Закладки Sochi sariq sarvinozlar

Название:
Sochi sariq sarvinozlar
Дата:
15-11-2013, 20:04
Просмотры:
2902
 
 

Дунёда токи аёл зоти бор экан, унга аталган таърифлар тугамайди. Шоирлар шеърларини, ижодкорлар энг яхши асарларини аёлга бағишлайдилар. Аёлга таъриф берилар экан, унинг камондек қошларию, белини чулғаб турган сочлари тўғрисида гапирмай илож йўқ. Зеро, Шарқ аёли, хусусан, ўзбек гўзаллари зулукдек қора қошию, товонини ўпадиган сочлари билан машҳур.

Соч – аёлнинг ҳусни. Ҳатто сайёрамиздаги энг соҳибжамол қизлар иштирок этадиган «Дунё гўзали» танлови шартларидан бири ҳам соч билан боғлиқ. Яъни, ҳакамлар ҳайъати иштирокчи қизларнинг сочи узунлиги, жилокорлигига ҳам баҳо берадилар. Ахир, соғлом ва жилвакор соч ҳар бир аёлга гўзаллик бағишлайди.

Соч – акага…

«Соч – акага, зирак – эркакка тобе», деган гап бор ўзбекчиликда. Бунинг маъноси, эрли аёлнинг қулоғида албатта, зираги бўлиши лозим, акаси бор қизлар эса сочига сабаб-бесабаб қай­чи уришга ҳадди сиғмайди. Бу бир тарафдан эркак зотига ҳурмат бўлса, иккинчи томондан аёл гўзаллигини асрашдир, аслида.

Бундан йигирма беш-ўттиз йиллар олдин шаҳарларда яшайдиган кўпчилик аёллар «соч касалига» дучор бўлишди. Ўшанда узун сочларни тагидан қирқиб ташлаш урф бўлди. Белини тўлдириб турган сочини «каре»  русумида қирқтирган ким, «Мен сендан камми» дегандек ўғил болача (под мальчишку) услубида сартарошхонадан чиқиб келган ким… Афсуски, бу «эпидемия»нинг таъсири анча йиллар ўз кучини кўрсатди. Ўзини «замонавий» ҳисоблаган аёллар албатта, сочларини қирқтиришарди. (Тан оламан, ўзим ҳам шу «эпидемия»га чалинганлар орасида бор эдим).

Вақт ўтиши билан соч кесиш «мода»си аслида бизнинг қадриятларимизга мос эмаслигини барчамиз тушуна бошладик. Қолаверса, бирор услубда кесилган сочларни ўзгача турмаклаб бўл­майди, узун ва қалин сочни эса жуда кўп усулда турмаклаш мумкин.

«Қизил, сариқ, ям-яшил…»

Бир куни автобусга чиқсам, чамаси уч-тўрт ёшлардаги қизалоққа кўзим тушди. Қош-кўзи қоп-қора қизалоқнинг сочи сап-сариқ эди. Рости, ажабландим. Одатда, инсоннинг қош-киприклари ранги соч билан мутаносиб бўлади. Ҳайратланиб боққанимни қизалоқнинг онаси сезди шекилли, изоҳ берди:

- Кеча сочимни бўяганимда бўёқ ортиб қолганди, увол бўлмасин деб қизимнинг сочини бўяб қўйдим.

Шу гапдан кейингина жувоннинг сочига эътибор қилдим. Чиндан ҳам унинг сочи сап-сариқ ранг­да эди.

Юқорида ўттиз йиллар олдин соч кесиш «эпидемия»си авж олгани ҳақида сўз очдик.  Ҳозирда бу ҳолат бошқача кўринишда намоён бўлмоқда. Бугун кўча-кўйда сочини сариқ рангга бўяб олган қиз-жувонларни кўп учратамиз. Ҳатто, чекка қишлоқларда яшайдиган аёлларни ҳам бу «мода» четлаб ўтгани йўқ. Тўғри, бу кимгадир ярашгандир, аммо назаримда, кўпчиликнинг асл чиро­йини бўғиб қўйгандек. Қолаверса, ўзбек аёли қора қошу, сочи билан гўзал. Сариқ рангли соч аслида Европа қитъасида яшайдиган аёлларга хос. Уларнинг сочи табиатан сариқ ва маллага мойил бўлади. Шундай экан, асл чиро­йимизни бўғиб қўядиган бундай рангларга соч бўяшга на ҳо­жат?!Сариқ ранг-ку, майли, ёшгина ўсмир қизларнинг сочининг ярмини қи­зил, ярмини яшил, яна бир қисмини кўкимтир рангга бўяшига нима дейсиз? Ҳатто кулранг сочли қизларни кўрсак ҳам ажабланмай қўйдик. Соч­ларининг табиий рангини ўзгартираётган ўс­мир қизлар бўёқлар аслида сочга маълум миқдорда зиён етказишини, тез-тез бўёқ бериш сочнинг тез оқаришига сабаб бўлишини билишганида эди… Беихтиёр маш­ҳур ҳофизнинг қў­шиғи ёдга тушади: «Соч­ларингни сариққа бўяб нима қиласан?..»

Чет элники деса…

Замон ривожланиши билан турли соҳаларда ўзгариш бўлмоқда. Хусусан, деярли ҳар қадамда учрайдиган «Гўзаллик салон»лари  турли хизматларни таклиф этишяпти. Салонларнинг беминнат хизматларидан бири – турли маросим ва тўйга отланган хонимларнинг сочини чиройли қилиб турмаклаш. Стилистлар турфа турмаклар фотосуратини кўрсатишади, улар орасида… «афрокосички», яъни африкалик қора танли аёлларнинг турмаги ҳам бор.

- Ўсмир ёшдаги қи­зим бир куни «Гў­заллик салони»га бориб, сочларини ўр­дир­­­моқчи эканини айт­ди, — дейди бир ҳамкасбим. – Қизим соч­ларини қирқ кокил қилиб ўрдирмоқчи экан деб ўйлаб, рози бўлдим. Орадан беш соатдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, ундан дарак йўқ. Хавотирланиб, дугоналарига қўнғироқ қила бошлаганимда дарвозадан бир қиз кириб келди. Сохти-сумбати қи­зимникига ўхшайди, лекин сочлари… Оқ, қи­зил, яшил рангдаги иплар тақилган соч алламбало турмакланган. Африкадан келган бирор қиз адашиб бизнинг ҳовлига кириб қолибдими, деган хаёлга бордим.

- Аяжон, янги турмагим ярашибдими? –деган таниш овоздангина бу  қизим эканини билдим.

«Сочингни ким бу аҳ­волга солди?» десам, «Ахир, ҳозир ҳамма қизлар шундай қиляпти, «афрокосичка» мода бўлган. Ўзиям сартарош қиз нақ беш соат уринди, бир ой­дан буён тушлик қилмай йиққан пулимни сарф­ладим», дейди мақтаниб.

Таъвияга ўхшаб қолган қизимдан хафа бўлиб кетдим. Шу заҳотиёқ сочидаги латта-путталарни йўқотиб, сочини силлиқ тарашини талаб қилдим. Қизим минг ялинмасин, айтганимни қилдирдим. Сочидаги «алламбало»ларни олганидан кейин ойдеккина қиз бўлиб қолди. Газетада ёзинглар, мода экан деб қизларимиз ўзларини ҳар кўйга солишаверадими? –дейди танишим куйиниб.

Дарҳақиқат, унинг ку­йинганича бор. Ярашса-ярашмаса сочини ҳар хил бўёққа бўяб, турли турмаклар қилдиришдан олдин «бу менга ярашармикан?» деган савол бериб кўрилса, кўнгилдагидек бўларди. Ўша «афрокосичка»ларию, минг бир хил турмаклари ўзбегимнинг қирқ ўрими товонни ўпадиган, бир-бирига ҳамла қилишга шайланган қора аждардек икки ўрим сочлари ёнидан ўтаверсин!

Ҳар куни ишхонага кетгунча қатор «Гўзаллик салон»лари ёнидан ўтаман. Уларнинг реклама баннерларида ўндан ортиқ соч турмакларини бажариш кўрсатилган. Аммо бирортасида ҳам сочни ҳақиқий ўзбекона қирқ кокил қилиб ўриш ҳақида бирор оғиз сўз йўқ. Афсус…

Шу ўринда «Келинлар қўзғолони» спектаклидаги Фармонбибининг сўз­лари ёдимга тушади: «Бу одамларга чет элники де­санг, ҳатто хўроз­қандни ҳам ётиб олиб ялашади-я…»

Хинаю, ўсма қайда?

Қайнонам саксон ёшни қоралаб қолганлар. Кексалик юз-кўзига муҳр босган бўлса-да, кумуш тусга кирган сочлари ҳамон узун ва қалин. Икки ўрим сочини ушлаганида кафтини тўлдириб туради. Набиралари бувисининг сочига ҳаваси келиб, «Бувижон, нега бизнинг сочимиз сизникидек қалин ва узун эмас?» деб сўрашади. Шунда бувиси уларга жавоб беради:

- Эҳ, болаларим-а, биз ёшлигимизда сочимизни қатиққа ювардик. Хина ва ўс­ма суви билан сочларимизга ранг берардик. Чунки  улар соч илдизларини мустаҳкам қилади, жи­ло беради. Сизлар эса кимёвий моддалар аралаштирилган шампунь, соч бўёқларидан фойдаланасизлар. Ҳатто қошларингиз ҳам ўсма нималигини билмай, сунъий қора бўёқдан бошқасини кўр­май ўтяпти. Бу аҳволда сочларингиз қандай қилиб узун, қалин, жилокор бўлсин?! Сочларингизни дуч келган ер­га, ўша салон деб аталадиган жойларга ташлаб кетасизлар. Соч оёқ остида қолдими, бошга оғриқ киради, жин-ажиналар айланади, — дейди.

Кекса момонинг сўз­лари ҳар биримизга ибрат бўлгулик эмасми?

Жин-ажиналар ҳақи­даги гаплар балки уйдирмадир, аммо чиндан ҳам оёқ остида соч ўралашиб турганини кўр­сангиз, дилингиз хира бўлади. Сочнинг дуч келган жойда ўралашиб ётиши аслида соҳибасининг фаросатидаги камчиликдан дарак беради.

Таҳририятга қўнғироқ

2012 йилда «Бекажон» газетасида «Энг узун соч» танлови ўтказилди. Танлов эълон қилиниши билан таҳририят хатлар «ёмғири» остида қолди.

Рости, танлов бу қадар кенг тус олишини ҳеч ким кутмаганди. Танловни эълон қилишга эса тошкентлик бир онахоннинг қўнғироғи сабаб бўлди.

- Қўнғироқ қилган онахон куйиниб, «Газетада сочни асраш ҳақида ҳам мақола берсаларингиз. Набирамнинг сочи узун ва қалин эди, ҳамманинг ҳаваси келарди. Кеча не кўз билан кўрайки, сочини тагидан қирқтириб келибди. Газетада ма­­­­­­­­қолалар берилса, зора неварам сингари қизларга сабоқ бўлса»,  деди. Шу қўнғироқ «Энг узун соч» танловини эъ­лон қилишимизга сабаб бўлди», — дейди бош муҳаррир Наргиза Розиқова.

Мухлисларнинг талабларига кўра, танлов яна эълон қилинди. Бу шунчаки оддий танлов эмас, чин ўзбекона қадриятларимизни тиклашга қаратилган танловдир. Ўзингиз, қизингиз, опа-синглингиз билан бу танловда иштирок этинг. Сизга ҳа­вас қилиб, қизларимизнинг яна соч ўстиришларига  умид бил­­­дириб қоламиз.  Ўз­бе­гим­нинг қора қош, узун соч қизларига дунё ҳавас қилади.

Дилфуза Зарипова

"БЕКАЖОН"дан олинди


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
Saidkamolxon

O`zbek qizlarimizga uzun soch o`stirish moda bo`lsa juda ham chiroyli bo`lardi chunki bu o`zbek qizlariga juda yarashadi deb o`ylayman.

  • 17 ноября 2013 15:19
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli Muloqot Joyingiz