» » МУҲРИДДИН АКА ҲАЁТЛИГИДА

Закладки МУҲРИДДИН АКА ҲАЁТЛИГИДА

Название:
МУҲРИДДИН АКА ҲАЁТЛИГИДА
Дата:
13-05-2014, 05:59
Просмотры:
1372
 
 
 

Гулсара Холиқова: «МУҲРИДДИН АКА ҲАЁТЛИГИДА ҲЕЧ НАРСАГА ЗОРИҚМАГАНМИЗ»

 

Халқ суйган санъаткор Муҳриддин Холиқовнинг файзли хонадонига кириб борар эканмиз, бизни ҳофизнинг рафиқаси Гулсара опа Холиқова кутиб олди. Ҳовли тўрида хонанданинг катта сурати осилган, атрофда унинг неваралари чоп­қиллаб юришибди. Мана, 14 йилдирки, бу оила ардоқли инсонисиз яшамоқда. Шу йиллар давомида Холиқовлар ҳаётида қандай ўзгаришлар юз берди? Марҳум санъаткорни хотирлаш асносида ушбу саволга батафсил жавоб топиш учун Муҳриддин Холиқовнинг аёли ва ўғиллари билан суҳбатда бўлдик.

 

- Гулсара опа, Муҳриддин Холиқовнинг оламдан ўтганларига 14йил бўлибди. Бу йиллар ҳаётингизда қандай из қолдирди? Орада келинлар 
олибсиз, неварали бўлибсиз…

 

- Бугунги ҳаётимдан нолимайман, аммо осон ўтяпти, деб ҳам айтолмайман. Муҳриддин акам бор пайтларида болаларим эрка, ҳали мурғак, деярли ҳаммаси мактаб ёшида эди. Тасодифан ҳаётимиз тубдан ўзгариб кетди. Биласизми, буни тил билан тасвирлаб бериш жуда қийин…

Болаларимни ёлғиз қандай тарбия қиламан, уларни қандай йўлга соламан, барчасини ўқитишим керак, деган ўйлар мени қийнарди. Сабаби, турмуш ўртоғим фарзандларимизнинг ўқимишли, яхши касб эгалари бўлишини орзу қиларди. Шу боисдан ҳам болаларни олий маълумотли қи­лишга ҳаракат қилдим. Биласизми, бир гапни кўп айтишларига ҳайрон қолардим: «Менга бир нарса бўлиб қолса, агар болаларим бирор кимсага муте бўлса, билиб қўй, мен гўримда тик тураман», дердилар. Қизимни узатдим, ўша пайтда жуда кўп таниш-билишлари, ҳамкасблари тўйга келишган. Лекин уларнинг кўпчилигини ке­йин бошқа кўрганим йўқ, кўча-кўйда кўрсам, танимасам керак. Замонлар ўзгараяпти, бугун энди қандай оилавий тадбирлар қилсак, фарзандларимнинг дўстлари келишади. Ўғилларимнинг учови ҳам отасига ўхшайди. Айниқса, катта ўғлим Темур худди дадаси каби меҳмондўст. Иккинчи ўғлим Комрон ҳам олий маълумотли, ишлайди. Фақат кенжамиз Одилжон ҳали талаба. Икки келин олганман, улар ҳам ўқимишли, зиёли оилалар фарзандлари. Бешта неварам бор.

- Ёлғиз аёл бошингиз билан қийинчиликларни қандай енгиб ўтдингиз?

- Асосий қийинчилик молиявий масалада бўлмади. Ўғилларим ёш бўлишига қарамай, ёнимда тиргак бўлиб туришди. Лекин энг катта қийинчилик — олдимда маслаҳатгўй инсоним бўлмагани… Топадими-топмайдими, яхшими-ёмонми, барибир аёлнинг ёнида суянчиғи бўлсин экан. Учта фарзанднинг, набираларнинг тўйларини қилдим, ҳамма яқинлар атрофимда бўлди, лекин барибир кўнглингнинг бир тарафи бўш бўлиб туравераркан. Гоҳида ўй-хаёллар гирдобида қолганимда, биргина тушимга кириб йўл-йўриқ кўрсатсалар эди, дейман. Шундай пайтлар бўлдики, ҳеч нарсага ҳафсала қилмай қўйдим. Кўнглимга сиғмасди, тушкунликка тушиб, қўлим ишга бормасди. Бир пайтлар уйимиз тўла меҳмон бўларди, да- дамиз нима яхши кўрсалар, кўнгиллари қандай таомни истаса, барчасини муҳайё қилардим. Муҳриддин ака ҳаётлигида ҳеч нарсага зориқмаганмиз. Ана шунинг барчасидан бир вақтнинг ўзида айрилиб қолиш мен учун анчайин қийин кечган. Бир куни бозорга чиқиб, ул-бул харид қилиб келишим керак бўлиб қолди. Болаларим ўқишда. Хуллас, ўша куни туш кўргандим. «Нимага йиғлаб ўтирибсан, ана шкафдаги пуллардан олгин-да, бозордан истаган нарсангни олиб кел», дедилар. Бозорга отланиб турган пайтимда эшигимиз тақиллаб қолди. Бир дўсти машинасини тўлдириб, бозорлик қилиб келибди. «Сафарда эдим, сизлардан хабар ололмадим. Шу бугун тушимга Муҳриддин кирибди», деди. Гарчи у киши орамизда бўлмасаларда, руҳлари доим бизга мададкор.

- Муҳриддин аканинг ўзи сизни ҳеч қайнона сифатида тасаввур қилиб кўрганмиди?

- Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Янги уй қурдираётган пайтимиз. Усталар ишлаётганлиги боис, ўзим у ерга кўп боравермасдим. Бир куни умр йўлдошим мени ҳам қурилишга олиб бордилар. Бирма-бир хоналарни кўрсатдилар, кейин зинанинг устида махсус қурилаётган супани кўрсатиб, «Шу ерда сен ўтирасан», дедилар. Ие, келинларим «қайнонамизни қаранглар, супасига чиқиб ўтириб олибди», деб нотўғри тушунишмайдими десам, «Сен шундай қайнона бўлгинки, ўшандай фикр келинларингда бўлмасин», дея маслаҳат қилгандилар. Ўша пайтда ҳам «Нуқул сен-сен дейсиз, нима учун биз демайсиз», деб хафа бўлсам, «Нимагадир мен ўзимни келажакда кўр­майман» деб жавоб берардилар. Ўша гапни вафот этишларидан 13 кун аввал айтгандилар. Хўжайинимнинг гапларига амал қилишга, намунали қайнона бўлишга ҳаракат қиламан.

- Шу ўринда, Муҳриддин Холиқовнинг бахт­сиз ҳодисага учрагани борасидаги турли миш-мишлар ҳалигача тингани йўқ. Кимдир «уюштирилган» ҳам дейди… Ўзингиз аниқлик киритсангиз.

- Ўзим билганимни айтишим мумкин. Тўртта устамиз дала ҳовлимизга ишлашга кетганди. Ўша куни уларни ҳисоб-китоб қилиб уйларига жўнатиб юбориш ниятида Муҳриддин акам дала ҳовлимизга кетгандилар. Айни рамазон ойи. Ўзимизнинг машина бироз таъмирталаб бўлгани сабаб, шогирдининг автомобилини ҳайдаб кетганлар. Кейин у ердан қайтишда рулга дўсти ўтирган, тезликни оширганми, хуллас, йўлда бурилаётиб, пастликка тушиб кетишган. Уюштирилган деб ҳам айтолмайман… Энг катта армоним — ўша автомобилда Муҳриддин аканинг ёнида доимо юрадиган шогирди   кет­­­­­магани. У нима учун қолган? Турмуш ўртоғимнинг бир ўзини нима сабабдан бош­қа ҳайдовчи билан жўнатиб юборишган? Агар ўша шогирди ёнида бўлганида, балки бундай бўлмасмиди? Муҳриддин акам рамазон ойида, албатта, рўза тутардилар. Ўша куни ҳам эрталаб меҳмонлар билан бирга саҳарлик қилгандик…

Дадамиздан кейин қайн- иним Ҳусниддин акага фарзандларим жуда боғланиб қолишганди. Айниқса, катта ўғлим амакисини жуда бош­қача кўрарди. Афсус, у кишини ҳам йўқотдик, ўша пайтда яна бир тушкунлик бизни чул­ғаб олганди…

- Ҳофизнинг битмай қолган яна қандай ишлари қолди, балки мухлисларга тақдим этишга улгурмаган ижод маҳсуллари ҳам бўлгандир?

- Муҳриддин акам охирги пайтларда кўпроқ мумтоз адабиётни варақлардилар, ёшим улғаяпти, энди жиддий ашулаларга ҳам қўл уришим керак, дердилар. Кўп мусиқалари сўзлари билан қолиб кетди, қўшиқ қилишга улгуролмадилар.

- Бугун у кишининг қўшиқларини ёшлар айтишяпти, сиздан келиб рухсат сўрашадими?

- Ҳаммаси ҳам эмас. Чунки шеъри қайсидир шоирники ёки мусиқаси қайсидир бастакорники бўлиши мумкин. Шу сабаб улардан рухсат сўрадим, дейишади. Лекин бир нарсани айтаман, ўша пайтда тайёр қўшиқларни хонандаларга олиб келишмасди. Муҳриддин акамнинг деярли барча тароналари мана шу хонадонимизда ижодкорлар билан ҳамкорликда яралган. Баъзида битта қўшиққа бир ой вақт етмасди. Муҳаммад Юсуфнинг бир гаплари эсимдан чиқмайди: «Келин, сизнинг турмуш ўртоғингиз жуда эркада. Одамлар менинг шеъримга қараб мусиқа ёзишади, эрингиз эса олдин мусиқа қилиб, кейин шеър ёзиб беринг, дейди. Эркалигини нима учун кўтараман, билмайман», дердилар ҳазиллашиб.

 «Дадамдай куйлай олмайман»

      Темур Холиқов:

 

- Тўнғич ўғилга оилада ўзгача ва каттароқ вазифалар юкланади. Отангиз ўрнида укаларингизга бош бўлишни қанчалик уддалай ол­япсиз?

- Тўғри айтдингиз, вазифаларни кўпроқ ўзимнинг бўйнимга олганман. Онажонимга ёрдам бериб, қалбларини ўкситмасликни истайман.

- Онангиз сиз ҳақингизда хонанда бўлмади деб гапирди. Нима учун қўшиқ айтишни истамадингиз?

- Дадам онамга шундай деган эканлар: «Ота-онаси таниқли санъаткор бўлишига қарамай, фарзандларининг ўша даражага етиши жуда қийин, кимдир фарзандини қўл­лаб юбориши мумкин, лекин бу ҳам вақтинчалик. Болани ўз ҳолига қўйиш керак. Унинг ўзи жуда ширин, агар эртароқ санъатга олиб кирсанг, эртага катта бўлганда, ўша ширинлигини йўқотганда, уни мухлислар қабул қила олишмайди». Тан олиш керак, ҳозир кўпчилик санъаткорнинг фарзандлари ашула айтяпти,  лекин барчаси ҳам эплай олмаяпти. Мен ҳам дадамдай куйлай олмаслигимни тан олиб, бу ишга қўл урмадим.

- Дадангиз хотирангизда қандай гавдаланади?

- Қаттиққўл ота бўлганлар. Дўстлари орасида эса ҳазилкаш, қувноқ одамга айланарди. Менда ҳам шу хислати бор. Ўзимнинг ўртоқларим тугул, отамнинг дўст­ларига ҳам ҳа­зиллар қилиб тураман. Улар эса «да­данг­га ўх­шабсан», дейишади. Ўзи дадам билан туғилган кунимиз ҳам бир — 5 сентябрь.

- Фарзандларингиз бобосини танишадими? Гапириб берасизми?

- Эрталаб туриб, дадамнинг ҳовлимизда турган катта суратига салом беришади. Қўшиқларини эшитиб қолишса, «додам» деб дарров танишади.

- Муҳриддин ака уй ҳайвонларини боқишни яхши кўрган экан-а?

- Ҳа. Қушлар, балиқлар, қўй, сигир, ҳамма нарсамиз бор эди. Иссиқ­хо­на­ла­римизда ли­­­мон да­рахт­ларимиз бўларди. Дадамдан кейин у хўжаликлар ҳам секин-аста тугади.

 

«Ҳеч қачон ёлғон сўзлама дердилар»

Одилжон Холиқов (кенжа фарзанд):

- Муҳриддин аканинг йўлини давом эттираётган экансиз. Санъат билан жиддий шуғулланмоқчимисиз?

- Санъатга қизиқишимга, албатта, отам туртки бўлганлар. Аввало уларнинг хонишларини эшитиб, қолаверса, санъатда эгаллаган ўрнини билиб, доимо бундан фахрланаман. Тўғрисини айтсам, мен отамга мухлисман. Санъатга қизиққаним учун отамнинг касбини қўлимдан келганча давом эттирмоқчиман. Отамнинг ўрнини боса олмаслигим мумкин, лекин барибир санъат бобида маълум бир ютуқларга эришмоқчиман. Ҳозирча иқтисодчиликка ўқияпман. Асосий касбим шу бўлади, санъат эса қизиқишим.

- Ҳозирда Муҳриддин аканинг шогирди Озодбек Назарбеков сизни ўзига шогирдликка олган экан. Куну тун устозингиз билан биргасиз, шундайми?

- Устозимдан кўп нарсаларни ўрганаяпман. Озодбек ака билан биргаман. Нафақат санъат, балки яшаш тарзи, муомала, инсонлар билан мулоқот бобида маслаҳатларини аямайдилар. Бир гаплари доимо ёдимда туради: «Ўзингдан катталар билан юрсанг, кузатасан, эртага бошингга тушганида, бундай сабоқ сенга асқотади», дейдилар. У кишини ҳақиқий устоз, дея оламан.

- Орзуларингиз билан бўлишсангиз…

- Отамдан кейин онамга жуда қийин бўлди. Ҳамма нарсага сабр қилиб, бизни катта қилдилар. Ўзим отам оламдан ўтганларида, жуда ёш бўлганман. Фақат бизларга совғалар олиб келганликлари-ю, ҳеч қачон ёлғон гапирма, деган насиҳатларини эслайман, холос. Ниятим, онам бизнинг роҳатимизни кўрсинлар. Орзуим- катта тадбиркор бўлиш. Жамиятимизга керакли инсон бўлиб, отамнинг санъатини давом эттирмоқчиман.

- Сизга омад тилаймиз.

Нодира Ҳайдарова суҳбатлашди

"БЕКАЖОН"дан олинди


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?