Закладки Kommunal to'lovlar

Название:
Kommunal to'lovlar
Дата:
19-12-2013, 07:13
Просмотры:
1494
 
 

Энг кўп савол туғдирадиган, одамларни ўйга толдирадиган масалалардан бири бу — коммунал соҳадир. Бугун одамлар коммунал тўловларни тез, ортиқча сарсонгарчиликсиз ва мақбул тарзда тўлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Лекин шунга қарамай, бу борада камчиликлар ҳам йўқ эмас. Фуқароларни коммунал хизмат ва тўловлар бўйича қийнаётган саволлар талайгина.

«Ўзкоммунхизмат» агентлигининг бош мутахассиси Зарифа ХУДОЙҚУЛОВАдан ана шундай саволларнинг айримларига жавоб олдик.

— Коммунал тўловларни тўлашда аҳолининг қайси қатламига имтиёзлар бор? Улар нималардан иборат?

Муҳайё РАҲМАТОВА, Узун тумани

 

— 2001 йилдан бошлаб қонунчилик асосида уй-жой — коммунал хизматларининг ҳақини тўлаш бўйича имтиёзга эга шахслар рўйхати тасдиқланди. 2003 йил 1 апрелдан уй-жой — коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёз ўрнига энг кам иш ҳақи ҳисобидан табақалаштирилган миқдорда ойлик компенсация пул тўлови жорий этилди.

Компенсация пул тўловининг суммаси жисмоний шахсларнинг жами даромадига қўшилиши ҳамда иш ҳақи (пенсиялар) тўланадиган муддатларда тўланиши белгиланган. Бундай тўлов ўзгалар қарамоғига муҳтож ёлғиз пенсионерларнинг пенсия даромадига; Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари, қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар даромадига; собиқ иттифоқ Қаҳрамонлари, Меҳнат қаҳрамонлари ва «Шуҳрат» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар, фашистлар концлагерларининг собиқ вояга етмаган тутқунлари, Ленинград шаҳри блокадаси даврида ишлаган фуқаролар, кўзи ожиз 1-гуруҳ ногиронлари, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида зиён кўрган фуқаролар, Ядро полигонларида ва бошқа ядровий-радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларнинг даромадларига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 45 фоизи ҳисобида қўшиб тўланади.

1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон уруши давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг даромадига белгиланганэнг кам ойлик иш ҳақининг 18 фоизи ҳисобида қўшиб тўланади.

 

— Газ таъминотида носозлик рўй бериб, таъмирлаш ишлари чўзилиб кетса, газ ҳисоблагичи бўлмаган хонадонлар учун тўловда бирон чегирма белгиланганми? Масалан, табиий газ икки ҳафта бўлмаса, истеъмолчи тўловни қолган кунларга тўлаши мумкинми?

Шоҳруҳ ДАВЛАТОВ, Янгибозор тумани

 

— Мумкин. Истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасидаги муносабатлар улар ўртасида тузилган шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 20 февралда тасдиқланган «Аҳолига коммунал хизматларни кўрсатиш қоидалари»га асосан амалга оширилади. Шартномада икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда алоҳида шартлари кўрсатиб ўтилади.

24 соат мобайнида коммунал хизматларни етказишда узилиш рўй берса ёки етказиб бериш тўхтатиб қўйилса, у ҳолда истеъмолчи томонидан берилган аризага асосан далолатнома тузилиб, унда дастлабки ҳолатни тиклаш муддати белгиланади. Шунга кўра, кўрсатилмаган хизматлар учун қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Бажарувчи келмаган тақдирда далолатнома уй-жой мулкдорлари ширкати ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари иштирокида тузилади.

— Табиий газ, иссиқ ва совуқ сув (ҳисоблагич бўлмаган тақдирда) ҳамда чиқинди кабиларда коммунал тўловлар киши бошига тўланади. Бироқ «киши бошига» деганда ким тушунилади? Бунда фуқаронинг вояга етмаган ё энди туғилган чақалоғи бўлса, у ҳам ҳисобга кирадими?

Холида МАМАЖОНОВА, Тошкент шаҳри

 — Албатта, киради. Хусусий уй-жой фондининг кўп квартирали уйларида уй-жой мулкдорлари ширкатлари, уй-жойдан фойдаланиш ташкилотлари, ягона буюртмачи хизматлари ёки коммунал хизматларни етказиб берувчиларнинг хизматларидан фойдаланишнинг амалдаги нормалари ёки хусусий ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари ҳисобга олинган ҳолда тузилган шартномага мувофиқ, аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 сентябрдаги қарорига асосан газ ва электр билан таъминлаш хизматларининг тарифлари Молия вазирлиги томонидан, сув, канализация, иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш хизматлари тарифлари — Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ҳокимликларининг молия бошқармалари ва Тошкент шаҳрининг Бош молия бошқармаси томонидан белгиланади.

«Киши бошига» тушунчаси деганда, нафақат хонадонда яшаётган фуқаро сони (доимий ёки вақтинча рўйхатда туришидан қатъи назар), шу жумладан, туғилган чақалоқ ҳам ҳисобга олинади.

 

— Иситиш тизими учун уй-жой майдонига қараб ҳар ой маълум миқдорда пул тўланади. Лекин иситиш тизими фақат совуқ кунларда — 4-5 ой берилишини инобатга олсак, нега унга 12 ойга ҳақ олинади?

Феруза ЭРГАШЕВА, Қибрай тумани

 

— Бунинг сабаби бор-да. Марказий иситиш хизматлари учун йиллик тўлов суммаси иситиш мавсуми давомийлигини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилган. Ҳар ойда тўланадиган ҳақ йиллик суммани тенг равишда тақсимлаш йўли орқали белгиланган.

 

— Хонадонда бирон носозлик рўй берган тақдирда хусусий уй-жой мулк­дорлари ширкатига мурожаат қилсам, у ернинг сантехниклари хизмат кўрсатиш учун пул талаб қилишади. Ҳолбуки, ширкатга ҳар ой пул тўлайман. Бундай ҳолатда, яхшиси, хонадонимдаги таъмирлаш ишларини ўзим қилиб, ширкатга ҳеч қандай тўлов қилмаганим маъқул эмасми?

Туроб ХЎЖАНОВ, Бухоро шаҳри

 

— Уй-жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олиши шарт. Умумий харажатлар ширкат аъзоларининг умумий мол-мулкини, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ харажатларидир. Уй-жой мулкдорининг умумий харажатлардаги иштироки улуши уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдонига мутаносиб равишда белгиланади.

Ширкат аъзолари умумий харажатларни қоплаш учун ҳар ойда, қоида тариқасида, пул шаклида мажбурий бадаллар тўлайдилар. Айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши уй-жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

 

— Аксарият кўп қаватли уйлар кириш йўлакларининг фақат 1-2-қавати таъмирланади. Қолган қаватларга умуман эътибор берилмайди. Нега? Бундай вазиятда хонадон эгалари нима қилиши керак?

Санобар ҒАФУРОВА, Гулистон тумани

 

— Умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш бўйича фаолият — ширкат, уй-жой мулкдорлари, пудратчилар (юридик ёки жисмоний шахслар) томонидан амалга оширилиши мумкин. Пудратчилар умумий мол-мулкка хизмат кўрсатишни ва уни таъмирлашни ширкат, бош­қарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот билан тузилган шартномалар асосида амалга оширади.

Сизга шундай ҳолатда ширкат аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириб, кун тартибига ушбу масалаларни киритишни ҳамда йиғилиш баённомаси билан расмийлаштиришни тавсия этамиз. Йиғилишда қабул қилинган қарор ширкатнинг барча аъзолари учун мажбурийдир.

 

— Баъзан коммунал тўловлар учун мутасадди ташкилотлар ходимлари хонадонларга иш тугаган маҳал, кечқурун келиш ҳоллари (шу жумладан, дам олиш кунлари ҳам) кузатилади. Бунга уларнинг ҳақи борми? Устига-устак, бу меҳнат қонунчилигига зид эмасми?

Алишер АШУРМАТОВ, Тошкент шаҳри

 

— Коммунал хизмат кўрсатиш ходимларининг бир қатор вазифа ва мажбуриятлари бор. Улар тармоқ ва ҳисоблагичларни техник кўрикдан ўтказиш, коммунал тўловлар бўйича қарздорлар билан тушунтириш ишлари олиб бориши зарур. Бундан таш­қари, кўпчилик фуқаро кундузи иш ва ўқишда бўлгани сабабли бу пайтда мутасаддилар ўз юмушини тўлиқ бажара олмайди. Шунинг учун улар асосий иш вақтидан ташқари, бошқа пайт­да ҳам шуғулланишга мажбур.

Коммунал хизмат кўрсатиш корхонаси инспектори ўзининг ўрнатилган тартибда тасдиқланган гувоҳномасини кўрсатиши, махсус формада бўлиши, корхонанинг телефон рақами ҳамда ўзи ҳақидаги маълумотларни айтиши керак. Сиз ташкилотга қўнғироқ қилиб келтирилган маълумотлар тўғрилигига ишонч ҳосил қилганингиздан кейин уни уйга киритишингиз мумкин.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ ёзиб олди.



кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?