» » «АЙФОНИНГДАН АЙРИЛГУР…»

Закладки «АЙФОНИНГДАН АЙРИЛГУР…»

Название:
«АЙФОНИНГДАН АЙРИЛГУР…»
Дата:
31-03-2014, 20:27
Просмотры:
1028
 

     Кўрмаганнинг кўргани қурсин, экан. Ҳақберди бу нақлнинг қанчалик ростлигига энди амин бўлди. Ҳаммаси хотиннинг хархашасидан бошланди. Икки ойдирки, "Фалончининг эри айфон олиб берибди, ундан кам жойим борми?” деб қулоқ-миясини еди. Ҳақберди замонавий телефонларга унча қизиқмайди. Қўл телефони ҳам алмисоқдан қолган, "чий-чий” телефон. Уям шу пайтгача камида йигирма марта уста кўрган…

Ҳақберди ҳам анойимас. "Эринг шунақа телефон тутиб юрганида, сенга айфонбозликни ким қўйибди?” дея масалани узил-кесил ҳал қилди. Хотин эса умуман анойимас. Танлаган еридан узмаса қўймайди. Декрет пулию эри рўзғор учун берган пулларидан тежаб-тергаб, камига униси-бунисидан қарз олиб, ниҳоят ўша айфон ўлгурни харид қилди.

— Мана, — деди у матоҳни эрига кўз-кўзлаб. – Сиз олиб бермасангиз ҳам ўзим амаллаб топдим. Сиз юраверинг ўша "пи-пи-ка”нгиз билан.

Айфон дегани бир ажабтовур нимарса экан. Ичида ҳар бало бор: фотоаппарат дейсизми, видеокамерами, киноми, клипми... Хонадонга шу айфон кирди-ю, рўзғордан барака ҳам кетди. Хотинининг қўлидан тушмайди бу зорманда. Ҳали қараса сочини минг хил турмаклаб ўзини суратга туширади, ҳали қараса болаларининг тувакка қандай ўтирганини «съёмка» қилади. Телевизордаги аччиқ ичакдек узундан-узоқ сериаллар ҳам ярим йўлда қоп кетди. Қайсидир дугонаси икки юзта кинони "ватсапп”дан ташлаб берганмиш. Ҳақберди ҳам юрган экан-да, эски "москвич”ининг ичини кавлаштириб. Шунча нарса олқинди совундек келадиган бу мосламага қандай сиғди экан?

Кечалариям уйқу йўқ. Телефонни ичида "Твиттер” деган бир бало бор экан. Ҳатто овқат еганию қўлини чайганигача, ҳар бирини батафсил «статус»га ёзиб боради. «Инстаграм» деганиям бормиш. Ҳар қадамини суратга олиб, интернетга чиқартирса бўларкан. «Фейсбук» билан «Агент»ни ҳам бу хотин тушмагур сувдек ичворган. У ёғидан кириб бу ёғидан чиқади. «Однокласники»дан топиб олган йигирма йиллик синфдошлари билан кунда йигирма марта саломлашади.

Эҳҳе, бу ҳаётда Ҳақбердининг ақли етмайдиган нарсалар кўп экан. "Блутуз” дейдими-ей, «вейбер»ми-ей… Яна бу қурғур телефоннинг ойнасини ишқаласа бўлди, худди Аловуддиннинг сеҳрли чироғидек одам боласининг ҳамма тилагини муҳайё қиларкан-қўяркан.

Хотиннинг қўлига шу нарса тушганидан бери об-овқатнинг ҳам мазаси қочди. Гоҳ тузи шўр бўлиб кетса, гоҳ пасаяди. Бу ёқда икки ҳафталик ювилмаган кир уюлиб ётибди...

Ана шундай кунларнинг бирида.... Хотинининг ажабтовур айфони йўқолди-қолди. Куппа-кундуз куни, ўз уйида... ўғирлаб кетишди.

— Мелисага бораман, — деди хотини ўзини қўярга жой тополмай. Нақ бир миллионга олганман. Қаматвораман.

— Э, мелисанинг бошини қотириб нима қиласан! — деди Ҳақберди кўзлари олайиб. — Уларнинг сендан бошқа ташвиши йўқми?

— Топиб беради, — деб оёқ тираб олди хотини. — Йўқолган телефонларни топиш йўлларини билади улар. Бир дугонамнинг телефонини ҳам топиб беришганди.

— Бўлди, аяжониси, — уни юпатган бўлди эр. — Ўша пулни ўзим топиб бераман. Фақат, бунақа бошоғриқ матоҳни қайтиб ишлатмайсан, бўптими?

Хотиннинг сал-пал чиройи ёришди. Ҳақберди йўқолган телефоннинг пулини бозор куни ернинг тагидан бўлса ҳам топишга ваъда берди. У ваъдасида турадиган йигит. Айтганидек якшанба куни эрталаб уйдан чиқиб кетди-ю, белбоғини пулга тўлдириб қайтди.

— Мана, — деди чуқур уф тортиб. — Роппа-роса тўққиз юз минг.

— Нима? — хотинининг яна афти буришди. – Ахир мен уни бир миллионга сотиб олгандим. Икки ҳафта ҳам ишлатганим йўқ эди.

Тил бесуяк-да! Тил қурғурнинг суяги бўлганида эди...

— Телефонингни бундан қимматроққа сотолмадим, — деб юборди шўрлик Ҳақберди…


Иқбол ҲУМОЮН

"СУҒДИЁНА" газетасидан

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?