» » ЖАМИЛА ҒОФУРОВА: «Ўрта ёшли аёл ролини ўйнашдан қўрқаман»

Закладки ЖАМИЛА ҒОФУРОВА: «Ўрта ёшли аёл ролини ўйнашдан қўрқаман»

Название:
ЖАМИЛА ҒОФУРОВА: «Ўрта ёшли аёл ролини ўйнашдан қўрқаман»
Дата:
20-03-2014, 18:40
Просмотры:
1700
 
 

     Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри. Йигирма йилча илгари. Спектакль тугаган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шукур Ғофуров пардозхонасида уст-бошини тўғриларкан, эшикдан кўз узмайди. Қизалоғи спектаклни томоша қилиб ўтирувди-ку, хонани ҳам топиб келолади...

Ўн дақиқача олдин. Саҳнада икки қаҳрамон ўртасидаги зииддиятли эпизод кетяпти. Навбат ўлим саҳнасига етди. Ҳанжар қинидан чиққанида олд қатордаги ўриндиқлардан бирида ўтирган қизча қўрқиб кетди, жажжи қўлчалари билан кўзларини ёпиб олди. Тиғ Шукур аканинг кўксига гўё санчилганга ўхшаб, қўлтиғидан ўтказилди. Спектакль воқеаларини чин деб қабул қилаётган қизалоқ эсанкираб қолди. Кўз ёшлари қуйилиб келаверди: «Дадамни ўлдириб қўйди...»

     ...Шукур аканинг ортиқ сабри чидамади. Ўзини эшикка урди. Югурди. Томоша залига қайтди. Зал бўм-бўш, фақат қизча ҳамон шу ерда эди. Қизалоқ отасини кўргач, юзлари ёришиб кетди. Югуриб бўйнига осилиб олди. Шукур ака қизалоғини сочларидан силаб-сийпади, ўпди, эркалаб, овутди: «Жамилам ўзимнинг...»

 


ҚИЁФА


— Тўлачадан келган қиз эдим. Балки шу сабабли турли фильмларга эълон қилинган кастингларда исмим номзодлар рўйхатидан нарига силжимасди. Ўшанда фақат йиғлардим. Наҳотки, мен кинода ўйнолмасам?! Онам таскин берарди: «Қизим, йўл бошида турибсан. Йиғлашга доим ҳам вақт топилади. Хулоса чиқаришга ўрган. Қомат ҳам сўзлайди. Демак, бироз тер тўкишимизга тўғри келади...»

Бир йил мобайнида нон емадим, ёғли маҳсулотларни айтарли истеъмол қилмадим. Борди-ю, нафсим бузилиб, дастурхонда турган ширмой нонми, умуман, бирор тўйимлироқ ноз-неъматга қўл узатгудек бўлсам, онам қўлимга шарт урардилар.

Кунига икки соат ойна қаршисида турардим. Упа-элик, ясан-тусан учун эмас, рақсга тушардим. Руҳан дам олардим. Чарчоқларим мени тарк этаётгандек, вужудим аллақандай сокинлик ва майинлик нафасини сезарди. Бирон кун рақсга тушмай қолсам, онамнинг терговидан қочиб бўлибман.


КЎПРИК


— Вақтга берилган таърифу тавсифлар бисёр: «Вақт – олий ҳакам». «Вақт – даво». «Вақт, бу — пул». «Вақт – зўр шифокор». Бироқ «Вақт – ёмон косметолог». Кўзгудаги қиёфамиз тобора хиралашиб бораётганини инкор этолмаймиз. Орадан йиллар ўтиб, оилавий фотоальбомда сарғайиб кетган суратни кўриб, беихтиёр «Суратдаги менми?», дейишимиз рост.

Бу ҳолат ўтиб бораётган умрни бот-бот уқтириб турса ҳам, начора. Онам ҳам санъатга бегона эмас. Уларнинг ўтган умр йўлларини кўприкка ўхшатаман. Бизнинг бу қирғоқдан нариги қирғоққа ўтиб олишимиз, манзилимизга соғ-омон етишимизга Она сабачи бўлса, ажабмас. Онамнинг театр ва кинода маҳоратини намоён этишга деярли фурсати бўлмаган: рўзғор ташвиши, югур-югур, чоп-чоп дегандай. Санъаткор аёлнинг фарзандига кўпда вақт ажрата олмаслиги, табиий. Онам гарчи ҳаётидан нолимаса-да, ҳар ҳолда менинг кино оламида юксак марраларни забт этишим учун ҳамон фидойиларча умр кечирмоқда. Набираси, қизим – Ширинабонунинг тарбияси билан машғул. Эсимда, чақалоғим чилладан чиқиши билан съёмкага чиққанман...

Онам ёшлигида беҳад гўзал, мафтункор аёл бўлган. Ҳозир кўзгу қаршисида ёнма-ён турсак, онамнинг хаёлларидан нелар ўтади, буни билмайман, аммо мен онамнинг гулдай ролларни ўйнаса ўйнагудек қиз бўлгани ҳақида ўй сураман. Вақти келиб, режиссёрликда ҳам ўзимни синаб кўриш ниятим бор. Ана шунда аёл дарди ифодаланган образ тимсолини онам ижросида очиб бериш мақсадим йўқ эмас.


МАКТУБ


— «Ўткан кунлар» фильми, соҳир муҳаббат талқини менинг кинога, унда роль ижро этишга бўлган иштиёқимни кескин оширган. Тошкент ва Марғилон масофасидаги ишқий номалар энг беғубор дил изҳоридек туюлади менга.

Чамаси ўн тўрт ёшларда эдим. Бежирим букланган қоғозни қўлимга Тутқазишди. Фаҳмладим. Бу ўша! Ўқидим. Оёқларим гўё ердан узилиб, учаётгандек эдим. Бу шундай беғубор туйғу, болаларча жўшқинлик... Нима деса бўлади... Таърифлашни бунчалик қийин деб ўйламагандим.

Энди билсам, ҳаётнинг энг ёқимли дамлари, ғуборсиз кунлари шу экан. Ўшандаги туйғу балки ҳавасдир, узоқ ҳам яшамас, аммо унинг ширин хотирага айланиши аниқ. Унинг софлиги, тиниқ ва беғуборлиги балки шундадир.


КАЛИТ


— Ўйлаб қарасам, менинг энг катта ролларим – бу менинг энг кичик ролларим экан. Яъни, эпизодик образлардаги кўриниш ва қиёфам бош роллардаги ижромга қараганда кенг аудиторияга эга. Масалан, «Кечиккан ҳаёт» фильмидаги Ҳамида (Ҳамлетга пичоқ совға қилган қиз) томошабинлар меҳрини қозонган. Ёки «Дилхирож», «Энди дадам бўйдоқ», «Алданган аёл» каби фильмлардаги чиқишим. Сабаби ушбу фильмлардаги ролларим кино ичига тасмани тўлдириш, вақтдан ютиш учун шунчаки «қўйиб юборилмаган». Уларнинг ҳар бирида фильм мазмунини бойитишга қодир мақсад бор. Фильмнинг тугуни улар. Бутун бошли фильм давомида мен тугиб қолдирган чигалликнинг ечими ахтарилади.

Масалан, Алишер Узоқовнинг «Энди дадам бўйдоқ» фильмидаги лўли аёл. Бошида бу ролни ўйнагим келмади. Ўшанда Алишерга «бу лўлинг пихини ёрган, ўта кетган айёр ва муғомбир экан», деганман. Аммо Алишернинг фильм тугуни айнан шу саҳнадан иборат экани, бусиз ҳеч иложи йўқлиги, энг муҳими, сценарий айнан менинг ижромни кўзлаб, мен учун ёзилгани ҳақидаги изоҳлари розилик беришимга сабаб бўлди. Лўли аёл тўсатдан келиб, учта аёлни «ётқизиб» кетмаганида фильм воқеалари ривожланмасди-да. Бу каби эпизодларда маҳоратимни астойдил намоён этаман. Ахир фильмнинг қулфи ҳам, калити ҳам улар!


ТУҒЁН


— Кўпинча дебютант актёр ва актрисалар билан фильмда суратга тушишда қийналиб кетаман. Улар билан диалогга киришишдан эмас, аксинча, уларнинг ўз ролини меъёрида ижро этмаётганидан тутақаман. Сўзлари сохта, юракдан чиқмаётгандек, ҳаракатлари ҳам белгиланган чизиқ бўйлаб юриб бораётган одамни ёдга солади. Эҳтимол, бошида биз ҳам ойни узиб бермагандирмиз. Аслини олганда, ҳозир ҳам ойни узиш даражасида эмасмиз. Аммо, чизиқдан бироз ташқаридаги талқин чинакам ҳиссиёт, сезги, туғёндан туғилади. Кичик бир мисол: дейлик, фильм сюжетида айрилиқ саҳнаси бор. Қизнинг кўз ўнгида севган инсонини пичоқлаб қўйишди. Қиз унинг дақиқа сайин сўниб бораётган танасини тиззасига олади. Бунда қизнинг ўкириб йиғлаши ва охирида осмонга қараб бақириши шарт эмас. Менимча, тасвирда титраётган лаблар, суйган кишисининг сочларидан силаб, ором беришга мажол тополмаётган қўллар, умри тугаб бораётган йигитнинг ҳаётга талпиниши, яшашни истаётган нигоҳлари ва унинг юзларига тепадан дам-бадам думалаб тушаётган кўз ёшларни йирик планда ифодалаган маъқул эмасми?


НИГОҲ


— Ижодкорларда «учинчи кўз» деган машҳур ибора бор. Яъни, ҳеч ким илғай олмаган ҳодисотни яратиш. Бу – пашшадан фил ясаш дегани эмас, албатта. Аммо бироз бўрттириш эвазига кутилган натижага эришилади. Зулфиқор Мусоқовнинг «Қовун» фильмида боши қоронғи келин ана шундай образ. Ҳатто фильм монтажи устида ишлаётганлар ҳам мени танишмаган. Зулфиқор ака монтажчиларга «Жамиланинг мана бу қиёфаси, мана бу ҳолати, буниси... Жамила», дея керакли кадрларни ўрни-ўрнига сингдираётганида монтажчилар беихтиёр «қани Жамила?» дейишган. Бу мендан ҳам аввал режиссёр маҳорати саналади. «Қовун» фильмида сценарий билан ишламаганман. Зулфиқор аканинг ўзлари менга қандай юришим, туришим, нималар қилишим ва, ҳатто, кўзларимни қандай ғилайлатишимни кўрсатиб берган. Астойдил тушунтиргач, «Мен мана шунақасини хоҳлаяпман», дерди. Бу роль сценарийда «токсикоз келин» деб аталган, холос. Демак, Зулфиқор ака сценарий ёзилмасданоқ фильмни нигоҳлари билан суратга тушириб улгурган.


РАКУРС


— Мен сценарийни ўқиётиб тасаввур қиламан. Хаёлимда фильмнинг қандай эканини кўраман. Ўзим режиссёр, оператор бўлиб ракурс танлайман. Бу фильмга суратга тушишга ҳа ёки йўқ дейишимга асос бўлади. Баъзан мен тасаввур қилган образ ижро қилаётганимда умуман бошқа эканини англаб қоламан. Шунда режиссёр билан қарашларимиз зид келганини сезаман ва жаҳлим чиқади. Ижро актёрнинг ўзига қўйиб берилса, образ самимий чиқмайдими? Шундай дамларда ўзим кино олгим келиб кетади. Ўйлайманки, мақсадим шунчаки мақсадлигича қолиб кетмайди. Ўтган йилдан бошлаб иккинчи мутахассислик сифатида драма режиссёрлиги йўналишида таҳсил оляпман. Келажакда нафақат фильмларда, спектаклларда ҳам характерли қиёфаларни талқин этиш ниятим бор.


ЖИЛОВ


— Бугун ўзбек фильмларининг кўпчилигида аёл тимсоли дарди ичида, хокисор, маюс ва маъсум ёки аксинча, эрининг миясини қоқиб, қўлига берадиган вайсақи сифатида тасвирланади. Ваҳоланки, жасоратнинг зўри аёлда бўлади. Вулқоннинг ҳам отилиш палласи бор. Аёл ҳам дардини ичига йиғиб-йиғиб, охири портлайди. Мен ана шундай портлаш саҳналарини ўйнагим келади.

Тўмарисдек аёл шижоатини намоён этсам дейман. Ишонаманки, бундай фильмларнинг ўзимизда суратга олиниш фурсати яқин. Мен ўзимни ҳозирдан тайёрлаяпман, десам хато қилмайман. Токи бирон режиссёр яқин орада тарихий фильм суратга олса-ю, роль тақсимотида ўзимни кўрай.


ТАФОВУТ


— Кинода образнинг яхши ва ёмони бўлиши мумкин. Аммо гўзал ё хунуги эмас. Энг кўримсиз одам ҳам энг гўзал образни ёритса бўлади. Фақат унинг қобилияти етса, бас. Масалан, «Қочоқ келин» – Жулия Робертс у даражада чиройли эмас-ку... Аммо гўзал аёл, соҳибжамол қиз, қиролича образларини бемалол яратиб беролади. Бунга унинг маҳорати ҳам, қобилияти ҳам етади. Гап ана шунда. Ёки ёш масаласини олиб қарайлик. Қўрқаманки, озроқ йил ўтиб, ўрта ёшли аёл, она ролини ўйнаш таклифи билан мурожаат қилишади менга. Ваҳоланки, дунёнинг нигоҳи қадалган актёрлар – Анжелина Жоли, Кажол, Шоҳрух Хон сингари актёр-актрисаларнинг ёши анчайин катта. Аммо улар ҳамон ошиқ, ҳамон севикли ёр ролларида суратга тушмоқда.

Умуман олганда, бундай қиёфалар бизда ҳам йўқ эмас. Масалан, Лола Элтоева ўн саккиз яшар қиз образини бемалол гавдалантира олади. Бунинг учун айнан навниҳол қиз ахтариб юришнинг сираям ҳожати йўқ. 


ҚАЙТИШ


— «Хиёнат» фильмида ОИТС га чалинган аёл ролини ижро этдим. Фильмда бош шифокор билан бемор қизнинг диалоги бор. Ўшанда мен киришиб кетганимдан, роль таъсирига тушиб қолганман. Қўрқиб кетдим. Айниқса, шифокорнинг менга қараб туриб: «Заринахон, сиз ОИТС касалига чалинибсиз, энди буёғига курашиш керак, биргаликда курашамиз», деганида даҳшатга тушганман. Фильмдан сўнг бу каби қизлар тақдиридан куйинавериб, кейинги ролимга киришиб кетишим қийин кечган. Ўшанда дадам: «Қизим, санъаткорларинг ўз олами бўлиши бор гап. Улар бу оламни ўзларига яратиб олишади. Ёлғиз қолди дегунча ўша олам билан боғланишга уринади. Сен ортиқча киришиб кетмагин, ўйнадингми, эсингдан чиқар», деганди.


СТОП. КАДР.


— Режиссёрлардан Собир Назармуҳаммедов, Зулфиқор Мусоқов, Айюб Шаҳобиддинов фильмларида суратга тушишнинг ўзига хос кўникмалари бор. Уларнинг образ ҳолатини тушунтириш маҳорати содда ва самимий. Улар билан ишлаш жараёни актёрларга енгиллик туғдиради, чамамда. Қолаверса, бу режиссёрлар аёл психологиясини турли ракурсда тафтиш қилиш бобида малакага эга. Шундан бўлса керак, уларнинг фильмларида кўп ҳолларда иккинчи дублга эҳтиёж сезилмайди.

Бир қарашда Чингиз Айтматовнинг «Жамила» асари қаҳрамонимиз ҳаётига дахли йўқ. Аммо гўзаллик бобида улар опа-сингилдек. Жамила сарвқомат, бежирим аёл экани, кулганида унинг кўзларида навқирон ёшлик барқ уриши таъриф этилади. Бизнинг Жамила ҳам шундай – гўзалликни эъзозлайди. Шунданми, унинг хаёллари ҳам гўзал: «Титаник» фильмида Роза образини ёки «Зита ва Гита»фильмида ўйнаган бўлардим...


 

Акмал ЖУМАМУРОДОВ қоғозга туширди

"СУҒДИЁНА" газетасидан сайтимиз учун олинди.

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz