» » Аваз Охун: “БУ КУНГА ЎН БЕШ ЙИЛ ДЕГАНДА ЕТИБ КЕЛДИМ»

Закладки Аваз Охун: “БУ КУНГА ЎН БЕШ ЙИЛ ДЕГАНДА ЕТИБ КЕЛДИМ»

Название:
Аваз Охун: “БУ КУНГА ЎН БЕШ ЙИЛ ДЕГАНДА ЕТИБ КЕЛДИМ»
Дата:
23-02-2016, 05:10
Автор:
Просмотры:
3569
 
 

★ У вақтида омадсиз эди! ★ Айниқса, тўрт йили муваффақиятсиз кечди. ★ Концертдан кейин... операция столига ётган! ★ Ҳожибойга... тақлид қилмайди?

Омад ҳар доим ҳам келавермайди. Лекин омадга эришишнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Бу қонуниятларга бўйсунувчилар эса ҳақиқий фидойилардир. Эътиборингизга кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлаётган қизиқчи Аваз Охун билан уюштирилган суҳбатни ҳавола этамиз...

– Аваз Охунни бугун ҳамма эшитяпти, концерт дискларини қайта-қайта кўришяпти. Кўча-кўйда ҳам сизни таниб, ҳангомаларингизни айтишганида қандай аҳволга тушяпсиз? Машҳурлик сиз учун ёқимлими?

– Менимча, бу кунни ҳар бир санъаткор орзу қилади. Томошабиннинг эътиборига тушиш, танилиш фақат бахт! Ахир томошабинга нимадир илиниб, саҳнага чиққан санъаткор олқиш олсам, ёқсам дейди. Биласизми, санъаткор учун энг оғир нарса нима, ўзини танитиш. Кўчада кимдир уни танимади, «фалон ролда ўйнаганман ёки концертда чиққанман, танидингизми?» дейишнинг ўзи оғир. Ўшандай ҳолатдан асрасин! Одамлар мени танишяптими, бундан фақат хурсандман. Чунки мени танишса, ҳангомаларимни эшитишади, баҳоларини беришади.

– Қизиқчи бўлиш учун бола на тўгарак, на коллежда тайёрланади. Ҳатто олийгоҳда ҳам қизиқчилик йўналишига ўқитишмайди. Сиз ҳам айнан қизиқчилик соҳасига ўқимагансиз, тўғрими?

– Тўғри, таълим даргоҳларида қизиқчиликка махсус ўқитилмайди. Қизиқчилик одамнинг юрагида, табиатида бўлиши керак. Агар одамнинг ўзида қизиқчиликка мойиллик бўлмаса, уни минг ўқитинг, фойдаси йўқ. Хонанда саҳнага чиқиб қўшиқ айтиши учун нафақат ўзи, балки шоир ва бастакор ҳам баб-баравар меҳнат қилади. Лекин қизиқчи саҳнага чиққанида фақат ўзининг истеъдоди, гапи билан чиқади. Гарчи махсус таълим берилмаса-да, устозлар қизиқчиликнинг ўзига яраша қонун-қоидасини бизга ўргатишади. Бир дўстимиз айтганди: институтга киргунимгача зўр қизиқчи эдим, талаба бўлганимдан кейин қизиқчи бўлишим қийин бўлиб қолди. Бу гарчи ҳазил тариқасида айтилган бўлса-да, лекин ҳақиқат. Олдин қайси гапни қизиқ деб билса, гапириб юрган дўстимиз устозлардан қизиқчиликнинг қонун-қоидасини билгач, унинг қанчалик қийин ва масъулиятли эканини тушунди.

– Лекин табиатингизда бўлса ҳам ўз-ўзидан қизиқчи бўлиб қолмагансиз-ку? Ота-онангиз ёшлигингиздан санъатга йўналтиришганми?

– Йўқ, мени ота-онам айнан санъатга йўналтиришмаган. Ўзим ҳам қизиқчи бўламан, деб ўйламаганман. Мактаб саҳналарида роллар ижро этиб, тадбирларда фаол иштирок этардим. Мактабимизда бир таниқли шоира билан учрашув бўлганди. Орадан бир ҳафта ўтиб, бошқа байрам тадбири ўтказилди. Мен ўша шоира опага тақлид қилиб чиққанман. Опанинг овози, шеър ўқиш оҳангини шунчалик ўхшатган эканманки, ташқаридагилар «ие, бу шоира ўтган ҳафта келувди, яна келибди-да», деб ўйлашган экан.
Мактабни тамомлаб, туман маданият уйида ишладим. Ўшанда ҳам турли тадбирлар, танловларда қатнашиб юрдим. Тўрт йилдан кейин талабалик бахтига муяссар бўлганман. Аслида, биринчи йили абитуриент пайтимдаёқ энг фаол эдим. Ҳатто қўшимча дарс ўтадиган ўқитувчилар масал, монологни тушунтирмоқчи бўлишса, мени доскага чиқариб, тушунтириб беришимни айтишарди. Ижодий имтиҳондан энг юқори балл олишимга ҳамма ишонарди. Лекин омадим чопмадими, энг паст баҳо олдим ва аламдан тест синовига ҳам кирмай, уйга жўнаб кетдим. Тўртинчи йили уриниб, ижодийдан ҳам, тест синовларидан ҳам энг юқори балл тўплаб талабалик бахтига эришдим.

– Концертингизда ота-онангиз олдинги қаторда ўтиришади. Улар сиз билан фахрланишлари шундоқ кўриниб туради...

– Мактаб тадбирларидаги фаоллигимни кўрган оиламиздагилар санъаткор бўлишимни билишган шекилли, қаршилик қилишмади. Бир неча йиллар олдин тадбиркор оғайниларимга «Менгаям савдони ўргатинглар, тирикчиликка асқотар», десам, «Йўқ, сенга ўзингнинг касбингдан юқтирган, савдога уриниб овора бўлма», дейишди. Ота-онам ҳам менга санъатдан юқтирганини билишган шекилли, индашмаган. Яқинда уйга ота-онамни кўргани бордим. Дадам билан суҳбатлашиб ўтирсак, телевизорда концертимни қўйишибди. «Дада, шу концертни кўравериб зерикмадингизми?» десам, «Йўқ, болам, бир биз эмас, бутун қишлоқдагилар қайта-қайта кўриб, маза қилишяпти», дедилар. Шу гапдан сўнг дадамнинг касбимдан розиликларини билдим ва хотиржам бўлдим. Ота-онам ва одамларнинг бўш вақтини озгина бўлса-да, мазмунли қилган бўлсам, демак, беҳуда ҳаракат қилмабман.

– Кимларгадир бу бахт осонгина келиши мумкин, лекин айримлар бунга машаққат билан эришади. Сиз эса иккита концертдан кейин омадингиз келиб, машҳур бўлиб кетдингиз. Бу кунга осонлик билан эришгандексиз...

– Сиз шундай ўйлаяпсиз ва бошқалар ҳам шу фикрда бўлиши мумкин. Лекин аслида бу кунга ўн беш йил деганда етиб келганимни билмайсиз. Санъаткор бўламан деб тўрт йил ўқишга киролмаганман. 2007 йили олийгоҳни тамомлаган бўлсам, мана, 2014 йилда биринчи концертимни бердим. Шу етти йил ичида мусофирчиликда ижарама-ижара яшаб, ТВ даргоҳларида ишлаб, ўзимча концертларга ҳаракат қилиб юрдим. Лекин ҳар гал «Мана вақти-соати етди, энди зўр бўлади», деганимда ҳам ўхшамаган. Одамлар айтаётган «Бирдан омади келиб қолди», деган кунга етиш учун ўн йилдан ортиқ ҳаракат қилдим. Қачон омадим келади, қачон мени эшитишади, деб ўтказган шунча йилларимни томошабин билмайди-да! Меҳнат, машаққат билан эришилган омад қадрли бўлар экан.

– Ўша пайтларда «э, бор-е», дея ҳафсалангиз пир бўлиб, қишлоғингизга қайтиб кетишни ўйламаганмисиз?

– Инсонни ҳаётда ушлаб турадигани – умид экан. Азбаройи кутаверсангиз-у, етолмасангиз ишонч ҳам йўқолади, мақсад-ниятлар ҳам саробга айланади. Лекин юракнинг туб-тубидаги умид барча омадсизлик, мағлубиятларга қарамай, одамни олдинга юришга ундаб турар экан. Менда ҳам ана шу умид бор эди. «Зўр бўлади, энди омадим чопади», деган кунларим кўп бўлса-да, лекин ўзим кутмаган концертдан омадим келди.
2014 йилги концертимни телерадиоларда эълон қилмадим, афиша осмадим. Шунчаки концертни бошлаб юбордим. Оғайниларим, томошабинларнинг қўлига ўзим чипта тутқазиб: «Мени бир эшитиб кўринглар», дедим. Дўстлар, ҳомийлардан ёрдам олиб, концерт дискини чиқардим. Ўшандаям «Хўп, концерт қилдим, лекин мени ҳеч ким танимаса, диск чиққанини ким билади, уни ким эшитади?» деган ўй бўлган.
Буни қарангки, бир ойнинг ичида ўзим кутмаган ҳолда концертим шов-шув бўлди. Иккиланиб чиқартирган дискларим мухлислар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Истеъдод бўлиб, имкониятим йўқ пайтдаям орқага чекинмадим. Менимча, бу ўн беш йиллик умидим, меҳнатимнинг натижаси. Шунда ўша ёлғизгина умидимни йўқотмаганимдан хурсанд бўлдим.

– Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш бўлиши керак, дейишади. Қизиқчиликнинг нонини ейиш учун-чи, шундай мустаҳкам тиш керакми?

– Йўқ, бу гаплар эскирди. Тўғри, олдин санъаткорларимизга осон бўлмаган, тўйга боришса, ноқулай аҳволга кўп тушишган, хизмат сафарларида ҳам қийналишган. Чунки олдин бугунгидек шароитлар йўқ эди. Лекин ҳозир санъаткорларга барча шароитлар яратиб берилган, халқимиз уларни бошига кўтаради. Бугун санъаткорларга қийин деган гап ярашмайди. Тўғри, санъаткор саҳнада кўринганидек ҳар доим ҳам кулиб, қувноқ юролмайди. У ҳам саҳнадан ташқарида оддий одам, вақти келса йиғлайди, ташвишлар ичида юради. Бироқ саҳнанинг қонунига бўйсуниб, у дардини томошабинга кўрсатишга ҳақли эмас.
«Мирзо» театри билан концерт бераётган йилимиз шифокорлар тезда операция қилиш кераклигини айтишган. Бу ёқда қизим касалхонага тушиб қолган, хаёлим унда. Ўшандай пайтдаям баланд иситма билан саҳнага чиққанман. Ўша пайтда ўзимниям, оиламниям унутиб юбордим. Концертдан кейин жарроҳлик столига ётганман.

– Ҳамма қизиқчининг хотинига ҳавас қилади. Оилада аёлингиз билан тортишиб қолсангиз, қизиқчилигингиз фойда берса керак-а?

– Аёлим Хуршидахон – педагог ва тиббиёт ҳамшираси. Ҳамма эру хотинлар каби бизнинг оилада ҳам тортишувлар бўлади. Лекин у катта жанжалга айланиб кетмайди. Оилада қизиқчилигимдан фойдаланмайман, бу айёрлик, масхарабозлик бўлади. Мен ҳатто тортишувлар пайтида ҳам жиддий туравераман. Аслида, хотиним мени кўпроқ кулдиради. У мени атайин кулдирмайди, ўзи гапи қизиқ-да. Гапларини репертуаримга киритиб қўйсам, «менинг гапларимдан ҳам олибсиз-да», деб қолади. Бир қизим бор, у менинг энг меҳрибон дўстим. Чақалоқлигидан ўзим кўтариб юрардим. Ҳеч қачон менга хархаша қилмаган. Ҳозир ҳам иккаламиз ўтириб, дўстона, маза қилиб гаплашамиз. Болаларни жуда яхши кўраман, ўнта фарзандим бўлишини истайман.

– Суҳбатлашиб ўтириб, овозингиз, ўзингизни тутишингиз тамоман бошқача эканини кўряпман. Концертларингизда эса овозингиз ҳам, ижроингиз ҳам худди Ҳожибой Тожибоевнинг қуйиб қўйган ўзи. Бу устозга тақлидингиз натижасими?

– Мен ҳеч қачон устозга тақлид қилмаганман. Тўғри, ижро йўналишимиз, якка ижод қилишимиз ўхшаш бўлиши мумкин, бироқ овозимни ўхшатишга уринмаганман. Ҳатто «Мирзо» театри билан концертимизда саҳнага Ҳожибой Тожибоев бўлиб чиқишимни айтишган. Лекин устозга «ўхшаш» учун нақ икки ой тайёрланганман.

– Айрим мухлисларингиз бу йилгисидан кўра ўтган йилги дастурингиз қизиқарли эканини айтишмоқда. Буни танқид деб қабул қиласизми ёки томошабиннинг норозилигими?

– Мен ҳеч қачон танқиддан қўрқмаганман. Ижодимга қандай фикр билдиришсаям, ундан ўзимга керакли хулосани олишга ҳаракат қиламан. Ҳамманинг диди ҳар хил. Икки йилги концертимни солиштиришларига келсак, бундан хафа бўлмайман. Сабаби, сиз мени бошқа билан солиштирмаяпсиз-ку. Икки йилги концертим, бу — менинг иккита фарзандим. Кимгадир бу фарзандим маъқул бўлса, бошқа биров биринчисини яхши, у бошқачароқ, дейди. Мен эса ҳар иккисигаям ота бўламан! Лекин, албатта, чиқишларим йилдан-йилга яхши бўлишига ҳаракат қиламан. Куни кеча ижтимоий тармоққа концертимни жойлаштирган укахоним концертни ўн-ўн беш кун ичида 247 минг нафар киши кўрганини айтди. Демак, концертимни кўришяпти, эшитишяпти. Бу масъулиятдан янада сергакландим. Лекин мени мақтаётганларга «Мени мақтаманглар», дейман. Чунки мақтов одамни дангаса қилиб қўяди, уни жиловлаш қийин...

Ҳусния ПАРДАЕВА суҳбатлашди.

"Бекажон" газетасидан.

Шахсан Наргис Исламовага ташаккур

 

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?