Закладки Машҳур эгизаклар!

Название:
Машҳур эгизаклар!
Дата:
22-01-2014, 07:28
Просмотры:
2503
 

Машҳур эгизаклар!


"Sug'diyona" gazetasidan Onlayn.uz sayti uchun maxsus!!!

(""Sug'diyona" gazetasining bosh muharriri - Nazokat Azimga material uchun minnatdorchilik bildiramiz!)


"Олисда бўлсак ҳам бир-биримизни ҳис қиламиз”


Фотима Режаметова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:


— Укам Ҳусан билан ёшлигимизда ўхшаш томонларимиз кўп эди. Ҳар ёз бирга калбош бўлардик, сувчечак маҳали "зелёнка”га бир хил бўлиб "бўянар”дик, гул-гул кўйлакларни ўхшаш қилиб кир қилардик, шамоллаганда бирга касалланардик. Ота-онамиз бу қиз, бу эса ўғил бола, демай, доим бир хил кийинтириб қўйишарди. Менда ҳатто бир сурат ҳам бор: боғча давримиз эди, бир хил кийимда "қаддимизни тик тутиб” расмга тушган эканмиз. Икковимизнинг ҳам бошимиз кал ва менинг қиз болалигим фақатгина бошимга "елимлаб” қўйилган бантикдан билинарди. Умуман олганда, шўхроқ ва шаддодроқ мен эдим. Ҳаттоки бир куни укамни "боғчадан қочайлик”, дея йўлдан урганман. Боғчанинг дарвозасидан секингина чиқиб, тезлик билан уй томон қочганмиз. Уйимиз эшиги ҳамиша очиқ турарди. Аммо биз қилар ишни қилиб қўйиб, эшик ёнида узоқ иккиланиб турганмиз. Шунда эшик ортидаги пичир-пичиримизни эшитиб қолган ота-онамиз ташқарига чиқишган. Кичкиналигимизгами ёки кўнгли юмшоқ одам бўлишгани учунми, улар бизни уришишмаган.

Катта бўлиб, улғайдик, аммо ҳали-ҳамон кўп жихатларимиз ўхшаш. Кўп вазиятларда бир-биримизнинг аҳволимиздан сўзсиз ҳам хабар топамиз. Масалан, бир куни олис Америкага сафар қилган чоғим негадир, қаттиқ мазам қочди. Ватанимизга қайтиб келгач, билсам, худди ўша куни Ҳусан укам ҳам бетоб бўлиб ётиб қолган экан.


"Фотимамнинг изларига зорман...”


Зуҳра Солиева, актриса:


— Ҳа, жамики эгизаклар каби биз ҳам опам билан бир хил кийинганмиз, аммо феъл-атворимиз умуман ўхшамасди. Негаки, мен шўх, шаддод бўлганман. Дадам бизни ажратолмаганлари учун "Фотима-Зуҳра”, деб чақирардилар. Ота ажратолмагач, ўқитувчиларга йўл бўлсин.

Мактабда мен ҳамма дарсларни яхши ўзлаштирардим. Фотима ўқишни хоҳламаган пайтида мен унинг ўрнига жавоб бериб юбораверардим. Қандай қилиб дейсизми? Опам билан икки хил кофта киярдик. Ўқитувчи доскага чақирса, мен "шарт-шурт” жавоб бериб ташлардим-да, кейин "Фотима, доскага!” дея журналга чалғиган ўқитувчининг кўз олдида кофталаримизни тезгина алмаштириб олардик ва мен ҳеч нима бўлмагандай, яна доскага чиқардим. Қаранг, актрисалигим ўша пайтдан бошланган экан! Ўзимнинг номимдан жавоб берганимда дадил-дадил гапирардим, аммо Фотиманинг ролини ўйнаганимда унга хос тарзда мулойимгина оҳангда, бироз бўшашиброқ гапирардим.

Опамнинг мулойимлиги баъзан унга халақит берарди. Шунинг учун ҳам бир сафар Фотимага тегажоқлик қилиб юрган йигитча билан узил-кесил "гаплашиб” қўйганман... Табиийки, опамнинг номидан. Ҳоли-жонига қўймаётган йигитга қандай қилиб рад жавобини бериш мумкин, деб бош қотираётган Фотиманинг ўрнига "Мени тинч қўйинг, сиз менга ёқмайсиз!” дея дадил жавоб берганман.

Афсуски, Фотима опамни йигирма саккиз ёшида бериб қўйдик... Шунча йил ўтишига қарамай, опамни ҳали-ҳануз соғинаман. Опам иккимизнинг фақат ўзимизгина тушунадиган гап-сўзларимиз, ҳазилларимиз бўларди. Ҳозир шуларни қўмсайман.... Бегона буни тушунмайди...

Баъзан "Фотима опам тушимга кирсин”, деб астойдил истасам, тушимга киради ва "Кел, сени бир бағримга босай”, дейди. Опам ҳаётлигида бир-биримизсиз бир соат ҳам туролмасдик.


«Бизни баъзан ота-онамиз ҳам таний олишмайди»


Фотима Зиямуҳамедова, "Тантана” болалар гуруҳи раҳбари, "Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси:

— Зуҳра иккимиз болаликда икки томчи сувдай ўхшаш бўлганимиз учунми, онамиз бир хил кийинтириб қўярди. Шунинг учун ҳам ҳеч ким бизни ажрата олмасди. Наинки ўқитувчилар, ҳатто ота-онамиз ҳам. Табиийки, бу кўпинча, бизга қўл келарди.

Биринчи синфдалигимизда рус тилидан дарслар икки гуруҳга бўлиб ўтиларди. Зуҳра бошқа гуруҳда, мен бошқасида ўқирдик. Синглимнинг ўқитувчиси дарсларни жуда қизиқарли ўтарди: улар эртаклар саҳналаштирар, қўшиқлар куйлашарди. Жуда ҳавас қилардим. Бир куни Зуҳрага: "Сенинг гуруҳингда бир кун ўқий”, дедим. У рози бўлди. Дарсда ўтирганимда ўқитувчи мени доскага "Зуҳра, чиқ!” дея чақирди. Ёлғон гапиришни мутлақо эплолмаганим учун шошиб қолдим. "Узр, мен Зуҳра эмас, Фотимаман”, деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолибман-да! Шу куни ота-онамиз ўқитувчидан дакки эшитишди ва ўқитувчимиз: "Илтимос, қизларингиз ҳар хил кийим кийсин, уларни ажрата олмаяпмиз”, деди.

Бироз улғайгач, синглим билан бирга тикувчиликка ўқидик. Зуҳра менга нисбатан яхшироқ тикарди, балки кўпроқ қизиққани учундир. Бир куни имтиҳонга Зуҳра тиккан иштонни "ўзим тикдим”, деб олиб борганман. Ўқитувчи мақтаб-мақтаб, беш баҳо қўйган. Эртаси куни эса худди шу буюмни Зуҳра ҳам олиб борган... Ишонасизми, ундан камчилик топиб, устоз тўрт баҳо қўйган! Синглим ўшанда роса хафа бўлганди.

Яна бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Менинг биринчи фарзандим дунёга келаётган паллада синглимнинг қаттиқ бели оғриган экан. Қизиғи, у пайтда Зуҳра ҳали оила қурмаган эди. Турмуш ўртоғим туғилиб ўсган уйимга борганида у хўжайинимга: "Опамнинг кўзи ёрияптими?!”, деб савол берибди. Ўша куни тушида корейс миллатига мансуб одам атрофимда юрганини кўрибди. Шу гапни айтганида ёқамни ушлаб қолгандим. Чунки менга доялик қилган аёл - корейс миллатига мансуб эди...


"Ҳусан дарсларда мен учун жавоб берарди”


Ҳасан Солиҳов, Ўзбекистон Ёшлар театри актёри:


— Фақат институтга киргачгина Ҳусан иккимиз индивидуал услубда кийина бошладик. Ундан аввал ҳамиша бир хил бўлганмиз. Бир хил фикрлардик, бир хил сўзлашардик, ўхшаш кийинардик, ҳаттоки бир-биримиздан узоқда бўлсак ҳам таърифга сиғмас даражада бир-биримизни сезардик.

Бир куни уйда ўтирган пайтим ҳеч бир сабабсиз Ҳусандан хавотир ола бошладим. Ҳеч қачон бунақа бўлмаганди... Нима қилишни билмай, уни қидириб кўчага чиқдим. Не кўз билан қарайки, уйимиз ёнидаги муюлишда укамни бир гуруҳ безорилар муштлашаётган экан. Мени кўриб уларнинг бари ҳайрон бўлди: "Ие, яна биттаси пайдо бўлдими”, деб... Ҳусан ҳам ҳайрон, айни вақтида етиб борганимга. Бундай воқеалар кўп бўлган. Адаштиришларнинг ҳам чеки йўқ. Масалан, институтда — биринчи босқичда ўқиётган пайтимиз "Қадимий юнон театри тарихи” фани бўларди. Мана шу фандан бир сафар Ҳусан укам жуда яхши тайёрланган эди. Домла унинг жавобидан қониқиб, аъло баҳо қўйди. "Яна ким жавоб беради?”, деган саволга, эндигина ўрнига ўтирган Ҳусан кутилмаганда яна туриб олиб: "Мен, Ҳасанман, мен ҳам жавоб берай!”, деса бўладими?! Ҳеч нарсани пайқамаган домла уни доскага таклиф қилди. Саволларга яна аъло даражада жавоб берган укамга домла... тўрт баҳо қўйиб: "Ҳусанинг анча дадил жавоб берганди”, деди. Бу воқеанинг қизиқарли томони шундаки, мен ва укам аудиториянинг турли бурчакларида ўтирган эдик. Бу ҳам майли. Ўша куни икки хил кийимда эканлигимизни фақатгина домла пайқамади, аммо курсдошларимиз "пиқ-пиқ” кулишгани эсимда...

Ташқи кўринишимиз ўхшашлиги сабаб биз ҳатто бир касб танлаганмиз. Укам билан наинки, аҳил ва қалин дўстмиз, балки бир-биримиздан яширадиган сиримиз ҳам йўқ.

Назира ИНОЯТОВА

 


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz