Закладки Президент нутқи

Название:
Президент нутқи
Дата:
23-11-2013, 07:10
Автор:
Просмотры:
1675
 
Президент Ислом Каримовнинг Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилишидаги нутқи
 
Ҳурматли Форум иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Сиз, азиз меҳмонларимизни, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари, йирик агентлик ва компаниялар, тадқиқот марказлари вакиллари, мутахассис ва экспертларни – Форумнинг мазкур йилиғишида қатнашаётган барча иштирокчиларни Тошкент шаҳрида қабул қилиш ва қутлаш, ҳаммангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромимизни билдириш биз учун катта шарафдир.

Мен Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао жанобларига Форум йиғилишида шахсан иштирок этаётгани, «Қуёш энергияси бўйича Осиё ташаббуси»ни ҳаётга татбиқ этишга қўшаётган улкан ҳиссаси, Осиё тараққиёт банки ва унинг тузилмалари томонидан қуёш энергетикасидан фойдаланиш ва уни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш соҳасида кўрсатилаётган беқиёс ёрдам учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

Форум мажлисида иштирок этаётган Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО), Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро марказлар ва тузилмалар вакилларига, мазкур анжуманга катта қизиқиш билдирган барча меҳмонларимизга самимий ташаккур изҳор этаман.

«Қуёш энергияси технологияларини ривожлантириш тенденциялари ва истиқболлари» мавзусидаги мазкур йиғилиш учун таклиф этилган кун тартибини, биринчи навбатда, «Қуёш энергетикаси учун ускуналар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш ва Осиё ускуналар бозорини кенгайтириш истиқболлари» каби масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш, ҳеч шубҳасиз, ғоят долзарб аҳамиятга эга бўлиб, кўплаб давлатлар ва минтақаларда катта амалий қизиқиш уйғотади.

Маълумки, цивилизациялар тарихида энг самарали энергия манбаларини топиш доимо алоҳида аҳамиятга эга бўлиб келган. Биринчи навбатда, электр ва иссиқлик энергиясининг асосий хомашёси бўлган углеводород захираларини ўзлаштириш учун сўнгги ўн йилликда улкан миқдордаги инвестиция маблағлари йўналтирилди ва йўналтирилмоқда.

Бугунги кунда энергия ресурслари манбалари, нефть ва газ захираларига эга бўлиш чексиз даромад олиш ва халқаро майдонда ўзининг мавқеи ва таъсирини оширишда алоҳида аҳамият касб этадиган энг муҳим омиллардан бири экани ҳеч кимга сир эмас.

Кейинги пайтда углеводород хомашёсини қазиб олиш борасида юз берган, «сланец инқилоби» деб аталаётган янги босқич эртага баъзи қитъалар, мамлакат ва ҳудудларнинг энергетика бозоридаги ҳамда жаҳон майдонидаги кучларнинг геосиёсий жойлашувидаги ўрни ва ролини ўзгартирадиган жиддий омилга айланиши мумкинлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади, деб ўйлайман.

Бироқ бундай ўзгаришлар қайта тикланадиган энергия манбаларига, биринчи навбатда, дунёдаги энг соф қуёш энергиясидан фойдаланишга бўлган, йилдан-йилга ортиб бораётган қизиқиш ва эҳтиёжни ҳеч қачон сусайтира олмайди.

Бу ҳақда гапирганда, қуйидаги фактга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, дунёда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатлари ўртача 3,4 фоизни ташкил этаётган бир пайтда, қайта тикланадиган энергия манбаларининг энг истиқболли таркибий қисми бўлган қуёш энергияси кейинги беш йил давомида ҳар йили мисли кўрилмаган суръатларда, яъни 60 фоизга ошмоқда.

Ана шу 5 йил мобайнида қуёш энергетикаси соҳасига йўналтирилган ялпи инвестициялар ҳажми 520 миллиард долларни, жумладан, фақат 2012 йилнинг ўзида 143 миллиард долларни ташкил этди.

Қуёш станциялари томонидан 2012 йилда ишлаб чиқарилган жами электр энергияси 113 миллиард киловатт-соатни, жумладан, фотоэлектр станциялар бўйича 110 миллиард киловатт-соатни ташкил этди.

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, дунёда муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбаларини излаб топиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, хусусан, электр ва иссиқлиқ энергияси олиш учун қуёш энергиясидан фойдаланишга бўлган қизиқишнинг жадал ўсиб боришига олиб келаётган сабаблар кўп.

Биринчи навбатда, бу жаҳон иқтисодиётида энергияга бўлган талабнинг йил сайин ортиб бораётгани билан боғлиқ. Яна бир сабаби шундаки, анъанавий углеводород хомашёси бўлмиш нефть ва газнинг янги манбаларини ўзлаштириш тобора қийинлашиб бораётгани ва шу билан бирга, уларнинг захиралари камайиб кетаётгани халқаро ҳамжамиятда ташвиш уйғотмоқда.

Аммо шу борада ҳеч қачон эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган шундай муҳим бир омил борки, у ҳам бўлса, қазиб олинаётган ёқилғидан фойдаланиш мисли кўрилмаган даражада кенгайиб бораётгани атроф-муҳитга сезиларли даражада зарар етказаётгани, аҳолининг саломатлиги ва ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани ва келажакда глобал миқёсда барқарор ривожланишга хавф солаётгани билан боғлиқ.

Юзага келган вазиятдан чиқиш йўлларидан бири, бу, аввало, қайта тикланадиган энергиянинг энг самарали ва истиқболли манбаи сифатида қуёш энергетикасини ривожлантириш лойиҳаларига инвестиция йўналтиришни янада кўпайтиришдан иборат.

Иккинчидан, муаммони ҳал этишда илмий ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини ҳар томонлама жадал ривожлантириш ва шунингдек, қуёш электр энергияси ишлаб чиқарувчилар ва унинг истеъмолчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш талаб этилади.

Учинчидан, бу борадаги яна бир имконият углеводород хомашёсидан фойдаланишга асосланган анъанавий энергетика тизимига нисбатан қуёш энергетикаси рақобатдошлигини таъминлаш билан боғлиқ.

Агар 2008 йилда бир киловатт-соат қуёш электр энергиясини ишлаб чиқариш 35 цент даражасида бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бу рақам, экспертларнинг маълумотларига кўра, ўртача 11-12 центни ташкил этаётгани, Хитой ва Ҳиндистон каби айрим мамлакатларда эса барпо этилаётган фотоэлектр станцияларда бир киловатт-соат электр энергияси таннархини 8-9 центга қадар тушириш вазифаси қўйилаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, бу мақсадга эришиш мумкин экани аён бўлади.

Бошқача айтганда, баъзи мамлакатлардаги фотоэлектр станцияларда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси, унга нисбатан анъанавий имтиёз ва преференциялар қўлланмаётган бўлса-да, углеводород хомашёсини ёқиш ҳисобидан олинадиган электр энергияси билан рақобатлаша олади.

Яна бир масала. Вақти-вақти билан такрорланаётган глобал иқтисодий инқирозлар сабабларини таҳлил қилиш асносида хулоса чиқарган айрим олимларнинг фикр-мулоҳазаларида муайян мантиқ мавжуд. Яъни, ҳалокатли инқироздан чиқиш йўлини топиш жаҳон ҳамжамиятини замонавий технологияларнинг принципиал жиҳатдан янги авлодини ўзлаштиришга, бошқача айтганда, ишлаб чиқаришнинг янада жадал ва тежамкор ўсиш суръатларини таъминлайдиган илмий-техник тараққиётнинг янги босқичига олиб келади.

Шу муносабат билан қуйидаги хулосага келиш қийин эмас. 2008 йилда бошланган ва ҳамон давом этаётган глобал инқироздан чиқиш кўп жиҳатдан бизнинг биринчи навбатда энергетика соҳасида технологик тараққиётнинг янги босқичига қанчалик тез ўтишимизга боғлиқ.

Бу ўринда сўз бугунги кунда ривожланаётган давлатлар иқтисодиётини қайта тиклашга тўсқинлик қилаётган асосий сабаблардан бири – анъанавий энергия ресурслари, авваламбор, нефть нархининг асоссиз равишда юқори бўлиб қолаётгани ҳақида бормоқда. Иқтисодий жиҳатдан самарали фотоэлектр энергияси манбаларини оммавий равишда жорий этиш истиқболда нефть нархини оптималлаштириш имконини беради. Бу эса ўзининг чекланган валюта захираларини углеводород хомашёсини четдан сотиб олиш учун сарфлашга мажбур бўлаётган ривожланаётган мамлакатларни жадал тараққий эттириш борасида рағбатлантирувчи восита бўлади. Шундай экан, қуёш энергетикаси инқироздан чиқишда локомотив вазифасини бажарадиган омиллардан бири бўлиши мумкин ва зарур.

Муҳтарам анжуман қатнашчилари!

Ўзбекистонда энергетика мақсадлари учун қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бу жараёнларнинг кўлами ва амалий йўналишларини кенгайтиришни тақозо этадиган омилларга қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Бу, биринчи навбатда, мамлакатимизда барқарор юқори ўсиш суръатлари таъминланаётгани, шунингдек, амалга оширилаётган таркибий туб ўзгаришлар, иқтисодиётни диверсификация ва модернизация қилиш, саноатнинг жадал ривожланиши, нефть-газ ва бошқа хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича энг илғор технологиялар билан жиҳозланган замонавий ҳамда қудратли газ-кимё комплексини шакллантириш билан боғлиқ.

Бу борада жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирига қарамасдан, Ўзбекистонда сўнгги олти йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётганини таъкидлаш кифоя, деб ўйлайман.

2000-2013 йилларда бу кўрсаткич 3,8 баробар, ялпи маҳсулот эса аҳоли жон бошига 3,2 баробар ўсди.

Халқаро молия институтларининг баҳоларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг бундай юқори ўсиш суръатлари яқин истиқболда ҳам сақланиб қолади.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, саноатнинг юқори даражада жадал ривожланиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизнинг электр энергиясига бўлган талаби 2030 йилда жорий йилга нисбатан 2 баробар ошади ва 105 миллиарддан зиёд киловатт-соатни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг қуёш энергетикаси борасидаги салоҳияти ва мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш истиқболлари ҳақида гапирганда, қуйидаги фикрларни таъкидлашни истардим.

Биринчи навбатда, Ўзбекистон географик ўрни ва иқлим шароитларига кўра бунинг учун ғоят қулай имкониятларга эга.

Ўзбекистонда ҳаво бир йилда 320 кундан зиёд очиқ бўлиб, мамлакатимиз йил давомида қуёшли кунларнинг кўплиги бўйича дунёнинг аксарият минтақаларига нисбатан устунликка эга.

Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки хулосаларига кўра, Ўзбекистонда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқдир.

Ана шу ресурслар ҳисобидан, экспертларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, мамлакатимизда жорий йилда истеъмол қилинадиган электр энергиясидан 40 баробар кўп ҳажмдаги электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин.

Мамлакатимизда қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги тадқиқотлар ўтган асрнинг 80-йилларида, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Осиё минтақасида ягона ва илмий ишланмалари юртимиздан ташқарида ҳам машҳур бўлган "Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг илмий-экспериментал маркази ташкил этилганидан кейин жадал ривожлана бошлади.

Бугунги йиғилиш иштирокчилари Форум дастури доирасида ушбу марказ фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Мазкур илмий мажмуа таркибидаги 1 мегаватт қувватга эга бўлган гелиоконцентраторли улкан қуёш печи 3 минг даражали иссиқ ҳарорат ҳосил қилиш ва ўта соф материаллар ишлаб чиқаришни таъминлаш, ноёб илмий тадқиқотлар ва иссиқликка оид синовлар ўтказиш имкониятига эга.

Ўзбекистон бугунги кунда илмий-техник, эксперимент ўтказадиган кадрлар бўйича улкан салоҳиятга эга бўлиб, мамлакатимизда қуёш энергиясини лойиҳалаштириш ва ундан фойдаланиш бўйича катта ҳажмдаги конструкторлик ва технологик ишланмалар тўпланган.

"Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда жорий йилда Тошкентда ташкил қилинган Халқаро қуёш энергияси институти илмий ва илмий-экспериментал тадқиқотлар ўтказиладиган минтақавий марказга айланиши кўзда тутилмоқда. Мазкур тадқиқотлар натижалари қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича истиқболли технологиялар сифатида жорий этилиши мумкин.

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича пилот лойиҳани амалга оширишга киришди. Қисқа муддатда унинг лойиҳа-техник ҳужжатлари тайёрланди, 400 гектардан ортиқ ер майдони ажратилди, объект қурилишини бошлаш билан боғлиқ деярли барча масалалар ҳал этилди.

Биз келгусида юқори самара берадиган, янги технологияларга асосланган яна бир нечта йирик қуёш электр станциясини барпо этишга киришишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳозирги вақтда шу мақсадда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 6 та ҳудудида энг замонавий ўлчаш станциялари жойлаштирилди ва ҳар томонлама пухта ишланган лойиҳаларни тайёрлашда зарур бўладиган барча маълумотларни йиғиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон фотоэлектрик модуллар ва қуёш энергетикасида қўлланадиган бошқа ускуналарни ишлаб чиқариш учун бой хомашё захираларига эга эканини алоҳида қайд этишни истардим.

Ўтган йили мамлакатимизда Жанубий Кореянинг "Неоплант” компанияси билан ҳамкорликда йиллик қуввати 12 минг тоннани ташкил этадиган техник кремний ишлаб чиқарадиган завод фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда "Ангрен” махсус индустриал зонасида Кореянинг "Шиндонг Энерком” компанияси иштирокида йиллик қуввати 5 минг тонна бўлган кремний ишлаб чиқарувчи иккинчи завод қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Келгусида ушбу маҳсулот юқори самарали фотоэлектрик қуёш панеллари ишлаб чиқариш учун хомашё манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Хитой Халқ Республикасининг йирик компаниялари иштирокида 2014 йилда "Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида дастлабки қуввати 50 мегаватт бўлган фотоэлектр панеллари ишлаб чиқарадиган, "Жиззах” махсус индустриал зонасида эса йилига 50 минг дона қуёш иссиқлик коллекторлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этилади.

Ўзбекистонда маиший ва уй-жой-коммунал соҳада, хусусий уйларда қуёш энергиясидан фойдаланишни кенг жорий этишга, бу борада зарур ишлаб чиқариш ва сервис имкониятларини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, бундай технологияларни кенг миқёсда қўллаш яқин йилларда юртимиз энергия тизимига тушаётган энергия юкини 2 миллиард киловатт-соатга қисқартириш, локал тарзда қарийб 2 миллион гигакалорияиссиқлик энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш имконини беради. Бу эса йилига жами 250 миллион доллардан ортиқ қийматдаги энергия ресурсини тежашни таъминлайди.

Мамлакатимизда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш дастури доирасида ҳар йили намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1,5 миллион квадрат метрдан зиёд бўлган 10 мингдан ортиқ якка тартибдаги замонавий уй-жойлар барпо этилаётганига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мазкур дастур доирасида биз техник жиҳатдан илғор, қуёш энергетикаси технологиялари қўлланган, юқори энергия самарадорлигига эга бўлган уй-жойларни дунёдаги, жумладан, Европа ва Осиёдаги бу соҳада энг тараққий этган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда, оммавий равишда қуришни кўзда тутмоқдамиз.

Биз яқин йиллар мобайнида асосан узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги 1300 та умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларини тажриба тариқасида қуёш коллекторлари билан таъминлашни режалаштирмоқдамиз. Қишлоқ жойлардаги 600 дан ортиқ врачлик пунктларида фотоэлектрик панеллар ўрнатилади.

Юқорида баён қилинган фикрларни умумлаштирган ҳолда, бир хулосани таъкидлаб айтишга барча асосларимиз бор. Яъни, бугунги босқичда қуёш энергиясидан фойдаланиш муаммоси илмий тадқиқотлар ва тажриба-синов ишланмалари соҳасидан уларни амалиётда қўллаш соҳасига барқарор суръатда ўтиб бормоқда. Қуёш энергетикаси эса, қайта тикланадиган энергиянинг бошқа турлари каби, тўлиқ рақобатдош, энергиянинг, энергия олиш усул ва воситаларининг энг соф турларидан бирига айланмоқда.

Ушбу имкониятдан фойдаланиб, мана шу муҳташам залда йиғилган сиз азизларга, сизларнинг тимсолингизда замонавий тараққиётнинг юксак ва олижаноб мақсадлари йўлида қуёш энергиясидан фойдаланиш ишига муносиб ҳисса қўшаётган барча инсонларга самимий миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Ҳурматли дўстлар!

Азиз меҳмонлар!

Мамлакатимизда қисқа муддат меҳмон бўлишингизга қарамасдан, ўзбекона меҳмондўстликни, халқимизнинг сизга бўлган ҳурмат-эҳтиромини ҳис этасиз, деб ишонаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, Осиё қуёш энергияси форуми йиғилиши ишига муваффақият тилайман.

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
mirzoid
umrlari uzo bosn
  • 23 ноября 2013 17:32
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?