» » Махсус репортаж — сўз машҳур келинларга!

Закладки Махсус репортаж — сўз машҳур келинларга!

Название:
Махсус репортаж — сўз машҳур келинларга!
Дата:
20-03-2014, 02:02
Просмотры:
1048
 

     «Қарс икки қўлдан». Оилада тотувлик бўлиши учун қайноналарга шафқату марҳаматлилик зарур бўлгани каби, келинларга ҳам итоат этмоқ, малолланмай хизмат қилиш вазифа саналади.Ахир қизлар чиройли яшашни истаганидек, оналар ҳам не-не умидлар билан вояга етказган ўғлонинг роҳатини кўришни орзу қилади. Баъзан ўқиш, иш ва фарзанд тарбияси билан банд келинчаклар қайнонасининг кўнглини тополмай ҳалак бўлади. Эртаю кеч халқ хизматида бўлган, санъат оиласига мансуб келинлар бу ишни қандай уддалаётгани эса барчага бирдек қизиқ бўлса керак... Демак, сўзни машҳур келинларга берамиз!


«Биз адашмиз!»


Райҳон УЛАСЕНОВА, театр ва кино актрисаси, телебошловчи, 11 келинлик тажрибасига эга:

— Қайнонамнинг ҳам исми Райҳон! Бежизга қайнона-келиннинг тупроғи бир жойдан олинади, дейишмас экан. Қайнонам билан мени яхши билганлардан бу гапни такрор ва такрор эшитаман. Турмуш ўртоғим ҳам айрим ҳатти-ҳаракатларимни кузатиб, «Борган сари онамга ўхшаб кетаяпсан», деб мақтаб қўяди. Іақиқатан ҳам, юриш-туришим, бола тарбияси ва айрим масалаларга бўлган муносабатимиз деярли бир хил. Яна биласизми, эркак киши онасига ўхшаган аёлни умр йўлдоши сифатида танлаши рост экан. Қайнонам иккимиз ҳам «лов этиб ёниб, пуф этиб ўчадиган»ларданмиз.

Қайнонамнинг танқидини тўғри қабул қиламан. Онам болалигимдан «Қайноналар ҳеч қачон келиним ёмон бўлсин, деб дакки бермайди. Фарзанд ўз онасидан ранжимагани сингари, қайнота-қайнонасидан ҳам хафа бўлмаслиги керак. Улар сен учун иккинчи ота-она бўлишади», дея кўп айтарди. Қиз бола янги оила даврасида ўз ўрнини топиш учун қайнонасининг маслаҳатларини қулоққа илгани маъқул. Ахир бизни келинлик мақомига айнан қайноналар олиб чиқишади.

Ойижонимни яхши кўраман! Севимли турмуш ўртоғимни улғайтириб, мени келин қилгани, фарзандларимнинг меҳрибон бувижони бўлганликлари учун! Доим бахтимизга соғ-омон бўлсин!


«Қайнонали келинларга ҳавасим келади!»


САРВАРА, хонанда, 7 йиллик келинлик тажрибасига эга::

— Қайнонамга хизмат қилишдек бахт, афсуски, менга насиб қилмади. Қайнонасининг атрофида «ойижон» деб гирдикапалак бўлаётган келинларга ҳавас билан қарайман. Мен ҳам қайнонали – қарқара келин бўлишни истагандим. Тақдир экан, турмуш ўртоғимнинг онаси тўйимиздан ўн йил муқаддам вафот этган.

Айтишларича, қайнонам санъат шинавандаси бўлган экан. ҳатто доира чалиб, қўшиқ хиргойи қиларкан. Тўққиз нафар фарзанд парвариши ва тарбиясидан ортиб, доим ўзларига қараб юрар экан. Турмуш ўртоғим оилада еттинчи фарзанд. Опаларим, яъни катта овсинларим қайнонамнинг хизматларида бўлишгани учун улардан ойижоним ҳақида кўп нарсаларни сўраб, билиб олганман.

Тўғрисини айтсам, ўзимнинг қандай қайнона бўлишимни тасаввур қила олмайман. Қизим билан худди дугоналардек муносабатда бўламан. Ўйлашимча, келажакда келиним билан ҳам сирдош, ҳаммаслак бўлсам керак, деб ўйлайман!


«Қанийди, бирга яшасак…»


Зарина АҲМЕДОВА, раққоса, 5 ойлик келинлик тажрибасига эга:

— Турмушга чиқишимдан аввал бўлажак қайнонам мени келинидек эмас, балки ўз қизидек яхши кўришини орзу қилардим. Минг бор шукр, орзуларим амалга ошди. Мен келин бўлган хонадонда қизлар йўқ, қайнона-қайнотам уч азаматни тарбиялашган. Оилада катта келинман. Қайнонам мени ўз қизларидек эркалайдилар, жуда меҳрибонлар.

Ойижонимнинг касби санъат билан бевосита боғлиқ. Қарши шаҳридаги мусиқа мактабида раҳбар бўлиб ишлайди. Бошқа-бошқа шаҳарларда истиқомат қилганимиз учун қайнонаси билан бирга яшайдиган келинларга ҳавасим келади. Мен ҳам ҳамма каби қайнонамнинг хизматида бўлишни истайман. Меҳмонга борганимизда ёки ойижоним пойтахтга келганида атрофларида парвона бўлиб, ўталмаган келинлик хизматларимнинг «қарзини узиш»га ҳаракат қиламан.

Қайнонам билан менинг, турмуш ўртоғим билан эса онамнинг феъл-атвори жуда ўхшайди. Бу бизга ўзаро тез тил топишиб кетишда жуда қўл келди. Келин бўлгач, қайнонамдан рўзғор юмушларини чаққонлик билан бажаришни ўргандим. Ўртамизда ягона муаммо бор. У ҳам бўлса, уй юмушларини «талашамиз». Қайнонам бизга ғамхўрлик қилишни хоҳлайди, мен эса келинлик вазифамни бажаришни истайман. Бир гал, ҳатто, қизиқ воқеа юз берган. Эрталаб уйғониб, нонушта тайёрлашга ҳозирлик кўрмоқчи эдим. ҳеч кимни уйғотиб юбормай деб, секин деразадан ташқарига мўраласам, ойижоним ҳам нонушта ҳозирлаш тараддудида оёқларининг учида юрибдилар. Шу пайт бир-биримизни кўриб, кулиб юборгандик.

Оилада энг муҳими, қайнона-келиннинг фикри бир жойдан чиқиши. Бу борада мен ўзимни омадлиман деб айта оламан! Қайнонам ўз онамдек мени тушунади ва аяйди.


«Келинлик вазифаларидан озод этилганман»


Дилдора НИЁЗОВА, хонанда, 6 йиллик келинлик тажрибасига эга:

— Қайнонам жуда самимий, ўзим каби шўх-шаддод аёл. Қаттиққўллик уларга бутунлай ёт. Мени боримча, қайсар Дилдоралигимча қабул қилган. ҳар бир вазиятга жиддий ёндашиб, инсонни ҳар қандай ҳолатда ҳам тушунишга ҳаракат қилишига эса қойил қоламан. Шунинг учун ҳам улар томонидан менга йўналтирилган танқидни ўринли маслаҳат сифатида қабул қиламан.

Овсинларимга ҳавасим келади, ойижоним уларнинг фарзандларини ўзлари катта қилаяптилар. Мен ҳам қайнонам билан бирга яшаш ва ўғлим бувисининг меҳрига тўйиб улғайишинини истардим. Аммо на илож? Масофалар оша бўлса-да, бола тарбиясида менга кўп тавсиялар беради.

Янги келинлигимда турмуш ўртоғим билан қишлоққа бориб, бир муддат ўша ерда яшагандик. Овсинларим билан бирга ҳовуздан челаклаб сув ташиган, кўчани супурган вақтларим бўлган. Қишлоқдагилар бизни томоша қилгани чиқишарди. Мен бу ишларни вазифам деб билганман. Қайнонам эса «Қўйинг, сизга бу ишлар ярашмаяпти. Халқ назаридаги инсонсиз», деганди ўшанда. Худога шукр, қайнонамнинг ҳам назарига тушган келинман!

 


Дилноза Шуҳрат қизи тайёрлади

 

 


Андишали қайнона


     Дунё гўзали, машҳур актриса Айшвария Райнинг Абхишек Баччан билан турмуш қурганига салкам етти йил бўлаяпти. Айшвариянинг айтишича, Баччанларга келин бўлиш етти ухлаб тушига кирмаган экан. Тўйдан олдин бироз чўчиганини ҳам тан олади. Ҳозир эса бу оиланинг келини эканлигидан жуда фахрланиши ва уларга муносиб бўлишга ҳаракат қилиши ҳақида таъкидлайди. «Қайнонам Жая хоним ажойиб аёл, андишали қайнона. У мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, тушунади. Кези келганда, маслаҳатларини аямайди. Чунки унинг ўзи ҳам актриса. Икки ёшдан ошган қизалоғим Арадхия эса бобо-бувисининг севимли набираси», дейди актриса.


Топарман-тутармон келин


     Сизу бизга «Ёввойи атиргул» (Дикая Роза) телесериали орқали яхши таниш бўлган лотин америкалик Вероника Кастронинг келини ҳам актриса. Ўғли Кристиан эса бир қанча телесериалларда роллар ижро этган. Габриэла Бо ва Кристиан Кастронинг турмуш қурганларига яқинда 10 йил тўлади. Бу фурсат ичида Верониканинг келини иккита фарзандни дунёга келтириб, болаларни тарбиялаш билан бирга Мексиканинг машҳур теле- ва радиоканалларнинг катта миқдордаги акцияларининг эгасига айланди. Тиниб-тинчимаган келин бир қатор меҳмонхоналарнинг раҳбари ҳам.


Анжелина Жолининг сунячиғи


     Анжелинанинг қайнонаси Жейн Питт санъат оламининг вакиласи бўлмаса-да, бутун дунё киноматографиясига салмоқли ҳисса қўшаётган Бред Питтни вояга етказгани учун ҳам ҳурматга сазовор. Хабарингиз бор, кўкрак саратонига чалиниш эҳтимоли юқори бўлгани сабаб, Анжелина Жоли ўтган йили мастэктомия жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. Актрисанинг таъкидлашича, саратонга қарши курашишида унга биринчи навбатда қайнонаси далда бўлган экан. Жарроҳлик амалиётидан сўнг намунали келинчак Жоли ОАВ орқали қайнонасига миннатдорлигини изҳор этган.

 

"СУҒДИЁНА" газетасидан сайтимиз учун олинди.


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?