» » Достон Убайдуллаев:“Бизга Фарруҳ Зокиров “ёр-ёр” айтган”

Закладки Достон Убайдуллаев:“Бизга Фарруҳ Зокиров “ёр-ёр” айтган”

Название:
Достон Убайдуллаев:“Бизга Фарруҳ Зокиров “ёр-ёр” айтган”
Дата:
29-01-2014, 18:37
Просмотры:
1654
 

Достон Убайдуллаев:"Бизга Фарруҳ Зокиров "ёр-ёр” айтган”


"СУҒДИЁНА" газетасидан ONLAYN.UZ сайтимиз учун махсус туҳфа!
 

     Бу инсонларнинг истеъдоди, санъатига барчамиз ҳавас билан боқамиз. Кўз тегмасин-у, уларнинг бахти, муҳаббати, кўнглидан кечган ва кечаётган ҳислари ҳам ҳавас қилгулик...


"Тўйимиздан аввал оғир жудоликларга учраганмиз”


Барно Қодирова, дубляж актрисаси:


— Турмуш ўртоғим билан театр ва рассомчилик институтида бирга ўқиганмиз. Ўқишда бир-биримизни ёқтириб, 1981 йилнинг сентябрь ойида турмуш қурганмиз.

     Эсимда, у киши ҳарбий хизматга кетаётганида "Менга хат ёзинг”, деб қаттиқ тайинлаган. Аммо мен ўқиш билан овора бўлиб, жудаям чарчардим. Ва ҳар куни ёзмай, бир ўтиришда тўрт-бешта мактуб ёзиб, бошқа-бошқа саналар билан жўнатардим. Армиядан қайтгач, мен ёзган бир жомадон хат ҳам қайтиб келган. Шунда ёзган мактубларим бу инсон учун қанчалар азиз эканлигини тушунганман.

     Тўйимизни фақат хурсандчилик билан қарши олмаганмиз. Чунки турмуш қурмасимиздан аввал қайғули воқеа содир бўлган: кичик синглимни бериб қўйганмиз. Бу ҳол мени кучли стрессга солиб қўйган. Ўшанда мен билан баробар бўлажак турмуш ўртоғим ҳам қайғурган, баҳолиқудрат ёрдам берган. Синглимнинг жудолиги етмагандай, тўйимиздан аввал бўлажак қайнонам касал бўлиб, шифохонага тушиб қолган. Ўша кунларда дуоларини олиш учун онамизнинг ёнига борганмиз, оқ фотиҳа олганмиз. Афсус, у киши тўйимизни кўра олмай кетди.

     Мана шундай оғир синовлардан ўтиб, тўйимиз бўлган. Авваллари тўйлар ҳовлиларимизда ўтказилар эди. Бизнинг никоҳимиз ҳам бундан мустасно эмас. Файзли, шинамгина хонадоннинг ҳовлисида чиройли тантана бўлган. Ўша куни турмуш ўртоғим тўйхонага жуда басавлат бўлиб кириб келди. У кишини кулранг костюм-шимда кўриб, шунақаям ҳаяжонланганманки...

     Авваллари келин кўйлакни ижарага олиш удум бўлмаган ва мен келин кўйлагим учун фасонни ўзим танлаб, чевар қизга тиктирганман. Ўша йиллари келинларнинг шляпа кийиши урф бўлган эди. Табиийки, мен ҳам "шляпали келин” бўлганман.

     Шундай қилиб, тўйдан сўнг қайнота буваю қайнона бувининг хизматини қилиб, уларнинг дуосини олдим. Мана, бугун шу дуолар мени қўллаяпти. Ҳозир икки фарзандим, тўрт набирам бор. Уларнинг роҳатини кўриб юрибман!

 
 

Икки "серия”ли тўй

Асадилла Набиев, Ўзбек миллий академик драма театрининг актёри:


— Рафиқам Маъмурахон билан тўйдан аввал етти йил гаплашиб юрганмиз. Шу вақт ичида бир-биримизнинг феъл-атворимиз, юриш-туришимизни яхшилаб ўргандик. Ниҳоят, 2002 йили икковимиз ҳаяжон билан кутган кун келди. Тўйимиз ёдда қоларли ўтди. Гап шундаки, мен ўзим Қашқадарёнинг Қаршисиданман. Келин эса Тошкентдан. Шунинг учун бизда бир эмас, икки серияли тўй бўлган!

     Никоҳ кечамизда келин билан "Биринчи муҳаббатим” қўшиғига вальс тушганимиз ҳанузгача кўз олдимга келаверади.

     Тўйимиз август ойида бўлишига қарамай, айни тантана куни шундай кучли жала қуйиб берганки, асти қўяверасиз. Шунда яқинларимиз: "Қай бирингиз йиғлоқисиз, айтинг?!”, деб ҳазил қилишган. Ўзим шуни айтишим мумкинки, тўйда кўз ёш тўкилган бўлса ҳам, бу – севинч ёшлари эди.

     Бўзчи белбоққа ёлчимас, деганларидай, тўйим куни келин-куёв тўйхонага кириб бораётганда янграши лозим бўлган "Тўйлар муборак”ни куйлашга ҳофиз топилмаган! Санъаткор дўстим жуда ҳам кеч қолган, шунинг учун келин-куёв тўйхона ёнида нақд икки соат туриб қолганмиз. Соатлар кунларга, кунлар ойларга уланиб, мана, кўз очиб юмгунча орадан 11 йил ўтибди. Бугун, минг шукрки, икки фарзанднинг ота-онасимиз.

 

 

 

Беш юз нафар кутилмаган меҳмон

Самандар Ҳамроқулов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:


— Аслида, тўйдан аввал икки йилга яқин қиз қидирганман. Ким билади, учрашганларим маъқул келавермаганми ёки кўнглимга ўтирмаганми... Хуллас, оҳир-оқибат, онамга: "Сиз танланг, қиз танлашда мен нўноқ эканман”, дедим. Онам келин бўлмишни Намангандан топди. У ерда мени болаликдан танийдиган яқинимиз бор. Бир куни шу одам бир қизнинг расмини олиб келибди. Ўша суратни кўриш учун атайин Қўйлиқ бозорига борганман. Қаранг-ки, шу қизни бир қарашдаёқ ёқтирдим. Ҳинд киноларидаги актрисалардай таассурот қолдирди, менда (кулади)! Онамга: "Онажон, Наманганга борай, шу қизни бир кўрай”, деб йўлга тушдим. Кўрдим-у, тушундим, бир кўришда ёқтириб, адашмабман. Чаққонлигимни қаранг-ки, гаплашиб турганимизда бўйимиз бир-биримизга жуда мос эканлигиниям пайқабман (кулади). Унинг мулойимлиги, камтарлиги, камгаплиги ва айниқса, мовий кўзлари мени ўзига ром қилди-қўйди. Биласизми, Дилноза камсуқум бўлса-да, интеллектуал салоҳияти баланд. Буни билиб, янаям хурсанд бўлиб кетдим.

     2007 йилнинг 10 май куни илк бор учрашган бўлсак, роппа-роса уч ой ўтиб, яъни 10 августда пойтахтимиздаги "Осиё” ресторанида тўйимиз бўлди. Тўйни шу санага белгилашимизнинг сабаби бор эди: раҳматли отам 10 августда таваллуд топган.

     Ўша кунги тантанани тўй эмас, санъат байрами, деса арзийди. Хонанда бўлганим учун санъат оламининг деярли барча вакиллари ташриф буюришган. Қизиғи, тўйда 500 кишига жой буюртма қилинган бўлса, ташриф буюрганларнинг сони 1000 нафардан ошиб кетган.


 

 

"Бизга Фарруҳ Зокиров "ёр-ёр” айтган”

Достон Убайдуллаев, "Ниҳол” мукофоти совриндори:


— Аслида, рафиқам — болаликдаги дўстим. Кейинчалик, 14-15 ёшда дўстлигимиз севгига айланди. Камола билан етти йил бир-биримизни соғиниб, бир-биримизга интилиб яшадик. Тўйимиз 2004 йили бўлиб ўтди.

     Висол оқшоми кўнглимдагидек бўлган. Доимо орзу қилардим, қанийди, келин-куёвнинг кириб келишига Фарруҳ Зокиров ва "Ялла” гуруҳи ижросидаги "Ёр-ёр” садолари янграб турса, деб. Ниятим ижобат бўлди. Санъаткор бўлганим учун ҳамкасбларимнинг аксарияти тўйимда хизмат қилишди. Келин иккимиз ўша куни суратга тушавериб, чарчаб кетганмиз.

     Висол оқшомимизда устозим Нодира Қурбонова бошчилигидаги "Томоша” гуруҳи аъзолари мен куйлаган қўшиқлардан поппури ижро этишган.

    Гарчи, у пайт урф бўлмаган бўлса-да, куёвнавкарда ва никоҳ кечасида икки хил кийим кийганман. Ахир, санъаткорман, менга кўпчилик эътибор қилишини ҳисобга олиш керак эди.

     Яна бир ҳодиса ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ҳозир ҳеч бир ўзбекнинг тўйи газли ичимликларсиз ўтмайди, биласиз. Негадир, ўша пайтда мана шундай ичимликлар шаҳарда йўқ бўлиб қолди. Шунга қарамай, яқин бир дўстим тўйимга мўлжаллаб, хориждан газли ичимликлар олиб келди.

     Ёш бўлишимга қарамай, катта-катта концерт заллари саҳнасига қўрқмай чиққанман-у, тўйимдаги ҳаяжон жуда бошқача бўлган. Ўша куни Камолани келин либосида кўриб, ниҳоятда ҳаяжонланганман. Айни ҳолат келинни уйга олиб кираётган маҳалим ҳам такрорланди. Қўни-қўшнию бола-бақра — барча бизни томоша қилиб турарди. Улардан, негадир, жуда хижолат чекканман. Қалбимда кечган бу гўзал ҳисларни бугун — икки фарзандли бўлган чоғимиз ҳам кўп ёдга оламан, ҳали ҳам энтикаман.


Назира Иноятова қоғозга туширди

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz