» » Излаб топилган шаҳзода ва суратдаги малика қиссаси

Закладки Излаб топилган шаҳзода ва суратдаги малика қиссаси

Название:
Излаб топилган шаҳзода ва суратдаги малика қиссаси
Дата:
21-12-2013, 06:08
Просмотры:
1709
 

 

"Sug'diyona" gazetasi materiallaridan Onlayn.uz saytimizda foydalanishga yaqindan


ko'maklashgani uchun muharrir - Nazokat Azimga minnatdorchilik bildiramiz!


(Sayt ma'muriyati).


 

     Баҳриддин БОЗОРОВ ҳамда Лола ЭЛТОЕВА. Улар 1999 йили турмуш қуришган. Уч ўғиллари бор. Тўнғич ўғил — Фирдавс 14, ўртанча фарзанд —Фародис 11, кенжа Фикрат эса 3 ёшда.

     Баҳриддин Бозоров – «ARTLOL» дизайн марказининг директори. Лола Элтоева — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси.

     Шаҳноза Тўрахўжаева, журналист: — Оилабоши – оғир-босиқ, мулоҳазакор, ўрни келганида ҳозиржавоб ва зукко инсон. Унинг "вазир”и эса жўшқин ҳиссиётларга бой, тиниб-тинчимас ижодкор, ёрқин шахс. Уларнинг ҳар иккисига боқиб, қарама-қаршиликларнинг бир-бирига тортишиш назарияси нақадар ҳақиқат эканлигига амин бўласиз. Икки хил феъл-атвордаги икки инсон қарийб ўн беш йиллик бирга кечган ҳаёти асносида қандай қилиб ўзаро уйғунликка эриша олди? Нима учун, бу оилага кўпчилик ҳавас билан қарайди? Нега, Лола Элтоева ҳар бир интервьюсида, албатта, турмуш ўртоғини тилга олади? Нега, Баҳриддин Бозоровнинг аёлларга нисбатан ишлатадиган энг олий мақтови – «Лолага ўхшар экан», деган эътироф?


"Сурат ортида биз танишган сана бор”


      Баҳриддин Бозоров: — Бундан ўн етти йил муқаддам ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида декоратор-рассом ҳамда «Ёш куч» журнали таҳририятида дизайнер бўлиб ишлардим. Касбим тақозосига кўра, бўйнимга доим фотоаппарат осиб юрганим учун театрда кўпчилик мендан сурат ишлаб беришимни сўрар эди. Албатта, рад этолмасдим. Бир куни ёнимга бир қиз ана шундай илтимос билан келди. Кимдир менга бу қизнинг театрга янги келган бўлса-да, шу пайтгача қатор кино ва видеофильмларда бош ролларни ўйнаб танилган актриса — Лола Элтоева эканини шипшитди...
 
 

     Хуллас, бир неча кундан сўнг тайёр суратни қизга бердим. Маъқул келди, ҳисоб-китоб қилдик. Қиз суратнинг орқасига унинг олинган санаси – 1996 йил 12 декабрни қайд этиб қўйди (бу бизнинг танишув санамиз ҳам!). Кейин ҳамма ўз йўлига кетиши керак эди. Аммо…

     Лола Элтоева: — Ўшанда Баҳриддин ака менинг суратимдан яна бир нусхани ўзининг машҳурлар фотоальбомига солиб қўйганини кейин билдим. Негадир, бу сурат ҳамманинг эътиборини тортган ва ким Баҳриддин акага сурат буюртма қилса: «Лоланикидай бўлсин», «Лола опамга ўхшатиб суратга туширинг», деркан.

     Баҳриддин ака ҳанузгача: «Мени ўзингиз излаб топгансиз, «суратга туширинг мени, ака, деб олдимга келган ким?» дея ҳазиллашади. Рост, ўшанда сурат баҳона танишиб, кундалик салом-аликка ўтганмиз.

     У пайтлар Шоҳида Исмоилова ҳамда менинг гримхонамиз бир эди. Шунинг учун ҳам, кўпинча, спектаклдан сўнг Шоҳида опа, у кишининг турмуш ўртоғи Маҳмуд ака, Баҳриддин ака ва мен узоқ пиёда юриб, уйга қайтардик. Баъзан эса Баҳриддин ака Шоҳида опа иккимизни кузатиб қўярди...

     Баҳриддин Бозоров: — Актрисалар ҳақида кўп шов-шувлар, турли миш-мишлар эшитамиз ва уларнинг айримлари, таассуфки, асосли бўлиб чиқади. Шу сабабми, Лолани узоқ кузатдим. Ҳамкасблари, театр аҳлининг у ҳақидаги гаплари, фикрларини тингладим, киши билмас суриштирув олиб бордим. Буни қарангки, бирор жойда унинг обрўсига путур етадиган гап қулоғимга чалинмади. Қизнинг ўзи ҳам сипо, одобли, оғир-босиқ эди. Кейинроқ сездимки, бизнинг қизиқишларимиз, интилишларимиз, гапларимиз бир жойдан чиқар экан.

 

 

 

Гулдастанинг сирли соҳиби


     Баҳриддин Бозоров: — Театр ҳовлисида ажойиб гулзор бор. Ёзнинг охири ва куз ойлари гуллар жуда чиройли очилиб ётарди. Мен Лоланинг ишга келиш вақтини дақиқаларигача аниқ билиб олиб, гулзордан гуллар узардим. Кейин эса уларга сув пуркаб (янги узилган, ҳали шудринги қуримагандек тасаввур уйғотиш учун), гулдонга солиб, Лоланинг гримхонасидаги пардоз столига қўйиб қочардим. Йўлакда кўришиб қолсак, худди ҳеч нима бўлмагандек, сир бой бермай, саломлашиб ўтиб кетаверардим.

     Лола Элтоева: — Мен эса ҳар гал гулдастани кўрганимда ҳаяжонланардим. Менга атаб ясалган бу нафис гулдасталарни ким қолдираяпти экан, деб ҳайрон бўлардим. Ҳамхонам менга маъноли кулиб қўярди. Шоҳида опа иккимиз кимдан гумон қилсак, сўраб чиқамиз. Баҳриддин акадан ҳам сўраймиз. У киши тан олмайди. Аммо гулдаста муаллифининг рассомларга хос диди борлиги кўриниб тургани учун бора-бора бу Баҳриддин аканинг иши эканини ҳамма билиб қолди.


Тўйдан аввалги иккиланиш


     Баҳриддин Бозоров: — Бир куни залда репетицияни кузатиб ўтирсам (унда Лола ҳам иштирок этаётган эди) Раъно опа Ярашева ҳамда Маҳфуза опа Боботиллаева мени чорлаб қолишди. Томдан тараша тушгандек: «Шу қизга уйланиб қўя қолмайсизми, Баҳриддин?», дейишса довдираб, қандай жавоб қайтаришни билмай қолибман. Мен — на уй-жойи, на қўлида дурустроқ сармояси бор, ҳатто шаҳарда доимий рўйхатдан ҳам ўтмаган йигит қандай қилиб шундай қизга оғиз сола оламан? У менга нима учун тегиши керак? Йўғ-ей, бу ҳақида ўйлаш ҳам керак эмас. Шунчаки узоқдан ролларини кўриб, завқланиб юриш ҳам мен учун етарли, деб ўйладим, ўзимча. Яна бир куни эса саҳна ортида Тўти опа Юсупова чақириб олиб, обдан мени тергов қилди: қаерда, қандай оилада туғилиб тарбия топганман, ота-онам ким, оилада неча фарзандмиз, келажак билан боғлиқ режаларим қандай? Тавба, Тўти опанинг мени куёв қилишга қизи йўқ, шекилли, дейман, ичимда. Кейин билсам, опа мени Лола учун суриштирган экан. Хуллас, у бўлди-бу бўлди, тўй бошланиб кетди.

     Лола Элтоева: — Тўйимиз санъаткорлар, ижодкорлар даврасида ўтди. Баҳриддин ака театрдан ташқари журнал таҳририятида ҳам ишлар эди. У ердан шоир, ёзувчи, қаламкаш ҳамкасблари, театр жамоаси, Деҳқонободдан бўлажак турмуш ўртоғимнинг ота-онаси ва қариндош-уруғлари, менинг яқинларим, хуллас, жуда кўп одам йиғилди. Тўй шу қадар узоқ давом этдики, чарчаганимдан оёқда зўрға турадиган аҳволга тушиб, тезроқ уйга кетишни орзу қилганман.

 

 

 

Турмуш ўртоғим — оила устуни”


     Баҳриддин Бозоров: — Мен Лолани «хўжайин», деб чақираман (кулади)!

      Лола Элтоева: — Ҳазиллашиб шундай дейдилар-у, аммо одамлар бошқача тушуниши мумкин. Айтманг, десам ҳам айтаверадилар.

     Баҳриддин Бозоров: — Аввалбошданоқ бу масалани овозга қўймай ҳал қилиб қўйганмиз. Оилада, албатта, эркак хўжайин бўлиши керак. Бу — табиат қонуни. Чунки ким бош бўлса, ўшанга оғир юк тушади, масъулият ҳам унинг бўйнида бўлади.

     Лола Элтоева: — Мен ҳеч қачон умр йўлдошимдан устун бўлишни орзу қилмаганман. Асосийси, турмуш ўртоғим мени тушунса ва севган касбим билан шуғулланишимга қаршилик қилмаса, бўлгани. Баҳриддин ака тушунган, зиёли инсон. Саҳнадаги партнёрларимдан рашк қилгани, муваффақиятимдан ори келганини ҳеч эслолмайман.


"У чинакам Айсберг!”


     Лола Элтоева: — Кўпчилик ҳамкасбларимнинг оиласи (аёл оммага танилиб юлдуз бўлгач, маълум муваффақиятларга эришгач) бузилиб кетганига гувоҳ бўлганман. Чунки ютуқ, шуҳрат нафақат санъаткорнинг ўзи, балки унинг оиласи, жуфти учун ҳам бир синовдир. Эркак киши хотинининг, қайси жиҳатдан бўлмасин, ўзиб кетаётганини кўтариши учун етарли даражада савияли бўлиши керак. Худога шукрки, бундай хавф бизнинг оилага таҳдид солмади. Аввало, ҳар иккимиз ижодкор бўлганимиз билан соҳамиз бошқа-бошқа. Мен — актрисаман, хўжайиним — дизайнер. У киши бир фирманинг етакчиси, тадбиркор одам. Мени ҳеч қачон ўзига рақиб деб билмаган, аксинча, доим қўллаб-қувватлаб келган. Шу жиҳатдан омадим чопган, десам бўлади. Қолаверса, турмуш ўртоғимнинг ўз соҳасида эришган ютуқлари меникидан анча залворли. Биласизми, муз тоғи (айсберг)нинг сув юзасига чиқиб турган қисми унинг ўндан бир бўлаги экан, холос. Айсбергнинг асосий қисми сув остида бўлар экан. Турмуш ўртоғим ўша муз қоянинг ўзгинаси!

     Баҳриддин Бозоров: — Аёл киши билан рақобатлашиш эркакнинг иши эмас. Қўлингдан келса, унга тиргак бўл, буни эплолмасанг, халал берма!


Санъат қурбонлик талаб қилади...ми?


     Лола Элтоева: — Баъзи санъаткор аёлларнинг шахсий ҳаёти изга тушмаган. Улар буни ўзларини санъатга бағишлаганликлари, шахсий ҳаётларини саҳна учун қурбон қилганликлари билан изоҳлашади. Балки бу гапда жон бордир. Лекин ҳар кимнинг тақдири пешонасига битилади. Саҳнада моҳир актриса, шахсий ҳаётда эса бахтли уй бекаси ва севимли аёл бўлган ҳамкасбларим ҳам кўп ва мен улар билан фахрланаман. Уларнинг турмушига аёлнинг муваффақияти, шуҳрат, орзу-ҳавас, арзон-гаров рашку ишончсизликлар ҳеч қачон таҳдид сола олмаган. Ўзимдан ҳам қиёс қилиб айтишим мумкинки, бундай аёлларнинг ёнидаги эркаклар – мард инсонлар. Зеро, уларнинг рафиқалари шу даражага етиб юришибди. Санъат фидойилик талаб қилади, тўғри, аммо ҳар доим ҳам шахсий ҳаётингни қурбон қилишга мажбур эмассан.

     Болалар тарбияси — осон юмуш эмас

     Баҳриддин Бозоров: — "Лола опам ҳали театр, ҳали кино, ҳали гастроль қилиб юрса, уйдаги уч ўғилни ким тарбиялайди” дейдиганлар кўп. Мен отаман, болаларнинг тарбиясида иштирок этаман, аммо парвариши аёлимнинг зиммасида. Қандай қилиб ҳаммасига улгуради, ҳайронман. Уйда бўладими ё сафардами, болаларимиз оқ ювиб, оқ таралган, иссиқ овқатимиз тайёр, уйимиз саришта. Шуларни эпласа, санъат билан шуғулланишига рухсат берилган. Буни яхши тушунади. Минг раҳмат, эплаяпти.

     Лола Элтоева: — Албатта, бир ўзимга осон бўлмади. Ҳозир болалар катта бўлиб қолишди. Аммо улар ёшлигида анчагина қийналганман. Ёдимда, «Эркак» фильмини суратга олиш учун Сурхондарёга кетганимизда болаларим жуда ёш эди. Шунинг учун уларни ва синглимни ўзим билан олиб кетганман. Суратга тушаётганимда болаларга синглим қарарди. Бошқа пайт эса ўзим. Съёмкадан сўнг ҳамма дам олаётганида мен кир ювар, болаларга овқат пиширардим... Хуллас, онам ва сингилларим кўмагида буларнинг барини эпладим. Улардан беҳад миннатдорман.


Муҳаббат — эркак киши наздида...


     Баҳриддин Бозоров: — Икки инсон бир-бирига меҳр қўйган илк дамлар ҳеч қачон ёддан чиқарилмайди, албатта. Аммо вақт ўтиши билан кундалик икир-чикирлар, рўзғор ташвишлари гўзал туйғуларни хиралаштириб, баъзан ҳатто сўндиради ҳам. Дейлик, она боласини беҳад яхши кўради. Фарзанди яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам, унинг ортидан мақтов эшитадими ёки лаънатми – аҳамияти йўқ. Боласини севишда давом этаверади. Эр-хотиннинг муҳаббати ҳам ана шундай — ҳар нарсадан қатъи назар, соф муҳаббат бўлиши керак! Мени совғалар бериб, ширин гапирганим учун севса-ю, қаттиқ гапирсам ёки уришсам, севмай қўйса, бу ишқ эмас, ҳавас бўлади.


"Зиддиятлар кимда йўқ, дейсиз?..”


     Лола Элтоева: — Ҳар бир оиладаги каби бизда ҳам зиддиятлар бўлиб туради. Тўғри, оиламиздаги келишмовчиликлар бақир-чақир, хонтахта муштлашлар билан кечмайди. Турмуш ўртоғимнинг қовоғидан қор ёға бошласа тушунаманки, аёл бошимни эгиб, унга бўйсунишим керак. Шундагина вазият юмшайди. Зиддият кимда йўқ, дейсиз?..


У қандай инсон?


      Лола Элтоева: — Савқи табиий (интуиция)си, мулоҳазакорлиги ва вазминлиги билан менга доим хотиржамлик бахш этадиган ҳамда тўғри қарорлар қабул қилишга йўналтириб турадиган инсон.

     Баҳриддин Бозоров: — (бироз сукутдан сўнг) Таърифлаш қийин. Билганим шуки, дунёдаги жамики яхши аёллар Лолага ўхшайди!


 

"Sug'diyona" gazetasining bosh muharriri -

Nazokat Azimning ruxsatisiz maqolani boshqa

saytga ko'chirish qat'iyan taqiqilanadi! 

 


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz