» » Саида ва Жумадулла Раметовлар: «АЁЛНИНГ КЎНГЛИ ИПАККА, ЭРКАКНИКИ ЭСА ПАХТАГА ҚИЁС…»

Закладки Саида ва Жумадулла Раметовлар: «АЁЛНИНГ КЎНГЛИ ИПАККА, ЭРКАКНИКИ ЭСА ПАХТАГА ҚИЁС…»

Название:
Саида ва Жумадулла Раметовлар: «АЁЛНИНГ КЎНГЛИ ИПАККА, ЭРКАКНИКИ ЭСА ПАХТАГА ҚИЁС…»
Дата:
21-01-2014, 00:07
Просмотры:
1250
 
 
Саида ва Жумадулла Раметовлар: «АЁЛНИНГ КЎНГЛИ ИПАККА, ЭРКАКНИКИ ЭСА ПАХТАГА ҚИЁС…»

     Оила… Бу кичкинагина қўрғоннинг ўз бек ва бекаси, бекзодаси-ю бегойимлари бор. Ушбу масканнинг мустаҳкам бўлиши ва равнақида, айниқса, бека ва бегойимларнинг ўрни беқиёс. Уларни кундалик турмушимизда оддийгина қилиб «қайнона» ва «келин» деб атаймиз. Ана шу ўзаро ўхшаш икки хилқатнинг аҳиллиги оилаларнинг обод, турмушнинг фаровон, баркамол насл­лар давомийлигини таъ­минловчи омил ёки акси бўлиши ҳам мумкин. 2014 йилнинг «Соғ­лом бола йили» деб эълон қилиниши муносабати билан биз ҳам ана шу хайрли ташаббусга ҳисса қўшиш мақсадида турфа қайнона образларининг қойилмақом ижрочиси, ҳавас қиларли оиланинг тажрибали бекаси, маҳоратли актриса Саида Раметова хонадонига йўл олдик.
- Саида опа, ушбу йил республикамизда «Соғлом бола  йили» деб эълон қилинди. Сиз­нинг­ча, бу ташаббуснинг замирида қандай мақсад мужассам?
- Мен буни жуда пухта ўйланган сиёсий ғоя, деб биламан. Ўтган йилимизнинг «Обод турмуш йи­ли», ундан олдинги йилнинг «Мустаҳкам оила  йили» деб номланишининг ўзиёқ узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсий жараёнга ишора қилади. Соғлом бола туғилиши учун, аввало, онанинг ўзи соғлом бўлиши керак. Онанинг саломатлиги эса у яшаётган оила ва жамиятга жуда-жуда боғлиқ, албатта.
- Қайноналик даражасига эришишдан аввал сиз ҳам келинликнинг машаққатли синовларидан ўтгансиз. Қайнонангизнинг кўнг­лидагидек келин бўл­ганмисиз?
- Бу саволнинг жавобини Жумадулла акадан сўрасангиз тўғрироқ бўларди, назаримда.
Жумадулла Раметов: — Ростини айтаман, онам билан Саиданинг бирор марта тортишганларини эслолмайман. Энди мени қизғаниб аразлашган бўлишлари мумкин.
 - Халқимизда «Оила — инсон вужудига ўх­шайди. Эркак вужуднинг боши бўлса, аёл бўйин қисмидир. Бўйин қаёққа бурса, бош ўша томонга қарайди» деган гап юради. Сиз­нинг­ча-чи?
Ж.Р:.- Ижро этган роллари туфайли Саида одамлар тасаввурида шаддод ва ўзбилармон аёл сифатида гавдаланса ҳам ҳаётда, оилада ўз ўрнини, шу билан бирга, қадрини ҳам яхши биладиган инсон.
С.Р:. - Оиламизда «фикр эркинлиги» ақидасига риоя қиламиз. Аммо ҳамиша якунловчи ҳукмни Жумадулла ака айтадилар.
- Фарзанднинг ҳар томонлама етук бўлиб балоғатга етиши учун эр-хотиннинг ўзаро муҳаббати қай даражада муҳим? Умуман, кўнгил салтанатининг энг нодир туйғуси муҳаббат бугуннинг инсонлари томонидан ўзининг муносиб баҳосини топаяптими?
Ж.Р:. - Китобларда оилага «жамиятнинг энг кичик механизми» деб таъриф берилади. Эр-хотин эса ана шу механизмнинг бошқарувчи роли   ҳисобланади. Агар роль ўз вазифасини уддаламаса, механизм авария ҳолатига учрайди. Уни қайта тузатишингиз ёки шунчаки ташлаб юборишингиз мумкин. Лекин механизмни оила миқ­ёсида олиб қарасангиз-чи? Оила тирик инсонлардан иборат, ахир! Инсонда эса онг, кўнгил деган тушунчалар мавжуд. Эрнинг хотинга ёки аксинча, хотиннинг эрга ўзаро муҳаббати бўлмаса, бу   лоқайдликка олиб келади. Ўйлаб кўринг, эр қаёққа боряпти, усти кирми, қорни очми, хотинга қизиғи бўл­маса, хотини нимадан хафа, нимани ёқтиради, нимаси эса йўқ, эрга қи­зиғи бўлмаса бу қанақа турмуш?! Хотинидан эътибор кўр­маган эр ёки эридан муҳаббат топмаган аёл фарзанд тарбияси учун ҳафсала қилармикан? Агар шундай бўлган тақ­дирда ҳам сабри, иродаси бу ҳолга қачонгача дош бераркин? Муҳаббат билан ёндашилган ҳар бир нарса ўзининг баркамол мевасини беради, албатта.
С.Р:. - Биласизми, нафақат фарзанднинг, балки ҳар бир инсоннинг камолотида муҳаббатнинг ўрни жуда улуғ. Юқорида соғлом болани дунёга келтириш учун, аввало, онанинг ўзи соғ­лом бўлиши керак деганимда ҳам жисман, ҳам руҳан саломатликни назарда тутгандим. Агар кўн­гилда муҳаббат ошён қурмас экан, уни бенуқсон, деб айта олмаймиз. Инсон эса руҳ ва жисм бирлигидан ташкил топган махлуқотдир. Оддийгина атроф-теваракдан олиб қарайдиган бўлсак, жамиятда жиноятчи шахс­ларнинг пайдо бў­лишига ҳам ана шу туйғунинг етишмаслиги сабаб бўлади, деб ўйлайман.
- Агар келинингиз бирор спорт тури билан шуғулланмоқчи эканлигини айтса, унинг бу хоҳишига қандай қарайсиз?
- Унинг бу ташаббусини хурсандчилик билан қабул қиламан. Унинг соғ­лиги мен учун муҳим. Ахир у нафақат келиним, балки, бўлажак набирамнинг онаси ҳам-ку!
- Эркак юрак-юрагидан «бу дунёда унга етадигани йўқ», дея эътироф этиши учун аёл қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?
Ж.Р:. - Дунёдаги ях­ши фазилатларнинг ҳамма-ҳаммасига. Биласизми, эркак муҳаббат қўйган аёлининг ҳар жиҳатдан бенуқсон бўлишини истайди. Агар шундай аёлни учратса, эркак шер бўлиб севади. Агар биргаликда кечираётган турмуши жараёнида аёли тасаввуридаги маҳбубаси бўлиб чиқмаса, унда эркак шамдек «пуф» этиб ўчади. Дейлик, аёл чиройли, пазанда, озода бўлса-ю, аммо табиатида хасислик бўлса, эркакнинг бундай аёлдан ихлоси қайтиши тайин. Шунинг учун ҳам аёлнинг кўнглини ипакка, эркакникини эса оппоқ пахтага менгзашади.
- Жуфтингизда сиз кўришни хоҳламайдиган хусусият?
С.Р:. - Жумадулла ака ўқотар буржи остида таваллуд топганлар. Ўз буржига мос равишда характерларида тезлик бор. «Лов» этиб ёнадилар ва дарҳол сўнадилар. Яна табиатан боладек беғубор, ишонувчанлар. У кишини алдаш жу­да ҳам осон. Бу турмуш ўртоғимдаги арзимас нуқсонлар, холос.
Ж.Р:. — Саида мен билган ва таниган аёлларнинг энг яхшиси.
- Ўзаро низо ҳар бир оилада бўлиб туради. Тортишиб қолганларингизда ким биринчи бўлиб гапиради?
С.Р:. - Иккаламиз ҳам кек сақлолмаймиз. Майда жанжаллардан кейин яна одатдагидек гаплашиб кетаверамиз.
Ж.Р:. - Кўп ҳолларда мен биринчи бўлиб гапираман. Шундай қилмасам ёрилиб кетадигандек туюламан. Даҳанаки тортишувдан сўнг жаҳл босилиб, ўрнини ақл эгаллагач, ўтириб ўйлаймиз: мен нима қилдим, сен нима дединг, обдон муҳокама қиламиз. Кейин ҳаммаси одатдагидек давом этади. Саиданинг ҳам бирор марта тўмта­йиб юрганини эслолмайман.
- Машҳур мутафаккир Конфуций: «Фарзандинг билан 7 ёшгача шоҳдек, 14 ёшгача қулдек, ундан сўнг дўстдек муомалада бўл», — дея уқтиради. Оилада фарзандлар билан ўзаро муносабатингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
С.Р:. - Агар фарзандимнинг бирор муаммоси бўлса, ҳамма ишимни йиғиштириб қўйиб, уни обдон эшитаман. Кейин энг яқин инсони сифатида маслаҳат беришга ҳаракат қиламан.
Ж.Р:. - Кўпроқ уларни гапиртириб, имкон қадар тинглашга уринаман. «Ундоқ қил, бундоқ қил» деб ақл ўргатмайман. Агар улар буни қилишни хоҳламаса-чи? Юзимдан ўтолмай «хўп» деб, амалда уддасидан чиқишмаса, дилим оғриб олишидан қўрқаман. Мабодо, кеч қолгудай бўлишса, уриб-сўккандан кўра, юрагига тегадиган қилиб гапиришни маъқул кўраман.
- Рисоладаги аёл ҳамиша ўз эрининг муҳаббатини қозонишга ҳаракат қилади. Айтинг-чи, муҳаббат қо­зонишга уриниш фақат аёлнинг вазифасими ёки бунга эркак ҳам бурч­лими?
С.Р:. - Дунёда ечиб бўлмайдиган уч жумбоқ мавжуд дейишади. Шулардан бири аёллар муҳаббатини  қозониш эмиш. Кечирасиз-у, эркаклар томонидан тўқиб чиқарилган фалсафа деб ўй­лайман. Аёл муҳаббатини қозониш учун аслида жуда кам нарса керак.  Бунга эришиш учун эркак аёлидан хотинлик бурчини бажаришини талаб қилмасдан, балки бунинг ўрнига ўзи учун унинг нақадар кераклигини, унга муҳтожлигини анг­латолса, кифоя. Ахир айтишади-ку: «Аёл қуло­ғи билан севади» деб.
- Кўпчилик эркаклар аёли билан рақобатлашишга дош беролмайди. Фақат мард эркакгина аёлининг муваффақиятидан мамнун бўла олади. Саида опа сизнинг мана шу фазилатингизни муносиб қадрлайдиларми? Ўз машҳурликларидан фойдаланиб, иззат-нафсингизни ерга урган пайтлари бўлганми?
Ж.Р:. - Ҳеч қачон. Саида ўз касбининг устаси. Буни санъатни тушунган ҳар бир инсон тан олади, албатта. Касби тақозосига кўра ва аёллар табиатига мос равишда унда ҳиссиётларга берилувчанлик жуда юқори. Аммо ақл тарозисида тортиб кўриб, берган маслаҳатларимни ҳамиша мамнуният билан қабул қилади.
- Актёр ва актрисаларни шартли равишда пластилинга ўхшатишади. М.М.Дўстнинг «Лолазор» асаридаги Муҳсина хоним образи ор­қали бу ўхшатишнинг асоссиз эмаслигига амин бўламиз. Жумадулла ака, Саида опада ўйнаган роллари таъсирига тушиш ҳолати юз берганининг гувоҳи бўлганмисиз?
Ж.Р:. - Бу касбни  жуда машаққатли касблар сирасига киритишади. Чунки бу соҳанинг нонини ейиш учун, униб-ўсиб камол топиши учун, аввало, ҳар бир инсоннинг ўзи ўзлигини, ўз  «мен»ини тўғри англаши керак. Ҳазрат Навоий бу ҳолга жуда тўғри таъриф берадилар: «Эл нетиб топгай мениким мен ўзимни топмасам». Ўзини кимлигини яхши билмаган одам бошқа қаҳрамон характерини яратиб бера олармикин?! Эр-хотин касбдошлигимиздан фой­даланиб, ҳар бир ролимиздан кейин уни атрофлича таҳлил қиламиз. Саида ҳақида айтишим мумкинки, у ҳаётда ўз индивидуал қарашларига ва қиёфасига эга шахс. У ўз «мен»ини ва ролларини тўғри фарқлай олади. Бунга имкон топди дегунча ўқиб-ўрганишга ҳаракат қилиши катта кўмак беради, назаримда.
- Жумадулла ака, Саида опа инсон ҳаётда бахти тўкис бўлиши учун тақдири пешанасига битилган асл жуфтини топиши керак, дейишади. Сизнинг жуфтлигингизни ҳам ана шундай иқболи баланд жуфт­ликлар сирасига киритсак бўладими?
Ж.Р:. - Албатта.
С.Р:.- Бир аёлнинг бахти бундан ортиқ бўл­маса керак.
- «Бекажон»нинг оташқалб мухлисларига самимий тилакларингиз?
Ж.Р:. - Қалбларига иймон, танларига соғ­лиқ, дунёмизга тинчлик ва дас­турхонларига тўкинлик ҳамроҳ бўлсин, ҳамиша.
С.Р:. - Аввало, Яратган ҳар биримизни эзгу ниятга қодир айласин. Ва астойдил қилинган яхши тилакларнинг ижобатини насиб этсин.

Шаҳноза Жиянова суҳбатлашди
"БЕКАЖОН"дан олинди.     

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?