» » Манзура: “Райҳон иккимиз – ғийбатлар қурбони бўлдик...”

Закладки Манзура: “Райҳон иккимиз – ғийбатлар қурбони бўлдик...”

Название:
Манзура: “Райҳон иккимиз – ғийбатлар қурбони бўлдик...”
Дата:
6-03-2014, 01:00
Просмотры:
1710
 
 
 

     Қамариддин ШАЙХОВ, мухбир: — Санъаткорларнинг аксарияти билан бир эмас, бир неча бор суҳбат қурганман. Шунгами, уларнинг айримларидан интервью олиш қизиқ туюлмай ҳам қолган. Нима дейишлари-ю, қандай жавоб беришлари аввалдан маълум.Лекин Манзура билан ҳеч қачон суҳбатлашмаганман. Чунки унинг ҳаётидан ортиқча шов-шув қидиришга ҳожат йўқ. Хонанданинг ҳаёти ҳамиша барчага "аён”: у бугун кимнингдир хотини, эртага икки-уч фарзанднинг онаси ёки... Хуллас, биз тугул Манзуранинг ўзи ҳам бу каби миш-мишлар қаердан пайдо бўлаётганини аниқ била олмаса керак. Демак, бугунги суҳбат орқали Манзуранинг кўнгил оламига саёҳат қиламиз. Шубҳа йўқки, айни интервью унинг, аслида, ким эканлигини АЁН қилади...

— Умрни фаслларга тенглаштирсак, уларнинг ҳар бирига менгзагулик йўлни босиб ўтганимизни англаймиз. Баҳор – муҳаббат. Ёз – ҳижрон. Куз – айрилиқ. Ва ниҳоят Қиш – АРМОН. Бу, албатта, менинг қиёсим. Сизнинг қалбингизда-чи, ҳозир қай бир фасл ҳукмрон?

— Аслида, ҳаётимизнинг ҳар бир куни топиш ва йўқотишлардан иборат. ҳазрат Жалолиддин Румий айтганидек, ҳар бир маҳрумият – муяссариятдир, ҳар бир муяссарият – маҳрумиятдир. Тақдирнинг биз билган ва билмаган туҳфалари, синовлари талайгина. Гап бу синовлардан кимнинг қандай ўтишида. Агар ҳаётимиздаги қайсидир армонга боғланганимизча қолсак, бошқа нарсаларни ҳам йўқотиб қўйишимизга тўғри келади. ҳарҳолда мен шундай фикрдаман. Ўзингиз ўйланг, саҳнага чиқиб шўх-шодон куйлаганим билан айрилиқ, армон менда йўқми? Афсуски, бор. Лекин мен ёмон хотиралар билан яшашни маъқул кўрмайман.

Яқинда Жануби Шарқий Осиё мамлакатларида бўлиб қайтдим. У ердаги қайноқ ҳарорат менга жуда ёқди. Шунинг учун айни дам қалбимда ёз, десам адашмаган бўламан. Биласизми, санъаткор сиз айтган фаслларнинг ҳар бирини бошдан ўтказиши, ҳис қилиши керак. Ана шунда қўшиғи "яшай”ди.

— Кўпчиликка маълум, Instagram ижтимоий тармоғида жуда фаолсиз. Суҳбатга келишимдан аввал у ердаги суратларингизни руҳшунос мутахассисга кўрсатдим. Унинг фикрича, сизда оилапарварлик, шахсий ҳаётни йўлга қўйишга интилиш ҳисси бор экан. Бундан ташқари, ўзгаларнинг ташвиши ҳам сизнинг гарданингизда эканини расмлардан сезиш қийин эмас.

— (кулиб) Очиғи, илмий асосланган бундай фикрлар мен учун доим қизиқ бўлган. Сиз айтгандек, сўнгги икки-уч йил ичида жуда оилапарвар бўлиб қолдим. Уйда 80 ёшни қоралаган отам, доим бизни дуо қилувчи онам бор. Менимча, санъаткор сифатида топган обрўйим фарзанд бўлиб олган дуомга етмаса керак. Шунинг учун уйда тушган суратларимни интернетга кўп жойлаштираман. Агар эътибор берган бўлсангиз, чақалоқлар, болажонларнинг суратлари ҳам менда кўп. Баъзан қўшниларимизнинг болаларини уйга олиб чиқиб, овқатлантираман, чўмилтираман. Кўчада ўйнаб юришган бўлса, шарт ўзим билан олиб кетиб қоламан (кулиб). Бизнинг уйда ёш бола йўқ...

— Бировнинг дардига шерик бўлиш хислатингиз бор. Бу ҳаётингизга салбий таъсир ўтказмайдими?!

— ҳар бир кишининг пешонасига умр йўли белгилаб қўйилади, деган гап бор. Айтмоқчиманки, ҳар биримиз ўз ҳаётимизни яшаб ўтамиз. Кейинги пайтда ҳар кимнинг дарди ҳам, қувончи ҳам ўзиники, деган ақидага таяниб яшашга ўрганаяпман. Чунки ўзгаларнинг ташвиши билан яшаганим сайин ўзимнинг ҳаётимдаги ёқимли лаҳзаларга чек қўйишимга тўғри келаяпти. Шундай дейман-у, кўнгил барибир қўймайди-да... Одамзот, кўпинча, ақл билан эмас, юрак амрига қулоқ тутиб яшайди, одамларга меҳр беради, кимдандир меҳр кутади.

— Одамлардан меҳрингизга монанд жавоб олганмисиз?

— Меҳр бердингизми, у қачондир, албатта, қайтади. Ўша одамдан бўлмаса, бошқа бировдан.

— Матбуотда интервьюларингизни кўп ўқиганман. Бугунги фикрларингизни эшитаяпман-у, кечаги Манзура билан бугунгиси ўртасида анча фарқ бор, деган фикрга келаяпман.

— Сўнгги уч-тўрт йил ичида ҳаётий қарашларим ўзгарди. ҳар бир воқеа-ҳодисадан ҳикмат излаб яшашга одатландим. Ва шуни ҳам биламанки, агар атрофингда ёмон одамлар кўпайиб кетса, айбни ташқаридан эмас, ўзингдан қидиришинг керак. Ўтган йилларнинг ҳар бир кунидан ана шундай сабоқ чиқардим. ҳаётга кулиб боқсангиз, у ҳам сизга шодлик улашаркан. Бу қуруқ сафсата эмас. Ишонмасангиз, ўзингизда синаб кўринг.

— Райҳон билан муносабатларингиз ўтган йил охирига келиб, жуда кўп шов-шувларга сабаб бўлди. Умуман олганда, Райҳон ва бошқа хонандаларнинг ўзаро муносабатларини таҳлил қилсак, талайгина тушунмовчиликларнинг устидан чиқамиз. Аввалига Райҳон ва Шаҳзода ўртасидаги гап-сўзлар роса муҳокама қилинганди. Кейин Шаҳзоданинг ўрнини Муниса эгаллади. Ўтган йил сўнгида эса Райҳон ва Манзура муносабатлари дарз кетганлиги матбуот саҳифаларининг асосий мавзусига айланди. Балки шуларга ойдинлик киритарсиз.

— Биласизми, мен бировнинг ортидан ғийбат қилишни жуда ёмон кўраман. Райҳонга ҳам кимдир мен ҳақимда ёмон гапларни айтган, шекилли, орамизда гап қочди. Биз шоу-бизнесда анча йўлни босиб ўтдик. Яхши-ёмон кунларимизни биргаликда кечирдик. Ва сиз айтгандек, шов-шув бўладиган даражада жанжаллашганимиз йўқ. Иккимиз ҳам тушунмовчиликлар ва ғийбатларнинг қурбони бўлдик, холос.

— Очиқроқ гапирсангиз...

— Айтаяпман-ку, мен бировнинг ортидан гапиришни ёмон кўраман. Шоу-бизнесдагилар яхши билишади: кўпчилик санъаткорлар борадиган гўзаллик салони бор. Биринчи бўлиб ўша ерга мен бора бошлагандим. Одам сал кўпайгач, ғийбат иси кела бошлади. Шунинг учун у ердан секингина қадамимни кесдим. Очиғи, чақма-чақарлигу ғийбатлардан чарчаганман.

— Айни дамда Муниса Ризаева билан жуда қалин дугона бўлиб қолгансиз.

— Муниса шоу-бизнесга янгича услуб, янги овоз билан кириб келди. Уни бемалол ҳаётда ўз ўрнини топган қиз, деб айта оламан. Шу сабабданми, Мунисага душман кўзи билан қарайдиганлар ҳам топилди. Аммо у ҳеч қачон бировнинг ортидан ёмон гап айтмайди. Юқорида Райҳон ва Муниса Ризаева ўртасидаги келишмовчиликларни мисол келтирдингиз. Ваҳоланки, Муниса шу пайтга қадар Райҳон билан бўлиб ўтган гап сўзлар ҳақида лом-мим демади.

— Дилингиздагини тилингизга чиқаришни яхши кўрасиз. Бу одат баъзан панд бериб қўймайдими?!

— (кулиб) Панд беради. Нима қилай, қон билан кирган! Аслида, индамай, гапирмай турадиган одамдан қўрққин, дейишади. Жим туриб, ортингдан мағзава ағдарадиган дўстдан, рўй-рост гапирадиган душман афзал.

— Ундай бўлса, ҳозирги гапимдан аччиқланмайсиз, деган умиддаман. Чунки ўзингиз айтганингиздек, ҳақиқатни юзингизга айтишни маъқул кўраяпман. Кейинги пайтда қўшиқларингизда оҳ-воҳлар, менталитетимизга мос келмайдиган ғалати товушлар кўпайиб кетаяпти.

— (кулиб) Вой-дод! Ўзимдан чиққан балога, қайга борай давога, деб шуни айтишса керак-да. Мен бунчалик очиқ "саваланг”, демагандим-ку!..

Биласизми, санъатда янгилик қилиб турмасангиз, дарров рейтингингиз тушиб, назардан четда қолиб кетасиз. Қўшиқдаги сиз айтган жиҳатларга келсак, бундай овозларни бир менинг эмас, бугунги замон қўшиқчиларининг деярли барчасида учратишингиз мумкин. Мен кўпроқ ёшларбоп хонандаман. Авваллари бундай демасдим. Ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – Мавлуда Асалхўжаева билан "Қайнонажон” дуэтини тақдим этганимиздан сўнг кўпгина ҳамкасб дўстларим, радиобошловчилар қўнғироқ қилиб: "Манзура битта хит қўшиқ айтмасанг, рейтингни қайтариб ололмайсан”, деган гапларни айтишди. Шунинг учун ва яна янгиликка ўч бўлганим учун қўшиқларимда сизда эътироз уйғотган "товуш”ларни ҳам ишлатиб кўрдим.

— Фикрингизга бироз қаршиман. Мавлуда Асалхўжаева билан куйлаган дуэтингиз ёшлар орасида рейтингингиз тушишига сабаб бўлган бўлса-да, катта ёшли аудиторияга манзур бўлди.

— ҳа, тўғри айтасиз. Бу ёғини ўйлаб кўрмаган эканман. Аслида, Мавлуда опадан миннатдорман. "Янгилик керак, нимадир ўйлаб топайлик!”, деб ҳеч тинмайди. Мана шу қўшиқнинг ёзилишида ҳам бошидан то охирига қадар жойидан жилмади, опа. Очиғи, Мавлуда опага ўхшаш қайнонам бўлса, дўппимни осмонга отардим!

— Қачон турмуш қурмоқчисиз? Сизга кўнгил қўйганлар кам бўлмаса керак?

— Пичоққа илинадигани учрамаяпти-да (кулиб)! Ўзим ҳам шуни режалаштираяпман. Лекин оила қуриш буюм харид қилиш, дегани эмас. Мен билан умр йўлини боғлаган одам мени бахтли қила олишига, касбимни ҳурмат қилишига ишонч ҳосил қилганимдагина бу борада жиддий қадам ташлай оламан.

— Режиссёр Рустам Саъдиев билан муносабатларингиз бузилгач, кинодан четлашгандайсиз?

— Йўқ, буни Рустам ака билан муносабатларимга умуман дахли йўқ. Тўғри, Рустам Саъдиев билан ҳамкорлик қилган пайтларимиз кўпгина фильмларда суратга тушдим. Бунинг учун у кишидан миннатдорман. Лекин ҳозир фақат бир йўналишда излансам, дейман. ҳар ерга йўрғалайверсангиз, охир-оқибат, ҳеч нарсасиз қолиб кетишингиз мумкин.

— Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Мавлуда Асалхўжаева. Булар 80-90 йиллардаги энг машҳур санъаткорлар. Сиз, ўзингизни уларнинг қай бирига ўхшатасиз.

— (кўзларини катта-катта очиб) Билмадим... Бизга ҳали анча бор-ов.

— Майли, ўзим айта қолай. Сизни кўпчилик феъл- атвор жиҳатидан Мавлуда Асалхўжаевага ўхшатади.

— (кулиб) Зўр-ку! Агар Мавлуда опага ўхшасам, жон дердим. Очиғи, сиз айтган ҳар уч санъаткорни ҳам жуда ҳурмат қиламан. Уларнинг қўшиқларини ёд олиб, катта бўлганмиз. ҳаммамиз ҳам шундай ижод қила олсак, қанийди... Лекин Мавлуда опанинг мардлиги, тўғрисўзлиги ва бировнинг ортидан зиғирча ҳам ёмон гап айтмаслигига қойил қоламан.

— Агар имконият бўлганида тақдирингиздаги қайси чизиқларни ўзгартирган бўлардингиз?

— Бахт тушунчасини ҳар ким ўзича тушунади. Худди шу маънода ҳар жиҳатдан тўкис одамнинг ўзи йўқ, менимча. ҳар кимнинг ҳаётида нимадир кам. Айни вақтда ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим. Чунки яқинларим ёнимда, шукрки, бари соғ-саломат. Қолгани эса топилади, менимча. Фақат... Фақат баъзан кўнглим таскин истаб қолганида ўз оилам қачон бўларкин, дейман...

— Шу кунга қадар топганларингиз, масалан, машҳурликни нимага алмашган бўлардингиз?

— Агар бугунги топганларимни шунчаки алмашиб юборишга кўзим қийганида қийинчиликларни енгишга бор кучим билан ҳаракат қилмаган бўлардим. Яратгандан санъат туфайли топган ярим бахтимни оила, фарзанд билан тўлдиришини сўрайман, холос.

Ёмон кўраман!

Бир хил савол берадиган журналистларни ва қачон турмушга чиқасиз, деган сўровни ёмон кўраман. Бундай саволлардан жуда тўйганман, деб юриб, уларга кўникиб ҳам қолибман!

Тан оламан!

Одамлар мени ҳар куни жарроҳлик столига ётиб, қаеринидир пластик операция қилдиради, деб ўйлашади. Мен ҳеч қачон жарроҳлик столига ётмаганман, деб алдамайман. Ахир, қандай қилиб, одамлар кўриб-билиб турган нарса ҳақида ёлғон гапириш мумкин?! Бундан етти йил аввал юзимда кичик жарроҳлик операцияси ўтказилган. Энг охиргиси эса икки йил аввал бўлди. Бу муолажа танамда қўлланди. Шу ўринда "Суғдиёна” мухлисларига савол бермоқчиман: ўтган йили қаеримни операция қилдирдим? Менимча, буни пайқаш қийин эмас.

 

"Суғдиёна" газетасидан

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz