учун қадрлисиз! Ногаҳон бирор норози нигоҳни илғасангиз, яхшиси, бу даврадан узоқлашинг. Чунки ҳар нарсанинг ўз меъёри бор! Ана шу меъёрга амал қилган инсон одамларнинг ҳурматига эришадики, кам бўлмайди. Баъзи инсонлардан таниш-билишлари ўзларини олиб қочишади. Аммо шундай оқила аёлларни ҳам учратасизки, соясини кўрсангиз ҳам, истиқболига ошиқасиз. Бу ҳам бўлса, аёлнинг қанчалар қадрли ва бахтилигидан.

«Тушунган ёринг бўлсин!»

— Ҳар бир аёл ким учундир азиз, севимли бўлишни истайди. Энг муҳими эса умр йўлдошингнинг сени тушуна олиши. Энг катта бахтим, касбимни ҳурмат қилган инсон билан турмуш қурганим. Ишим билан оилани бирдек эплашимда турмуш ўртоғим елкадош бўлди. Баъзида спектакль намойишидан сўнг чарчаб уйга қайтсам, ҳордиқ олиб, ўзимга келиб олмагунимча, ортиқча савол-жавоб қилмайди. Менга барча шарт-шароитни яратиб берган, доим тушунган ва қайғурган инсон толеимга ёзилганига шукрона айтаман!

 

 


«Аёл чегарачи»

— Зеро, хонадон сири ташқарига чиқмаслиги учун у масъул. Борини ошириб, йўғини яшириширишни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Турмуш мушти оғир келадими ёки енгилми, нима бўлганида ҳам, барига сабр-чидам билан қаноат қилиш фақат бахт қадрини тушунган аёлгагина насиб қилади.

Айримлар санъаткор аёллар ҳақида турли гап-сўзларни айтади. Бундай «деди-деди»лар оиланг тинчлигига соя солмаслиги учун ниҳоятда зийрак бўлишингга тўғри келади. Аслида турмуш муаммоларини шундай ҳал қилиш керакки, сиз ҳақингизда ортиқча гап-сўзга имкон қолмасин.

«Бўйин эгинг, ютқазмайсиз!»

— Турмуш ўртоғим билан аразлашиб қолсам, ҳар қандай вазиятда ҳам ярашиш учун ўзим бўйин эгаман. Чунки мен аёлман, биз ҳамиша эримиздан бир поғона пастда туришимиз шарт! Ана шу қоидани билган аёл шубҳасиз бахтлидир! Эри билан тенгма-тенг олишадиган аёлларнинг эса бахт деб ўйлаганлари аслида сароб.

«Сабр — энг катта бойлигимиз!»

— Ёшликда нималар бўлиб ўтмайди дейсиз. Эр-хотин уруш-тўпалонию қайнона-келин можаролари... Мана шу ҳодисаларни сабр-тоқат билан енгиб ўтган аёл бахт нима эканлигини ҳис этади. Шунинг учун ҳам бувиларимиз "Сабр қилсанг, муродингга етасан” дейишади-да. Шукр қилдим, мен ҳам муродимга етдим! Биз аёлларни муроди-мақсадимиз эса оиламиз тинчлиги, юртимиз фаровонлигидир. Демак, қаноатни эгнимизга либос қилсак, бахтлилар бахтлиси бўламиз!

«Шунчалар ёқимлики...»

— Шубҳасиз, ҳар бир аёл учун оналик бахтига тенглашадигани йўқ. Бироқ бу ҳисни тушуниш катта гап. Айрим ёшларни кўрамиз, фарзандли бўлдимми, бўлдим. Бола дегани думалаб-сумалаб, катта бўлиб олади-да, дейишади. Йўқ, азизлар, фарзанд тарбияси ниҳоятда маъсулиятли ва шарафли вазифа. Агар болангизга кичиклигидан кераклича эътибор бермасангиз, эрта бир кун аттанг қилиб қолишингиз ҳам ҳеч гап эмас.

Ўзим ҳам уч қизни вояга етказдим. Шукрки, ота-онамдан олган таълим-тарбиямни фарзандларимга улашиб, кам бўлмадим. Қизларим ортидан ўғилли бўлдим. Данагидан мағзи ширин деганларирост экан! Ҳаётимдан жуда мамнунман! Кўз тегмасин!

Диктофон ўчирилди...

— Муқаддас Ҳолиқова кўринишидан кучли аёл. Балки кези келганида тўйиб-тўйиб йиғлагиси ҳам келар...

— Менинг кучлилигим иродалилигимни кўрсата билишимда! Аммо баъзан йиғлаб туриб кулишим ҳам мумкин, аксинча кулиб туриб йиғлаб юборишим ҳам ҳеч гап эмас! Аёлман-да…

— Нима барча дардларингизни униттира олади?

— Набираларимнинг йиғисию кулгиси, албатта! Бундан-да, ёқимлироқ оҳанг бўлмаса керак.

— Ҳамиша олға интилишингизнинг сири?

— «Қаддингни ғоз тутгину олға интил!» Бу шиорга болалигимдан амал қиламан. Балки сиз назарда тутган сир ана шудир.

— Доим курашасиз…

— …ўзим билан. Тўғрироғи, куйинчаклигим билан. Лекин ҳозир анча босиқ бўлиб қолганман (кулади). Кимнидир муаммоси ёки ташвишини кўрсам, ич-ичимдан сиқилиб кетавераман. Ҳатто, ўша одамни танимасам ҳам барибир ёниб кетаман.

— Бугунингиз кечаги кундан қанчалик фарқ қилади?

— Кечаги кунимдан бугуним яхшироқ! «Кун-кундан яхши» дея куйлармиди ҳофиз? Ана шундай!

Хулоса: — Суҳбат жараёнида шуни англадим: Муқаддас Ҳолиқова ҳаётда ҳам ижро этган роллари каби самимий! Қаҳрамонлари каби сохталикдан йироқ! Ҳақиқатда, бахти тўкис АЁЛ!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

"СУҒДИЁНА"дан олинди.

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?