» » Cизнинг болангизга ҳам «Отангга раҳмат!» дейишадими?

Закладки Cизнинг болангизга ҳам «Отангга раҳмат!» дейишадими?

Название:
Cизнинг болангизга ҳам «Отангга раҳмат!» дейишадими?
Дата:
4-02-2014, 07:25
Просмотры:
471


Талаба

      Аёлим шаҳардаги коллежлардан бирида ишлайди. Бир куни ишдан хафа бўлиб, асаби бузилиб келди. Унинг ҳеч қачон бирон нарсадан бунчалар қаттиқ хафа бўлганини, бунчалик изтиробга тушганини кўрмагандим.
- Тинчликми, аяси, юзинг оқариб кетибди? — сўрадим у уйга кириб келиши билан. Дарҳол стул тутиб, меҳрибончилик қилдим: — Ўтир, ҳозир сув бераман!
     Бир пиёла сув тутиб, ўзим уни кузатдим. У қаттиқ ҳаяжонланаётган эди. Сувни ичиб, бироз ўзига келгач, нима бўлганини сўзлаб берди.
- Учинчи курсда ўқийдиган бир талабамиз ёмон иш қилиб қўйди, — деди аёлим ўйчан. — Иккинчи бос­қичда ўқийдиган бир қизга шил­қимлик қилибди. У билан бирга ўқийдиган Жасур деган йигитнинг қизда кўнгли бўлган шекилли, қизга гапирмаслигини талаб қилибди.
- Давомини айтмасанг ҳам биламан, — дедим аёлим шунга шунча хафа бўлганидан энсам қотиб. — Ўғил болалар шу-да, қизларни талашиб, уришишади, сўкишишади, кейин ярашиб ҳам кетишаверади.
- Уришиб, сўкишса майли эди, — бесабрлигимдан ранжиди аёлим. — Муштлашиб, кучи етмаган шекилли, Жасурнинг бошига тош билан уриб, қонига ботирибди. Уни «Тез ёрдам» олиб кетди.
- Ана холос, аҳволи оғир эмасмикан, ишқилиб?
- Мияси чайқалибди, жарроҳлар ёрилган жойини тикиб, боғлаб қўйишибди, — деди аёлим. — Директоримиз бориб, кўриб келди. Ота-онаси бошида йиғлаб ўтирган эмиш. Чунки Жасур гоҳ ҳушига келиб, гоҳ ҳушини йўқотаётган эмиш.
- Зўравонни нима қилдиларинг?
- Давронними? — сўради аёлим. — Даврон ҳалиги бола ҳушидан кетганини кўрибоқ, уйига қочиб кетган экан, милиция ходимлари ушлаб, қамаб қўйишибди.
- Яхши иш бўлмабди, — дедим аёлимга. Бўлар иш бўлибди, анави Даврон деганинг қамалади, Жасурларинг ҳали соғайиб кетади, ўзинг­ни кўп сиқаверма энди.
- Шундай дейсиз-да, дадаси, — деди аёлим «уф» тортиб. — Кун бўйи директоримиз ҳам, урушган болаларнинг гуруҳ раҳбарлари ҳам, биз, ўқитувчилар ҳам нотинчмиз. Воқеа шаҳарда дув-дув гап бўлиб кетди. Ҳаммамизни ички ишлар ходимлари сўроқ қилишди. Бошқарма раҳбарлари ҳам шу ерда, прокуратура ходимлари ҳам келиб, суриштирди. Жуда кўнгилсиз иш бўлди. Охири бахайр бўлсин-да, ишқилиб!
Охири хайрли бўлмаслиги аниқ эди бу ишнинг. Кейинги кунлар ҳам аёлим ва у билан бирга ишлайдиган ўқи­тувчиларнинг тинчи бўлмади. Тинимсиз суриштиришлар, ишдан қолдириб, турли идораларга чақиришлар…
Давронни суд қилишди. У-ку қилмишига яраша жазо олдику, аммо директор, тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ва Давроннинг гуруҳ раҳбарига жавр бўлди. Ҳаммаси ҳайф­сан олиб, ишдан кетди. Аёлим бошқа иш топиб беринг, деб юрибди…

Полвон

     Аёлим билан ўғлимизни етаклаб, дам олиш куни шаҳар айлангани чиқдик. Ўғлимизни учоқларда учиргани марказий истироҳат боғига кирдик.
     Ўзбекона карнай-сурнай ва ноғора овозлари эътиборимизни тортиб, минглаб одамлар тўпланаётган майдон тарафга юрдик. Баланд дор ўрнатилибди. Дор ўйинларини кў­риб, одамнинг кўзи қувнайди, томошалардан ке­йин ҳар қандай одамда мардлик, довюраклик туй­ғулари пайдо бўлади, нимадир жасорат кўр­сатгиси келади.
Карнай-сурнай овозлари тиниб, микрофонни олган дорбозларнинг устози ўзларини таништириб, элнинг дуосини олди-да, дор томошалари бошланиб кетди. Дорбозларнинг йўғонлиги жимжилоқча келмайдиган дор устидаги ажойиб ўйинларидан одамларнинг оғизлари очилиб қолди.
     Аёлимга кўпроқ кўзбойлагичларнинг ҳунарлари ёққан бўлса, ўғилчамизга қизиқчи масхарабозларнинг чиқишлари роса маъқул тушди. Ҳаммамизга бирдек ёққан томошалар эса дор ўйинларидан кейин бошланди. Уста дорбоз битта ўғли дор ўйинларига эмас, полвонликка ишқибоз бўлиб қолганини айтиб, майдонга ўн беш-ўн олти ёшлардаги ўспиринни таклиф қилди.
Полвон йиғилганларга енгилгина таъзим қилиб, иккита бир пудлик тошларни олиб, худди иккита футбол тўпини ўйнаётгандек ўйинлар кўрсатди. Бу тошларни худди олма тераётгандек у елкасидан бу елкасига ирғитишини кўриб, тошлар ростакам эканми, деб шубҳаланиб ҳам қолдим.
Отаси худди ичимдагини уқигандек, менинг ёнимга келди. Мени ва яна бир йигитни чақириб, четда турган тошлардан иккитадан олиб, ўртага чиқариб беришимизни сўради. Мен-ку икки пудлик тошларни инқиллаб, синқиллаб, майдон ўртасига олиб бордим-а, шеригим биқинига эллик килолиги ёзиб қўйилган тошни кўтара олмади. У тошни икковлашиб, майдон ўртасига олиб чиқдик.
Полвон йигит эса анави икки пудлик, яъни ўттиз икки килолик тошларни осмонга отиб ўйнади. Эллик килолик тошни эса у қўлидан бу қўлига отиб, камига отиб, кўкраги билан уриб, учириб юборганини кўриб, яна бир марта ҳалиги тошни кўтариб кўрдим. Йўқ, алмаштириб қўйишган эмас!
Полвон йигит эса «Бу ҳали ҳаммаси эмас», дегандай имо қилиб, ундан-да мураккаброқ машқлар кўрсатиш учун тараддудлана кетди.
Катта харсанг тошни устига қўйиб, тўртта юз килограмм вазндаги йигитларни устига чиқариб олди, у ҳам камлик қилди шекилли, қорнида турган катта тошга болға билан уришларини айтди. Отаси полвон йигитнинг қорнидаги харсангни улкан болға билан урганида одамларнинг аҳволини кўрсангиз эди. «Э, ноинсоф, урманг-е!» деб бақириб юборганлар ҳам бўлди. Полвон йигит эса ҳеч нарса бўлмагандек, сакраб туриб, акробатик машқлар кўрсата кетди. Бир темирни елкасида тутиб турди, чап тарафига бешта, ўнг тарафига яна бешта йигит осилиб олишди. Ўнта йигитни кўтариб олган полвон йигит «Андижон полкаси»га рақс тушганига нима дейсиз? Буниси ҳам майли, йигирма кишини миндириб олган юк машинасини тиши билан тортиб, юргизганини кўрганингизда, сизнинг ҳам оғзингиз худди меникидек очилиб қоларди.
- Офарин!
- Қойил!
- Отангга раҳмат!
Бу мухлисларнинг олқишлари эди.
Дорбозларнинг, полвонларнинг бир одатини яхши кўраман, улар жуда чиройли дуо қиладилар.
- Қани, дуо истаганлар, қўлла­ринг­ни дуога очинглар! Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин, фарзанд кўрмаганлар муродига етишсин, ўғилларинг ҳеч бўлмаганда мана шу ўғлимдек полвон йигит бўлсин!
Халқимиз қа­димдан ўз дорбозларини, полвонларини сийлаб келган. Дорбозлар, полвонлар ҳеч қачон чипта сотиб, томоша кўрсатишмайди. Элнинг берганини олиб, кўпига ҳам, камига ҳам дуо қилиб кетаверишади. Одамлар бирин-кетин даврага тушиб, полвон йигитга пул бериб кетаверишди. Кимдир полвон йигитнинг елкасини силади, кимдир пешанасидан ўпди. Биров устига тўн ёпди, биров белига белбоғ ўраб, бошига дўппи кийдирди.
Мен ҳам ўғлимнинг қўлига пул тутқазиб, уни кўтариб, полвон йигитнинг олдига бордим.
- Ўғлимиз ҳам сиздек паҳлавон бўлсин!
Полвон йигит отасига қаради. Отаси дуо қилди:
- Ўғлингиз полвон бўлсин, мард бўлсин! Ҳалол ризқ топиб, эл-юрт, Ватаннинг хизматини қилиб, элимизнинг корига яраб, ҳамма ҳавас қиладиган қобил фарзанд бўлсин! Аллоҳу акбар!
Эҳ-ҳе, кейин қанча оталар, оналар фарзандларини олиб чиқиб, полвон йигитдан, унинг отасидан дуо олишди.
Ана шу лаҳзаларда бобомнинг бир гапи эсимга тушди: «Дор томоша қилиш савоб!» Ростдан ҳам шундайлигига бугун яна бир карра амин бўлдим. Дор баҳона, полвонлик ўйинлари баҳона қанча одамлар бир-бирини дуо қилди. Элга, юртга, фарзандларимизга яхшиликлар тиланди. Одамлар дор атрофида бир-бирларига яқинроқ бўлдилар, маслакдош, тилакдош бўлдилар. Дор ва полвонлик томошалари одамларни бир-бирига яқинлаштириб қўйган эди. Томошагача бир-бирини танимаган одамлар ҳам эски қадрдонлардек, бир-бирларига таассуротларини, ҳайратларини сўзлашиб, тарқалишдилар.

Муддао

       Нега бир-бирига мутлақо алоқаси бўлмаган икки воқеани сизларга ҳикоя қилиб бердим?
       Юртбошимиз 2014 йилни «Соғ­лом бола йили» деб эълон қилди.
     Соғлом бола камол топишида эса оиланинг ўрни беқиёслигини таъкидлаб, «Соғлом бола аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Оила ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак насллар тақдирига кучли таъсир кўрсатадиган тарбия маскани», деди Президентимиз.
     Ана энди биринчи воқеага қайтиб, бир таҳлил қилайлик! Ким Давронни муштумзўр қилиб тарбиялади?  У  тенгдошига нисбатан шаф­қатсиз бў­лишни кимдан ўрганди?
Биргина ўспиринни деб таълим даргоҳининг раҳбарлари, ўқитувчилари жазоланишди, қолганларнинг қанча асаби бузилди. Маҳалла фаоллари, ота-оналари қанча сарсон бўлишди. Айниқса, ота-оналарининг юзлари шувут бўлди. Улар маҳалла-кўйда бош кўтариб юра олмайдиган бўлиб қолишди.
     Энди айтинг, бирор киши ўз фарзандини шу йигитчага ўхшашини истайдими? Бирор киши шу йигитчага «Отангга раҳмат!» дейдими?
Энди Даврон билан тенгдош полвон йигит нималарга эришгани, одамлар унга энг азиз кишисига талпингандек талпинганини ўйлаб кўрайлик!
     Куч-қувватига, шижоатига, кўз­ларидан чақнаб турган ўтига, одобига, хулқига ҳавас қилган юзлаб ота-оналар «Болам шу йигитга ўхшасин!» деб дуо қилди. Унинг елкаларини тавоф қилди. «Отангга раҳмат!» деди.
Бу нимадан? Бу ота-она берган тўғри тарбиядан. Фарзандини кичкиналигидан спорт билан ошно қилган, санғиб юришига йўл қўймаган, доимий машқлар билан, тинимсиз меҳнат билан ўғлини банд қилган отанинг ўз ота-боболаридан ўтиб келаётган қадриятларини фарзандига сингдирганидан ва энг муҳими, бу ишларда ўзи шахсан намуна бўлганидан.
     Сиз-чи, замондош? Фарзандингиз тарбиясига етарли эътибор қаратаяпсизми? Болангиз соғлом бўлиб вояга етаяптими?  Эртага сизнинг болангизга ҳам «Отангга раҳмат!» дейишадими?
Иқбол Юсуф
"БЕКАЖОН" газетаси


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?