» » Янги йил тантаналари

Закладки Янги йил тантаналари

Название:
Янги йил тантаналари
Дата:
31-12-2013, 06:47
Просмотры:
1048
 

Мустақиллик майдонида Янги йил тантаналари давом этмоқда

Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонида давом этаётган Янги йил байрами тантаналари қордек оппоқ тилакларимиз, покиза орзу-ниятларимиз, болаларнинг беғубор, шодон кайфиятига ҳамоҳангдир.


     Мамлакатимизда инсон омилига устувор аҳамият қаратиш, миллати, эътиқоди, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир. Жонажон Ватанимизнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиёт, таълим-тарбия, маънавият ва маърифат, соғлиқни сақлаш, илм-фан каби соҳаларда эришилган улкан ютуқ ва марралар, энг асосийси, жамиятимиздаги ўзаро аҳиллик, тотувлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилиб, юксак баҳоланмоқда.

     2013 йил мустақил Ўзбекистонимиз тарихи зарварақларида муҳташам иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, мактаблар, шифо масканлари, маърифат ва санъат масканлари қад ростлаган баракали йил сифатида муҳрланиб қолиши шубҳасиз. Эшик қоқаётган 2014 йил эса халқимизнинг азалий мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг тарзда Соғлом бола йили, деб номланиши эзгу интилишларимизнинг ўзига хос мантиқий давомидир.

     Янги йил байрами арафасида мамлакатимизнинг энг мўътабар майдонида барпо этилган мўъжаз шаҳарчада ушбу жиҳатлар ўзининг ёрқин ифодасини топди. Майдонга кириб келган киши ўзини гўё эртакмонанд гўшага тушиб қолгандек ҳис этади. Бу ерда қад ростлаган улкан арча, айниқса, кичкинтойларга катта завқ-шавқ улашмоқда.

     Байрамни юксак савияда, баланд руҳда ўтказиш, юртдошларимиз, хорижий сайёҳлар, энг асосийси, болаларга хуш кайфият улашиш мақсадида турли маданий-маърифий, кўнгилочар томошаларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Ўзбекнаво» эстрада, «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмалари ва бошқа қатор ташкилотларнинг ҳиссаси катта бўлди.

     Улкан саҳнада Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси актёрлари иштирокидаги «Қорбобога мактуб ёки кутилмаган меҳмонлар» театрлаштирилган томоша намойиш этилмоқда. Майдонга ўрнатилган икки улкан экраннинг бирида 2013 йил – Обод турмуш йилида жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилган беқиёс ўзгаришлар, бунёдкорлик одимлари, гўзал шаҳар ва қишлоқларимиз, ёш авлод келажаги йўлида кўрсатилаётган юксак меҳр-эътибор намойиш этилса, бошқасида юртимиз аниматорлари томонидан ишланган мультфильмлар, майдонда ўтаётган байрам тадбирларини томоша қилиш мумкин.

     Махсус ўрнатилган бошқа саҳнада Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси эстрада бўлимининг иқтидорли талабалари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, мумтоз ва эстрада йўналишида ижод қилаётган хонандалар, «Ниҳол» мукофоти совриндонлари, мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги танловларда ғолиб бўлган ижодкор ёшлар иштирокидаги концертлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

     Майдонда ташкил этилган савдо расталаридан кичкинтойлар учун ширинликлар, турли ўйинчоқлардан иборат совғалар харид этиш мумкин. Ўттизга яқин аттракцион, олтмишга яқин махсус ўйинлар қурилмалари ўғил-қизлар билан гавжум.

Оқшом тушгач майдон янада фусункор қиёфа касб этади. Бадиий безаклар, лазерли технологиялар, иллюминацион чироқлар, махсус ёритиш эффектларидан киши қалбига янада кўтаринкилик, завқ инади. Майдонга туташ кўчаларнинг икки тарафи ўндан ортиқ бадиий эффект берувчи махсус чироқли қурилмалар билан жиҳозланган.

– Янги йил байрами арафасида Мустақиллик майдонини зиёрат қилишни одатга айлантирганмиз, – дейди самарқандлик пенсионер Ойсара Исмоилова. – Майдондаги безаклар, бири-биридан қизиқарли томошалар, болаларнинг ўйинга тўймай шодланаётганини кўриб, мустақил юртимиз фарзандларига ҳавасим келди. Истиқлол фарзандларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган, қалби ғурур ва ифтихорга тўла, билимли, юксак маънавиятли, соғлом ва теран тафаккурли авлод этиб тарбиялаш имконини берди. 2013 йил биз учун ҳам қултуғ келди. Неварам олий ўқув юрти талабаси бўлди. Ўғлим ёш оилаларга яратилган имтиёзлар самарасида янги уй-жой харид қилди. Буларнинг барчаси Юртбошимиз томонидан ёшларга, оилаларга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.

– Мен ўртоқларим билан майдондаги аттракционларда мириқиб ўйнадим, – дейди Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб интернатининг 6-синф ўқувчиси Севинч Содиқова. – Театрлаштирилган томошалар, концертлар, цирк усталарининг чиқишлари барча сингари менга ҳам жуда манзур бўлди. Бу ерда биз – болаларнинг Янги йил байрами тантаналарини байрамона руҳда, таътилни мазмунли ўтказиши учун ҳамма шароит яратилган.

     Муаззам майдонда куй қўшиққа уланади. Айни пайтда пойтахтимизнинг бошқа майдонларида ҳам Янги йил байрами томошалари давом этмоқда.

 

Болалар орзиқиб кутган байрам

"Туркистон" саройида "Президент арчаси" тантаналари бошланди

 

     Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, "Sen Yolg'iz Emassan" Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган, алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.

     Навқирон авлодга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, ёшларга жаҳон андозалари даражасида таълим-тарбия бериш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган, юксак маънавиятли, соғлом тафаккурли инсонлар этиб камолга етказиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг асосий йўналишини ташкил этади.

     Таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар жараёнида тиббий-ижтимоий ҳолати, миллатидан қатъи назар, барча болаларга алоҳида меҳр ва эътибор кўрсатилиб, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилаётгани Ўзбекистонда ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатлари ва ёш авлод камолоти учун хизмат қилаётганининг ёрқин далилидир. Хусусан, Меҳрибонлик уйларида жорий этилган ижтимоий-тиббий, педагогик, ҳуқуқий кўмак болаларнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш, уларни ўз ҳаётий позициясига эга, мустақил, теран тафаккурли инсонлар сифатида вояга етишига хизмат қилмоқда.

     "Обод турмуш йили" Давлат дастури доирасида оила, васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларни соғломлаштириш, уларни касб-ҳунар таълими билан тўлиқ қамраб олишга доир ишлар кўлами янада ортди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, "Sen Yolg'iz Emassan" Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамкорлигида ота-она меҳридан бебаҳра қолган, алоҳида эҳтиёжли болаларга ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатиш, уларнинг билим олишга бўлган қизиқиш ва иштиёқини кучайтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Инклюзив таълим янада ривожлантирилиб, ўқитишнинг ушбу тури билан кўплаб мактаблар қамраб олинди. Айни пайтда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда юрак, таянч-ҳаракат аъзолари, лаб-танглай қисмида хасталиги бўлган болаларни жарроҳлик йўли билан даволаш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга зарур ташхис, тиббий маслаҳат, даволаш муолажаларини кўрсатишга оид бир қатор ижтимоий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

     ... "Туркистон" саройининг фойесида Қорбобо ва Қорқиз барча болаларни Янги йил байрамига чорлайди. Кичкинтойлар турфа чироқлару ўйинчоқлар билан безатилган арча атрофида янги йил, Ватан, бахтли болалик, қиш, байрам шодиёналарига бағишланган шеърлар айтиб, қувноқ куй-қўшиқлар, рақсларга жўр бўлади. Эстрада ва цирк санъати усталари иштирокидаги концерт дастури болаларнинг қувончига қувонч қўшади.

– "Президент арчаси" тантаналари барча болалар орзиқиб кутадиган энг севимли байрам, – дейди Чилонзор туманидаги 22-Меҳрибонлик уйи директорининг ўринбосари Хурсаной Холова. – Меҳрибонлик уйимизда болаларнинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб вояга етиши учун барча зарур шароит яратилган. Булар Президентимиз томонидан ёш авлод истиқболи йўлида кўрсатилаётган улкан меҳр ва ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

– Байрамда мазза қилиб ўйнадик, қўшиқлар айтдик, – дейди Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 24-Меҳрибонлик уйининг тарбияланувчиси Сардор Зайниддинов. – Эртаклар қаҳрамонлари билан расмга тушдик, Қорбободан совғалар олдик. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги биз учун энг қадрли совғадир.

     Жўшқин мусиқа садолари остида болалар залга таклиф этилди. Жажжи томошабинлар эътиборига ватанпарварлик, аҳиллик, дўстлик, меҳнатсеварлик, ҳалолликни тараннум этувчи "Меҳрли дунё” театрлаштирилган томоша ҳавола қилинди.

     Болаларга Президентимизнинг Янги йил совғалари топширилди.

     Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.


 

ЎзА, Назокат Усмонова

 

 

Президент совғалари топширилди

Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган "Президент арчаси” шодиёналари Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва қишлоқларида, олис овулларида ҳам кенг нишонланмоқда.

 


     Байрам тадбирларида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда кўп болали оилаларнинг фарзандларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нукус шаҳрида таҳсил олаётган 104 нафар ҳамда Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига Президент совғалари топширилди.

– Давлатимиз раҳбарининг Янги йил совғасини олиб, жуда хурсанд бўлдик, – дейди ушбу Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Отабек Алибеков. – Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган бундай оталарча ғамхўрликдан миннатдормиз.

Болажонлар эртак қаҳрамонлари билан бирга арча атрофида рақсга тушди. Сапар Хўжаниёзов номидаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри жамоаси ижросидаги саҳна кўринишлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари жамоаларининг Ватан, она, болалик ҳақидаги куй-қўшиқлари тадбирга ўзгача файз бағишлади.

     Шаҳар ва туманларда бўлиб ўтаётган тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 751 нафар, жумладан, Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида қурбон бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг 25 нафар фарзандига      Президентимизнинг байрам совғалари топширилди.

    

 

ЎзА, А.Ортиқбоев

 

"Президент арчаси” – болалар қувончи

"Президент арчаси” байрам тадбирлари Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ҳам юқори савияда ташкил этилди.


     Тадбирларга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар, мудофаа тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари таклиф этилди. Уларга давлатимиз раҳбарининг совғалари топширилди.

     Оҳангарон туманидаги "Мажнунтол” мажмуасида бўлиб ўтган байрам тадбирида болажонлар Қорбобо, Қорқиз ва турли эртаклар қаҳрамонлари даврасида, ранг-баранг ўйинчоқ ва чироқлар билан безатилган арча атрофида байрамни шод-хуррамлик билан нишонлади. Бадиий жамоалар, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари, театрлаштирилган томошалар болаларда унутилмас таассурот қолдирди.

     

 

ЎзА, Х.Салимов




кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?