» » Рашкчи Мадина МУМТОЗ

Закладки Рашкчи Мадина МУМТОЗ

Название:
Рашкчи Мадина МУМТОЗ
Жанр:
Дата:
7-05-2014, 04:16
Просмотры:
3348
 

Рашкчи Мадина МУМТОЗ турмуш ўртоғининг шарти, кўз ёшлари ва бир сўзли қайнонаси ҳақида…

 

Қамариддин ШАЙХОВ, мухбир:

— «Ниҳол» мукофоти совриндори Мадина МУМТОЗ билан интервью қилишга аввалига иккиландим. Боиси, Мадина билан анчадан буён дўстмиз, унинг саҳна ва саҳна ортида ҳаёти менга яхши таниш. Айтишга арзигулик қизиқ гап ҳам тополмасам керак деб ўйлагандим. Бироқ, адашган эканман. Бирор одамни қанчалик яхши билсанг, унинг ички дунёсига шунчалар тез кириб борар экансан. Мадина ҳам ўз юрагини борича оча олди. Суҳбатни ўқиб, ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз…

— Мадина, мана, тўрт йилдан бери дўстмиз. Бу орада турмушга чиқдингиз. Турмушга чиққанингиздан сўнг кўпчиликнинг фикрича, анча ўзгаргансиз. Авваллари анча кибрли, одамовироқ эдингиз. Ҳозир эса киришимлисиз. Шахсан мен ҳам шу фикрдаман.

— Бу фикрга қисман қўшиламан. Тўғри, турмушга чиқмасимдан аввал одамлар билан тез тил топиша олмайдиган, исталган даврага қўшилиб кетавермайдиган қиз эдим. Лекин бу бошқаларни назар-писанд қилмаслик дегани эмас. Ич-ичимдан ўзимга нотаниш инсонлар ила дўстлашишни, кўча-кўйда дугоналарим билан соатлаб гап сотиб ўтиришни хоҳласам-да, оиламиздаги тарбия, онамнинг қаттиққўллиги бунга йўл қўймасди. Бундан ташқари, ўзимга-ўзим маълум чегараларни қўйгандим: «Мен ҳақимда ножўя гаплар тарқалмаслиги керак», дердим. Шукр ҳеч қандай гап-сўзларсиз турмуш қурдим. Ўзгарганимга келсак, турмуш ўртоғимдан ҳаётдаги гоҳ майда, гоҳ катта муаммоларга ҳам вазминлик билан ёндашишни, аввалгидек лов этиб ёниб кетмасликни ўргандим.

— Хўш, онангиз тутган тарбия йўли ҳақида фикрингиз?

— Онам фарзандларини санъаткор сифатида эмас, балки оддий аёл, она сифатида тарбия қилди. Бўш қўймади, бекорга кўчада дайдишимизга изн бермади. Нафақат мен, балки акамнинг ҳам уйга қоронғу тушганда қайтишига рухсат йўқ эди. Менга доим «Қиз боласан, биргина ўйламай босган қадамингни деб, ана артистнинг қизи-да, деган дашномларга қолишни истамайман. Қадамингни ўйлаб бос, эгангга топшириб олай, кейин ҳаётинг ўзингники», дерди. Шукр, ҳеч биримиз шу кунгача онамнинг юзини ерга қаратадиган иш қилмадик.

— Раъно Ярашева болаларини тунлари ҳам уйқудан уйғотиб иш қилдиргани ростми?

— Доим бирор хизматга кетишидан аввал булар йўғимда кўчага чиқиб кетмасин деб бир дунё иш буюрарди. Мен-ку, айтганларини ўз вақтида бажариб қўярдим, аммо акам ишни чала қилгани учун иккимиз ҳам яхшигина гап эшитардик. Кейин ярим кечаси бўлса ҳам, онамнинг назорати остида барча вазифаларни адо этардик. Ҳозир ўша пайтларни эсласак, роса куламиз.

— Она бўлгач, у кишини янаям яхшироқ тушунган бўлсангиз керак-да…

— Бошқаларга ўхшаб, онамнинг қадрига она бўлиб етаяпман, улар бизни қанчалик қийналиб катта қилганларини энди тушундим, демайман. Чунки онамнинг меҳнатларини, ҳам санъатни, ҳам оилани бир маромда олиб бориш осон эмаслигини ўспиринлик чоғларимдаёқ у киши билан репетициялар, съёмкаларга юриб тушунганман. Оила қургач, ҳаётнинг паст-баландликларига аста-секинлик билан ўрганиб кетаркансан. Энг катта муаллим – ҳаётнинг ўзи, деб бекорга айтишмас экан.

Эндигина фарзандли бўлганимда чақалоғим узоқроқ вақт ухлаб қолса, ҳатто, бир неча соат йиғламай қўйса, атрофида гирдикапалак бўлиб, нафас олаяптими, тузукмикан деб ҳавотирланаверардим. Она бўлиш катта масъулият, юрак талаб қиларкан.

— Мадина, Раъно опа ҳар қадамда сизга суянчиқ, қалқон. Лекин фарзанд учун отанинг ўрни бўлакча...

— Илтимос, мендан кўз ёшларни кутманг. Чунки йиғлайвериб кўзимда ёш, юрагимда бардош қолмаган (узоқ сукут сақлади). Биласизми, мен онамдан ҳам кўра, дадам билан яқин дўст, сирдош эдим. Онам сиқилмасин, спектаклларда роль ижро етаётганида хаёллари менда бўлмасин деб, кўп гапларимни у кишига айтолмасдим. Энг катта армоним, остонада туриб оқ фотиҳа билан қизини ўз эгасига топшириш дадамга насиб этмади. Тўғри, онам ҳам ота, ҳам она бўлиб кўнглимни ўкситмади. Лекин айтганингиздек, қиз бола учун отанинг ўрни бўлакча. Онам бизни доим эркаланиб кетмасин дерди. Ҳатто, мактабларда бўладиган тадбирларимизга ҳам бормасди. «Ниҳол» мукофотини қўлга киритганимда ҳам вақти бемалол бўла туриб тақдирлаш маросимида қатнашмаган. Уйга келганимда эса «Агар тадбирга борганимда, сен ўзингни эркин ҳис қилмасдинг», деб вазиятни тушунтирган.

— Кўплаб интернет тармоқлари, газеталар орқали 17 май куни «Туркистон» санъат саройида илк яккахон концерт дастурингизни тақдим этаётганингиз ҳақидаги хабарлар тарқалди. Буни эшитган кўпчилик санъаткорлардан эса «Мадина Мумтоз концерт бераяпти?! Ҳали эртамасми?” деган истеҳзоли гапларни эшитдим.

— Тўғри, кимлар учундир ҳали эртадир, лекин мен учун айни вақти. Турмуш қурганимдан сўнг анча вақт уйда ўтириб қолдим. Ижод қилмадим. Мана, яна ижодга қайтдим. Турмуш ўртоғимнинг таклифи, ўзимга яраша мухлисларимнинг талаблари билан концерт бераяпмиз. Менимча, «Туркистон»ни тўлдириш даражасида мухлисларга эгаман.

— Биринчи концерт дастури катта меҳнат талаб қилади. Мухлисларингиз уни узоқ йиллар эслаб юриши керак. Хўш, концертингиз бошқаларникидан нимаси билан фарқ қилади?

— Буни аввалдан айтиб қўйсам, қизиғи қолмайди-ку. Шунинг учун барчаси концертда аён бўлгани яхши. Дарвоқе, мен бу концерт орқали ким биландир рақобатлашмоқчи ёки кимгадир ниманидир исботламоқчи эмасман. Шунинг учун номимни эшитиб, қошлари чимирилган, лабларига учуқ чиққан айрим хонандалар унчалик асабийлашишлари шарт эмас.

 

 


— Турмуш ўртоғингиз тўйларга боришингизга қандай қарайди?

— Турмуш қуришимиздан аввал бунга мутлақо қарши эди. Шунинг учун ҳам кўп вақт ижод қилмадим. Лекин санъаткорман. Баъзан мухлисларим «Нега, йўқ бўлиб кетдингиз?» деб саволга тутишади. Турмуш ўртоғим ҳам менга раҳм қилди чоғи, «Агар жонли ижрода куйлай олсангиз, мен қарши эмасман», дея рухсат берди. Ҳозир ўз устимда ишлаб, жонли ижрода куйлашган тайёргарлик кўраяпман.

— Овозингизга қандай баҳо берасиз?

— Баҳони мен эмас, мухлислар берсин. Мен Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган бўлсам-да, ҳалигача вокалдан сабоқ оламан. Спортчилар ҳам машқ қилиб турмаса, қомати бузилиб кетади-ку. Хонандалар ҳам доим овозини созлаб туриши, изланишдан тўхтамаслиги лозим.

— Турмуш ўртоғинг билан кўп давраларга, тадбирларга бирга борасизлар. Бу Мадинанинг таклифими, ё Мурод аканинг талаби?

— Тўғри, ёлғиз борсам, ўзимни ноқулай сезаман. Мурод ака хизмат сафарида юрганларида дугонам Зиёда сумалак уюштирди. Онам билан сумалак кавлагани бордик. Ҳамма «Эринг қани, нега келмади?» деб саволга тутади. Одамлар ҳам, ҳамкасблар ҳам мени турмуш ўртоғим билан бирга кўравериб ўрганиб кетишганми, дейман. «Мадина Мумтоз эри билан ажрашибди, деган гаплар тарқалиб кетмасин яна», деб тезда изимга қайтдим. Аёлман-да, ваҳима қиламан. Айни кунларда эса тўлишганим учун янаям ваҳимачи ва рашкчи бўлиб қолганман. Аёл киши учун бундан-да оғриқлироқ муаммо бўлмаса керак. Фарзандли бўлганимдан кейин кўзгуга қараб унчалик семирмаганман, бир ойдан кейин яна ўз ҳолимга қайтиб оламан деб ўйлагандим. Чучварани хом санаган эканман. Мана, саккиз ойдирки, қомат масаласи уйимиздаги бош мавзуга айланган. Баъзида музлаткични очиб, ҳамма нарсани паққос туширгим келади-ю, ўша заҳоти кўз ўнгимга эримнинг кулиб турган сурати гавдаланиб, фикримдан қайтаман. Чунки қўнғироқ қилиб, «Қаердасиз?» «Ким билансиз?» «Қачон келасиз?» дея тергашларимдан чарчаб кетаяпти. Булар эркакларнинг энг ёқтирмайдиган саволлари эканини билсам-да, гўшакни кўтарди дегунча шу гаплар лоп этиб оғзимдан чиқиб кетади. Нима қиламиз энди, аёлмизда...

— Қайнонангиз билан муносабатларингиз қандай? Улардан онангиздан ўрганмаган нималарни ўргандингиз?

— Қайнонам билан аввалига характерларимиз мос келиши жуда қийин бўлди. Чунки менга ўхшаб, айтганида туриб оладиган, бир сўзли аёл. Шу билан бирга, талабчанликларига яраша жуда меҳрибон. Дунёда қайнонамдан кўра кўпроқ таомлар тайёрлашни биладиган аёл бўлмаса керак. Тўй ўтгач, кўп овқатларни пиширишни ўзлари бош бўлиб ўргатдилар. Яна биз дугонадекмиз. Турмуш қуришимдан аввал акам, келинойим ва мен бемалол гаплашиб ўтирган бўлсак, онам келгач, бироз сергак тортиб, бамайлихотирлигимиз йўқоларди. Қайнонам билан фарзандлари ўртасида муносабат эса бунинг акси. Улар фарзандлари билан ҳам, мен билан ҳам худди дўстидек муомала қилади.

— Бугун халқнинг санъаткорларга бўлган қараши, эътибори анча ўзгарган. Лекин бу эътиборни суистеъмол қиладиганлар ҳам талайгина.

— Беш қўл баробар эмас. Мен оддий томошабин сифатида бир нарсани тушунмайман. Санъаткор кимки, у одамларга юқоридан туриб қараши керак. Ахир бизни халқ боқаяпти-ку. Ҳозир кимнингдир исмини айтиб, ҳамкасбларини ғийбат қилиш фикридан йироқман. Чунки ҳар бирининг ўзига яраша мухлиси бор. Лекин шуниси аниқки, ўз ўрнини билмай қолган, одамларни писанд қилишни унутган санъаткорларни халқнинг ўзи ўрнига қўйиб қўяди.

— Сўнгги савол, ўзингиз ҳам кинофильмларда роль ижро қилдингиз. Волидангиз Раъно Ярашева эса халқимизнинг кўнглидан муносиб жой олган актриса. Турли образлари орқали мухлислар кўзини ёшлатган, юзига табассум югуртирган санъаткор. Сиз мухлис сифатида у кишининг қайси ролидан таъсирлангансиз?

— «Севинч» фильмидаги ролларини жуда яхши кўраман. Кинони биринчи бор кўрганимда онамнинг вафот этган қизи ортидан қилаётган фарёдини кўриб, кўзим ёшга тўлган. Мен онамни ана шундай маъсума, нурли оналар, бувилар ролида кўришни истайман. «Нодирабегим» видеофильмида эса онамнинг вафот этадиган саҳналар бор. Очиғи, у кишининг бундай роллар ижро этишини истамайман. Кино бўлса-да, бундай ижроларини томоша қилишга кучим етмайди…

Факт:

1990 йилнинг 10 октябрида туғилган.

Қулоғида белгиси билан туғилгани учун уни яқинлари Зиёда деб чақиришади.

2010 йилда «Ниҳол» мукофоти билан тақдирланган.

Қўшиқлари сони 40 га яқин.

Уни машҳур қилган тарони — Алишер Навоий ғазали билан айтилган "Қўшчинор”.

2012 йилнинг 24 августида турмуш қурган.

2013 йилнинг 16 августида ўғли Муҳаммадюсуф дунёга келди.

Фотомухбир: Равшан ДАДАБОЕВ.
"СУҒДИЁНА"дан олинди
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz