» » Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Закладки Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Название:
Ватан ҳимоячиларига байрам табриги
Дата:
14-01-2014, 06:53
Автор:
Просмотры:
752
 
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, қадрли юртдошлар!
Сизларни мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва қутлуғ воқеа – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 22 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиш менга катта мамнуният бағишлайди.
Ўзбекистонда кейинги йилларда замонавий қурол-яроғ ва техника билан ҳар томонлама яхши таъминланган, ҳаракатчан, юксак талаб ва стандартларга жавоб берадиган, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини самарали ва ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армияни шакллантириш бўйича кўлами ва миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди.
Бу борада ташкилий-штат тузилмаларини бутунлай қайта кўриб чиқишга, шунингдек, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучларни тезкор-стратегик бошқаришнинг замонавий ва самарали тизимини яратишга, қўшин турларининг ўзаро келишиб ҳаракат қилишини такомиллаштиришга, уларни замонавий техника ва қурол-яроғлар билан таъминлашга, жанговар ва ўқув тайёргарликнинг маъно-мазмунини ўзгартиришга, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақадаги тез ўзгариб бораётган ва мураккаб ҳарбий-сиёсий аҳвол ва вазиятнинг янада кескинлашиш эҳтимолини инобатга олиб, Қуролли Кучларимиз таркибидаги қисм ва бўлинмаларнинг жанговар имкониятлари ва куч-қудрати, ҳаракатчанлиги ва уларни бошқариш самарадорлиги сезиларли равишда оширилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда дунёда ва ён-атрофимизда юз бераётган можаро ва тўқнашувлар, радикализмнинг кучайиши, Афғонистондаги урушнинг ҳамон давом этаётгани ва бу муаммони ҳал этиш борасида мавҳумлик сақланиб қолаётгани, терроризм ва диний экстремизмнинг фаоллашаётгани, тажовузкор наркотрафикнинг кенг тус олаётгани, чегараларимизга бевосита яқин ҳудудларда хавф-хатар кучайиб бораётгани – буларнинг барчаси бизда чуқур ташвиш ва хавотир уйғотмасдан қолмайди, албатта.
АЙСАФ деб аталмиш тинчликпарвар кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун жиддий синовга айланиши, бизнинг жанубий сарҳадларимизда ва чегарадош ҳудудларда кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин.
Бундай мураккаб ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган жараёнларнинг барчаси бугунги кунда ҳаммамиздан юксак даражадаги ҳушёрлик ва огоҳликни, чегараларимизда кескинликни келтириб чиқаришга қаратилган уринишларга йўл қўймаслик бўйича қатъий чораларни кўришни, мамлакатимизга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузкор хуружларга Қуролли Кучларимизнинг ўз вақтида ва муносиб зарба бериш қобилиятини таъминлашга доимо тайёр туришимизни талаб этмоқда.
Шу муносабат билан юзага келаётган мураккаб вазиятда армиямизни ислоҳ этишни ва унинг мудофаа қудратини, жанговар салоҳиятини, мамлакатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч ҳаётини кўз қорачиғидек асраш бўйича тайёргарлигини янада мустаҳкамлашни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайман.
Чегарадош ҳудудларда ва бутун минтақадаги тез ўзгариб бораётган аҳволни аниқ мақсад асосида тизимли равишда чуқур таҳлил ва прогноз қилиб бориш, сарҳадларимиздаги вазиятни жиддий тарзда мураккаблаштириши мумкин бўлган террорист ва экстремист кучлар хатти-ҳаракатларининг фаоллашув эҳтимоли билан боғлиқ бўлган хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлашни таъминлаш Қуролли Кучлар, Мудофаа вазирлиги, Бош штаб ва ҳарбий округлар штабларининг асосий вазифаси ҳисоблансин.
Ана шу асосда мамлакатимизнинг мудофаа соҳасидаги қурилиш тизимини такомиллаштириш жараёнини, ҳарбий операциялар амалга ошириладиган ҳар қайси йўналишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда давом эттириш ғоят муҳимдир. Мамлакатимиз хавфсизлигига нисбатан, биринчи навбатда, чегара ҳудудларида вужудга келадиган хатарларнинг олдини олиш бўйича, ҳарбий округлар ва чегара қўшинлари бўлинмалари томонидан биргаликда олиб бориладиган ўзаро мувофиқлаштирилган жанговар операцияларни ўтказиш учун, доимий тайёргарликни таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш даркор. Бундай шароитда Давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш учун жалб этиладиган бўлинмаларнинг бир-бирининг ўрнини босишга ҳар томонлама қодир бўлиши ва юксак даражада келишиб ҳаракат қилиши, шунингдек, уларнинг биргаликдаги жанговар тайёргарлиги ҳал қилувчи роль ўйнаши зарур.
Бу борада Қуролли Кучлар ва ҳарбий округлар қўмондонлиги томонидан қўшинларнинг амалдаги ўқув ва жанговар тайёргарлик тизимининг танқидий баҳоланиши ўта муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тизим яқин ва ўрта муддатга мўлжалланган истиқболда минтақада юзага келадиган реал ҳарбий-сиёсий вазият талабларига тўла жавоб бериши керак.
Шу муносабат билан хорижий мамлакатларда тўпланган тажрибани атрофлича ўрганиш асосида чегара қўшинлари ва Мудофаа вазирлиги қисмларининг, вертолёт-ҳужум ва махсус операцияларни амалга оширадиган бўлинмаларнинг, биргаликдаги ҳаракатларга жалб этиладиган бошқа қўшин турларининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича, турли модель ва вариантларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Қисм ва бўлинмаларни мазкур тузилмаларнинг жанговар қобилиятини сезиларли равишда ошириш имконини берадиган, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника турлари билан таъминлаш бўйича қабул қилинган режа ва дастурларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш асосий вазифамиз бўлиб қолиши даркор.
Жанговар тайёргарликни сақлаш учун, шунингдек, янги қурол-яроғ ва ҳарбий техника намуналарини ишлаб чиқарадиган ва уларни модернизация қиладиган қўшма корхоналарни ташкил этиш учун мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш ва таъмирлаш базасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозим.
Жанговар взвод ва гуруҳларни ҳар томонлама пухта тайёрлаш борасидаги ишларни, ушбу бўлинмалар командирларига ва бутун шахсий таркибнинг профессионал тайёргарлигига бўлган талабнинг тобора ортиб бораётганини назарда тутган ҳолда такомиллаштириш зарур.
Взвод ва гуруҳларни тайёрлашда командирлар таркибида мавжуд аҳволни ҳар томонлама баҳолаш ва таҳлил этиш, ностандарт қарорлар қабул қилиш, мустақил жанговар вазифаларни бажариш вақтида бўлинмаларни моҳирлик билан бошқариш бўйича қатъий малакани шакллантиришга, мутахассисларнинг бир-бирининг ўрнини боса олиши ва бўлинмаларнинг юксак даражада уйғун ҳаракат олиб боришини таъминлаш мақсадида, шахсий таркибнинг ўзаро яқин мутахассислик турларини, янги техника ва қурол-яроғларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шу муносабат билан кенг билим ва тафаккурга, юксак профессионал ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал жиҳатдан ривожланган, шиддатли тарзда амалга ошириладиган замонавий жанговар ҳаракатлар шароитида, ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли адо этишга қодир бўлган ҳарбий кадрларни самарали тайёрлаш масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Сержантлар корпусини тайёрлашни мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттириш ва чуқурлаштириш ғоят муҳим вазифаларимиз қаторига киради.
Сержантлар тайёрлаш мактаблари фаолиятини янги, замонавий талабларга мувофиқ ҳолда ҳар томонлама янгилашни назарда тутадиган, кичик командирларни тайёрлашнинг кўп бўғинли ягона тизимини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. Профессионал жиҳатдан пухта тайёрланган сержантлар таркиби сўзда эмас, амалда армиямизнинг таянчи ва ўзагига айланиши зарур. Чунки ҳар қайси ҳарбий жамоадаги ахлоқий-руҳий ва маънавий муҳит кўп жиҳатдан айнан уларга боғлиқдир.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қулай уй-жойлар, замонавий социал-маиший шарт-шароитлар, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастурларини тўлиқ рўёбга чиқариш ва ана шу мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағларини янада кўпайтириш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолиши даркор.
Қадрли дўстлар!
Армиямизнинг бўлғуси аскар ва офицерларини чақириққача бўлган даврда тайёрлашнинг ўрни ва аҳамиятини, уларнинг мазкур машаққатли касбни танлашга онгли ёндашиши нақадар муҳим эканини бугун алоҳида таъкидлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, албатта.
Шу муносабат билан таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучларимиз фахрийларини жалб этган ҳолда, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни фаоллаштириш, бўлғуси аскарларнинг онгу тафаккурини, юртимиз тарихига оид билимларини ошириш, жисмоний чиниқтириш талаб этилади. Ҳарбий хизмат, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва армиямизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан мамлакатимиз фуқароларини хабардор этишда оммавий ахборот воситалари ва Интернетнинг миллий тармоғи имкониятларидан фаол фойдаланиш зарур. Бу борада расмиятчилик ва юзаки ёндашувларга йўл қўймаслик, ёшларимиз қалбида Ватанимизга чуқур меҳр-муҳаббат, унинг Қуролли Кучлари билан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғусини тарбиялаш лозим.
Бундай долзарб ва узоқ муддатга мўлжалланган вазифаларни амалга оширишда Мудофаа вазирлиги қошида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари, маданият, санъат ва спорт намояндалари алоҳида роль ўйнаши керак.
Ҳурматли ватандошлар!
Барчамиз учун алоҳида қадрли бўлган мана шу қутлуғ айёмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллигини байрам қилар эканмиз, ҳаммангизни, бутун халқимизни Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Мана шу имкониятдан фойдаланиб, барча ҳарбий хизматчилар – аскар ва сержантлар, офицер ва генералларга, бугунги кунда миллий армиямиз сафларида мураккаб жанговар хизматни адо этаётган, ўзининг шарафли ва масъулиятли ҳарбий бурчини бажаришда жонбозлик кўрсатаётган барча юртдошларимизга самимий миннатдорлик билдираман.
Ҳаммангизга мустаҳкам соғлиқ, катта ютуқлар, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш йўлида куч-ғайрат тилайман.
Янги – 2014 йилда сизларга, оилаларингизга тинчлик-омонлик, бахт ва омад, қут-барака доимо ёр бўлсин!
Ислом Каримов, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

Manba: UzA
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?