» » » Хотин аввал пайдо бўлганми, телефонми?

Закладки Хотин аввал пайдо бўлганми, телефонми?

Название:
Хотин аввал пайдо бўлганми, телефонми?
Дата:
31-03-2014, 20:43
Просмотры:
1599
 

     «Учинчи одам ортиқча» деган ҳикматни эшитгансиз. Бизнинг оилада «учинчи» деганда телефон назарда тутилади. Шу ҳам гапми, дейсизми? Хотинингизда телефон йўқ экан, демак! Бор бўлса ҳам, рафиқангиз ҳали ҳақиқий хотин даражасига етмаган. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, менда бир шубҳа уйғонган: хотин аввал пайдо бўлганмикан ё телефон? Тўғри-да, ким олдин пайдо бўлса, шу роль ўйнамайдими оилада?..


Миллион йил аввал…


     «Одамлар ғорларда ярим ёввойи ҳолда яшаган энг қадимги даврларда телефон ҳақида гап бўлиши мумкин эмас!» дейишга бироз шошилманг. Балки телефоннинг бошқача турлари бўлгандир? Масалан, ғорнинг бир бўлимидан иккинчисига бамбук поясини тортиб қўйиб, аёллар ғовак орқали кечаси билан ҳангомалашиб чиқишган. (Эркаклар кундузи овдан чарчаб келгани боис, уйқуни уришган. Қолаверса, эркак юзма-юз гаплашишни ёқтиради, ғийбатларга ҳамиша ҳам қизиқмайди, бамбук-телефонни бошига урадими?)

Тасаввур қилинг, ғорда икки аёл бамбук-телефонда гаплашаяпти: «Вой, кеча эрим зебра терисидан тайёрланган ёпинчиқ совға қилди, тош асрининг энг сўнгги модаси эмиш». Дугонаси демоқда: «Эрингиз сизни севаркан. Меники эса олов ёқишга ўтин ёриш тугул, динозавр тезагидан ҳам олиб келмайди, ундан кўра маймунга тегиб, дарахтда яшаганим яхши эмасмиди, дугонажон…»

Бундай гапларни телефонда айтишнинг ўзига хос ҳузурини миллион йил аввал ҳам билишган ҳурматли аёлларимиз. Баъзи тахминларга кўра, ўша даврларда Ерга илк бор ўзга сайёраликлар учиб келган. Унутиб қолдирилган иккита телефонни топиб олган ғор аёллари батарейка кучи тугагунча маза қилиб гап сотишган. Ва бу касаллик қондан қонга ўтиб, пайт пойлаб, «сотка»лар урф бўлиши билан лоп этиб хуруж қилди. Ахир наслий касалликнинг бошқа хасталикларга қараганда бедаволик хусусияти кучлироқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас-ку!


Компаниялар рақобати жонга тегди

 

 


Инсоният тарихини билмадим-у, лекин уйимга хотинимдан аввал биринчи бўлиб телефон кириб келган. Шунинг учун аввал телефон пайдо бўлган, дея оламан. Баъзилар эса хотинларни «телефонсимонлар» ёки «телефонидлар» деб аташни таклиф этишади. Ҳарҳолда бу гапга қўшилмайман-у, аммо хотинларимиз телефон компанияларига олам-жаҳон даромад келтираётгани исботланган. Қизиқчи айтганидек, бизнинг аёллар телефонда ҳам узундан-узун ҳол-аҳвол сўрашаверади, натижада дақиқа эмас, соатлар ҳисобга ёзилади. Бунда компанияларнинг ҳам айби катта. Аввал сўзлашув дақиқалари қиммат эди, энди эса рақобат кучайиб, шундай арзон бўлиб қолдики, ҳар ярим соатда бир марта ҳисоб-китоб қилинади. Масалан, неча дақиқа гаплашишингиздан қатъи назар, ҳар ўттиз дақиқага етти сент ёзилади. Шундай экан, барибир етти сент олади, деб қайси аҳмоқ хотин ўн-ўн беш дақиқада телефонини ўчиради?! Бу кетишда ярим соатлик эмас, кунлик, ҳафталик тарифлар чиқса, ҳеч ҳам ажабланмаган бўлардим.


Телефонда айтилган эртаклар


Хизмат сафарида юргани учун ҳар кеч қизига телефонда эртак айтиб берадиган ота ҳақида итальян эртакчисининг китобини ўқиганман. Ўҳ-ҳў, жа узоқ гаплашиларкан-да, деганман. Бугун эса… хотиним қайсидир қариндошига қўл телефонида «Уруш ва Тинчлик» эпопеясидан ҳам каттароқ «Ҳангома» достонини ўқиб берганининг гувоҳи бўлиб турибман. Оқибатда дастурхон ёзилмади, бола эмизилмади. Овқат тагига олгани-ку, майли, ҳатто корейс, турк ва ҳинд сериаллар тугаб, барча каналлардаги кўрсатувлар ўз ниҳоясига етди. Хўроз қичқирганда уйғонсам, хотиним ҳали ҳам телефонда гаплашиб ўтирибди. Телефонни пачоқлаб ташласам, бир хумордан чиқардим-у, афсус, фалон пул туради, жонивор. «Телефонда шунақа гаплашиладими? Нима, сен меҳмонда юзма-юз ўтирибсанми?» десам, нима дейди, денг, «жигарим ойда-йилда бир телефон қилаяпти, бунинг устига мендан пул кетаётгани йўқ-ку!»

 

 


     Хўп, қўнғироқ қилибди, «айтгандек, холамнинг тўйи қандай бўлди? Бир бошидан гапириб беринг» қабилидаги гапларга бало борми?! Телефонда қисқача ҳол-аҳвол сўрашиш, маълумот олиш мумкин. Бироқ гап-сўзлари тугагач, «ҳмм… шунақа денг», дея узоқ вақт жим туриш, хўрсиниш, эснаш, мудраб олиш, кейин эса суҳбатга заррача алоқаси йўқ одамни эслаб, «писмадончини кўриб турибсизми? Яхши яшаб юрибдими?» деб янги мавзуга эшик очишларини асло ҳазм қилолмайман, дод деб юборгим келади!..

Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, «алло» деган сўз французча «aller» феълидан олинган бўлиб, «гапир» дегани. Шунинг ўрнига ўзбекча «вой дод» деган сўз қабул қилинишини хоҳлардим. Ярим кеча телефон жиринглади, гўшакни кўтарасиз: «Вой дод, кимсиз?»


Сўнгги қисқа сўз


     «Хотин олдин пайдо бўлганми, телефонми?» деган саволни ҳар хил тушуниш мумкин. Аслида «иккови битта нарса эмасми?» десам, тўғрироқ. Нега деганда хотинларнинг телефондан фарқи у қадар сезилмай қолди. Масалан, хотинга бир гап айтиб қўйинг, етти иқлим нарига бўлса ҳам етказади. Телефондан нима фарқи бор?

АЗИЗИЙ тайёрлади

"СУҒДИЁНА" газетаси
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz