Закладки So'nggi yangiliklar

Название:
So'nggi yangiliklar
Дата:
21-04-2014, 04:49
Просмотры:
1323
 

Иккинчи жаҳон урушининг ўзбекистонлик қатнашчиларига 600 минг сўм мукофот пули берилади

 

     Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 18 апрель куни «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармонини имзолади. 

      Фармонда таъкидланишича, «9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 69 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида» ушбу Фармон қабул қилинган.

     Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 600 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланади. Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

     Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Марказий банки билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилиши таъминланиши лозим.

      Шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, бадиий академия, Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ватан озодлиги ва шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказилиши белгиланган.

     Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юклатилган. 

Қашқадарёда фарзандини 1,1 миллион сўмга сотган аёл қўлга олинди

 

     Қашқадарё вилояти Қарши туманида истиқомат қилувчи аёл ўз фарзандини сотгани учун қамоққа олинди. 

     Хабарда келтирилишича, Замира Аҳмедова (исм-шарифлар газета томонидан ўзгартирилган) 2012 йил декабрь ойининг сўнгида Қарши шаҳар туғруқ мажмуасида ўғил фарзандни дунёга келтиради. Замира шифокорларга ҳеч қаерда ишламаслиги, турмуш ўртоғи хорижга кетиб узоқ вақтдан буён пул жўнатмаётгани, бошқа боласи ҳам борлигини айтиб, чақалоқдан воз кечмоқчилигини маълум қилади.

     Бу гап шифокорлар орасида тарқалиб кетади ва асаб касалликлари шифохонасида ишловчи А. Абиловга етиб боради. Абилов эса бу хабарни қарийб 21 йилдан буён фарзандсиз бўлган ҳамқишлоғи И. Тоғаевга етказади. Янгиликдан қувонган Тоғаев янгаси Э. Раупова билан Қаршига келади ва шифокор гувоҳлигида Замира Аҳмедовадан болани олиш ҳақида келишиб олади. Шундан сўнг Раупова Қарши тумани ФҲДЁ бўлимига бориб, 2012 йил 27 декабрда туғилган чақалоққа гувоҳнома ёздириб олади. Шифохонадан чиққан куни Аҳмедова Тоғаевдан 800 минг сўм олиб, фарзандини бериб юборади.

     Аммо Замира эртаси куниёқ Абиловга қўнғироқ қилиб, фикридан қайтганини ва болани қайтариб олишини айтади. Орадан бир соатлар ўтиб, гўдак керакмаслигини, чет элга кетмоқчилигини билдиради ва чақалоқни янги ота-онасига расмийлаштириб бериш учун 500 минг сўм талаб қилади. Тоғаев Замирадан «Менга бола керак эмас» мазмунида тилхат ёздириб олади ва аёлга 300 минг сўм беради.

     Бироқ Аҳмедова ўз ваъдасида турмайди ва Тоғаев боласини қайтариб бермаётгани ҳақида вилоят ИИБга арз қилади. Ушбу вазият юзасидан суриштирув олиб борилганда гўдак тўрт кишининг ўзаро келишувига кўра сотилгани маълум бўлди ва бу шахслар одам савдосига қўл урганликда айбланиб, қўлга олинди. «Норасида гўдак эса меҳрибонлик уйига топширилди», – дейилади хабарда. Қўлга олинган шахсларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ҳақида маълумот берилмаган.

 

Покистондаги автобус иштирокидаги ЙТҲ натижасида 42 киши ҳалок бўлди

 

      Покистон жанубидаги Синд вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида камида 42 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Agence France-Presse хабар бермоқда.

     Маълумотларга кўра, йўловчи автобуси 20 апрель, якшанба куни Пано-Акил шаҳри яқинидаги шосседа йўл четида турган юк машинасига бориб урилган. Ҳалок бўлганлар орасида йигирмага яқин аёллар ва болалар борлиги айтилмоқда.

     Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, яна 20га яқин киши авария натижасида тан жароҳати олган. ЙТҲ сабаблари ўрганиб чиқилмоқда. Хабар беришларича, ЙТҲ содир бўлган йўлдаги полосалардан бири таъмирлаш ишлари сабаб ёпиқ бўлган.

     Покистонда қурбонлари сони сезиларли кўп бўлган ЙТҲлар тез-тез содир бўлиб туради. Associated Press’нинг ёзишича, бунга одатда йўллар ва инфратузилма сифатининг ёмонлиги, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмайдиган масъулиятсиз ҳайдовчилар сабаб бўлади.

Ток уриши хавфи туфайли Nokia планшет сотишни тўхтатди

 

      Nokia компанияси Lumia 2520 планшети фойдаланувчиларини унинг AC-300 заряд қурилмасидаги носозлик ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Nokia сайтида берилган маълумотга таяниб, Look At Me хабар берди.

     «Маълум бир шароитда заряд қурилмаларининг баъзиларида пластик қисмнинг ажралиши рўй бериши мумкин», – дейилади компания сайтида. Планшет эгаси заряд қурилмасини розеткадан суғуриш вақтида очилиб қолган симларга тегиб, ток уриши мумкин. Nokia фойдаланувчиларга бу турдаги заряд воситасидан компания муаммони ҳал қилмагунича вақтинча фойдаланмай туришни тавсия қилмоқда.

    AC-300 «эксклюзив дизайнга эга», шунинг учун уни Nokia’нинг бошқа «зарядка»лари билан алмаштириб бўлмайди. Бироқ носозлик планшетнинг ўзига зарар етказмайди. 2013 йил декабридан буён компания муаммоли заряд воситаларига эга бўлган 30 мингдан ортиқ Lumia 2520’ни сотган. Ҳозирча муаммонинг ечими топилмаган.

     Lumia 2520 сотуви вақтинча тўхтатилди. 

Буқа ва сигирнинг тўйи 17 минг долларга тушди

 

     Ҳиндистоннинг Индаур шаҳрида буқа ва сигирнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Англиянинг Mirror нашри хабарига кўра, тўй маросимига тайёргарлик икки ой давом этган.

Ганга лақабли сигирни буқа Пракашга эрга бериш қарори Индаур аҳолиси томонидан, шаҳарга қўшни бир қатор қишлоқлар кучли ёмғир ва дўллардан жабр кўрганидан сўнг қабул қилинган.

Индаур ҳам ҳосилсиз қолиб кетмаслиги учун аҳоли энг кўп қадрланадиган жониворларни чиройли тўй маросими билан бирлаштириш орқали, табиат илтифотига эришишга қарор қилган.

Одамларнинг тўйларида бўлгани каби, сигирлар тўйи ҳам ўртада йиғилган пул орқали молиялаштирилган: фермерларнинг ҳар бири 80 доллардан пул берган.

Тўй маросимига узоқ тайёргарлик кўрилган, жониворлар учун тўй либослари тайёрланган; "келин”да қимматбаҳо тақинчоқлар бўлган.

Маросимда бир неча минг киши, хусусан, қўшни қишлоқлар аҳолиси ҳам қатнашган. Барча расмиятчиликлар ўтиб бўлганидан сўнг, байрам рақслар билан якунига етган. 

Манба: Кун, ЎзА, Daryo, «Сабо»
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?