» » Сардор Раҳимхон: «МЕНИ ЙИЛЛАР ВА ОДАМЛАР ЎЗГАРТИРДИ…»

Закладки Сардор Раҳимхон: «МЕНИ ЙИЛЛАР ВА ОДАМЛАР ЎЗГАРТИРДИ…»

Название:
Сардор Раҳимхон: «МЕНИ ЙИЛЛАР ВА ОДАМЛАР ЎЗГАРТИРДИ…»
Дата:
21-01-2014, 00:03
Просмотры:
842
 
 
 
Сардор Раҳимхон: «МЕНИ ЙИЛЛАР ВА ОДАМЛАР ЎЗГАРТИРДИ…»

     Анчадан бери Сардор Раҳимхон билан суҳбат қурганимиз, унинг кўнгил кечинмалари, ҳаётида юз берган ўзгаришлару, янгиликлари билан ўртоқлаша олганимиз йўқ эди. Ўтган йилги концертини бу йилга сурган Сардор шу  кунларда жорий йилнинг  6-7 февраль кунлари «Истиқлол» санъат саройида ўзининг узоқ кутилган ва соғинилган «Танҳогинам» деб номланган янги концерт дастурига қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда.  Сардор  ўзини соғинтирган мухлислари учун бажонидил интервью бериш ниятида таҳририятимизга ташриф буюрди.
- Сардор, 2013 йил сиз учун бизнингча, ҳам омадли, ҳам бироз қайғули келди. Охиратлари обод бўл­син, отангиз дунёдан ўтдилар. Гоҳо шодлик, гоҳо ғам, дейдилар. Оилангизда  яна бир қизалоқ туғилди… 
- 2013 йилда дадамнинг оламдан ўтгани ҳамма муваффақиятларимни ювиб юборгандек бўлди. Агар имкони бўл­ганида ҳам­ма муваффақиятли кунларимни  отамнинг  ҳаёт юрганларига алмашган бў­лар эдим. Шод­лик ва қай­ғу эшиклари  ёнма-ён экан. Қизим Самия туғилди, укам  ўғилли бўл­ди. Ўтган йи­ли  танаффусдан сўнг ижодий тарафлама оёққа туриш йи­ли бўлди. Ҳар бир кун дарс бўл­ди, сабоқ бўлди. Лекин ҳаммасига шукур дейман. Кўп нарсаларнинг қадрига ета бошладим.
- «Отажон» деган клип яратдингиз. Отангиз кўришга улгургандиларми?
- Хайрият, шу клипим билан отамни хурсанд қи­ла олдим. Отам клипимни кўриб йиғладилар, яхшиям кўрсатган эканман. Клип мен ўйлагандан ҳам кўра таъсирлироқ чиқди. Мен ота-оналар ҳақида одатий клиплар олиниш тарафдори эмасман. Бу ўринда етти ўлчаб, бир кесиш керак. Бир маҳаллар Ватан ҳақида қандай куйлашни орзу қилган бўлсам, отам ҳақида ҳам шундай клип олишни орзу қилганман, ният қилганман ва амалга ошди, ота-онамнинг кўнглини ола билдим, деб ўйлайман. Отам бир умр ишлаганлар, кейинги пайт­ларда касал бўлиб ётиб қолгандилар, эркак кишига ётиб қолиш жуда оғир эканлигидан эзилдилар. Буни  мен ҳам ёш ота сифатида бутун вужудим билан ҳис этдим. Отам жуда таъсирчан, кўнгли ўта бўш инсон эдилар.
 
- Сардор, ёшимизга ёш қўшилавергани са­ри йиллар умримиздан бир йилини олиб кетади,  қайсидир туйғуларимиз ёшлигича қолаверади, қайсиларидир улғаяди. Сизни нималар улғайтирди? 
- Биринчидан, оила  қурганим, Сабрия ва Самия исм­ли ширин қизалоқларнинг отаси бўлганлигим мени улғайтирди. Чунки рўзғор масъулиятини икки карра ошди. Энди сиз битта эмассиз, бошқалар учун ҳам жавобгарсиз. Рўзғор ташвишлари, оиладагилар тақдири кўпроқ сизга боғлиқ бў­либ қолади. Иккинчидан, мени олдинги ўйин­қароқлик, енгил-елпи ўйлар тарк этди.   Оталик бахти мени улғайтирди. Отамнинг вафотидан ке­йин кўзим янада   очилди. Чунки оилабоши бўл­дим. Қарорлар чиқаришга тўғри келиб қолди.    Бошимга келган синовлар мени янада чуқурроқ фикр­лашга ундади. 2-3 йил ичида қанчадан-қанча сотқинликларни, хиёнатларни, туҳматларни кўр­дим. Фақат ҳаммаси қис­қа вақт ичида юз берганлиги мени довдиратиб, эсанкиратиб қўйди. Бу ўз-ўзидан ижодимга ҳам қаттиқ таъсир қилди. Ҳеч нарсага қўлим бормай қолди.
- Э, бор-е, деб кетиш осон эмасди-ку, тўғрими?
- Э, бор-е, деган пайт­ларим бўлди, чунки ижодкор одам ижод қилмаса, изланиб турмаса,  сувсиз балиқ каби типирчилаб қолади. Ҳаттоки, энг яхши қўшиқларни эшитсам-да, кўнглим ёзилмас,  ҳафсалам пир бўладиган ҳолатга тушдим. Ижодкор яхши ижод қилиши учун яхши муҳит бўлиши керак. Ишониб юрган одамларнинг сот­қин­ликларидан толиқиб кетдим. Ўн йил илгари сизларга интервью берган ўша Сардор билан менинг ўртамда бугун ер билан осмонча фарқ бор. Ўн йил олдинги Сардор шошқалоқ, тез қарор қа­бул қиладиган йигитча эди, уни йиллар, одамлар ўзгартирди. Ўша пайтларда кўп нарсаларнинг қадрига етмаганлигимни энди ўйлаяпман. Тунов куни телевизорда бир фильм кўрдим. Фильм қаҳрамони  вақтни тезлик билан ўтказиб юборади. Қараса, вақтни тез ўтказиб юборганлиги учун отаси оламдан ўтади. Охирида барча хатоларини англаб, қаттиқ эзилади. Бориб қадрдонларини қучоқлайди, онасидан кечирим сўрайди, болаларидан, аёлидан вақтларни тез ўтказиб юборгани учун кечирим сўрайди. Унда худди ўзимни кўргандек бўлдим. Бир нарсани ҳис қилдим. Биз кўп нарсаларни тез-тез ўтказиб юборар эканмиз. Ваҳоланки, кейин эсласак, нега шундай гўзал дақиқаларни, энг зарур  бўлган кунларимизни ўтказиб юборган эканмиз, деб изтиробга тушамиз, лекин фой­даси йўқ. Менда ҳам шундай ҳолатлар бўлдики, отам  билан шунча йиллар бирга бўлиб, нега бир оғиз, «Адажон, мен сизни яхши кўраман!» деган гапни айта олмадим. Мен кўпроқ бувимнинг қўлида ўсганман, дадам доимо иш билан банд бўлганликлари учун айта олмагандирман, деб ичимда ўзимни оқлаганим билан, отамга энг яхши гапларимни айта олмаганим учун ўзимни айблай бошлайман.
- Сизни жуда болажон, дейишади. Қизалоқларингизга кўп вақт ажратасизми?
- Болажонлигим рост. Отам раҳматли ҳам болаларни яхши кўрардилар. Болаларим учун алоҳида вақт ажратаман. Чунки болалигимизда ота-онам бизни боқиш учун кун бў­йи ишда бўлишарди. Уларнинг вақти йўқлиги учун истироҳат боғларига, ўйнашга кам борардик. Қарасам, болаларимнинг даври тез ўтиб кетаяпти, уларни ўйнатиб, қувнатмасам бўл­майди. Қизалоқларимизнинг юри­ши, туриши, тили чиқиши, ҳамма-ҳаммасини  кузатиб тураман, завқланаман, уларнинг кулгуларидан юрагим ором олади.
- Сардор, «Танҳогинам» клипининг ғояси  кимдан чиқди?   Бу клип интернетда энг кўп томоша қи­линган клиплардан бири бўл­ди.
- Бу клипнинг ғоя муаллифи ва режиссёри  Муҳаммадали Искандаров. У бир ишни қилишдан олдин жуда узоқ ўй­лайдиган, мулоҳазали, керак бўлса соатлаб тортишадиган  режиссёр. Мен эса клипларимнинг тезроқ битиб, эфирга чиқиб кетишини истайман. Лекин «Бомбей»нинг ҳам, «Танҳогинам»нинг ҳам суратга олиниши кўп вақтни талаб қил­ди. «Бом­бей» клипининг ғоясини айтганида мен рози бўлмаганман. «Улуғбек билан муносабатларимиз чигаллашиб турган бир пайтда бу яна-да, муаммога айланиб кетади»,  десам, Муҳаммадали «Санъаткорлар ўртасидаги гап-сўзлар ҳамиша бўлиб келган ва бўлаверади, одамлар ҳам Улуғбек билан ўртангизда ҳар хил бўлмағур гапларни гапираверишади. Бу клипнинг муаллифи аслида менман-ку, муаллифи мен бўлганимдан кейин ким гап-сўз қилади, Улуғбекнинг қўшиғига ишланган клипнинг давомини суратга олдим, дейман. Сиз ўғирлик қилмаяпсиз, мен режиссёр сифатида сизга таклиф қилаяпман», деди Муҳаммадали. Айтганидек чиқди. Улуғбек очиқ чеҳра билан самимий қар­ши олди, ҳеч қандай гап-сўз бўлгани йўқ. «Танҳогинам»га келсак, клипининг олинишига қарши бўл­ганман. Чунки уруш мавзуси қўшилди. Иккинчидан кўп вақт, катта харажат талаб қилади. Муҳаббатни қандай  қи­либ урушга боғлаш мумкин, десам, «Муҳаббат мангу яшайди. Муҳаббат уруш вақтида бўлмаганми? Шундай қилиб берайликки, ёшлар муҳаббат деган туйғунинг нималигини тушуниб, қадрига етсин», деди у.
- Қўшиқни рус тилида ҳам куйлаётган экансиз, деб эшитдик.
- Тўғри, шеъри ҳам тайёр. «Танҳогинам»ни интернетда кўрган  москвалик рус мухлислар русча вариантини ҳам сўрашди.
- Катта ниятлар билан продюсерлик маркази очган эдингиз. Нега тез ёпилиб кетди?
- Менинг энг катта хатоларимдан бири шу мар­казни очганлигим бўлди. Мусахон Нурматов ва Иқбол Муҳаммаджоновлар «Бу ишингизни қў­йинг, ижодингизга қат­тиқ таъсир қилади, ҳали сизга вақтли», дейишганди. Улар ҳақ бўлиб чи­қишди. Одам омади келиб қолганида, «меники тўғри», деб ўзиникини маъқуллайверар экан. Ўзимга беришим керак бўл­ган эътиборнинг тенг ярмини уларга беришимга, кетган ха­ражат­ларини оқлашимга тўғри келди. Бу эса ижодимнинг орқага кетишига сабабчи бўлди. Шартта ёпа қолдим. Фақат Дилсўз билан ижодий ҳамкорлик давом этаяпти.
- Сизга хиёнат қилганларга, туҳмат уюштирганларга, катта миқдордаги пулларингизни олиб қочиб қолганларга қандай муносабат билдирдингиз? 
- Мен кетган пулларга ўша пайтида анча сиқилдим. Кейин  унутдим, пулларнинг ўр­нини тўлдириш мумкин. Асосан, кетган пулларга эмас, шунинг ортидан келган ташвишлардан сиқилдим, чунки бу нарсалар барибир оила аъзоларингизнинг тинчлигини, ҳаловатини бузади-да, қандай  қилиб улардан яшириб бўлади? Бугун бўлмаса, эрта-индин билиб қолишади-ку. Уларнинг сиқилганини кў­риб, мен ҳам сиқилганман. Майли, ҳаммаси орт­да қолди. Менинг ҳурматим, иззатим -менинг ноним. Машҳурлигим — мен сақлаб туришим керак бўлган нарсам. Бирон айтилган ортиқча гап инсон шаънига «минус» бўлади.  Маш­ҳурлигим — менинг ожизлигим. Ҳам­ма қатори бориб улардан ҳақ­қимни талаб қила олмайман. Ҳеч ким билан тортишишга вақтим йўқ, асабим ҳам чидамайди. Буларнинг ҳаммасини қайсидир қилган хатоларим учун берилган кафолат, деб билдим ва олдинга қараб олға кетавериш кераклигини англадим.
- Сардор, ўтган йили концертингиз қолдирилди. Концертга тайёр эмасман, дедингиз ва кайфиятингизнинг ёмонлиги ҳам билиниб қолган эди. Концертга тайёр бўлдим, деган сўз шахсан сиз учун нималарни англатади?
- Томошабин олдига яхши, яхши эмас, зўр кай­фият билан чиқиш керак. Атрофимдаги дўсту ёрларим, яқинларим «Ҳа­деб сиқилаверма, муаммолар қандай пайдо бўл­ган бўлса, ўтиб кетаверади, яхшиси, концертга тайёрлик  кўр», де­йишар­ди. Барибир руҳан тайёрмаслигим устунлик қил­ди. Мана, бугун мен концерт қўйишга тайёрман. Тўрт йил ичида мухлисларимга ёққан қўшиқларим йиғилиб қол­ган. Бир қис­ми мухлисларга танилиб қолган қўшиқларни ташкил этади. Энг яхши декорациялардан фойдаланаяпмиз, иккита рақс гуруҳи ишлаяпти, ҳам миллий, ҳам замонавий рақс­лар намойиш этилади.   Концерт режиссёри Рустам Шамсуддинов… Келинг, яхшиси, қолган сирларни очиб қўймайлик, ҳаммангизни концертга  таклиф этаман. Агар томошабинлардан талаб тушса, 8 февраль куни ҳам концерт берамиз.
- Сардор, 14 январь- Ватан ҳимоячилари куни. Армияда бўлганмисиз, ҳарбийлар ҳаё­тини кузатганмисиз?
- Бир ойлик армияга бориб келганман. Сурхондарёнинг Сариосиё туманида хизмат қилганмиз. У ердаги ҳарбий ас­карлар ҳаётини кузатиб, бир нарсага амин бўл­димки, фақатгина юрагида ўти бор, бу соҳада сабр-тоқатли инсонларгина ишлай олар экан. Улар иссиқни ис­сиқ, совуқни совуқ демасдан, тунни тун, кунни кун демасдан шу ишга меҳр қўйишган, керак бўлса, Ватан учун, эл учун жонларини қурбон қилишга тайёр туришади. Мен бугун ҳам аскарман! Чегара қўшинлари ансамблида фаолият юритаман. Ҳамиша уларнинг хизматидамиз. Ватанимизнинг турли сарҳадларида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган акаларимиз  ва укаларимизни қутлуғ байрамлари билан муборакбод этаман, оилаларида тинчлик, хотиржамлик бир умрга яшаб қолсин, бахтимизга омон бўлишсин.

Меҳринисо Қурбонова, Нодира Ҳайдаровалар суҳбатлашди,
"БЕКАЖОН"дан олинди.

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz