» » “Болалар” гуруҳи асосчиси Жавохир Зокиров билан суҳбат

Закладки “Болалар” гуруҳи асосчиси Жавохир Зокиров билан суҳбат

Название:
“Болалар” гуруҳи асосчиси Жавохир Зокиров билан суҳбат
Дата:
23-01-2014, 05:01
Просмотры:
2039
 
 

"Болалар” гуруҳи: (чапдан ўнга) Тойир, Тохир, Ҳусан, Баҳодир ва Жавохир. Тошкент, 1990 йил.
 

"СУҒДИЁНА" газетасидан www.Onlayn.uz сайтимизга тақдим этилган интервью


      Ҳаётимизда ҳар бир ҳодиса занжир каби бир-бирига боғланиб бораверар экан. Кимлардир яқинларининг тақдирига сабабчи бўлиши, ўзи билмаган ҳолда бировнинг ҳаётига ҳиссасини қўшиши мумкин экан. Қайсидир воқеалар рўй берган ҳолатида ривож топмаганида «Болалар» гуруҳи таркиб топмаслиги мумкин экан ҳатто. Ахир ушбу гуруҳ ўзбек эстрадасидаги гуруҳларнинг илк ғунчаси эди. Ишониш қийин. Аммо бор гап. Бугунги суҳбатимиз собиқ "Болалар” гуруҳи солистларидан бири, актёр, режиссёр Жавохир Зокиров билан.

«Қайсарлигим бувимдан ўтган…»

— Болалигим асосан бувим (отамнинг онаси)нинг ҳовлисида ўтган. Бувимнинг исми Шоистахон Саидова бўлиб, у киши Зокировлар фамилиясига ўтмаган эди. Феъл-атвори оғирроқ, ҳақиқатгўй бувимдан худди шундай қайсарлик менга ҳам ўтган. Санъат соҳасида таълим олмаган бўлса-да, бувим ҳақиқий ижодкор инсон бўлган. Амаким Ботир Зокировга шуҳрат келтирган «Ўзбекистон» қўшиғининг муаллифи ҳам бувим.

«Болалар» гуруҳининг барпо бўлиши.

     Мактабнинг юқори синфида ўқиётганимда кенжа амаким Равшан Зокиров «Авлод» гуруҳини ташкил қилди. Амакимга мени гуруҳга қабул қилишини сўраганимда, "ҳеч бўлмаганда бирорта мусиқа асбобини чалишниям билмайсан», деб илтимосимни рад этди. Гапларини эшитиб, йиғлаб юбордим. Воқеанинг гувоҳи бўлган Руслан Шариповнинг (ўша пайтда «Байт» гуруҳи продюсери эди) раҳми келди шекилли «Сенга уч-тўртта қўшиқ ёзиб бераман» деб ваъда бериб, кўнглимни кўтарди. Мактабда дўстим Баҳодир Пўлатов ("Болалар” гуруҳи солисти) га Русланнинг гаплари ҳақида гапириб, уни ҳам қўшиқ айтишга қизиқтира бошладим. Бунга жавобан Баҳодир отасининг касби ҳуқуқшунос эканлигини, келажаги ҳозирданоқ маълумлигини айтди. Гапимда туриб олиб, уни бирга боришга кўндирдим. Шунда Баҳодир параллел синфдаги гитара чалишни биладиган бола,яъни Тоҳир Содиқовни ҳам ўзимиз билан бирга олиб кетсак яхши бўларди, деди. Дўстларимни Руслан Шариповнинг ҳузурига бошладим. У пайтлар ўз кучимизга ишонмайдиган, камтар, ўн олти ёшли ўспиринмиз, айтилган жойга етай деганимизда Тоҳир фикридан қайтиб уялибми, ишқилиб лифт эшигига яқинлашганда «бормайман» дея орқага тислана бошлади. Уни итарганча мажбурлаб лифтга олиб кириб кетдим. Руслан Шариповга Тоҳирнинг «Менга туюларди» қўшиғи шу заҳотиёқ ёқиб қолди. Гуруҳ номи ҳам тезда топила қолди. «Болалар». Илк чиқишимизданоқ бизга альбом ёзиш таклифи билан мурожаат қилишди. Қувончимиз чексиз, ўша куни кўчани тулдириб «БИЗ АЛЬБОМ ЁЗАМИ-И-ИЗ!» дея бақириб юрганмиз.


«Саҳна либосларини ёйма бозордан…»

     Майкл Джексонни жуда яхши кўрардим. Унга тақлид қилиб қиммат салонда сочимни вертикал химия қилдириш учун борганимда эса, минг афсус сочимни мен кутгандек йирик эмас, майда тулқинли химия қилишди (кулади). Ҳар сафар бош юваётганимда сочларимдан таралаётган ўткир ишкорнинг исидан кўнглим айнирди.Либосларни ҳам ўзимиз танлардик. Қўлимизга тушган илк гонорардан у пайтлар урфга кирган «пирамида» джинси шимидан олганмиз. Нархи 350 рубллик бу шимдан менда иккита бўлган. Қарангки ота-онамнинг бир ойлик маошлари 75 рублни ташкил қиларди. Биз саҳнага кийиладиган либосларимизни асосан ёйма бозорлардан сотиб олардик.

«Ҳеч ким мени тушунишни истамаган…»

     «Болалар»ни ҳамма ерда қучоқ очиб кутиб олишган, машҳурликнинг айни чўққисига чиққан пайтларнинг бирида берилаётган концертларда «Болалар»ни тарк этишимни эълон қилдим. Гуруҳ аъзолари мени бу қарордан қайтаришга ҳаракат қилишди. Аммо ушбу қарор меники эмас, ота-онамники эди. Улар «Болалар» 2-3 йиллик умрини ўтаб тарқалиб кетади, сен эса келажагинг учун таълим олишинг керак дейишди. Албатта гуруҳдан кетаётганимдан хафа эдим, лекин начора, Москвага ВГИКнинг 4- йиллик ўқишига кетишга кўндим.«Халқлар дўстлиги» саройида концерт бериш «Болалар» гуруҳининг энг катта орзуси эди. Шунча ёлворишимга қарамасдан мени Москвадан куйиб юборишмади. Адёлга бурканиб роса йиғлагандим. Ўшанда мени ҳеч ким тушунишни истамаганди.

«Отамни йўқотгач улғайдим…»
 


     Болалигимда негадир улғайишни орзу қилардим. Катталардек оилали бўлсам, жиддий лойиҳалар устида ишласам дердим. Аммо ҳақиқий улғайиш ҳисси менга отамни йўқотганимдан кейин келди. Қандайдир маъсулият ҳис эта бошладим. Ростакамига катта бўлиб қолдим.Отам жуда ажойиб инсон бўлган. У ҳақда ҳеч қачон бирорта ножўя гап эшитмаганман. Доим атрофидагиларга меҳр улашишга ҳаракат қиларди. Отамга ҳеч қачон ўхшай олмасам керак, чунки у ўзгача инсон бўлган. Лекин имкон борича отам кетган йулдан кетмоқчиман, яъни яхшиланиш тарафдориман.

«Дадам пиширган паловнинг таъми бир умрга оғзимда қолди…»

— Дада, бизни ҳамма бадавлат деб ўйлайди.— Қўявер, уларга шуниси ёқимли бўлса ўйлайверишсин. Инсонлар хаёлан яратган мукаммалликни яксон қилиш яхши эмас.Аслида жуда камтар яшаганмиз. Ота-онам ижоддан топилган ҳалол пул билан бизни боқиб катта қилган.Дадам дунёдаги энг яхши ОТА бўлган! Ўта пазанда, у киши пиширган паловнинг таъми бир умрга оғзимда қолди. Назаримда унинг мазасини ҳеч қайси ошпазнинг тайёрлаган ошига ўхшата олмасам керак. Умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам ўлимга таслим бўлишни истамаган отам ҳазил-ҳузули билан нафақат ўзини, балки бизни ҳам қўллаб – қувватлаб турди. Россия кинематографлари томонидан ишланган «Высоцкий. Спасибо что живой» кинофильмида дадам ижро этган кичкина эпизод бор. Бу ҳақда отам уни кўргани келган актёрларга шундай дея гапириб берди:— Фильм премьерасида нима бўлганини биласизми? Мени ижром келган жойда саҳнага атоқли санъат арбобларидан бири чиқиб, «шу жойини қайтариб бошқатдан қўйинглар…», — деб талаб қилибди. Фильмни тўхтатиб ўша ерини қайта қўйиб беришибди.Онам кулимсираб қўймагунича бошқалар гапга тушунмай ҳайрон туришди. Шу аҳволда ётган одамнинг жиддий тусда ҳазиллаша олишига ҳеч кимнинг ақли етмасди-да. Дадам жуда иродали экан. Мен бўлсам…(ўйланади) Бор-йўғи ёнида туриб бердим. Қўлимдан яна нимаям келарди.

«Улғайгач, севгининг қадрига ета бошладим…»
 

Жавоҳир Зокиров рафиқаси Шохризод Ғуломова билан.

     Икки бор омадсиз турмушни бошимдан ўтказдим. Нега омадсиз? Балки ўша пайтда шунга лойиқ бўлгандирман. Лекин бу учун ўзимни айбламайман. Назаримда менга учраган аёлларни севмаган бўлсам керак. Севдим деб ўйлаганман, лекин ҳақиқий севги ўтиб кетмайди-ку. Илк бор болаларча севиш бошимдан ўтмаган демайман. Буям бўлса жавобсиз бир муҳаббат эди. Ўлғайгачгина севишнинг қадрига ета бошладим.

«Ҳақиқатларим…»

     Дарҳақиқат ота-онам билан муносабатларимиз мураккаб бўлган. Икки бор омадсиз турмушим, санъатда ҳали у, ҳали бу йўналишда ўзимни синаб кўраверишим назаримда уларни қониқтирмасди. Бир қараса хонанда, бир қараса режиссёр, яна бир қараса актёрман…Мен учун ҳаммаси қизиқ эди. Билсам ота-онамнинг мендан кўнгли тўқлиги етишмаган экан. Уларнинг қўллаб-қувватлашларини, тан олишларини жуда истагандим. Бир вақтлар зарарли иллатга ўрганганим ҳам яна бир ҳақиқат. Оғир эмас, енгил тури-ку деб ўзимни оқлашга ҳаракат қилардим. Яхшиямки вақтида бу одатимдан воз кечдим. Ҳозир ҳаттоки сигарета чекишниям зарарли одатлар руйхатига қушаман. Иложи борича бу иллатдан ҳам қутулмоқчиман.Ёқимли разилКлиплардаги бу образни Мавлуда Асалхужаева иккимиз ўйлаб топганмиз. Менга ҳаётимнинг бу палласини эслаш жуда ёқади. Мавлуда ҳаётда жуда самимий инсон. Бир камчилиги, китоб ўқишни ёқтирмайди. (кулиб) Ҳеч бўлмаса журнал ўқиб турсангиз бўлмайдими десам, журнални сурати учун варақлаб кўриб чиқишим мумкин дейди. Бирга ижод қилишимизга бўлса асосан Мавлуда сабабчи бўлган. У томошабинга нима кераклигини яхши тушунарди.

«Разиллигим роль эмасди…»

     Бахтимни излашдан чарчаб яратганга менга муносиб инсонни учратишини сўрагандим. Рафиқам жуда ақлли, зиёли инсонларнинг фарзанди. У ижодкор инсонларни ҳурмат қилади. Юқорида айтганимдек инсон ҳаётида ўзи лойиқ бўлган одамларни учратади. Мен авваллари ҳам разилларнинг ролини уйнамаганман. Ўша пайтлар ўзим разил бўлгандим холос. Айни дамда менга фақат яхши инсонлар учрамоқда. Шу вақтгача нимаики нарсани бошимдан кечирган бўлсам, барчасидан миннатдорман. Ҳатто ҳозир шу ҳолатимга, дунёқарашимга сабабчи бўлган ёмонликлардан ҳам.

Хулоса: — Отангизга жуда ўхшайсиз. Буни авваллари сезмаган эканман.

— Ҳа…(ўйланиб) Отам бетакрор инсон эди…

Нигора СОЛИҲОВА суҳбатлашди.  

Фотомухбир Равшан ШОКИРОВ ва Жавохир Зокиров архивларидан фойдаланилди.


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz