Закладки Ko'kka yo'l

Название:
Ko'kka yo'l
Жанр:
Дата:
17-09-2013, 18:56
Просмотры:
1705

Умид АЛИ — 1978 йил Самарқандда туғилган. Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини  тамомлаган. "Салом ширин туйғулар”,  "Дилмоҳим”, "Кўкка йўл”  шеърий ҳамда "Кўнгилга сайр” номли адабий  суҳбатлардан иборат китоблари нашр этилган. Айни вақтда "Бекажон" ва "Суғдиёна" газеталарида фаолият юритиб келмоқда.

 

Соат...

 

Ингроқларга тўлади хона.

Лаҳзалар бўйсунмас-девона.

Тўрт девор ичида мунғаяр

Ҳаёт - ўз-ўзига бегона.

Сукунат шифт узра ўрмалар -

Ҳавога қоришар тану жон.

«Оҳ»ларга лиммо-лим бу дайр

Ёрилар...

Ёрилар,

Лек қачон?

Юрак...

Ингроқлари лиммо-лим.

 

* * *

 

Менман — илдизидан узилган дарахт,
Сенсан — ўзанини йўқотган дарё.
Менман — қўллар ичра бегона жуфт кафт,
Сенсан — йиғлаётган кўздаги ҳаё.

 

 

Сенсан — атрофида юлдузи йўқ ой,
Менман — тун бағрида чўкаётган кун.
Сенсан — қирғоқлари ўпирилган сой,
Менман — оҳангидан мосуво бир ун.

 

 

Менман — юракларни шўрлатган талх дард,
Сенсан — тиканлари юлинган оқ гул.
Менман — қиличлари синиқлиқ бир мард,
Сенсан — чимилдиқда ёрсиз қолган, тул.

 

 

Ҳаётнинг дардлари бунчалар сероб,
Бу умр шунчалар ёқасиз, енгсиз.
Сен кетгач, топдим мен саволга жавоб —
Яшолмас эканман бир кун ҳам сенсиз.

 

 

***
Жазавага тушади шамол,
Юлқиб дарахтларнинг шохини.
Мен тасвирдан бемадор, беҳол-
Эшитяпман шохлар «оҳ»ини.

 

 

Бор либоси – тилла япроқлар
Дув тўкилар мунг-нолалардан.
Бу шум шамол яна не хоҳлар,
Хўрлатиб ҳам тинмаса қаҳрдан.

 

 

Симёғочлар увиллар нохос,
Нолалар ҳам қўшилиб кетар.
Бу дунёга мунг-фиғонлар хос,
Шодликларчи? Фироққа етар.

 

 

Алам туғар яна аламни,
Дарахтларнинг жони узилар.
Дарахт руҳга кўмиб оламни
Энг маҳзун бир қўшиқ ёзилар.

 

 

***
Мен сенга бердимми ишққа изн…
Кўзларим севги деб роз очганмиди?
Нигоҳим илоҳий рангга йўғрилиб
Қалбингдан ҳам нари…
тошганмиди?
Дилга юклаб ҳарир, инжа баҳорни,
Термилган эдимми қароқларингга?
Тилдан кўчганмиди энг зилол сўзлар,
Лаблар чўкканмиди…
дудоқларингга?
Кафтлар бўлганмиди кафтга арғимчоқ,
Сочларинг юзимга айтганмиди байт?
Асалдан ҳам ширин, тоза каломни
Асраган эдингми мен-чун ёлғиз …
айт?!
Мени сен томонга ишқ йўллабмиди,
Ё сен йўлимда бўлдингми пайдо…
Билганим, изтироб, аламлар серранг
Сенинг қиёфангда ғам…
ҳурлиқо.

 

Мен сенга бердимми ишққа изн…

 

***
Бўса нигоҳларга чиза бошлар ранг,
Кўзлар қамашади, уйғонар туйғу.
Сокинлик қамраган бутун оламни
Ишқ қўйнига ташлаб, қочади уйқу.

 

 

Осмон саховатин этади кўз-кўз:
Юлдузлар эшилиб тушар бирма-бир.
Юрак ой бўлади, ҳароратли ой,
Севги қулоқларга шивирлайди сир.

 

 

Оғушларда унар юлдузгул, ойгул
Таратиб самовий шуъла, ишқи моҳ.
Кўнгилларда парвоз кўкдан ҳам баланд,
Бу дам илоҳий бахт дилларга паноҳ.

 

 

***
Сени деб қон йиқлаб тўкилар барглар,
Сени деб ҳар гал куз келар уҳ тортиб.
Сени деб юракда ғуж бўлар дардлар
……………………………………………………

 

 

Кўзларингда уйғоқ баҳорий умид,
Нигоҳимни тортар сеҳр риштаси.
Қўлларимни чўзиб сен томон маъюс
Пичирлайман, жоним: Ишқ фариштаси.

 

 

Юрак ато этар сўнгсиз шоҳ армон,
Телбадек йиғлайман эслаб неларни.
Билсам-да сўзлайман такрор ва такрор:
Бахтим аввалгидек қайтиб келарми?

 

 

Мен сендан узоқда миллион йиллар
Кезяпман гоҳ дарвеш, гоҳ бўлиб султон.
Туйғулар тўр ташлар асл… ноасл -
Юрак баъзан ўлжа, баъзида ултон.

 

 

Сен кетган дунёлар очмас эшигин,
Сендан менга севги, ҳис қолган азиз.
Кўзларинг кўзимга сўзлар хотира -
Девордаги сурат, мен суйган гул қиз.

 

 

***
Менинг мушфиқ онам, моҳ пайкарларим -
Опа-сингилларим, гулу жамбиллар.
Сиз Азиз момосиз, сиз Барчинларим.
Ялпиз таратажак эли Чамбиллар.

 

 

Менга қошу кўзсиз, синмас мужгонлар,
Мисли Бойчиборнинг кўркам ёллари,
Фарзанд деб кун туққан, ютган минг қонлар,
Новвот тил, райҳон ис эл аёллари.

 

 

Баҳордай чеварсиз, баҳордай эрка,
Гулсиз ғунчалари оппоқдан-оппоқ.
Ҳуснингиз ўсал-да, қалбингиз кўркам,
Менинг азизларим, кумушсоч, офоқ.

 

 

Сизга лутф билдирсам, таърифласам-да,
Арзимайди, камдир барча эҳтиром.
Сиз буюк онасиз, сиз жону танда
Баҳор яратгувчи, илоҳий инъом!

 

 

***
Япроқлар ёмғири остида қолдим -
Кўнглини бўшатар тилла тийрамоҳ.
Маҳзунлик рангига чўмилар олам,
Ҳар бир баргда юрак, ҳар бир баргда оҳ.

 

 

Дарахтлар роз айтар ишқдан, аламдан,
Рақс тушар ҳуш-беҳуш хастагина Куз.
Мен иқрор бўламан чўнг ҳақиқатга:
Севги сабза рангмас, севги хазон тус.

 

 

Дунёни бўяйди тийрамоҳ ашки,
Замин йиқилардан боради тўйиб.
Охир тоқат қолмас, дилсевар Кузга
Мен туҳфа этаман юракни, ўйиб.

 

 

***
Дунёни уйғотган тонг учун
Бағринг оч, кул, яйра юракдан.
Қўлларинг чўз кўкка, интилгин
Озод бўл ҳар битта сўроқдан.

 

 

Қуёшга салом айт, умид у,
Мусаффо осмонми? Бахтингдир.
Димоққа тирғалган эркми… бу
Парвозинг – йигитлик шаҳдингдир.

 

 

Тун чўкса, эзилма, қайғурар
Оймомо – умрнинг сорбони.
Оловга ини бўл, ўсасан -
Бир куни қучарсан самони.

 

 

Юлдузлар… бу сенинг ҳисларинг,
Қўйиб бер, чақнасин ўткирроқ.
Бир истак майл урар порлагин,
Қорани ёрсин оқ… ёғсин оқ.

 

 

***
Туннинг куни битди, тонг ўсди ўктам,
Бесоҳил осмоннинг ёриди кўзи.
Одам қутлагани каби одамни
Шарафга кўмдирди олам ўз-ўзин.

 

 

Нур ичиб борадир осмонма-осмон -
Нигоҳлар… тарз айлаб сокиндан-сокин.
Шу кичкина кафтга дунёни жойлаб,
Қўшиқлар айтади юрагим – оқин.

 

 

Саҳархез хаёллар… зарра ғубор йўқ,
Кўнглинг ҳам шафақдай, тонг каби тоза.
Кўзларинг йириб оч, муҳр боссин кўк…
Тонг – фаришталар очган дарвоза.

 


 

Умид АЛИ.

Плагиаторлар диққатига: Муаллифнинг розилигисиз шеърларни бошқа сайтда чоп этиш қатъиян таъқиқланади! 
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz