» » Бола дарсда йўқми, интернет кафедан қидиринг!

Закладки Бола дарсда йўқми, интернет кафедан қидиринг!

Название:
Бола дарсда йўқми, интернет кафедан қидиринг!
Дата:
8-12-2013, 06:18
Просмотры:
723
 
     Эрталаб бармоғингизга кичик бир зирапча кирди. Вақтингиз зиқлиги ёки бошқа бир сабаб билан уни олиб ташламадингиз. Бу зирапча бугун кириб, эртага ўз-ўзидан бармоғингиздан чиқиб кетмайди. Унга  эътиборсизлигингиз қўл келиб, аста-секин йиринглашни бошлайди. Қарабсизки, бир неча кун ичида ўша жойда каттагина яра пайдо бўлибди. Шифокор эса бу ҳолни олдини олмаганингиз, эътиборсизлик қилиб, жонингизни азобда қолдирганингизни айтади. Энди нима қилмоқ керак? Азиз жонингизни азобга қўйиб, уни даволатасизми ёки пушаймон қилиб, ич-этингизни еб юраверасизми?
     Бу мавзуни ёритаётганимда бевосита хаёлимдан кечган ўйлар шу бўлди. Назаримда, биз ҳар куни кўраётган, бироқ эътиборсизлик қилаётган бу ҳолат ҳам худди зирапчанинг тақдирига ўхшайди…
     Яқинда ҳужжатларимдан нусха кўчиртириш учун бир интернет кафега кирдим-у, у ердаги ғуж-ғуж бўлиб компьютерларга ёпишаётган болаларни кўриб, ҳайрон қолдим! Ахир ҳозир соат кундузги 11:30. Бу пайтда ўқувчилар дарсда бўлишмайдими? Бугун дам олиш куни ҳам эмас-ку!
     Бу ўқувчилар нега мактабга бормай бу ерда ўтиришибди? Уларни ўқитувчилар уришмасмикин?
- Эрталаб соат ўнлардан бошлаб болалар келишни бошлайди. Улар мактабга борадими-йўқ­ми, бу менинг ишим эмас! — деди оператор йигит энсаси қотиб.
     Афтидан буларнинг барчаси мактаб-коллеж ўқувчилари. Демак, эрталаб уйдан ўқишга боряпман, деб чиқиб кетишган. Ўқитувчилари эса уларни дарсга келмади, уйида деб ўйлайди. Айни билим олаётган, келажагига замин яратаётган бир пайтда бу ўқувчиларнинг компьютерда жангари ўйинларни ўйнаб ўтирганига нима дейсиз?
     Манави болаларга чал­ғиб, нега кирганимни ҳам унутаёзибман. Ҳужжатлардан нусха чиқартириб олдим-у, интернет кафедан таъбим хира бўлди. Сабаби, у ерда ўн беш дақиқача турган бўлсам, ўқувчиларнинг жангари ўйинларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўйнаётганини кў­риб, юрагим увишиб кетди. Энг ёмони, уларнинг оғзидан чиқаётган ҳақо­ратларни эшитишга юз чидамайди, қулоқ дош бе­ролмайди.
     Болалардан бири ўр­тоқларига тайинлаб, бирровга ташқарига чиқди. Унинг ортидан эргашиб, нега бу ўйинларни ўйнаётгани, айни дарсда бў­лиши керак пайтда интернет кафеда ўтиришининг сабабини сўрадим. Йигитча ўзини таништиришни истамади.
- Ота-онам эрталаб мактабга кузатишади. Улар дарсим қачон тугашини жуда яхши билишади. Соат учдан кейин уйда бўлишим керак. Уйимизда компьютер йўқ, шундай экан, бўш вақт топиб, оғайниларим билан бу ерга келамиз-да.
- Бўш вақт деганинг дарсдан қочишми?
- Нега мени сўроқлаб қолдингиз? Ана кўряпсизми,шунча бола мактабга, коллежга бормасдан шу ерда ўтирибди-ку. Битта мен эканманми, дарсдан қочган…
Ўсмирнинг жиззакилигига жавобан бироз насиҳат қилган бўлдим. Лекин унинг ёшида ўзганинг фикрини уқмасдан, фақат ўзни ҳақ билиш қои­даси борлигини билганимдан индамай қўя қолдим. Бироқ шундан бери интернет кафеларнинг ёнидан ўтаётиб, унга кириб кетаётган йигитчаларни кўриб, ачиниб кетаман…
     Ахборот олиш -зўравонликни ўрганиш дегани эмас!
     Мамлакатимизда чиқарилаётган ҳар бир ҳу­қуқий ҳужжат, албатта, инсон  манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. Жумладан, 2008 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни ҳам айнан юртимизда истиқомат қилаётган ёш авлод-фарзандларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги қонуний асосларни ўз ичига олган. Ушбу Қонуннинг 16-моддасида боланинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида баён этилган. Унда «Ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир бола ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳу­қуқига эга, қонунда назарда тутилган чеклашлар бундан мустасно.
     Порнография, шаф­қатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳ­қирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тар­қатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланади».
     Шу ўринда, интернет кафеларда намойишга қў­йилган ўйинларнинг бола соғлигига, ахлоқий ва маънавий камол топишига нечоғли аҳамиятли экани борасида фикр юритсак. Жанг саҳналари ор­қали қаҳрамонларнинг бир-бирини мағлуб этиши, зўравонлик билан унга таҳдид этиши ўсмир руҳиятига қандай таъсир кўрсатади? Шу муносабат билан мутахассисларга мурожаат этдик.
 
                             Нигора ШОМУРОТОВА, психология фанлари номзоди:

- Баъзан ёнимга ота-оналар фарзанди улғайиб, характери тамоман ўзгарганини айтиб, шикоят қилиб келишади.
«Ўғлим кўчага чиқиб, хулқи нобоп болаларга қўшилмасин деб уйимга компьютер олганман. Лекин яқинда ўғлимни кў­чадаги интернет кафеда ўйин ўйнаётганини қўш­ним кўриб қолибди. Уйимиздаги компьютердан нега фойдаланмаслигини сўрасам, «бунда ўйинлар йўқ-да» деди. Эртасига атайин болалар мактабда бўлиши керак пайтда интернет кафега бордим. Хайриятки, улар орасида ўғлим йўқ экан. Лекин у тенги болалар чуғурлашиб, компьютерда ўйин ўйнаяпти. Синчковлик билан тикилиб, улар ўйнаётган ўйиннинг зўравонликдан ўзга нарса эмаслигига амин бўлдим…» дейди ҳузуримга келган бир ота. Унга аввало, фарзандини сиқувга олмаслигини маслаҳат бердим. Чунки одам табиатида бирон нарсани қаттиқ чекланса, унинг қизиқиши икки ҳисса ортади. Болани уйда ўйинлардан чеклаб, ҳар бир ҳаракатини қаттиқ назоратга олган билан керакли натижага эришиб бўлмайди. Яхшиси, фарзандга бундай ўйинлар соғликка, руҳиятга, унинг келажагига зарар етказишини, орзулари йўлидан адаштиришини содда ва самимийлик билан тушунтиринг. Фарзанд буни ақлан қабул қилса ва ишонса, унинг руҳиятида ҳимоя қобиғи пайдо бўлади. Биз фарзандларимизда ана шу ҳимоя қобиғини пайдо қила олсак, у нафақат интернетдаги жангари ўйинлардан, балки унинг онгига салбий таъсир этувчи бошқа ташқи таъсирлардан ҳам асраган бўламиз.
 
Зулфия АБДУНАЗАРОВА, она:

- Менимча, фарзандларимизнинг нотўғри қадам ташлашига аввало, ота-она сабабчи, деб ўйлайман. Ўзимнинг ҳам ўсмир ёшидаги фарзандларим бор. Тўғри, улар ҳам тенгқурлари каби қизиқувчан. Айниқса, компьютер қаршисида соатлаб ўтиришни, турли ўйинлар ўйнашни истайди. Шундай пайтда фарзандларимга ҳар бир нарсанинг яхши ва ёмон томонини кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Яъни ўша компьютернинг ижобий-фойдали тарафларини кўрсатиб, ана шулардан фойдаланса, бажонидил рухсат беришимни айтаман. Фарзанд­га оқ ва қора, яхши ва ёмонни тўғри тушунтирилса, у йўлидан адашмайди. Ота-она ҳамда фарзанд ўртасида ишонч ва меҳр бўлса, менимча, ҳаммаси рисоладагидек бўлади.
Абдурасул ДЎСТМУРОДОВ, Мирзо Улуғбек тумани касб-ҳунар саноат коллежи маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари:
- Тўғри, ўсмир ёшидаги ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига асосан, таълим маскани-мактаб-коллежлар жавобгар саналади. Бу жавобгарлик шунчаки ўқитувчи эрталаб дарс­га кириб, «давомат»ни текшириш ва дарс мавзусини ўтиши билан кифояланмайди. Бундоқ қарасак, ўша ўқувчи эрталабки «давомат» да бор. Яъни у бугун коллежга келган. Бироқ кейинги дарсларда у «ўз билганича» йўл тутиб кетади. Айтмоқчи бўлганим, таълим муассасасидаги «давомат» ўқувчини тўлақонли ўқиётганини тасдиқламайди. Шунинг учун ҳам ҳозир ҳар бир дарсда коллеж маъмурияти гуруҳларга кириб, йўқлама қилиб чиқяпмиз. Менимча, ота-она фарзандини ўқиётганига ишониб юрмасдан, уни қандай ўқиётганини, қайси фанлардан билими оқсаётганига, ҳатто  таълим масканидаги ўқитувчи ва ўқувчилар билан муносабатигача  назорат қилиши шарт. Ота-она, таълим маскани ва маҳалла ҳамкорлигидаги назорат ўқувчини вақтини беҳуда сарфлашдек ножўя ҳаракатлардан асраб қолади. Мана шу уч томонлама назорат бўлмас экан, ўқувчида ўша ёт машғулотларга интилиш мойиллиги сақланиб қолади.

Турсуной ИКРОМОВА, маҳалла маслаҳатчиси:

- Вазифам тақозоси билан маҳаллани айланиб, фуқароларнинг аҳволини, турмушини кузатишга ҳаракат қиламан. Ўша пайтда маҳалладаги интернет кафелардан чиқиб келаётган ёш йигитларни кўриб, ажабланаман. Бир неча марта мактаб маъмуриятига ўқувчилари кундузи-дарс пайтида интернет кафеда бўлишини, бунга нисбатан чора кўриши кераклигини айтдим. Тўғри, шундан кейин бир-икки кун ўша ўқувчилар интернет кафеларда кўринишмайди. Орадан ҳафта ўтмай, қарабсизки, яна ўша эски ҳаммом, эски тос-да. Маҳалла, таълим маскани жон куйдиргани билан ота-она бу ҳолга эътиборсизлик қилса, ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди.
 
"БЕКАЖОН"дан олинди

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz