» » Шаҳзода: «Чақалоғимни бағримга босганим сайин каттамга бўлган муҳаббатим икки ҳисса ошаяпти”

Закладки Шаҳзода: «Чақалоғимни бағримга босганим сайин каттамга бўлган муҳаббатим икки ҳисса ошаяпти”

Название:
Шаҳзода: «Чақалоғимни бағримга босганим сайин каттамга бўлган муҳаббатим икки ҳисса ошаяпти”
Дата:
7-02-2014, 05:34
Просмотры:
2287


Шаҳзода: «Чақалоғимни бағримга босганим сайин каттамга бўлган муҳаббатим икки ҳисса ошаяпти”

     Назира Иноятова, журналист: — Хонанда Шаҳзода билан илк суҳбатимиз бундан ўн йил муқаддам бўлган эди. Қаранг, бу фурсат ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетибди. Мана, бугун ортда қолган йилларни биргалашиб таҳлил қилмоқчимиз. Билсак, мана шу йиллар Шаҳзодага, наинки, ҳаётий тажриба инъом этибди, балки ўша тажриба туфайли сийрати ва суратини ҳам ўзгартирибди.
— Ўзгаргансиз... деб, бошқалар ҳам айтишгандир?
— Айтишади, албатта. Вақт ўтган сайин ўзгармасликнинг иложи йўқ...
— Сиз билан илк интервьюмиз бундан ўн йил аввал бўлганди. У пайтлар феълингиз, дўстларингиз, дунёқарашингиз ҳам ўзгача эди. Бу ўзингизга ҳам сезилар?
— Босиб ўтган ўн уч йиллик ижодий йўлим ёқимли воқеликлар билан бирга ёқимсизларини ҳам ўзида мужассам этган. Табиийки, анчагина улғайдим. Одамларни фарқлай оладиган бўлдим. Ҳам яна бир хислатим юзага чиқди: ҳис-туйғуларга берилувчан бўлиб қолдим. Масалан, кимнидир ҳаддан зиёд ёқтираман, яхши кўраман ёки жудаям ёмон кўриб қоламан... Меъёр йўқ.
— Бунинг сабабчиси вақтми?
— Ким билади, дейсиз. Балки, сезмагандирман, бундай одатим аввал ҳам бўлгандир-у, йиллар ўтгач, янада яққолроқ намоён бўлаётгандир. Билганим шуки, ўша пайтлар "ҳаёт гўзал”, деган фикрдан бошқаси менга бегона эди. Барча-барча нарсани бирдай севардим. Мени ҳам ҳамма бирдай яхши кўради, деган хаёлда эдим. Мана шундай осмон хаёллар билан яшаганман.
— Англадимки, ўша пайтлардаги ички дунёнгиз мовийранг эди. Айни пайтдагиси-чи?
— Шу кунларда оппоқ ранг ичимни ёритиб турибди! Яширмайман, беш-олти йил аввал тўқ қизил рангни астойдил танигандим. Чунки у дам жуда ҳам аламзада бўлиб қолдим. Иложи бўлса, кўчага югуриб чиқиб: "Ҳаммаси бўҳтон, ишонманглар, бу ёлғон!” дея бақиргим келарди. Энди тушунсам, маълум бир синовлардан ўтишим, ноҳақлик билан боғлиқ кўргуликларни енга билишим керак экан. Нега? Негаки, ўттиз тўрт ёшда ҳам "Барча бирдек мени яхши кўради”, деб юриш аҳмоқлик бўларди-да. Қийинчиликлар эса мени чиниқтирди, ҳаётга теран назар билан қарашга ундади. Англаган энг катта ҳақиқатим шу бўлдики, ўзгаларни ўнглаш, тўғри йўлга солишга уринишнинг кераги йўқ экан. Ваҳоланки, авваллари фақат шу билан машғул эдим. Мен билмасдим: ҳар бир кишининг ёқимсиз жиҳатлари билан бир қаторда ютуқ ва фазилатлари ҳам етарли бўлишини. Кимдир ўзича яхши, мен ҳам ўзимга ярашаман. Дейлик, бир киши мени ўзгартирмоқчи бўлди. Мен нима қиламан? Ўз ҳаётий принципларимга содиқ қоламан ва ҳеч қачон ўзгармайман! Биласизми, мен яна бир хислат орттирдим, тўғрироғи, у хислат эмас, нуқсон. Ёмонликни унутолмайдиган бўлиб қолдим. Ҳаётимда шундай инсонлар бор-ки, уларни кечиролмайман... Мадад кутган пайтим юз ўгиришди... Эҳтимол, шундай бўлиши керак эди, балки менга ёрдам беришнинг зарурати йўқ эди, билмадим. Фақат бир нарсани тушуниб етдим: ҳаётда нимаики юз бермасин, бесабаб содир бўлмас, беиз кетмас экан.
— Ҳозир бу инсонлардан ўзингизни олиб қочасизми ёки улар сизни кўришса, ўзларини панага олишадими?
— Мен уларга яқинлашмайман. Улар томон назар ташламасликка ҳаракат қиламан. Биламан, бу яхши эмас. Аммо бу одамлар мени оғринтиради. Улар билан тўқнаш келсак, кўзларимни олиб қочаман... қарашни истамайман... вужудимга аллақандай салбий тўлқин бостириб келаётгандай бўлади. Ваҳоланки, психологияга оид неча-неча китобларни ўқидим. Бу ҳолатдан халос бўлиш, кечира олиш кераклигини яхши биламан. Бироқ... ҳали вақти келмади, чоғи.
— Оғриқли мавзудан ёқимлисига ўтсак. Биламизки, фарзандларингиз турли ёшда. Уларнинг онаси бўлиш қизиқ бўлса керак?
— Солиҳ дунёга келганида ёшим бор-йўғи 17 да эди. Уни катта қилишда онам яқиндан ёрдам берган. Ўша пайтлар ўзим гўдак эдим, осмонларда учиб юрардим (маҳзун кулади). Табиийки, она сифатида Солиҳ ва Ҳолид учун бошқа-бошқаман, яъни уларга берган меҳрим фарқли. Она бўлганим учун икковини бирдай яхши кўраман, лекин Солиҳ менга гўё бир дўстдай. Уни бутун борлиғим билан яхши кўраман.
Ҳолидга ҳомидорлигим эса умуман бошқача кечди. Чунки бу болани саккиз йил орзу қилдим! Узоқ ўйлашлардан сўнггина жиддий қарорга келдим. Боламга етарли даражада эътибор қарата оламанми, яхши тарбия бера оламанми, етишмовчиликсиз вояга етказа оламанми, деган саволларимга тайинли жавоб топгач, яна бир бор она бўлишдек гўзал орзумга етишиш сари қадам ташладим.
— Тушунишимча, бугун Ҳолид хаёлларингиз ва ҳаётингизнинг бош қаҳрамони...
— Асосий ролга даъвогар (кулади), десангиз тўғрироқ бўлади! Биласизми, у туғилгач, бир ойга яқин кечалари ухламадим. Йўқ, йиғлагани учун эмас, боламга қараб, тўймасдим. Эрталаб эса икки ёноғим оғрирди, негаки, кечаси билан чақалоқнинг юзига термулиб, ўзимга-ўзим кулардим, жилмаярдим. Наҳот, шу менинг болам дея ҳайратланардим. Аслида, ҳалигача тунлари ухламайман, боламни томоша қиламан. Шуни ҳам айтишим керакки, Ҳолидни бағримга босганим сайин Солиҳга бўлган муҳаббатим икки ҳисса ошаяпти.
— Онанинг ҳаяжони тушунарли. Ота-чи? Унинг кайфияти қандай?
— Дадаси зўр "назоратчи” (кулади)! Ҳолиднинг энагаси бор. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини дадамиз кучли назорат қилади. Эринмай энаганинг ортидан юриб: "Нотўғри кўтараяпсан, нотўғри овқатлантираяпсан”, дейишдан чарчамайди. Бундай меҳрибон ота ҳақида фақатгина орзу қилиш мумкин. Турмуш ўртоғимни ўзимча кузатиб, тушунаманки, у жуда бахтиёр.
— Бекаму кўст бўлишни ким хоҳламайди, дейсиз. Аммо бир вақтнинг ўзида ҳам муваффақиятли хонанда, ҳам меҳрибон она, ҳам суюкли ёр, бахтиёр оиланинг бекаси бўлиш, аниқроғи, буларнинг барини уддалаш осон эмас. Шундайми?
— Тўнғичимга болалигида она меҳрини тўкис бера олмаганман. Солиҳга ҳали кўп нарса беришим керак. Биласизми, Ҳолид туғилишидан аввал Солиҳдан: "Ўғил ука истайсанми ёки қиз?”, деб сўрасак у: "Қиз керак эмас, ўғил бўлсин”, деди. Укаси туғилганида суйиб-эркалатишини кўрсангиз эди (кулади)... Ҳатто чўмилтираётганимизда: "Мен ҳам чўмилтирай”, деб ёнимизга кириб олади, Ҳолидни жуда яхши кўради. Ўз ўғлини ортиқча мақтаяпти, деманг-у, аммо Солиҳга намунали тарбия бера олдим, деб ўйлайман.
Саволингизга қайтсак, ҳозир ҳам ишга берилиб кетишимга тўғри келаяпти. Кичик чиллани чиқаришим билан фаолиятимни давом эттиришга киришдим. Тез кунларда гастроллар бошланади. Турмуш ўртоғим билан келишиб олдик: сафар икки кундан ортиқ чўзилмайди.
— Ўттиз уч ёшда институтга ўқишга кирибсиз, шу ростми?
— Ҳа, шу ёшда институтга кирдим, театр ва рассомлик институтининг театр танқидчиси бўлимида ўқияпман. Мана энди, хонандагина эмас, танқидчи ҳам бўламан (кулади)! Аслида, болаликдаги орзум – адвокат ёки журналист бўлиш эди. Ёдимда, кўзгу қаршисига туриб олиб, микрофонда гапиргандай "нутқ” сўзлардим. Бугун шунга яқинроқ соҳани танладим.
Рости, Шаҳзодани кўриб, у билан дилдан суҳбатлашиб, беҳад хурсанд бўлдим. Кимнингдир кўзларида бахт алангасини кўриш нақадар ёқимли! Шу кунларга, шундай саодатга етгунига қадар унинг қалби мовий, қизил ва оқ рангларга бурканди. Ким билади, дейсиз, яна қай бир рангларга ўзгараркин, бу кўнгил?..  Ҳарҳолда ҳозир оппоқ ранг — бахтиёрлик ҳисси гўзал хонанданинг қалбини чулғаб олгани аниқ!    

"СУҒДИЁНА" газетасидан

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
iskamix_kr
umir bilan bergan bolsin
  • 10 февраля 2014 23:15
azikjokker
Muborak bulsin 
  • 11 февраля 2014 10:56
Begiyev.93
Shahzodaga baxt va omad 
  • 11 февраля 2014 11:33
Begiyev.93
chaqaloqa uzoq umr
  • 11 февраля 2014 11:34
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?