Закладки Yaxshilik qilishsa ham xavfsirayman

Название:
Yaxshilik qilishsa ham xavfsirayman
Дата:
23-01-2014, 06:07
Просмотры:
760
 

      Оғир хасталик туфайли турмуш ўртоғим вафот этгач, учта болам билан ёлғиз қолдим. Тўғрисини айтсам, эрим борлигида рўзғор ташвишлари билинмаган экан. Чунки эрим нуфузли бир идорада раҳбарлик қилар, топиш-тутиши ҳам яхши эди.Мен эса эримга ишониб, на бирор даргоҳда ўқибман ва на бирор касбнинг бошини тутибман. Содда қилиб айтганда, ғирт текинхўр бўлиб яшаган эканман. Эримдан жудо бўлган илк йилларда турмуш қийинчиликлари унчалик сезилмади. Сабаби, у кишининг ёр-дўстлари, қариндошлари ва ўзимнинг яқинларим бизга қўлларидан келганча ёрдам бериб туришди. Аммо ҳамманинг ҳам ўз ташвиши ва рўзғори бор экан. Бора-бора улар бизга ёрдам бермай қўйишди. Буни мен «Ўз аравангни ўзинг торт», деб тушундим ва фарзандларимнинг ҳеч нарсадан қийналмай ўсишлари учун астойдил иш қидира бошладим. Минг афсуски, қайси эшикни тақиллатиб бормай, энг аввал мендан: «Маълумотинг қанақа?» деб сўрашарди. Ҳеч жойда ўқимаганлигимни айтсам, «Бизда оддий ишчилар етарли, маълумотингиз бўлса, иш топиларди», дейишади. Иш қидиришдан аввал «Осонгина топсам керак», деб ўйлагандим. Аммо ойлаб сарсон бўлгач, бу мен ўйлаганчалик жўн масала эмаслигини тушуниб етдим. Олдинлари «Фаррошлик қилмайман», деб бир-иккита жойдан қайтган бўлсам, энди «Фаррошлик бўлса ҳам майлийди», дердим. Шундай кунларнинг бирида уйга ҳориб-чарчаб келаётсам, ён қўшнимизга дуч келиб қолдим. Салом бериб, индамай ёнидан ўтиб кетаётгандим, мен билан қуюқ сўраша бошлади. Бироз ноқулай бўлдим. Чунки олдинлари ҳеч гаплашмаган эдим-да. Яна эркак киши бўлса.

— Болалар яхшими, қийналмаяпсизларми? — дея астойдил ҳол-аҳвол сўрарди у.

Бирдан миямни ёмон ўй тилиб ўтди. «Эри йўқ, кўнглига бир қўл солиб кўрай», деб бошимни айлантирмоқчимасмикин?», дея ўйладим ичимда.

— Хаёлингизга ҳар хил гап келмасин, — деди у худди кўнглимдаги гапни уққандек. — Хотиним сизни иш излаб юрибди, дегандек бўлувди. Шунга, агар кўнглингизга оғир олмасангиз, корхонамда фаррошликка ўрин бор эди.

Қўшнимнинг гапини эшитиб, тилла топган гадойдек севиниб кетганимдан:

— Майли, ишлайман, — деб юборибман.

— Унда эрталаб корхонамизга ўтарсиз...

Эртаси куни қўшним айтган манзилга бордим. Орқаваротдан уни ўзига тўқ одам, деб эшитган эдим-у, аммо бу қадар катта корхонанинг эгаси, деб ўйламагандим. Кеча у ҳақда ёмон хаёлга борганимдан ўзим уялиб кетдим. «Бир имосига манаман деган қизлар шай турадиган шундай одам менга ёмон кўз билан қарармиди?!» деган ишонч пайдо бўлди дилимда ва ўша кундан бошлаб иштиёқ билан ишга киришдим. Ишим асосан бошлиқ, ўринбосар ва бўлим бошлиқларининг хоналарини артиб-тозалашдан иборат эди. Шу боис эрталаб улар келмасидан олдин ишимни саранжомлашга ҳаракат қилардим. Ана-мана дегунча орадан бир ой ҳам ўтди. Ниҳоят, маошим қўлимга тегди. Ажабланарлиси, унинг чўғи анча баланд эди. «Бу корхонанинг фаррошлари ҳам зўр ойлик олса керак-да», деган хаёлда ортиқча аҳамият бермадим.

— Қанча ойлик оласиз, ўргилай? — деб қолди бир куни ғийбатчилиги билан ном қозонган Қундузой хола деган фаррош хотин.

Айтдим. Кўзи чиқиб кетгандек бўлди ўзиям.

— Намунча кўп?! Кимнинг эшагини лойдан чиқаряпсиз?! — деди алланарсаларга шаъма қилиб.

«Бекор айтдим», дедим тилимни тишлаб. «Эл қатори», десам, чўнтагимдан суғуриб олармиди?!

Хуллас, ўша кундан бошлаб ишхонада висир-висир гап кўпайди. Нима эмиш, мен корхона раҳбари билан дон олишиб юрармишман. Бу гапдан гоҳ жаҳлим чиқса, гоҳ энсам қотарди. «Ахир кимсан корхона бошлиғининг оддий бир фаррош аёлга куни қолмагандир?!» дейдиган мард инсоннинг ўзи йўқ эди. Бу гап-сўзлар бошлиқ, яъни қўшнимнинг ҳам қулоғига етиб борди, шекилли, бир куни олдига чақириб:

— Энди ишдан бўшамасангиз бўлмайди. Элнинг оғзига элак тутиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди, — деди.

Ноилож ариза ёздим. Уйимга келгач, тўйиб-тўйиб йиғладим. Аниқроғи, ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Тилимга ҳушёр бўлганимда яхшигина ишлаётгандим-а? Шу хаёлларда ўз ёғимга ўзим қоврилиб юрган кунларимнинг бирида ўша қўшним мени яна йўқлаб қолди.

— Сизга бошқа жойдан иш топдим, — деди меҳрибонлик билан.

Уйимдан икки бекат наридаги ишхонага фаррош бўлиб кирдим. Ойлик маоши олдингидан ҳам кўп. «Тавба, — дейман ўзимга ўзим, — олдинги ишимда қўшним туфайли яхшигина маош олардим, аммо бу ердаги бошлиғимиз менга тамоман бегона-ку?!» Бошқа фаррошлардан суриштирсам, уларники анча кам. Ўйлай-ўйлай бошлиқнинг олдига кирдим, «Менга нима учун бунча кўп маош беряпсизлар?» дедим шартта. У киши, аслида, менга ҳамма қатори маош ёзганлигини, аммо бир одам ҳар ой мен учун қўшимча пул ташлаб кетаётганлигини айтди. Бу қўшним эканлигини дарров сездим. Тўғриси, унинг менга кўрсатаётган ғамхўрлигидан гоҳ хурсанд бўлсам, гоҳ шубҳага бораман. Нега у менга бунчалик меҳрибон бўлиб қолдийкин? Ишқилиб, бу ғамхўрликлар замирида ғараз мақсад яширинган бўлмасин-да. Сиз нима дейсиз, бир куни қўшнимнинг асл мақсади аён бўлмасмикин?

НАЗИРА, Тошкент шаҳри


 

 

      «Ҳамма нарсадан ёмонлик қидирган одам, албатта, унга дучор бўлади», деган гап бор. Шу боис кўнглингизни кенг қилинг.

Албатта, ёлғиз аёлга отиладиган тошлар кўп бўлади. Шу боис бўлса керак, улар самимий муомала-ю муносабатларга ҳам шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолишади. Лекин унутмангки, бировга ҳеч қандай таъмасиз ёрдам берадиган самимий ва сахий инсонлар ҳам талайгина. Улар сизга кўмак бермоқчи экан, асло рад этманг. Ахир ҳаммага, ҳатто душманларига ҳам бетаъма саховат кўрсатадиган Ҳотамтой ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Шу ўринда ҳимматли Ҳотамтой ҳақидаги бир ривоятни келтириб ўтишни жоиз деб топдик.

Бир куни Ҳотамтойдан сўрабдилар:

— Эй Ҳотам, бу оламда ўзингдан ҳам кўра сахийроқ одамни кўрганмисан?

— Ҳа, кўрганман, — деб жавоб берибди у.

— Қаерда кўргансан?

— Бир куни чўлга кетаётганимда узоқдан кўзимга икки хонадан иборат кўримсизгина бир кулба кўринди. Унинг олдида биргина эчки турарди. У ерга етиб борганимда от дукурини эшитиб, ичкаридан бир мўйсафид менга пешвоз чиқди ва отдан тушишимга ёрдам берди. Бир оздан сўнг унинг ўғли келиб очиқ чеҳра билан саломлашиб, мен билан ҳол-аҳвол сўрашди. Мени ичкарига таклиф қила туриб, мўйсафид ўғлига деди:

— Болам, эчкини сўйиб, таом тайёрла, меҳмонга зиёфат берамиз.

— Узр, уйда ўтин тугаган эди. Ижозат беринг, аввал бориб ўтин териб келай, — деди ўғли хушфеъллик билан.

— Сен чўлга бориб, ўтин олиб келгунингча анча вақт ўтади. Меҳмонни оч олиб ўтириш одобдан эмас. Ўтинни шу ердан ҳам топса бўлади.

Мўйсафиднинг гапидан сўнг атрофга аланглаб ҳеч қаерда ўтин тугул, бир дона чўп ҳам йўқлигига амин бўлдим.

— Уринманг, қорним оч эмас, — дедим мезбонларни хижолат қилмаслик учун.

Мўйсафиднинг иккита найзаси бор экан. Бир пайт у ўша найзани тиззасига уриб синдирди, ўчоққа қалади, эчкини сўйди ва бирпасда овқат тайёрлаб, дастурхонга қўйди.

Уйнинг у ёқ-бу ёғига разм солиб қарадим, унинг бутун бор-йўғи шу найзадангина иборат экан, уни ҳам меҳмоннинг пойқадамига нисор қилди.

— Мени танийсанми? — дея сўрадим чолдан.

— Йўқ, танимайман, — деди у.

— Мен Ҳотамтой бўламан, саройимга кел, бу қилган яхшиликларингнинг ҳиссасини чиқараман, — дедим.

Бунга жавобан чол:

— Биз меҳмондан зиёфат пули олмаймиз, — деди ва шунча қилсам ҳам, мендан ҳеч қандай ҳадя қабул қилмади.

«Мен мана шу мўйсафидни ўзимдан ҳам сахийроқ одам деб биламан», дея жавоб берган экан Ҳотамтой. Ёдингизда бўлсин, яхши одамлар бор экан, бу олам ҳамиша мувозанатда.


Гулруҳ ЁРМАТОВА, "Ҳордиқ" газетасининг бўлим муҳаррири


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz