» » » Нега келинчакни кўтариб оладилар?

Закладки Нега келинчакни кўтариб оладилар?

Название:
Нега келинчакни кўтариб оладилар?
Дата:
23-04-2014, 06:39
Автор:
Просмотры:
1528
 
Мерос қадриятлар 

     Мен миллий урф-одатларимизни кўр­ганим сари, эл қалбини шундоққина кўриб тургандай, кузатишда ичкарилаган сари, жавоҳир топаётгандай бўламан. Удумларимиз авлодларимизнинг армонлари, орзуларидан, нозик таъби ва самимиятидан, кенг феъли ва саховатидан бунёд бўлгандир.

Отамни йўқотгач, отам севган одат-удумларни эслаб юриб топдим бу бойликни!

Онамдан айрилгач, онам амал қилган расм-русумларни хотирлаб юриб рўбарў келдим ва таҳлил этиб кўргач, севиб қолдим бу одатларимизни.

Мен андижонча удумларнинг таъриф-тавсифини, уларнинг келиб чиқиш сабабларини тарих китобларидан қидирмадим, бировдан сў­рамадим, суриштирмадим. Кузатишларим асносида юрагимга нимаики нозикроқ тегинган бўлса, шоирона шаклу шамойилда талқин этдим, холос.

Нега карнай чаладилар?

Рўзғор муқаддас уюшма бўлгани учун ҳам, карнай-сурнай, тароналар билан унинг бошланишига ишора берадилар. Рўзғор мушкул бир фаолият бўлгани боис, кўплашиб дуо бериб, мадад тилайдилар. Илоҳо, бу дуолар ижобат бўлсин!

Андижон тўйларига ҳақиқий тантанаворликни карнай бағишлайди. Шуни ҳам айтиш керакки, андижонча карнай усуллари ғоят ўзига хос ва бўлакчадир.

Хўш, нечун чаладилар карнайни?

Назаримда, шундай: икки дилнинг, икки авлод тақдирининг боғланиши улкан ҳодисотдир. Карнай янги бир авлод пойдевори қурилаётганини тўрт томонга овоза қилади, бу қутлуғ маросимга гувоҳлар йиғади. Карнай шавқ билан наъра тортади, фалончининг қизига харидор бўлиб келдик, дея келиннинг атроф маҳалласини оёққа турғазади. Ҳовлию тор кўча, айвону том одамга тўлади. Қизи чиқиб кетар онда, шу уйнинг улуғи титроқ овоз билан дуо беради, ёшу қари «Омин» дея қўшилишади.

Келинни олиб қайтган карнайлар энди куёв масканида бонг урадилар: «Ҳой, яхшилар, эшитмадим деманглар, бир покиза гавҳарни олиб келяпмиз, у сизларга фарзанд бўлажак! Чиқа қолинг, яхши ният билан қарши олинг», дея ҳаммани қўзғатиб, ҳаяжонга солади. Бу кун карнаю сурнай, ноғоранинг гижбадабангидан бутун маҳалла шу икки ёшга бахт тилаш билан машғул бў­лади…

Азиз ўғлон ва муҳтарам қиз­ойим! Эл дуо бердими, тамом, шу заҳоти чўнг масъуллик елкангизга тушади. Бу масъуллик сизни ҳамиша рўз­ғорни асраб-авайлашга ундаб туриши лозим. Эл дуоси элнинг назари демакдир. Рўзғорни эҳтиёт қилмаслик назардан қочмоқликдир. Бу эса улкан фожиадир — назардан қолганларнинг оиласи ҳам, авлоди ҳам ҳеч қачон унган эмас, ўсган эмас.

Сени кафтимда тутаман!

Карнай садолари ила келаётган келин истиқболига куёв дарвозаси олдида катта гулхан ёқилади. Дарвоқе, нечун ёқадилар оловни?! «Келинчак, сени оловдай муҳаббат билан кутяпмиз», деганларими бу? Яна: «Келинчак куёвнинг хонадонига оловдай меҳр билан кириб келсин», деган орзуларими? Ёки: «Жами нохушликлар ичкари ораламай, янги рўз­ғорнинг остонасида куйиб битсин», деган маъноларда олов ёқилар балки.

Олов тинмай чарсиллайди, унинг атрофида чарх уриб рақс тушаётган Андижон йигитларининг товонлари чандон гурсиллайди. Шу оралиқда бир неча йигитлар куёвга тўн кийдириб, шоҳи кийик билан белини сириб боғлаб, келинни кўтариб олмоққа созлайдилар, сўнгра келин ўтирган машинадан уй остонасигача бир-бирларига қўл беришиб, куёв муҳофазаси учун занжир сифат жонли йўлак ҳосил қиладилар.

Карнай эса «Мард бўл, шер бўл, бўл, бўл, бўл, бўл!» каби зарб усулларни бошлаб юборади. Куёв шу аснода келин томон йўналади. Карнайнинг бетоқат, тезоб ҳайқириғи, йигитларнинг мадад берувчи қий­қириқлари остида куёв келинни даст кўтариб, чимилдиққа олиб келиб қўя­ди. Бу Андижон тўйларининг энг кўримли, ҳаяжонли манзараларидан биридир.

…Куёв қўлларини чўзганича келин томон одимлар экан, менинг хаёлимга бир ўй урилади. Шоир қалбим билан куёв ўйларини ўқиётганга ўхшайман, мана куёвнинг кўнглидан кечаётган гаплар:

Юлдузлар ичида ой сайлаганим, келдингми-я!

Қизларнинг орасидан ҳур сайлаганим, келдингми-я!

Тушларимни ростга айлантириб келасану

Сени кўтармай кимни кўтарай?!

Дуоларимни чинга айлантириб келасану

Сени кўтармай кимни кўтарай?!

Отамнинг ушалган армони бўлиб келаётганим,

Кел, кафтларимга қўн!

Онамнинг дардига дармон бўлгучим,

Сени кўтармай кимни кўтарай?!

Опа-синглимни топиштирувчи бўлиб келаётганим,

Оғаларимни келиштирувчи бўлиб келаётганим,

Кел, кафтларимда олиб кирай сени!

Рўзғоримнинг баракаси, кел,

Хонадонимнинг истараси, кел!

Менинг номимда боғлар яратасану

Сени кўтармай кимни кўтарай?!

Яхшимни оширарим, ёмонимни яширарим,

посбоним кел,

Қўлларимга қўн,

Эл олдида табаррук қилиб олиб кирай сени!

Шундай юксак умидворлик билан куёв келинчакни қўлларида тутиб бормоқда… Мен эса безовталик билан келинни сўроқ қила кетаман:

- Ой деб сайланган келинчак, кун деб танланган келинчак, сенга берилаётган баҳоларга муносиблик ҳақида ўйладингми?

- Қуръонни, нонни, фарзандни кафтда кўтарадилар. Бунинг боиси аёндир. Аммо сени не учун кўтармоқдалар? Мағзини уқдингми буни? Pўзғор Тоҳир-Зуҳролик, Лайли-Мажнунлик эмаслигини, pўзғор чеки йўқ кураш, ютиш-ют­қазишлар майдони эканлигини ёд этиб юр! Огоҳ бўл, бу остонада сенинг қўлинг билан тузалувчи беморлар, сўзингдан яшарувчи умрлар, эпинг, удданг билан ечилувчи мушкуллар, сенинг меҳр ва маҳоратинг билан улангувчи узилганлар изларингга зор бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам кўтариб юрибдилар сени! Сен бу хонадонга халоскор бўлиб кирмоқдасан.

…Ичкарида эса янгаларнинг «Ёр-ёр»и эшитилади:

Келин деманг боғингизга

Қумри келди, ёр-ёр.

Ота-онангиз дармони,

Умри келди, ёр-ёр.

Келинчакнинг ҳар сўзидан

Райҳон унур, ёр-ёр…

Илоҳо, қадамларинг қутлуғ, нафасларинг иссиқ келсин, қизойим!

 Турсуной Содиқова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

"БЕКАЖОН"дан олинди


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz