» » ТУЗОҚ ёхуд нега интернет сайтлари қармоғига илиниб қоляпмиз?

Закладки ТУЗОҚ ёхуд нега интернет сайтлари қармоғига илиниб қоляпмиз?

Название:
ТУЗОҚ ёхуд нега интернет сайтлари қармоғига илиниб қоляпмиз?
Дата:
21-01-2014, 00:14
Просмотры:
1030
 
 ТУЗОҚ ёхуд нега интернет сайтлари қармоғига илиниб қоляпмиз?
 
     «Одноклассники», «Face­book», «Twitter», «Instagram», «Whatsapp», «В контакте» каби ижтимоий тармоқлар бугун ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб бораяпти. Интернетдан бутунлай воз кечиб бўлмаганидай, ижтимоий сайтларни ҳам мутлақо инкор эта олмаймиз. Тўғ­ри, уларнинг ижобий томонлари кўп: қадрдон дўстлар билан боғланиш, янги танишлар орттириш, ишбилармонлик юзасидан алоқалар ўрнатиш, узоқдаги қариндошлар билан суҳбатлашиш. Аммо ижтимоий тармоқларнинг салбий томонлари ҳам йўқ эмас. Зеро, айни пайтда сайёрамизда истиқомат қи­лаётган бир ярим миллиард ёшлар ижтимоий тармоқларнинг асири ҳисобланади.
     Назоратсиз маконда кимлар ин қурган?
     Сир эмас, бугун ижтимоий сайт­лардан баъзан тарбияси бу­зуқ аёллар, ахлоқсиз ва бузғунчи одамлар, жиноятчилар, ҳаттоки террорчилар ва жамият учун хавфли бўлган бошқа гуруҳлар ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Энг ёмони, уларни фош қилиш, яхшисини ёмонидан фарқлаш мушкул. Бугун ижтимоий тармоқ бутун дунё ёшларининг дунёқарашини ўзгартириб юборяпти. Инсонлар мавжуд ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан чекиниб, ўзларининг виртуал оламида яшашга ўрганиб қолишди. Оддийгина мисол, дарсда ўтирган талаба ўқитувчи маърузасини тинглаш ўрнига агентми ёки фейсбукда ўтиришни ҳамда янги нозанинга қармоқ солишни маъ­қул кўради. Табиий офатлар, сайёрамиз умумий ҳароратининг кўтарилиши каби замонамизнинг му­ҳокама қилинаётган глобал муаммолари кўп. Аммо ижтимоий тўр­нинг хавфи, назаримизда, улардан қолишмайдиган «ДАРД»имизга айланиб бормоқда.

Беҳуда кетаётган умр

     Статистик маълумотларга қараганда, Россияда ҳар бир фойдаланувчи бир кунда ўзининг 11 соат, Англияда 6, Грецияда 7, юртимизда эса тахминан 6 соатдан кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқлар учун сарфлаяпти. Афсуски, мазкур гапнинг кесими ёнига «беҳуда» сўзини қўшиб қўйиш ёки уни «исроф қилган» жумласига алмаштириш ҳам мумкин. Тараққиёт одимлари бугун Интернет қиёфасида дунёнинг энг чекка мамлакатларигача кириб бораяпти. Бугун бўлажак келин ёки куёвлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар ҳам ижтимоий тармоқлардан қидирилаётгани уларнинг нечоғли ижтимоий ҳаё­тимизга таъсир кўрсатаётганини анг­латади. Энг машҳур ижтимоий тармоқлардан бири «Одноклассники.ру» сайтида юзлаб, минг­лаб ахлоққа зид профиль ёки гуруҳларга кўзингиз тушиши мумкин. Афсуски, ана шундай эълонларни тўсиқсиз ўқиётган, томоша қилаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Ачинарлиси, уларни назорат қилишнинг иложи йўқ.

«Ноутбук олган кунимни лаънатлайман!»

      «Рўзғор юмушлари, фарзанд тарбияси, китоб, телевизор, хуллас, ҳаммасини биргина ноутбукка алмаштириб, кейин қат­тиқ пушаймон қилдим. Эри кўн­гилдагидай ишлаб келадиган, болалари меҳрибон ва тарбияли, хонадони осуда, дастурхони тўкин бахтли аёл эдим. Мени шайтон йўл­дан урди десам, нотўғри бўлади. Зеро, ҳамма гап ўзимда эди. Қўшним тадбиркор аёл, бир куни уйига чиқсам, ноутбукда Дубайдаги таниши билан гаплашиб ўтирган экан. Жуда ҳавас қилдим, сабаби, эрим ишга, болаларим мактабга кетганидан ке­йин ёлғиз ўзим уйда ўтириб, зерикардим. Хуллас, қўшнимга қизиқиб, мен ҳам турмуш ўртоғимга ноутбук олдирдим ва Интернет тизимига уландим. Ижтимоий сайтлардан бирида ўз саҳифамни очиб беришга ҳалиги қўшним кўмаклашди. Бир соатнинг ичида дўстлик таклифини билдирганлар, исмим, ташқи кўринишим, хуллас, барчаси ҳа­қида қизиқаётганлар саволларга кў­миб ташлашди. Шу кундан эътиборан мен виртуал ҳаёт кечира бошладим. Овқатни қўл учида қилардим, фарзандларим ўзларини ўзлари эплашди, рўзғорга умуман қарамай қўй­дим, эрим келишига ярим соат қолгандагина Интернетдан чиқардим. Бу орада «Босс» исмли бир эркак билан танишдим, тўғри, бошқа танишлар ҳам мени қармоққа илинтирмоқчи бў­лишди. Аммо кўнглимдан жой олгани шу «Босс» бўлди. У чиройли сўзлар билан қалбимни шунчалик эгаллаб олдики, сирли танишимни севиб қолдим. Турсам, юрсам, ётсам ҳам фақат у ҳақида ўйлардим. Эримнинг икки ҳафтага хизмат сафарига кетгани эса айни муддао бўлди. Бу ҳақда айтишга уяламан, ҳатто. Биз ижтимоий сайтда ғойибона учрашардик, эркак билан аёл ўртасида бўладиган иш­қий муносабатлар, саргу­зашт­ларни виртуал оламда бошимиздан кечирардик. Мен унга, у эса менга очиқ ҳолда тушган суратларимизни жўнатардик. Бу ҳолат токи турмуш ўртоғим ноутбукимни кавлаб, ёзишмаларимизни фош қилмагунча давом этди. Гулдек оиламни, бечора фарзандларимни, умуман оналик, аёллик вазифаларимни, ҳаттоки ўзлигимни унутганим менга қимматга тушди. Ижтимоий сайтдаги бир неча дақиқалик ҳою ҳавас деб ҳамма нарсадан айрилдим. Ҳозир «Босс» жаноблари бошқа бир, балки кўп аёлларнинг бошини айлантираётгандир, мен эса турмуш ўртоғим билан ажрашдим, фарзандларим номуссиз онадан кўра отасининг олдида қолишни афзал билишди. Ўзимни, бошимга шу кунларни солган ижтимоий сайт­ни лаънатлашдан бошқа чорам қолмади. Ким билади дейсиз, балки бошқалар ана шу сайтлардан тўғри фойдаланишаётгандир, лекин мендек тажрибасизларни у ўз тўрига илинтираётгани бор гап…».
Ф., Тошкент

Ниятимиз фақат яхши бўлсин

     «Бу дунёда биз учун ҳеч ким душман эмас, дўст ҳам эмас. Лекин ҳар бир инсон биз учун энг буюк устоз». Бу ҳикмат Конфуцийга тегишли. Шунинг учун ҳамма нарсадан, ҳар қандай сайтнинг яхши томонларини одамнинг ўзи олиши керак. Шахсан мен фақат қадрдон дўстларим билан гаплашиш, улар билан ҳасратлашиш учун ижтимоий сайтларга кираман. Уларнинг зарари компьютер ва телефон аппаратларидан тарқалувчи нурлар, деб ўйлайман. Бу нурлар кўзимизнинг равшанлигига салбий таъсир ўт­казади. Қолаверса, ҳар хил маънан қашшоқ ва носоз муҳит вакиллари ушбу сайтдан ўзларининг номаъқул мақсадларида ҳам фойдаланаётганлиги кишини таажжубга солади. Қизларнинг фотосуратларини шармсиз монтаж ҳолатида қўйиб, уларни ёмонотлиқ қилади. Шунинг учун қизларга маслаҳатим, фотосуратларингизни ушбу сайтларда очиқдан-очиқ қўймаганингиз маъ­қул. Жумладан, улар орасида танишларининг фотосуратларидан фойдаланган ҳол­да саҳифа очиш, ҳаёсиз фотомонтажларни амалга ошириш, улар шахсига мос бўлмаган ҳақоратли гап-сўзларни ишлатиш, мулоқот чоғида эса бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳа­қоратлаш, маънан зарар етказувчи шармсиз фотосуратлар, видеороликларни тарқатиш каби жирканч ишларни амалга ошираётганлар ҳам йўқ эмас. Бу, айниқса, ёш фойдаланувчилар онгига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун бу ҳақда сайт админстраторлари ва бошқа тегишли маъмурлар ўйлаб кўришлари, уларга қар­ши чора-тадбирлар ишлаб чиқишлари зарур.
     Мутахассисларнинг фикрича, ҳо­зирги кунда мамлакатимиз ёш­ла­рининг аксарияти ушбу сайтлардан фойдаланар экан. Шундай экан, ҳаётимизнинг бир бўлагига айланган ижтимоий тармоқлардан эзгу мақсадлар йўлидагина фойдаланишни йўлга қўйишни ташкил этиш зарур, деб ўйлайман.
Комилжон Алимов, 31 ёш.
 
Миллионлаб даромад келтираётган тармоқ

     Бугун энг сердаромад соҳалардан бири сифатида Интернет эътироф этилмоқда. Хусусан, чегарасиз майдон ва поёнсиз сарҳадга эга виртуал оламнинг энг жозибадор кўринишларидан бири ижтимоий тармоқлар ҳали 40 ёшни қораламаган Марк Цукерберг, Алберт Попков, Павел Дуров, Жек Дорси каби кишиларни аллақачон дунё миллиардерлари рўйхатига қўшиб қўйди. Унинг устига уларни бугун ўарб матбуоти «ян­ги дунё яратувчилари» сифатида ол­қишламоқда. Ўтган йили пойтахтимизда ўтказилган ICTExpo 2013 кўргазмасида иштирок этган «Одноклассники» ижтимоий тармоқ вакилларининг берган маълумотларига кўра, мамлакатимизда бир ярим миллион одам ҳар куни ўз саҳифасини очиб кўради. 2013 йилги сентябрь ойи ҳисоб-китобларига кўра, сайтнинг ўзида 7 миллион ватандошимиз рўйхатдан ўтган.
     Ушбу ижтимоий сайтдан, айниқса, мобил алоқа орқали кўпроқ фойдаланишади. Ҳар куни ўзбекистонликлар 10,5 миллион хабар ёзишади, 450 минг «комментарий»ларни қолдиришади, 120 минг расм­ларни юклаб олишади, 800 мингта «класс»ларни қўйишади, 1,5 миллион баҳо ва 130 минг янги «статус»­ларни ёзишади. Ундан ташқари, юртимизда ҳар куни 120 минг ашула ва видео маҳсулотлари, 150 мингта ўйинлар ва 15 мингта совғалар юклаб олинади.
Ижтимоий сайтларнинг биз учун зарари:
1. Саҳифангизга янги хабар келибдими йўқми, деб текширавериб, асабий бўлиб қоласиз. Зеро, психологларнинг фикрича, ижтмоий тармоқ инсонни ўзи­га тобе қилиб қўядиган кучли восита.
2. Ярим соат Интернетда ўтираман деб, нақ икки соатингизни сарфлаганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Бировларнинг суратлари, ёзишмалари, кўнгил кечинмаларини кўриб чиқишга кетган вақтингизни аслида қанча фойдали юмуш учун ишлатсангиз бўларди.
3. Бир ишни қила туриб, шунчаки ижтимоий сайтга назар ташлайман дейсиз-у, қизғин баҳсга киришиб кетасиз. Натижада асосий ишингиз қолиб кетаверади.
4. Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, ижтимоий сайт­лардаги дўстларингизни уларнинг бошқа танишлариданқизғаниб, рашк қила бошлайсиз. Оқибатда унинг пойлоқчисига айланасиз.
5. Ижтимоий сайтдаги танишларингиз орасида рақобат пайдо бўлади. Янги расм­лар, янги статуслар, қарабсизки, сиз ҳам уларга қўшилиб, кураш май­­­­­­­­донида финиш сари чопа бошлайсиз. Ахир улардан қолиб кетмаслигингиз керак.
6. Реал ҳа­ётдаги дўстлар, яқинлар билан тобора камроқ учрашасиз ва ўз оламингизда яшай бошлайсиз. Сиз онлайн қарам одамга айланасиз.

Сирли маълумот

     30 фоиз ўсмирлар ижтимоий тармоқларда шахсий телефон рақамини ёзиб қўйишади, бу ҳақда атиги 14 фоиз ота-оналар билади. Худди шундай, ўсмирларнинг учдан бир қисми порнографик сайтларга киришади, бу ҳақда 12% гина ота-оналар хабардор.

Чет элда ажримнинг энг ката сабаби — ижтимоий тармоқ

     Хорижий давлатларда, хусусан Америка ва Европада айнан ижтимоий сайт­лар оқибатида 40-50 фоиз оилалар ажралиб кетмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2020 йилга келиб, бу кўр­саткич, 70 фоизга ҳам чиқиши мумкин. Бахтли оилалар учун курашувчи ва ижтимоий сайтларнинг салбий оқибатларига қарши чиқувчи одамлар ижтимоий сайтларнинг оилаларга бўлган салбий таъсири сабабларини қуйидагича изоҳлашмоқда:
- Ижтимоий сайтга кирган одам оилали эканлигини яширишга ҳаракат қилади. Бу ёлғоннинг бош­ланиши.
- Бегона одам билан ишқий муносабатларга киришиш.
- Кўпгина шахсий сирларни билмасдан очиб қў­йиш.
- Ёмон ниятли одамлар шахсий маълумотларни билиб олиб, шантаж қилиш йўлига ўтишади.
Хулоса қилиб айтганда, дунё тараққиёти бизга мана шундай қарама-қарши вазиятларни рў­барў қилмоқда. Муаммони ечишнинг эса битта йўли бор: у ҳам бўлса, истиқлолнинг илк кунларидан юртбошимиз томонидан таъкидлаб келинаётганидек, тарбияни оиладан, маҳалладан, мактабдан бошлаш керак. Маънавий иммунитети мустаҳкам бўлган киши ҳеч қачон лўттивозларнинг ёлғон алдовларига, дабдабали ваъдаларига учмайди. Яна битта ҳақиқатни эсда тутинг: Агар ўз ҳаётингиз билан яшамоқчи бўлсангиз, билингки, ижтимоий сайтлардаги ҳамма нарса, ҳар ким ҳам ҳақиқий эмас, балки ўз номига хос виртуалдир!

Нодира Ҳайдарова
"БЕКАЖОН"дан олинди

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz