» » Ўзбекистон матбуоти жамият тараққиётига хизмат қилмоқда

Закладки Ўзбекистон матбуоти жамият тараққиётига хизмат қилмоқда

Название:
Ўзбекистон матбуоти жамият тараққиётига хизмат қилмоқда
Дата:
20-11-2013, 06:47
Просмотры:
638
 
Тошкентда 19 ноябрь куни Ўзбекистон матбуоти III Миллий форуми бўлиб ўтди.

     Фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг роли ва ўрнини оширишга бағишланган ушбу анжуман Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Миллий демократик институт (АҚШ), ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
 

     Форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар ахборот хизматлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар қатнашди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У.Муҳаммадиев, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси Х.Мирзоҳидов, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат, ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Р.Фудерич ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади. Бу жараёнда соҳага оид иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатларнинг яратилгани оммавий ахборот воситаларининг мамлакат тараққиётидаги ўрнини тобора мустаҳкамлаш, изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, янги жамият қуриш йўлида эришаётган ютуқларимизни холис ва ҳаққоний тарзда халқимизга етказишга хизмат қилмоқда.

     Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги тамойиллари, цензура ва ахборот монополлашувини ман этиш, ахборот олиш, уни қайта ишлаш ва тарқатиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган. Сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини амалга ошириш учун тегишли қонунчилик базаси шакллантирилган. Бу борада бир қатор қонунлар қабул қилинган. "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” (янги таҳрирда), "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида” каби қонунлар шулар жумласидандир.

     Истиқлол туфайли оммавий ахборот воситалари мустақил ва эркин ривожланмоқда. Агар 1991 йилда Ўзбекистонда 395 оммавий ахборот воситаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунда улар 1367 тани ташкил этади. Сўнгги ўн йилда мустақил босма оммавий ахборот воситалари сони 2,5 баробардан кўпроқ ошди. Бу барча газета ва журналларнинг қарийб 62 фоизини ташкил этади, электрон оммавий ахборот воситаси эса 7 баробар кўпайди. Оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган қарийб 300 веб-сайт иш юритмоқда.

     Ўзбекистонда медиа тузилмаларнинг эркин фаолият юритиши, соҳада фуқаролик институтлари ривожланишини таъминловчи кенг кўламли институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Мустақил, ўзини ўзи таъминлайдиган, замонавий демократик талаб ва стандартларга жавоб берадиган медиа тузилмаларни шакллантириш жараёнини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистлар ижодий уюшмаси каби ташкилотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ташкилотлар томонидан фуқаролик институтларини, шу жумладан, медиа тузилмаларни қўллаб-қувватлаш учун 2008-2012 йиллар давомида 27 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

     Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ахборот соҳасини ислоҳ этиш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, миллий медиа тизимни давр руҳига мос тарзда изчил ривожлантириш, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малака ва маҳоратини оширишда муҳим босқични бошлаб берди.

     Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида аҳолини хабардор қилишнинг очиқлиги, транспарентлиги, маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этилишини таъминлаш мақсадида барча давлат органларининг веб-сайтлари фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 2002 йилда "Uz” домен зонасидаги веб-сайтлар сони 587 донани ташкил этган бўлса, бугунги кунда 17 мингтага етди, мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъект интернет хизмати кўрсатмоқда.

     Медиа соҳада олиб борилаётган кенг кўламли туб ўзгаришлар жараёнида электрон оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда интернет тизимидан фойдаланувчилар сафи жадал кенгайиб бормоқда. Ушбу глобал тармоқдан фойдаланувчилар айни пайтда 12 миллиондан ошди.

     Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, мазкур органлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини кучайтиришда "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонун муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2013 йил 20 мартда қабул қилинган фармойишига биноан шу йилнинг май ойидан бошлаб Бухоро ва Самарқанд вилоятларида "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказилмоқда. Бу эса мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, унинг меъёрларини амалда қўллаш, давлат органларининг муҳим социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги фаолиятидан аҳолини хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари аҳамиятини кучайтириш учун янги имкониятлар очмоқда.

     Қонун лойиҳаси синови ўтказилиши муносабати билан мазкур вилоятларда ахборотдан фойдаланувчиларнинг оғзаки ва ёзма сўровлари салмоқли даражада кўпайгани амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлиги, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ишончи янада мустаҳкамланаётганига яққол мисол бўла олади. Жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқаролар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига оид ахборот олиш мақсадида мазкур давлат органларининг очиқ ҳайъат йиғилишларида фаол иштирок этмоқда. Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари вакилларининг матбуот, теле, радиоканаллар орқали чиқишлари тобора фаоллашмоқда.

     Экспертлар томонидан қайд этилганидек, ҳуқуқий эксперимент давомида нафақат бевосита ҳуқуқий меъёрлар билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларга, балки журналистлар фаолияти соҳасининг ўзини ўзи тартибга солиш тамойиллари – касб этикаси кодекслари, ўзаро ишонч тамойилларига асосланган қоида ва меъёрлар билан мувофиқлаштириладиган муносабатларга оид қисми ҳам синовдан ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда.

– Ўзбекистонда матбуот соҳасини ривожлантириш, унинг эркин, ошкора ва самарали фаолият кўрсатиши учун жаҳон андозалари даражасида шароит яратилган, – дейди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Дьердь Сабо. – Мамлакатингизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга оид лойиҳа жамоатчилик, иқтисодий ва ижтимоий йўналишлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Журналистлар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун барча қонуний асослар яратилган. Ушбу соҳада ташкилотимиз Ўзбекистон билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

– Фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини оширишга бағишланган мазкур миллий форумда иштирок этганимдан мамнунман, – дейди америкалик эксперт Ллойд Халверсон. – Анжуманда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигига оид маърузам билан иштирок этдим. Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, унинг эркин, ошкора ва самарали фаолият кўрсатиши учун кенг шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдим.

     Форум иштирокчилари демократик ислоҳотлар очиқлиги ва транспарентлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзаро ҳамкорлиги, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни илгари суришда оммавий ахборот воситалари фаоллигини ошириш, журналистларнинг касб ва одоб мезонлари каби масалаларни атрофлича муҳокама қилди.

     Тадбир доирасида Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган "Эътироф” ижодий кўрик-танлови ғолибларига диплом ва совғалар топширилди.
 

ЎзА, Назокат Усмонова, Нодира Манзурова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат)
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz