Закладки Sohir ovoz sohibi

Название:
Sohir ovoz sohibi
Дата:
22-12-2013, 07:39
Просмотры:
1432
 

Ўзбекистон халқ артисти Афзал РАФИҚОВ билан савол-жавоб

 

 

Асқарали АНВАРЖОНОВ,

электромонтёр, Сўх тумани:

— Олдинги ва бугунги дубляж санъати ўртасида, сизнингча, қандай фарқ­лар бор?

— Илгари хориж фильмларида актёрларнинг товуши бутунлай олиб ташланиб, янгидан овоз бериларди, роль кадр ортида қайта ўйналарди. Ҳар бир лаб қимирлаши ўзбекча сўзга мосланарди. Ва бу соф дубляж эди. Бугун эса кадрда оригинал овоз қолади ва у синхрон таржима қилинади. Дубляжчи ролни ўйнай бошлагач, «шўрвасининг шўрваси» бўлади. Демак, дубляж ҳам шунга яраша чиқади-да!

Мурод РАҲИМОВ, ўқитувчи

Хатирчи тумани:

— Алишер Навоий ғазалларини ўқиётганда кўнглингиздан нималар кечади?

— Пушкин, Лермонтов, Есенинни ўқиб тилим чиққан, Толстой, Достоевс­кий асарлари билан фикрим шакл­ланган. Бироқ Алишер Навоий фалсафасини ўрганиб, чин ҳайратни, сўз сеҳрини туйдим. Инсон ўзини жамлаб олса, нафсини енга олса, дунёдаги энг қудратли яратиққа айланишини ҳис қилдим. Ўзимга назар ташлашни ўргандим. Чунки асл санъат кўнгилга улкан ёруғлик бағишлайди, кишини фикрлашга, эзгуликка ундайди.

Эркин АБДУХАЛИЛОВ, Тошкент­даги «Телмахэлектронкс» МЧЖ бош директори ўринбосари:

— Анчадан буён дилга тугиб юрган, бироқ амалга ошира олмаётган қандай ниятларингиз бор?

— Худога шукр, ҳаётман, янги-яхши ниятлар билан яшайман. Буёғи энди сир.

Ноила ҲАЙДАРОВА,

ҳуқуқшунос, Тошкент шаҳри:

— Сиз учун мўъ­жиза бунёд этувчи формула?

— Ўзини енгган инсон — мукаррам. Алишер Навоийнинг бир тўртлиги ана шундай ҳаёт формулаларидан бири:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Ҳулкар ЧИНТОШЕВА, уй бекаси, Юқоричирчиқ тумани:

— ХХ аср ва XXI аср авлодлари ўртасида қандай тафовутларни кўрасиз?

— Техника инқилоби маънавий ўзгаришларга олиб келмоқда. Ақлли ва эҳтиёткор бўлиб боряпмиз. Ҳаётда шиддат, таъсирлашиш кучаймоқда: қовун қовундан тезроқ ранг олмоқда. Шахсий фикр, позиция сусаймоқда. Бироқ ҳар қандай глобаллашув шароитида ҳам ҳар бир ҳамюртимиз ўзимизга хос  қарашларни, урф-одатларни борича асраб қолиши, кейинги авлодга етказиши керак.

Ноила ҲАЙДАРОВА,

ҳуқуқшунос, Тошкент шаҳри:

— Сиз учун мўъ­жиза бунёд этувчи формула?

— Ўзини енгган инсон — мукаррам. Алишер Навоийнинг бир тўртлиги ана шундай ҳаёт формулаларидан бири:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Лутфинисо ҚОДИРОВА, Тошкент шаҳридаги 300-мактаб ўқитувчиси:

— Оила мустаҳкамлигининг асоси нима?

— Олтмиш бешга кирдим, ҳамон шу ҳақда ўйлайман. Ҳозирча хулосам: ҳар ким ўз ўрнини билган оила мустаҳкам бўлади. Бу эр-хотиннинг ўзаро муҳаббати, бир-бирини авайлаши, ҳурмат-эътибору эътирофига ҳам боғлиқ.

Гулнора АКРОМОВА, коллеж битирувчиси, Янгийўл тумани:

— Ҳаётда топганларингизни озми-кўп биламиз, ютқазганларингиз-чи?

— Ютқазганим — ёшлигим: ўтди-кетди, борича фойдалана олмадим. Болалигим ўтган «Камолон» маҳалласининг ўша вақтдаги манзараси, ариқча четида турган тошнинг рангигача тушларимга кириб чиқади. Ҳар лаҳзани охиргиси каби яшаб ўтиш керак экан.

Байрам ПЎЛАТОВ,

санъатшунос, Чимбой тумани:

— Замон қаҳ­рамони ҳақида кўп гапирилади. Сизнингча, у қандай одам бўлиши керак?

— Балки фикрим хатодир, лекин назаримда, замон қаҳрамонини ўз даврида анг­лаш қийин. Ахир, бир пайтлардаги санъат бизга пуфлаб шиширилган, ҳаётий бўлмаган образлар узоқ яшамаслигини керагича исботлаб берди-ку. Замон қаҳрамони инсонга ўзи билан курашни эслатиб туриши лозим.

Жонузоқ СУҲРОБОВ, таълим фахрийси,

Каттақўрғон тумани:

— Халқимиз маънавиятига, қадриятларига номуносиб айрим образларни ҳам ўзбекча гапиртиргансиз. Айтайлик, «Даллас»даги Жэа...

— Оббо! Қаранг, томошабин ҳеч нарсани эсдан чиқармайди-я. Мен профессионалман, рол танламайман. Лекин салбий роллар менга маъқулроқ. Чунки улар одамга ўхшайди: ранг-баранг, ички конфликти кучли. Ўткурий ҳам қадриятларимизга номуносиб, аммо томошабин уни ёмон кўра олмайди. Жэа — пул ва манфаат асосига қурилган давр, муҳит маҳсули: ҳеч қандай қадрият ва қарашни тан олмайди. «Даллас» қўйилган пайтлар Жэача яшаш биз учун янгилик эди. Бугун эса кўникяпмиз. Балки бунга биз ҳам айбдордирмиз.

Нурислом НУРМАТОВ, Тошкент шаҳридаги 260-мактаб ўқувчиси:

— Ҳеч ёлғон гапирганмисиз? Нима сабабдан?

— Яхшилик йўлида ёлғон сўзлаганман. Ҳар бири — бир тарих.

Бахтиёр ЖОБИРОВ, асаларичи, Зомин тумани:

— Одам ўз ҳаёт уйини асаларидай мукаммал қуриши учун нималар қилиши керак?

— Асаларининг уйига ҳам айиқ чанг солади. Баркамоллик манзили эмас, унга интилиш йўли муҳим. Бу эса оилани мустаҳкамлашдан бошланади. Хонадонини тозаламаган одам маҳалла ҳашарида бир ишни қотирармикан?..

Асрор ИСТАМОВ, пенсионер, Бухоро вилояти:

— Орзуси армонга айланган кишига нима дердингиз?

— Сабр, шукр ва умидни маҳкам ушлаш керак. Одам ўзини ўзи кемирмаса, бошқалар уни енга олмайди. Ҳаётга ишониб яшаган инсон синовлардан қўрқмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам қиёфасини йўқотмайди.

Мақсуда ЙЎЛДОШЕВА, пенсеонер,

Тошкент шаҳри:

— Сиздаги ширали овоз қон билан ўтганми, суяк суряптими?

— Ёшлигимда телефон орқали сўзлашсам, гўшакнинг нариги томонида, албатта, тараддудланиш бўларди. Талабалик вақтим «Кўк эшик ортидаги аёл» спектакли репетициясида Ўзбекистон халқ артисти Ойдин Нурбоева илк марта менга овозим ноёблигини айтди. Кейин бу дубляжда яққол билинди, рўёбга чиқди, сайқал топди. Ота-боболарим имомлар, қорилар бўлган. Ҳа, овоз менга қон билан ўтган, лекин фарзандларимда бу қобилият йўқ. Аслида, ҳар бир инсоннинг овози бетакрор. Гап овоз тембрида эмас, ақл ва қалбнинг унда қандай ифода топишида.

Гулчеҳра ТОШБОЕВА, Жалақудуқ тумани телекоммуникациялар боғламаси иқтисодчиси:

— Театрда ўз ролингизни топа олдингизми?

— Ҳар бир актёрнинг, аслида, битта буюк роли бўлади: Зайнаб Садриева — «Фармонбиби», Обид Юнусов — «Ўткурий»... Менда эса... тўғри, Алишер Навоий, Яго образларимни эътироф этишади, бироқ ҳали ўзим тан олганим йўқ. Шунинг учун балки эртага мени кўпроқ овозим туфайли эсласалар керак.

Зилола МИРўИЁСОВА,

Тошкент шаҳридаги 238-мактаб

ўқувчиси:

— Бир марта ишончингизни йўқотган кишига қандай муносабатда бўласиз?

— Бошқа ишонмайман. Чунки барибир алдайди.

Кумушбиби ЭРМАМАТОВА, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултети 1-курс талабаси:

— Дубляж устаси бўлиш учун нима қилиш керак? Мени шогирдликка олган бўлармидингиз?

 

— Телевизион дубляж бошланганда дастлаб мен, Ойбарчин Бакирова, Ҳожиакбар Нурматов ва Римма Аҳмедова чақирув олганмиз. Боиси, фақат бизда нейтрал, бошқаларда характерли овоз бўлган. Нейтрал овоз сув каби исталган шаклга тушади.  Устозлик масаласида эса, синглимиз мени маъзур тутсин, ўзим ҳали шогирдман.

 

Низомиддин ЎРМОНОВ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси:

— Тил ва нутқ маданиятимиздаги асосий нуқсонларни нималарда кўрасиз? Она тилимизни асраш, бойитиш учун ни-малар қилмоқ керак?

— Аввало, телевидение, радио, фильмларда шевабозлик, лаҳжапарастликка барҳам бериш керак. Бу тил яхлитлигига катта путур етказмоқда. Ҳатто, ўқитувчилар дарсда, дикторлар экранда, артистлар саҳнада шевада сўзламоқда, куйламоқда. Ахир, бу қонунбузарлик-ку! Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси давлат тилини ҳурмат қилиши шарт. Бу ислоҳотни менимча, оиладан бошлаш керак. Она тилига бепарволик — миллат тақдирига, ўз ҳаётимизга бефарқлик.


«Оила даврасида» мухбири

Умид ЁҚубов


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz