» » Гули АСАЛХЎЖАЕВА: «Бир ёниб-ўчадиган машҳурликдан, ўртамиёналик афзал…»

Закладки Гули АСАЛХЎЖАЕВА: «Бир ёниб-ўчадиган машҳурликдан, ўртамиёналик афзал…»

Название:
Гули АСАЛХЎЖАЕВА: «Бир ёниб-ўчадиган машҳурликдан, ўртамиёналик афзал…»
Жанр:
Дата:
21-04-2014, 04:01
Просмотры:
582
 

Қамариддин ШАЙХОВ, мухбир: — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалўжаева билан жуда кўп мулоқотда бўлганим учун унинг дунёқараши, атрофдагиларга муносабати менга яхши таниш. Аммо хонанданинг синглиси Гули Асалхўжаева билан ҳеч қачон яқиндан суҳбатлашмаганмиз.Кўринишидан тортинчоқ, опасининг салобати остида қолиб кетадиган бу аёлнинг ички дунёси, кечинмалари мен учун ҳамма вақт қизиқ бўлиб келган-у, бироқ гаплашишга қулай фурсат топилмаган. Шу сабаб «Хизмат доирасидан ташқарида» лойиҳасининг галдаги қаҳрамони сифатида истеъдодли хонанда Гули Асалхўжаевани танладим. Хонанда билан оила ва санъат ҳақидаги очиқ-ойдин суҳбатимиз мухлисларимизни бефарқ қолдирмаслигига умид қиламиз.

— Ҳатто замонавий қўшиқларида аёлларга хос бўлган ҳаё-ибони унутиб қўймайдиган, ҳамон камтарлигини йўқотмаган Гули Асалхўжаева аслида қандай аёл? Она, уй бекаси ва сингил сифатида ўзингизга баҳо берсангиз…

— Аслида ўз-ўзига баҳо бериш нокамтарлик бўлса-да, саволингизга жавоб беришим керак. Уч ўғилнинг онасиман. Қаерда бўлишимдан қатъи назар оналик маъсулияти, болаларимнинг менга меҳри ҳар нарсадан устун туради. Ўнта бўлса, ўрни бошқа деганларидек, ўғилларимнинг ҳар бирининг ўзига яраша феъли, эркаликлари бор. Бир сирни очаман: на турмуш ўртоғим ва на фарзандларим бошқа одамнинг қўлидан овқат ейишмайди. Шундан ҳам билсангиз бўлади, Гули Асалхўжаева қанчалик пазанда уй бекаси эканини (кулиб). Сингил сифатида эса ўзимга баҳо бера олмайман.

— Лекин опангизчалик куюнчак эмаслигингиз сезилиб туради.

— Оиладаги бош фарзандларнинг ҳаммаси опамдек ёниб турган бўлишса керак. Тўғри, мен ҳеч қачон опамдек бўлолмайман. У киши жуда жигаржон, ҳаммани ўйлашга, ҳаммадан хабар олишга улгуради. Мен эса баъзида уйдаги юмушларимдан ортиб, вақт тополмай қоламан.

— Феълингиздаги бамайлихотирлик ижодингизга ҳам ўз таъсирини ўтказадигандек, назаримда. Ижодингиз сокин оқиб кетаётган дарёга ўхшайди. Бу опага эргашган сингилнинг қисматими ёки ҳамма жойда ҳам кўриниш бераверишни истамайсизми?

— Бу ички дунём билан боғлиқ жараён. Азалдан тортинчоқ, етти ўлчаб бир кесадиганлар тоифасиданман. Таклиф қилинган жойдан қолмайман, аммо чақирилмаган жойга боришни истамайман. Балки санъаткор учун бу тарзда яшаш унчалик омад келтирмас, лекин мен шоу-бизнесдаги обрў-эътибордан ўз «мен»имни устун қўяман.

 
 

— «Гули Асалхўжаева опасининг соясида қолиб кетади» деган фикрларга қандай қарайсиз.

— Бундай фикрларни қабул қилолмайман. Опам санъаткор бўлмоқчилигимни эшитганидан сўнг ниятим жиддийлигини пайқаб, «Билиб қўй, мен сенга умуман ёрдам бермайман. Опам бор-ку, деб бу йўлни танлаётган бўлсанг, яхшиси, ҳозироқ фикрингдан қайта қол», деганди. Шу-шу опамга юк бўлмаслигим керак деган ўй билан ўзим меҳнат қилиб, бугунги даражага эришдим. Албатта, опамнинг соясида қолиб кетгим келмайди.

— Машҳур санъаткорларнинг яқини ҳам санъат йўлини танласа, унинг танилишига бошқаларга қараганда эллик фоиз кафолат бўлиши тайин. Сиз ҳам бу мисолдан мосуво эмассиз.

— Кечирасиз-у, сиз айтаётган нарса совун кўпигидан фарқ қилмайди. Шахсан бундай машҳурлик менга керак бўлмаган. Санъат майдонига танилиш учунмас, қўшиқ куйлаб, бир умрлик орзуларимни рўёбга чиқариш учун кирганман. Унинг ортидан келадиган манфаат ҳам, маблағ ҳам мен учун қизиқ бўлмаган ва бўлмайди ҳам десам, балки ишонмассиз. Лекин санъат фақат пул топиш манбаи эмаслигини бошқалардан кўра яхшироқ биламан. Отам узоқ йиллар давомида хонанда бўлишимга қаршилик қилган. Падаримга қарши бормай, «хўп» дедим-у, аммо юрагимдаги орзуларимни кўмиб юборолмадим. Отам вафотидан аввал рози-ризолик бергач, менга яхшилаб насиҳат қилди. Ўша айтган гаплари ҳамон қулоғимда.

— Гули Асалхўжаева – шоу бизнесдаги турли миш-мишлар, оилавий жанжаллардан ҳоли санъаткор. Ҳатто у ўз рейтингига ҳам қизиқмайди. Менимча, бу сизга берилган энг тўғри таъриф бўлса керак.

— Рад этмайман, шоу бизнес тушунчасидан анча йироқдаман. Бугун мен каби миллий йўналишда ижод қиладиган хонандаларга кечагина қўлига микрофон тутган айрим ёш қизлар «Сизлар ҳам санъаткормисизлар» дегандек назар билан қарашади. Биз модель эмасмиз-ку, қоматимиз билан санъатимизни тарғиб қилсак. Наҳот, шоу бизнес тушунчасини томошабин ана шунга менгзаса. Ёки ўзининг борлигини билдириб туриш учун тўй-ҳашамларда жанжал чиқариб, икки санъаткор бир-бири билан уршиши, бировнинг оиласини бузишию турли видеоларни тарқатиши, ўзи ҳақида ўлибди, дўппослаб кетишибди, деган миш-мишларни тарқатишларини қандай қилиб оқлаш мумкин? Хўш, биз кўкларга кўтараётган шоу бизнес дегани шуми? Қани, бунда санъатнинг вазифаси. Аслида у одамларнинг маънавий онгини ошириши керак эмасми?! Мен турли ғийбатлар, бўҳтонлар, оиламиз ва фарзандларимиз шаъни эвазига топиладиган машҳурликнинг талабгори ҳам, тарафдори ҳам эмасман.

 
 

— Бир умр ўртамиёна бўлиб қолишдан қўрқмайсизми?

— Бир ёниб-ўчадиган машҳурликдан, ўша сиз айтаётган ўртамиёналик афзал. Ахир олтин ўрталик деган тушунча бекорга пайдо бўлмаган-ку (кулиб)!

— Нимага йўналишингизни бир маромда олиб кетмайсиз. Бир қараса, кетма-кет миллий тароналар ижро қиласиз. Баъзан замонавий, рақсбоп қўшиқлардан ортмай қоласиз. Келинг, очиқча гаплашсак. Рақсбоп ашулаларни куйлашдан мақсад тўйлар хизматими?

— Тўғриси, тилёғламалик қилиб, «Йўқ, тўйни умуман ўйламайман» десам, ёлғон бўлар. Очиғи, шўх, ёшларбоп қўшиқларни хизматларда кўп сўрашгани учун ёзиб қўйганмиз. Кўпчилик тўйларга бориб, ўзимизнинг миллий тароналарни куйласам, «Шўх, замонавий қўшиқлар ҳам айтинг», деб сўрашади. Менга замонавий қўшиқлар ярашмаслиги ҳақидаги фикрларни ҳам эшитганман вақтида.

— Мен мутлақо бундай демоқчи эмас эдим. Лекин «Қизгина» номли таронангиз маъноли ва жуда самимий. Балки Гули Асалхўжаеванинг қиз фарзанди йўқлиги учун ҳам қўшиқдаги сўзларни дилдан ҳис қилиб айтгандир. Тан олиш керак, бу тарона кўпчиликка манзур бўлган.

— Мен қиз фарзандим йўқлиги учун ачинадиган аёл эмасман. Худога шукр, фарзандларим бор! Тўғри, қиз бола ота-онасига меҳрибон, дардкаш бўлади. Лекин бўйи етиб, эндигина қўлингиздан ишингизни олганда бошқа уйга учирма қилиниши ёмон. 20 йил кўз қорачиғингиздек асраган қизингиздан бир кун ўзга хонадонга бир умрга кузатишингизни она сифатида тасаввур қила олмайман. Камига қизингиз янги оилага қандай кўникади, қайнона, қайнотаси билан қандай тил топишишини ўйлаб, дунё кўзингизга қоронғу бўлиб кетади. Эшикдан келмасидан юз-кўзига қараб, уйидан қай аҳволда келаркан, деб турасиз. Жуда кўнглим бўшлигидан бўлса керак-да, бу ўйлар. Худо хоҳласа, ўғилларимни уйлантирсам, келинларим келин эмас, қиз бўлишади.

— Оилада ёлғиз Гул бўлиш қийин эмасми?

— Аксинча, бу бахтни мен сизга айтиб, тушунтириб беролмайман. Айниқса, байрам кунлари мендан бахтли аёл, мендан бахтли она бўлмаса керак.

— Аёл киши дардини кимгадир тўкиб солишга мойил. Шундай пайтда уларга бекорчи қулоқ топилса бўлгани...

— Адашасиз, барча аёлларга ҳам хос эмас бу жиҳат. Мен дардини дастурхон қилиб, кўз ёш тўкадиганлар сирасига кирмайман. Қани айтинг-чи, бу дунёда дардсиз, армонсиз одамнинг ўзи борми? Ваҳоланки, баъзи инсонларнинг ғам-ташвиши олдида менинг кичкинагина муаммом сариқ чақалик ҳам қийматга эга эмас. Шунинг учун ичимдаги гапларимни, ҳатто яқинларимга ҳам айтмайман. Тушкунликка тушиб қолган пайтларимда эса болаларимни мактабларига жўнатиб, уйларни тозалаб чиқсам, шунинг ўзи кифоя. Мени қийнаётган дарддан фориғ бўламан.

— Инсон ниманики йўқотса, бой берса, шундагина унинг қадрига етади. Тоғлардан қанчалик узоқлашсанг, улар шунча улуғвор бўлиб кўринаверади, деб бекорга айтишмайди. Ўтган йили энг яқин инсонингиз — волидангиз оламдан ўтди. Ҳаётда дардини бировга айтмайдиган, оғир-босиқ Гули тақдирнинг бу синови олдида ўзини қандай тутди?

— (ўйланиб) Аёл киши онасининг қадрига уни йўқотганида эмас, ўзи она бўлганида, биргина тунни бедор ўтказганда етади. Онам бир кун бизни абадий ташлаб кетишини, ҳатто ўйлашга қўрқардим. Умрининг сўнги кунларида бироз бетоб бўлди-ю, шу-шу кўп кўз ёш қиладиган, «Лоақал ўғилларингнинг тўйини кўрсам эди», деб нола қиладиган бўлиб қолди. «Мен ҳали қайноналикка ёшлик қиламан. Тўйларга ўзингиз бош бўлиб, келинларингизни йўлга солиб берасиз. Набираларимни ҳам бирга катта қиламиз», дердим. Худонинг ишлари олдида ожизмиз (кўзига ёш олди).

— Гули эртасини қандай тасаввур қилади.

— Намунали санъаткор, бахтли оила бекаси ва набиралар қуршовидаги меҳрибон бувижонни кўраман келажакка боқиб.


Фотомухбир: Равшан ШОКИРОВ
"СУҒДИЁНА" газетасидан олинди.

 

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?