» » Жулия РОБЕРТС: «Менинг бош ролим — аёллик ва оналик!»

Закладки Жулия РОБЕРТС: «Менинг бош ролим — аёллик ва оналик!»

Название:
Жулия РОБЕРТС: «Менинг бош ролим — аёллик ва оналик!»
Дата:
24-12-2013, 06:32
Автор:
Просмотры:
2749
 

     Уни экранда илк бор кўрганимдаёқ яхши кўриб қолганман. Ҳатто турмуш ўртоғим билан хафалашиб қолсак, у киши кўнглимни олиш учун Жулия Робертс иштирокидаги янги фильмларни келтириб берарди. Бугунги саҳифамиз орқали машҳур «қочоқ келин»нинг шахсий ҳаёти ва қарашлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.


2002 йилда камтарин тасвирчи Дэнни Модерга турмушга чиққан актриса бирин-кетин 3 фарзанднинг онаси бўлди. Энди режиссёрлар актрисани бирор фильмга чақириш учун анчайин тер тўкишади. Чунки энди актриса ўзини тамоман оиласи ва фарзандларига бағишлаган.

Сўнгги роли: «Оппоғой: митти одамлар қасоси» фильмида ёвуз қиролича


     «Арзанда» стереотипини синдириб, салбий ролда суратга тушиш қанчалик мароқлилигини билсангиз эди. Аввалига бу ролни ижро этишни истамагандим. Лекин кейин рози бўлдим. Ҳаммамиз бирдек яхши эмасмиз ёки ҳар биримизнинг ичимизда унчалик яхши бўлмаган хислатлар ҳам бор. Оппоғой ролини ижро этган Лили Коллинзнинг сочини маза қилиб тортдим (кулади). Умид қиламанки, Лили мени бу айбларим учун кечиради.


«Мен турмуш ўртоғим учун яралганман!»


     Дэнни дунёдаги энг яхши тасвирчи. У ишга киришганида, ҳатто мен ҳам чалғита олмайман. Аммо тушлик пайтида барибир ўзимни эслатиб қўяман: «Севгилим, мени эсингдан чиқиб қолмадимми? Бу мен — рафиқангман!» Мен Дэннини учратиш, унга турмушга чиқиб, фарзандлар кўриш учун туғилганман. Мен бахтли бўлишга лойиқман, деб ҳисоблайман. Дэннининг фазилатлари мени ўзига мафтун қилади. Унинг қилаётган ҳар бир иши билан фахрланаман. Аммо энг аввало ростгўйлиги, самимийлиги мени лол қолдиради. Чунки у ҳар доим ўз сўзи ва ҳаракатларига жавоб беради. Ҳеч қачон айбни бошқа бировдан изламайди. Ўз муаммоларини бошқанинг елкасига ортмайди. Менимча, бу ҳозирги кунда эркакларда камдан-кам учрайдиган хислат.


«3 нафар фарзандим борлигига баъзан ишонмайман!»


     Ҳозир кам ишлайман. Вақтимни буткул оиламга бағишлаганман. Мен ҳам оддий онаман, оилам эса ажойиб! Улар билан ўтказган ҳар бир кундан, дақиқадан лаззатланиб яшашни истайман. Илгаригидек ҳаётимни заҳарлашга ҳаракат қиладиганлар йўқ.

     Баъзан 3 та болам борлигига ишонмайман. Аммо бахтлиман! Чунки улар туғилгунга қадар 20 йил давомида кинода суратга тушдим. Лекин улар туғилиши билан актрисалик ҳаётим тугади деб ким айтди?


«Оиламдан узоқда бўлишни ёқтирмайман!»


     Оилавий ўтказган вақтларимизни жуда ҳам қадрлаймиз. Кечки пайт ҳаммамиз жамулжам бўлганимизда, бир-биримиз билан кун давомида қилган ишларимиз, таассуротларимиз ҳақида гаплашамиз. Болаларим билан кўп китоб ўқиймиз, улар телевизор кам кўришади. Ҳамма нарсада меъёр бўлиши лозим. Болаларимга уйқудан аввал ўқиш учун ёрқин расмли эртак китобларни саралаб қўйганман. Уйқуга ётишдан аввал албатта эртак ўқиймиз, бу оиламизнинг бир таомилига айланган.

     Иш кунлари эса болаларимни ҳам суратга тушиш майдончасига олиб бораман. Ҳамма болалар каби менинг фарзандларим ҳам уйдан кетишимни ёқтиришмайди. Салгина сочимни тараб ёки лабимга бўёқ теккизишим билан «Ойи, бирор жойга кетаяпсизми?» деб сўрашади. Агар бирор жойга боришим керак бўлса, улар кўрмаганида секингина уйдан чиқиб кетишга харакат қиламан. Мен ҳам болаларимдан узоқда бўлишни ёқтирмайман. Шунинг учун ҳозир тадбирларда камдан-кам қатнашаман. Масалан, бу йил Оскар тақдимот маросимига бормадим, аммо болаларим ва эрим билан мароқли вақт ўтказдик.


«Мен учун пул эмас, инсоний фазилатлар қадрли»


     Гонорарларим миқдори оша бошлаганда, ҳамма менга бир хил савол берарди: «Пулинг кўпайгач, ҳаётингда нима ўзгарди?» Менинг жавобим битта: «Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ!» Мен инсонлардаги ростгўйликни қадрлайман.


«Онамнинг ишончи туфайли машҳур бўлдим!»


     Энг қийналган пайтларимда онам ҳамма нарсани енга олишимга ишонган. Илк бора Нью-Йоркка актриса бўлиш истагида келганман. Аввалига официант бўлиб ишлардим, ҳатто ҳожатхона ҳам тозалаганман. Шунда ҳам ижарада туриш учун пул етмасди. Шундай кунларнинг бирида онамга йиғлаб қўнғироқ қилдим ва уйга қайтишимни айтдим. Ўшанда онам «Кураш!» деганди.


«Гўзаллигимнинг сири»


     Гўзаллигим сири — дунёдаги энг ажойиб инсон бўлган эримнинг севгиси ва бебаҳо фарзандларим! Шу билан бирга, қанча овқат есам ҳам семириб кетмайман. Албатта, бу фахрланишга арзигулик гап эмас. Аммо семирувчан бўлганимда ҳам вақтимни фитнес клублардан кўра, эрим ва болаларим билан ўтказишни афзал деб билардим.


«Универсал уй бекасиман»


     Овқат ейишни ҳам, пиширишни ҳам яхши кўраман. Шунингдек, полиз ишлари билан шуғулланишни ёқтираман. Бундан ҳамма ҳайратга тушади, аммо рост, сабзавотларни ўз қўлларим билан экиб, ўстираман. Болаларим эса менга ёрдам беришади. Одатда болалар сабзавотларни ейишни ёмон кўришади. Мен эса фарзандларимни сабзавот ейишга ўргатганман.

     Озиқ-овқат дўконларига боришни яхши кўраман. Янги маҳсулотлар олиб, улардан янгича, фойдали, мазали овқатлар пишириш жону дилим. Ўйлаб кўринг, буни қандайдир кўйлак ёки пойафзални излаш билан қиёслаб бўладими? Энг яхши кўрган кийимим: жинси шим, майка ва шиппак. Кийимларимни ҳам ўзим юваман. Албатта кир машинасида юваман, аммо уларни ўзим саришталаб иламан. Бу ишни ҳеч кимга ишонмайман. Бу опам Лиза иккимизнинг хоббимиз, десам ҳам бўлади. Уйимни саранжомлашни ҳам яхши кўраман.


Эски фильмлари ҳақида


     Аввал суратга тушган фильмларимни томоша қилар эканман, «Вой, Худо, гўдак бўлган эканман», деб ўйлайман. Аммо ўзим бу «гўдак»ни яхши кўраман, ҳеч нимадан афсусланмайман. Турмуш ўртоғим Дэнни эса ҳар бир ролим ва фильмларимни мақташдан чарчамайди.


Романтик комедиялар қироличаси


     Энди романтик фильмларда роль ўйнамайман. Чунки бундай роллар учун қариб қолдим. Ёши қирқдан ошган аёл учун бундай мавзуларни ҳаяжонли деб бўлмайди. Йигитни кўриб ҳушдан кетиш менинг ёшимда нодонлик бўлади. Шунингдек, камералар қаршисида ким биландир севги саҳналарини ҳам ўйнай олмайман.


«Яхши кўрган актёрим»


     Актёр Энтони Хопкинс энг яхши кўрган актёрим. Унга шунчалик мафтун эдимки, ёнига борганимда ҳайратдан ўзимни қаерга қўйишни билмайдиган қизчага айланардим. Дэнни буни билади, шунинг учун қўрқмасдан айтишим мумкин.


Сўнгги сўз ўрнида


Менинг бош ролим — аёллик ва оналик. Бундай ҳаёт юлдузларга мосми ёки йўқ, менга барибир.


Маълумот

  • Таваллуд топган: 1967 йил 28 октябрда, Американинг Жоржия штатида.
  • Асл исми: Жули Фиона Робертс.
  • Фарзандлари: эгизаклар Финнеус ва Хэзел 7 ёшда, Генри 4 яшар.
  • 2001 йилда «Эрин Брокович» фильмидаги мактаб кўрмаган адвокат роли учун «Оскар» мукофотига сазовор бўлган.
  • Севимли акстрисаси: Айшвария Рай.
  • Антиқа одати: гримм пайтида чалқанча ётиб олади, унинг фикрига кўра, бу тинчланишига ва яхши кўринишига ёрдам бераркан.
  • Суратга олиш майдончасида танаффус пайтларида тўқиш билан машғул бўлади.
  • 2004 йилда Болгарияда 9.000 ёшли аёлнинг қолдиқлари топилган. Аёлнинг тишлари мукаммал даражада сақлангани боис археологлар унга «Жулия Робертс» деб ном беришди.

Ширин АКБАРОВА тайёрлади

"Sug'diyona" gazetasidan Onlayn.uz sayti uchun tuhfa!


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?