» » Бахтиёр Ихтиёров: «ЮЛДУЗЛАР КЎП, ЛЕКИН ЯХШИ АРТИСТ КАМ!»

Закладки Бахтиёр Ихтиёров: «ЮЛДУЗЛАР КЎП, ЛЕКИН ЯХШИ АРТИСТ КАМ!»

Название:
Бахтиёр Ихтиёров: «ЮЛДУЗЛАР КЎП, ЛЕКИН ЯХШИ АРТИСТ КАМ!»
Жанр:
Дата:
23-04-2014, 06:29
Просмотры:
711
 
 
 

     Бундан икки йил олдин Ўзбекистон халқ артисти, эл ардоқлаган санъаткор Бахтиёр Ихтиёров билан суҳбат уюштирган эдик.  Фурсати етган экан, мухлисларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, яна Бахтиёр ака билан суҳбатлашишга ошиқдик.

«Мен театрда туFилганман!»

- Бахтиёр ака,  олдинги суҳбатларимизда болалигингиз ҳақида кўп бора сўзлагансиз. Ёшликда эсга олса арзийдиган хотиралар кўп бўлади. Айниқса, ота-оналар ­ёди…

- Бизнинг болалигимиз урушдан кейинги йилларга тўғри келган. Онам раҳматли «офтоб тўртбурчак  бўлса, ўшанда нон бераман», дердилар. Офтобга тикилавериб, кўзларимдан ёш оқиб кетарди. Кейин онам бир тишлам нон берардилар. «Шу нонми, нонми?» деб отиб юборибман бир куни. Уни ит илиб олиб, ютиб юборган. «Менинг нонимни еб қўйдинг», деб итни урганман. Бозорда бир одам сомсаларини анордай бир текис териб, сотгани олиб кетяпти. Бир бечора сомсаларга ташланиб қолди. Сомса қайноқ, қўлни куйдиради. У бўлса  очлигидан сомсаларни икки қўлига ушлаб олганча еб ётибди. Одамлар уни дўппослашяпти, у бунга парво қилмай, сомсаларни роҳатланиб еяпти… Бу манзаралар даҳшатли. Биз шундай кунларни кўрганмиз. Ҳозир одамларнинг егани олдида, емагани ортида. Дўконларга киринг, қай бир нарсани танлашни билмайсиз…

Онажоним Фотима-Зуҳра, эгизак бўлишган. Она томонлари заргар, ота томонлари мирза бўлган. Бухоро амирига китоб кўчирган. Бобомиз Бухоронинг оқсоқолларидан, ҳурматли, бой одамларидан бўлган. У пайтда бойларни қулоқ қилиб қамашган. Шу боис отам «Меҳ­ри­­­бонлик уйи»да катта бўлганлар. Москвада мусиқадан таҳсил олиб, мусиқа мактабида директор, театрда бош дирижёр бўлганлар. Онам дадамга турмушга чиққанида 16 ёшда бўлган эканлар. Мен театрда туғилганман. Ҳаммамиз мусиқанинг ичида катта бўлганмиз. Одамлар учун театр мўъжиза эди. Одамлар артистларга, саҳнадаги воқеаларга ишонарди. Пардозхонага катта актёрлар йиғилар, одам тўлиб кетарди, суҳбат-суҳбатга уланарди. Лекин уларнинг ҳаммаси ночор яшарди. Мен уларга ҳавас қилиб «артист бўламан» десам, отам «артист  бўлма, гадой бўласан!» дея койиганлари ёдимда. У пайтда актёрларнинг ҳаёти шунчалик қийин эди. Бугун-чи?   Артист учун барча имкониятлар бор.

«Ашуланинг ичида яшайман»

- Ҳозир бошланғич синфларда мусиқа дарсларини кўпроқ қўйиш керак. Мусиқа эшитиб, вояга етган боладан жиноятчи чиқмайди. Иккинчидан, бола тарбиясида эртакларнинг ўрни жуда катта. ўиждувонда яшайдиган Аҳмад ака деган эртакчини кўп эслайман. Қу­лоғи, бурни катта, лекин истарали  киши эди. Уни Бухорога меҳмонга таклиф қилишар ва у ҳар бир оилада меҳмон бўлиб, эртак айтарди. У Ихтиёровлар оиласида ҳам меҳмон бўлган. Уйнинг бурчагидан жой қилиб, катта чойнакда чой дамлар, кейин болаларни йиғиб, шом тушиши билан эртакларини бошларди. Эртакки, тушга, кинога ўхшарди. Бир актёр ижросидаги спектакль деса бўларди буни. Ўша эртакларни, улардаги пафосни ҳали-ҳали эслайман. Эртаклар бола тасаввурини шакллантиради, яхшидан ёмонни ажратишни ўргатади.

Ҳозир эса мақом тинглайман. Мен эшитмайман, мен ашулани кўраман, унинг ичида яшайман. Қўшиқдаги ҳаяжонли мисралар кинотасмадай кўз ўнгимда гавдаланади.

«Соиб ХЎжаевни

Қайтаринглар!»

- Биласизми, баъзи актёрларни алмаштириб бўлмайди. Муқимий театрида «Май­саранинг иши» спектакли кетаётган эди. Мулладўст ролини Соиб Хўжаев ижро этарди. Ўша давр раҳбарларидан бири театрга тушса, Мулладўст­ни бош­қа актёр ижро этаётган экан. Театр маъмуриятидан Соиб акани суриштиради. «Ўн беш кун ичида Соиб Хўжаевни қайтаринг», дейди. Амалдор 15 кундан ке­йин Муқимийга «Майсаранинг иши» спектаклини кўргани келади  ва ўша куни Мулладўстни Соиб Хў­жаев ижросида кўради. Чунки Соиб акани алмаштириб бўлмасди! Амалдор одам унга таъзим қилгудай бўлиб «Санъаткорлар оддий кишилардан бир бош баланд туради!», дейди. Раззоқ Ҳамроев билан ҳам роль ижро этганман. Раззоқ ака катта санъаткор эди. У инсон шоир-ёзувчи ҳам эди. Ҳажвий шеърлар ёзарди. Баъзида кўнгли тусаса, «Бу ёққа кел, эшитгин» деб ҳажвий шеърларидан ўқиб берарди. Лутфихоним Саримсоқовани айтмайсизларми! Худойим бизни лойдан яратган бўлса, бу аёлни билмадим, нимадан яратган?! Леонардо да Винчидан «бу ҳайкални қандай яратасиз?» деб сўрашса, у: «Мен тошни оламану, кераксиз жойларини йўниб ташлайман» деб жавоб берган экан. Мана буни истеъдод дейдилар.

Актёр ҳар қандай ролни ижро эта олиши шарт!

«Томошабинни алдаб бЎлмайди!»

- Кейинги пайтларда ўзбек киносида қатор-қатор комедиялар яратилди. Лекин уларни биров эслайдими?! Аммо «Ёр-ёр»ни, «Ажойиб хаёлпараст»ни қайта-қайта томоша қилсак-да, меъдамизга урмайди. Бунинг сабаби — халқчиллигидами?

- «Ёр-ёр» фильмида мен дадам билан ўзим севиб қолган ўша қизни излайман. «Мен шунга уйланаман, тамом», деб туриб олганман. Отам эса «уйланмай ўл!», деб мени койийди. Ёки манави лав­ҳани эсланг… Олдинда бир одам эшак миниб кетаяпти. Биз машинада. Соиб ака эшак минган одамга гап отади: «Ҳой, шатакка олайликми?» Шу пайтда аксига олиб, машина бузилади. Эшак минган одам келиб, битта симни улаши билан машина вариллаб ўт олади! Мана сизга кулгу! Кулгу — табиий бўлиши керак! Атайлаб қийшанглаб, кулгу чиқарсангиз, у бачкана бўлиб қолади. Драма олиш учун юзта артист бор, комедия учун артистлар йўқ. Юлдузлар кўп, лекин яхши артист кам!

«Қиёмат қарз» спектаклида Шукур Бурхонов чиққан. У кезлари мен ёш боламан, ота-онам мени шу спектаклга олиб боришган. Шунда спектакль тугаши билан бутун зал оёққа қалқиб, Шукур Бурхоновни бир соат олқишлаган. Ҳозир спектакль тугамай одамлар туриб кетишади. Бошқа томондан, актёрларнинг ўзи саҳнада қўл телефонида гаплашишади… Томошабин уни қандай қилиб ҳурмат қилсин, энди?

…Шукур ака ҳар қандай ролни ижро этиш учун камида уч кун тайёргарлик кўрарди. Кейин саҳнага чиқарди. Ҳозир-чи?.. Саҳна — илоҳий. Унга керак бўлса, покланиб кириш керак. Актёр саҳнада ижод қилади, шу ижоди ичида яшайди. Томошабин ҳаммасини сезади… Телефонда гаплашганни ҳам, роль ўйнайман деб туни билан ухламаган актёрни ҳам, шунга яраша муносабат билдиради.

 «Томошабин ЎЗИНИ унутиб ҚЎйсин!»

- Ҳозир йилига уч-тўртта фильмга таклифлар тушади. Ёқса, розилик билдираман, ёқмаса, узр сўрайман. Суратга олиш майдончасида баъзи ёшларнинг санъатга бўлган муносабати мени ғазаблантиради. Ёш артистлар, ҳатто ролидаги сўзларни ёдламай келишади. Ақалли ёзиб олишмайди. «Ҳой, сен қаерда ўқигансан, нимани ўқигансан, ўзи?» деб койиб ташлагим келди. Улар билан қандай яхши фильм олиш мумкин?!

Ҳозир Ўзбекистонда ҳам йилига юзга яқин фильм ишланар экан. Бир йилда юзта эмас, ўн бешта ишлашсин, лекин мумтоз асар бўл­син, уни ҳамма таъсирланиб кўр­син! Ҳиндистонда йилига беш юзта фильм ишланади. Одамлари камбағал, кўчада яшайди, кунига 3 рупий топади, бир ярим рупийга нон олиб ейди, қолган бир яримига кинога тушади. У кинодаги воқеаларга сингиб кетади. Ўзи пастда ўтирибди-ю, қаҳрамонга гап ўргатади: «У йигит ёмон, ёмон! Ишонма унга!» дейди. Ҳаяжонга тушади…

Авваллари кинозалда 50 мингта жой бўлса, уни 70 мингта одам кўрган. Фильмни ана шунақа ишлаш керак. Уни ҳамма кўрсин! У артистми, ишчими, ҳокимми, залга киргач, қаерда ўтирганини унутиб қўйсин, ана буни санъат, дейдилар.

  «Лайли ва Мажнун»ни инглизлар Ҳам кЎрсин!»

- Сиз ҳақингизда «У жуда талантли режиссёр, керак бўлса, кўчадан одам олиб келиб, роль ўйната олади», дейишганди. Фильмни суратга олишда режиссёрнинг роли каттами, сценарийнависнингми?

- Актёрларни жамлаб, ишлатиш учун билим, тажриба, катта куч керак. Агар фильмлар ҳақида гап кетса, биз сценарийнависни эмас, режиссёрни эслаймиз. «Бу  Шуҳрат Аббосовнинг фильми», деймиз. Режиссёр ёзувчи билан бирга ишлайди, олинажак саҳналарни тасаввур қилади ва ҳаммани бир ғояга йўналтиради. Кино олувчи режиссёр дидни тарбиялаши керак. Масалан, саҳнада қошиқни олиб, эгнимга суртсам ёки қичинсам… хунук туюлмайдими? Айтмоқчиманки, ҳар бир нарсада дид бўлиши керак. Бир пиёла чойни қуйиб, узатишда ҳам дид бўлиши зарур.  «Муқимий» театрида «Лайли ва Мажнун» спектаклини қўйганман. Бош ролга Меҳри Бекчановани танлаганимнинг сабабини сў­рашган. Меҳмонали Салимовни Мажнун ролига таклиф қилганман. «Бундан Мажнун чиқмайди» дедилар Ҳамза Умаров. «Агар шундан Мажнун чиқмаса, мен бошқа режиссёрлик қилмайман» деб жавоб берганман.

Навоий асарларининг ўзига яраша юки бор. Унинг шеъриятини тушуниш, ўқий олиш керак. Унча-мунча актёр бу ролларни ижро қила олмайди, ахир. «Лайли ва Мажнун» мендан 30-40 йиллар олдин саҳналаштирилган эди. Аммо мен бу асарга ўз назарим билан қарадим. Мажнун бутун спектакль давомида Лайлини излайди. Спектакль сўнггида у Лайлини учратади. Учратганида эса Лайлини танимайди.

- Йўқ, сен Лайли эмассан! Лайлини даъво қилма! — дейди-ю, кетади. Лайли:

- Мен сени йиллаб кутдим, қан­ча-қанча шаҳзодалардан кечдим. Демак, сен мени севмас экансан! — дея заҳар ичади ва ўлади. Лайлининг ўлганини эшитган Мажнун қайтиб келади ва жонсиз танадаги Лайлисини танийди. Асарни ўқиб, Қайс жинни экан, деб ўйладим. Тушунмадим. Навоий нега бундай ёзганини кейин англадим. Сабаби, Қайс шунчалик бебахтликка ўрганганки, бахтга ишонолмайди. Лайлини кўргач, бундай бўлиши мумкин эмас, деб ўйлайди. Лайли ўлганидан кейин уни танийди.

Мен қаҳрамонларнинг, айниқса, аёлларнинг саҳнада чўзилиб «ўлиб» ётишини ёқтирмайман. Лайли ва Мажнун саҳнада ўлмайди, балки қуш каби учиб чиқиб кетади. Спектакль тугаб, томошабинлар қарсак чалган пайт, улар саҳнага қайтиб учиб тушишади. Агар ҳозир Навоийнинг асарлари саҳналаштирилса, томошабин аримайди, деб ўйлайман. Фақат бунинг учун чиройли шарқона декорация, чиройли костюмлар, талантли актёрлар ва ҳофизлар керак. Шунда Навоийни инглизлар ҳам, хитойликлар ҳам, қўйингки, ҳамма кўрган бўларди… Шарқ санъати жуда юксак.

Кунларнинг бирида машҳур созанда Турғун Алиматовни Москвага тамбур чалишга таклиф қилишади. Бутун оркестр — 150 та одам унинг келишини кутади. Басталанган куйнинг бир жойи тамбур навосига бағишланган эди. Оркестрда тамбурда куй эллик сония яккахон ижро қилинган. Куй охирига етгач, бутун оркестр ўрнидан туриб, 3-4 дақиқа Турғун Алиматовни олқишлаган. Буни менга рус мусиқачиси гапириб берганди. Аслида ҳам «балалайкада Бетховенни чалиб бўлмайди, лекин тамбурда Бахни ҳам, Чайковскийни ҳам чалса бўлади», дейман.

 

«Шунчаки ишлолмайман!»

- Одам йиллар мобайнида яхши-ёмон кунларни кўради? Воқеалар, вазиятлар уни ўзгаришга мажбур қиладими?

-Вазият тақозоси билан «Муқимий»дан кетишга мажбур бўлганман. Шунда отам: «Сен мусиқа учун туғилгансан, «Муқимий»дан кетма!», дедилар. Лекин кетмасам ҳам бўлмасди. Барибир… у ердан кетганимга ачинаман. Мен ҳаётда нималарнидир йўқотдим, нималарнидир топдим. Албатта, уларнинг ҳаётимда ўрни бор. Улар мени ўзгаришга мажбур қилди. Инсон ўзгаради, кексалик ҳам ўз «улушини» олади. Бир нарсага амин бўлдим. Инсон яхши томонга ўзгарар экан. Кимдир сиздан бемаҳалда қарз сўраб чиқди. Анави ерда тошдай бўлиб пулингиз турган бўлса-да, бермадингиз. Аммо буни 3-4 кун қийналиб ўйлаб юрасиз. Унга ёрдам қилмаганингизга ачинасиз. Бироқ эшик ёпилиб бўлган… Албатта, ўзгарасиз-да!

Менинг исмимни тўғри қўйишган. Мен бахтлиман. Чунки санъат дарғалари билан ёнма-ён ишладим, улар орасида яшадим. Режаларим кўп. Мен ҳаётда тўхтаб қолишни истамайман. Яхши роллар кутиб қоламан. Мана, яқинда 20 қисмли «Аммажон» номли сериални тугатдик. У ерда дуэт ижро этганман. Бош ролларда Саида Раметова, Дилором Сафоевалар чиқишган. Бундан ташқари, шу кунларда мен иштирок этган яна бир фильм устида монтаж ишлари кетяпти. Унда ҳам мени томошабинлар бутунлай янги қиёфада кўришади. Шунчаки ишлолмайман. Инсон бир ишни қиламан деса, жон-жаҳди билан ишлаши керак, айниқса, актёрлар. Агар актёр шу ролга бутун истеъдодини бағишламаса, яхшиси унда қатнашмай қўя қолсин. Ўртамиёна роль ўйнагандан, ўйнамаган маъқул, деб ўйлайман. Ўртача нарса санъат бўлолмайди!

Суҳбатда Мавлуда Иброҳимова,

Меҳринисо Қурбоновалар бўлишди.

"БЕКАЖОН"дан олинди.


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz