» » » Байрамингиз бўлсин муборак!

Закладки Байрамингиз бўлсин муборак!

Название:
Байрамингиз бўлсин муборак!
Дата:
14-01-2016, 21:21
Автор:
Просмотры:
339
 
 
 

1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим тарихий ҳужжатга имзо чекилди. Шу кундан бошлаб мамлакатимизда ҳар йили «14 январь – Ватан ҳимоячилари куни» озод ва эркин халқимизнинг муқаддас бир байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

 

Байрамингиз бўлсин муборак!

 

Ўзбекистон мард ўғлонлари,

Баҳодирлар, паҳлавонлари,

Тинчлигимиз чин посбонлари,

Байрамингиз бўлсин муборак!

 

Қайда бўлманг, ерми, осмонда,

Тоғми, дала, чўл, биёбонда,

Бу муқаддас она маконда,

Байрамингиз бўлсин муборак!

 

Ватан ишқи кўнглингиздадир,

Юрт тақдири қўлингиздадир,

Нигоҳимиз йўлингиздадир,

Байрамингиз бўлсин муборак!

 

Сизга таҳсин, ботир йигитлар!

Оловюрак, нодир йигитлар!

Кўкси қалқон, чайир йигитлар,

Байрамингиз бўлсин муборак!


Искандар РАҲМОН.

 

Ҳарбий хизматга тайёрмисиз?


     14 январь кунини мамлакатимизда ҳар йили миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланган. Барчамизнинг бугунгидек тинч, хотиржам хаётимиз қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак, арзийди.

     Қуйида Тошкент шаҳар, Миробод туман Мудофаа ишлари бўлим бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Суюнов эл-юрт олдидаги вазифасини сидқидилдан бажаришни истаган йигитлар учун ҳарбий хизмат ҳақида маълумот беради.

     "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига кўра, "Умумий ҳарбий мажбурият фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга мажбурий ҳарбий тайёргарлигидан иборат бўлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар сафини тўлдиришни ва уларнинг резервини тайёрлашни таъминлаш мақсадида жорий этилади”.

 

Кимлар ҳарбий хизматга мажбур?


Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқаролари, хусусан:

·ҳарбий хизматга чақираладиган ва туман (шаҳар) чақирув участкаларида қайд этилган шахслар — чақирилувчилар;

·ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар — ҳарбий хизматчилар;

·Қуролли Кучларнинг резерви ёки захирасидаги шахслар — ҳарбий хизматга мажбурлар;

·Турли сабабларга кўра ҳарбий рўйхатдлан чиқарилган, шу жумладан, истеъфодаги шахслар — ҳарбий хизматга мажбур бўлмаган шахслар деб аталади.

Ҳақиқий ҳарбий хизмат чақирув ёки контракт бўйича оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбий хизматдир.

Умумий ҳарбий мажбурият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тадбиқ этилмайди.

 

Ҳарбий хизмат турлари


     Ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир.

Ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари жорий этилади:

·муддатли ҳарбий хизмат;

·сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;

·контракт бўйича ҳарбий хизмат;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма ётти ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақириладилар.

 

Муддатли ҳарбий хизмат


     Муддатли ҳарбий хизмат чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида, шунингдек, муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизматидир.

Муддатли ҳарбий хизмат муддатлари календарь ҳисобида:

·оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун — ўн икки ой (олий маълумотли шахслар учун — тўққиз ой);

·муддатли ҳарбий хизматни чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун — тўққиз ой қилиб белгиланади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат


     Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

     Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилади ҳамда чақириувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг махсус ҳисоб варағига пул бадаллари киритилишини назарда тутади.

     Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига шахслар йигирма етти ёшга тўлгунга қадар олинадилар ва ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилишлари мумкин, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда эса ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар.

     Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган фуқаролар йигирма етти ёшга тўлганларидан кейин Қуролли Кучлар резерви таркибига ўтказиладилар.

 

Бу муҳим!


Ҳарбий кийимда юриш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларнинг ҳарбий кийим-кечакни кийиб ва фарқловчи нишонларни тақиб юриши тақиқланади.

 

Контракт бўйича ҳарбий хизмат


     Контракт бўйича ҳарбий хизмат Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир.

     Ушбу соҳани касб тариқасида танлаган фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар.

     Ҳарбий хизматни ўташ муддатлари ва асосий шартлари контрактда белгиланади. Айни пайтда дастлабки контракт хизматни оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида ўташ бўйича уч йил, офицерлар таркиби лавозимларида ўташ бўйича 5 йил муддатга тузилади.

     Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари билан ўқиш даври учун келгусида уларнинг офицерлар таркиби лавозимларида ҳарбий хизматни камида беш йил мажбурий ўташ шарти билан контракт тузилади.

 

Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш


     Ҳарбий хизмат талабларига жавоб берувчи қуйидаги фуқаролар ихтиёрий равишда (контракт бўйича):

·ўттиз ёшгача бўлган, ҳарбий ҳисобдаги ихтисослик бўйича тегишли касбий тайёргарлик кўрмаган ҳарбий хизматга мажбурлар ва аёллар — оддий аскарлар таркиби лавозимларига ҳарбий хизматга;

·муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган оддий аскарлар ва сержантлар таркибидаги қирқ ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган ва ҳарбий ҳисобдаги ихтисослик бўйича тегишли касбий тайёргарликка эса ўттиз ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар — оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларига ҳарбий хизматга;

·ўттиз ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбур аёллар — оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларига ҳарбий хизматга;

·ўн етти ёшдан йигирма бир ёшгача бўлган фуқаролар, шу жумладан, ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган фуқаролар, шунингдек, ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган, ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар — ҳарбий-таълим муассасаларининг курсантлари тариқасида ҳарбий хизматга;

·қирқ ёшгача бўлган резервдаги ва заҳирадаги офицерлар — офицерлар таркиби лавозимларига ҳарбий хизматга кирадилар.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга кираётган фуқаролар мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар.

Фуқаролар ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик, давлат қўмитаси ва идора билан ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида контракт тузадилар.

Контрактлар тузиш, шу жумладан, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари билан контрактлар тузиш, шунингдек, контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом билан белгиланади.


Қуролли кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати


     Резервчилар хизмати ҳақиқий ҳарбий хизматни, шунингдек, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар жумласидан бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар учун Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек, уруш даври тақозо этадиган тузилмаларни кучайтириш мақсадида умумий ҳарбий мажбурият асосида жорий этиладиган ҳарбий хизмат туридир.

      Резервчилар сифатида хизматни ўтаётган ҳарбий хизматга мажбурлар тинчлик даврида қоида тариқасида, қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини сақлаб туриш, резервчиларнинг ҳарбий ҳисобдаги ихтисослик бўйича мажбуриятларини тинчлик ва уруш даврида бажариши учун зарур бўлган кўникмаларини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш мақсадида ҳарбий қисмлар базасида ҳудудий принцип асосида ташкил этиладиган ҳарбий тайёргарлик бўйича ҳарбий йиғинларни ўташга жалб этилишлари мумкин.

     Қуролли Кучлар резервчиларининг хизматни ўташ тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш


     Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш уларни ҳарбий рўйхатга олиш, сонини, ҳарбий хизматга қай даражада яроқли эканлигини, умумтаълим ва жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

      Фуқароларни қайд этиш туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари ҳузурида ташкил этиладиган чақирув участкаларида амалга оширилади ва рўйхатга олинаётганларнинг турар-жойларида ўтказилади.

     Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш улар ўн олти ёшга тўлган йили апрель — июнь ойларида амалга оширилади.

     Чақирув участкасида қайд этилиш учун фуқаролар чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда мудофаа ишлари органларига келишлари ва зарур ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.


Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта — февраль-март ойларида ўтказилади.

Г.АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Манба: "SABO" газетаси

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?