» » Гап келганда онангни ая!

Закладки Гап келганда онангни ая!

Название:
Гап келганда онангни ая!
Дата:
24-12-2013, 06:03
Просмотры:
971
 
 
 

Қизларнинг онасига айтиши керак бўлмаган 8 оғиз гапи

 

12 ёшда: "Келинойим ёмон, тили заҳар, ишни чала қилади…”


     Бу ёшда қизалоқ болалик ва ўсмирлик чегарасида турган бўлса-да, руҳан ҳали бола. Уни чақимчилик, қитмирлик, жанжалкашлик ва инжиқлик каби одатлар тарк этиб улгурмаган. Оилага янги келган аёлга акаси ва ота-онасининг эътибори унинг ғашини келтиради. Уларни келинойидан қизғаниш, оилада ўзининг айтгани-айтган, дегани-деган эканини намойиш қилишга уриниш ҳисси кучли бўлади. Шу сабаб, қизалоқ келинойисининг кичик хатоларини кўпиртириб, онаси ё акасига уни ёмонлаши мумкин.

     Оналар! Бу ёшда қизларни йўлга солиш, «эгиб олиш» осонроқ. Шу сабабли уларга янги келиннинг фазилатларини кўрсатиб, янга ва қайнсингил ўртасида дўстлик ришталарини боғлаш муштдек қизчанинг гапи билан бировнинг боласига зуғум қилишдан минг карра афзалдир.

     Қизлар! Келинойингиз сиздан бир неча кўйлакни ортиқ йиртган, уни опа ўрнида қабул қилинг.


14 ёшда: "Мени яхши кўрмайсиз, тушунмайсиз, бу уйда ҳамма менга қарши!”


     У ўз дунёсига эга, кап-катта инсон. У ҳаммасини билади, ҳаммасини қила олади, фақат атрофдагилар ғалати, ҳеч уни тушунишмайди... Ўсмирлар шундай ўйлашади.

     Оналар! Сиздан сабр ва уддабуронлик талаб қилинади. Энди қизингизга ортиқча зуғум қила олмайсиз. Унга ҳаммасини ётиғи билан, дўстона тушунтиришингиз керак.

     Қизлар! Энди кап-катта қизсиз. Сизга ортиқча насиҳатнинг кераги йўқ. Унутманг, бу ҳаётда сизни тушунадиган шу яқинларингиз. Ундан наридагилар фақат тушунган одам ролини ўйнайди, холос.


15 ёшда: "Калта юбка, тор шим олиб беринг...”


     Бу ёшда қиз бола ташқи кўринишига кўпроқ эътибор бера бошлайди. Унга ҳар қанча кийим-бош олиб берманг, барибир, дугонасининг гардероби бойроқ, отаси пулдорроқ, онаси меҳрибонроқдек туюлаверади. Тақлид, кимўзарга рақобатлашиш энди унинг одатига айланиб боради.

     Оналар! Қизингиз ҳаддан зиёд очиқ-сочиқ либос олиб беришингизни талаб қилса, «йўқ» деб чўрт кесишга ошиқманг. Барибир бу билан муаммони ҳал қила олмайсиз. У уйдан сипо кийиниб чиқиб кетиб, дугонасиникида этагини калтароқ қилиб олиши мумкин. Яхшиси, замонавий, шу билан бирга сипо кийим олиб беринг. Асосийси, ўзингиз дидли аёл сифатида унга ўрнак бўлинг.

     Қизлар! Сиз кимгадир ўхшаганингиз эмас, ўзига хослигингиз билан атрофдагиларнинг эътиборини торта оласиз. Демак, «Ким бўпти ўша фалончи, барибир сочлари меникидан калта!», денг-у мағрур одимлайверинг.


16 ёшда: "Мени барвақт уйғотманг, уйқуга тўйиб олай. Керак бўлганида барвақт туришниям эплайман”.


     Албатта, қиз бола бировнинг эшигига боради. Дангаса, уйқучи деган ном орттирмасин дея онаизор хавотирланиши табиий.

     Оналар! «Йўқ, эрта турасан, дедимми, турасан!», деманг асло. Қизингиз ярим кечагача телевизор кўрган, телефонда кимлар биландир гаплашган ёки Интернет оламида "сайр” қилган бўлиши мумкин. Булардан ҳам уни маҳрум этишни тавсия қилмаймиз. Яхшиси, унда барвақт туришга рағбат уйғотинг. Масалан, уч кун вақтли уйғонса, тўртинчи куни барвақт бозорга тушиб, унга ёққан буюмни олиб беришингизни айтинг. Узоғи билан бир ойда қизингизнинг барвақт туришга одатланиб қолади.

     Қизлар! Исталган вақтда барвақт туришни эплайсизми? Қани бир ой шундай қилиб кўринг-чи! Эплармикансиз?!


17 – 18 ёшда: "Турмушга чиқаман”


     Ўн саккиз ёш қизларни айни турмушга узатиш вақти бўлса-да, қиз бола бу ёшда ўз-ўзидан «келин бўламан», дейиши нотабиий. Ахир, у ноз қилиши, турмушга бераман дейишса, «ҳали ўқийман», деб йиғлаши керак!

     Оналар! Қизингизда эрта турмуш қуриш истаги уйғониши, балки сизнинг айбингиздир. Неча марта сандиғингизни очиб, тахи бузилмаган сепларни кўз-кўз қилдингиз, ахир! Ваҳоланки, қизингиз ҳали балоғатга етмаган бўлса, ўқиш, ҳунар ўрганиш, катта мақсадлар сари интилишга ўргатинг, уни. Акс ҳолда биринчи дуч келган «шаҳзода»га  "тегаман”, деб куйдириши турган гап.

     Қизлар! Оқ либосми ё яшил диплом? Бизнингча, диплом олиб, кейин оқ либос кийганингиз, яъни ҳар иккисига ҳам навбатма- навбат эришганингиз маъқул. Бир умр эрингизнинг қўлига қара-а-а-аб ўтишни истамасангиз, энг тўғри йўлни танланг!


20 – 22 ёшда: "Тўйим бўлишини истамайман!”


     Қизларнинг «турмушга чиқаман»идан «чиқмайман»и оналарни кўпроқ ташвишлантиради. Нимага ёши йигирмадан ўтса ҳам бундай деяпти? Бировга кўнгил бериб, кутаётганмикан? Ё кимдир қизгинани алдаб кетдими?.. Хуллас, шайтон минг хаёлга бошлайди.

Оналар! Қизингиз билан дилдан суҳбатлашинг. Энди у оқу-қоранинг фарқига борадиган бўлди. Йигитларга, бўлажак турмуш ўртоғи ва ҳаётга нисбатан қарашлари ўзгарган.

     Қизлар! «Тегмайман» дейишга шошилманг. Умрингиз ўтиб, ёшлигингиз қайтмас бўлгач, афсус бефойда. Яхшироқ қаранг, бахт ёнгинангизда, остонангиздадир, балки. Мағрурлик қилиб уни кўрмаётган бўлишингиз мумкин.


22 – 24 ёшда: "Қайнонам (эрим, қайнсинглим, овсиним ва ҳоказолар)нинг зуғумидан тўйдим”.


     Қиз болани узатмасанг, бир бало, узатсанг, минг бало. Борган жойида тиниб-тинчиб кетармикан, уни хафа қилишмаётганмикан, эрталаб ухлаб қолмаётганмикан, қорни оч қолмаяптимикан?.. Шўрлик онанинг хаёлини бундай фикрлар бир зум бўлсин, тарк этмайди. Боз устига, қиз тушмагур ўн беш кунда бир келиб, келинлик ҳаётидан нолиб турса...

     Оналар! Қизингизни ҳаёт уммонига ташладингиз. Энди мустақил яшасин, бироз қийналсин, хато қилсин, уни тузатсин ва шу тариқа ҳаётий тажриба орттирсин. Унинг гапларига кўп ҳам эътибор бераверманг, юрагингизга яқин олаверманг. Янги уйга кўникиш ҳеч кимга ҳам осон бўлмаган. Сиз ўтгансиз, онангиз ўтган, момонгиз ўтган, бу синов кўпригидан, қизингиз ҳам ўтади, албатта!

     Қизлар! Унутманг, сиз бир куйсангиз, онангиз ўн куяди. Шунинг учун келин бўлиб тушган уйингизнинг яхшисини ошириб, ёмонини яширинг. Муаммоларни ўзингиз ҳал қилишга урининг.    

    

25-35 ёшда: "Бола меники, билганимча тарбиялайман”.


     Қари билганни пари билмас, дейдилар. Бола ота-онаники, аммо тарбияси бувию бобо, ҳатто етти маҳалланики!

     Оналар! Фарзандингиздан "Сиз аралашманг”, деган гапни эшитганингизда аразлашга ошиқманг. Ниятингизни тушунтиришга ҳаракат қилинг. Сиз тажрибангиз билан ўртоқлашаяпсиз, ахир. Тажриба эса пешона деворга урилиб, топиладиган бебаҳо бойлик. Ана шу бойликни баҳам кўраётганингиз учун қизингиз сиздан миннатдор бўлсин.

     Қизлар! Неча ёшда бўлишингиздан қатъи назар, онангизнинг маслаҳатига қулоқ тутишдан оғринманг. Зеро, онаси бор одам ҳеч қачон қаримайди!

         

Мақолани руҳшунос Раъно Алимова тавсиялари асосида Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

"Sug'diyona" gazetasidan olindi.

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?