Закладки Huquq olamidagi yangiliklar

Название:
Huquq olamidagi yangiliklar
Дата:
30-03-2014, 05:53
Просмотры:
747
 

Фарғонада «сохта прокурор» қўлга олинди

 

     Фарғона вилоятида фуқаролардан муқаддас Ҳаж амалини ўташ учун рухсатнома олиб бериш учун пора талаб қилган "сохта прокурор” Бахтиёр Ахунов жиноят устида қўлга олинди.

     Ўзбекистон Бош прокуратурасининг "Ҳуқуқ” газетасида ёзилишича, ўзини вилоят прокурори деб таништирган Б. Ахунов муқаддам уч марта жиноий жавобгарликка тортилган. Амнистия қўлланилгач, жиноят ишлари тугатилиб, жазодан кутилиб қолган.

У муқаддас Ҳаж амалиётини ўташ учун рухсатнома олишига кўмаклашиш мақсадида кишилардан 1000 доллар "хизмат ҳақи” олади. Б. Ахунов "ҳукуматда ва Диний қўмитада юқори лавозимлардан ишлайдиган танишлари орқали ҳаж сафарига рухсатнома олиб бериши мумкин”лигини айтади.

Фуқаролар 2013 йили Ҳаж зиёратига бора олишмагач, у "Ҳаж сафари учун ҳаракатни бироз кеч бошлаганликларини” важ қилиб кўрсатади ва уларни Умра зиёратига юбориши мумкинлигини айтади. Бунинг учун яна 400 доллардан талаб қилади.

Фарғона вилояти прокуратураси ходимлари уни жиноят устида қўлга олиб, тергов ҳужжатлари судга оширилган.

 

ҲУЖЖАТСИЗ НОУТБУКЛАР


     Юртимизда мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, тадбиркорлик билан шуғулланувчилар учун кенг имтиёзлар яратилмоқда. Айниқса, cолиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, кўплаб қулайликлар яратилиши уларнинг фаолиятини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

     Шу боис ҳам, тадбиркорлик бугунги кунда жамиятимиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг кафолати ва таянчи, юртимиз тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи кучга айланиб улгурди. Иқтисодиётнинг муҳим йўналиши бўлган бу бўғинни ривожлантиришга, уни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қанчалик кўп эътибор қаратилмасин, айрим шахслар бундай имтиёзлардан фойдаланиш ўрнига, ноқонуний йўл орқали тадбиркорлик билан шуғулланишни маъқул кўрмоқдалар.

     Қозоғистонлик Константин Фёдоров республикамизни бедарвоза деб ўйлади, шекилли, қонунларимизни четлаб ўтиб, мўмай даромад орттирмоқчи бўлди. Қонунлари устувор юрт­да жиноятга жазо муқаррар эканлигини унутди ва қонунга хилоф равишда компьютерлар, ноутбуклар ҳамда нетбуклар сотиш билан шуғуллана бошлади. К.Фёдоров ҳеч қандай ҳужжати ва сертификати бўлмаган техника воситаларини номаълум шахс­лардан сотиб олиб, "Абу Сахий", "Янгиобод" бозорларида пуллайверди.

Халқимизда "кўза кунда эмас, кунида синади", деган мақол ҳаётдан олиб айтилганлиги яна бир бора тасдиғини топди. СВОЖЖДЛҚК департаментининг Юнусобод туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда қонунбузарнинг қилмишлари фош этилди. Унинг Юнусобод туманидаги уйи кўздан кечирилганда, 16 млн. 573 минг сўмлик компьютер, ноутбук ҳамда нетбуклар топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Шунингдек, устомон бу йигитнинг уйидан яна 55 млн. 745 минг сўмликдан ортиқ 158 дона яроқсиз ҳолдаги турли компьютер техника воситалари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисм­лари ҳужжатлаштириб олинди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, жиноят жазосиз қолмайди. К.Фёдоровнинг қилмишини атрофлича кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди. Унга кўра, К.Фёдоров энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди. Шунингдек, икки йил муддатга савдо-сотиқ билан шуғулланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.


Ойбек ГАИПОВСВОЖЖДЛҚК департаментининг Юнусобод туман бўлими бошлиғи

 

 

Сариосиё ва Форишда пенсия пуллари почтачилар томонидан ўзлаштирилгани аниқланди


    «Ўзбекистон почтаси» компаниясининг Сариосиё туман бўлими ходими 5 нафар пенсионернинг 1,7 миллион сўмдан ортиқ пенсиясини имзоларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштирган. Бу ҳақда, «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.

     Бундан ташқари, у 86 нафар пенсионердан коммунал тўлов учун йиғилган 2,4 миллион сўмни ҳам талон-тарож қилган. Почтачига иш ҳақидан 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.

     «Ўзбекистон почтаси» компаниясининг Фориш почта алоқа тармоғи мансабдор шахслари ҳам 2013 йил октябрь-ноябрь ойлари учун ажратилган 43,7 миллион сўм пенсия пулларини ўзлаштиргани ва 96,2 миллион сўм пенсия пулларини сарфлагани фош этилган. 

 

Пушаймонлик сафари

 

     Одам савдоси ва унинг оқибатлари хусусида эшитмаган одам бўлмаса керак. Оммавий ахборот воситалари ушбу жиноят ҳақида бонг уриб, аҳолини ҳушёрликка чақирмоқда. Бироқ, булардан ҳамма ҳам хулоса чиқараяпти деб бўлмайди. Одамфурушларнинг хорижга, катта-катта маош тўланадиган ишга юбориш ҳақидаги ёлғонларига учиб, жиноят қурбонига айланаётганлар ҳамон учраб турибди.

     Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида одам савдоси билан шуғулланишда айбланган бир қанча шахсларга доир жиноят иш­лари кўриб чиқилди. Судланувчиларнинг жиноий фаолиятига нуқта қўйилди, уларга қилмишларига яраша жазо тайинланди. Кишини ўйга толдиргани айрим хотин-қизлар бундай кимсаларнинг тузоғига осонгина тушиб, қуллик занжирига ўзларини тутиб бераётганидир. Ғишт қолипдан кўчгандан кейинги афсус-надоматлардан эса фойда йўқ. Жабрланувчиларнинг суд мажлисида берган кўр­сатмаларидан, ўйлаймизки, хорижда жарақ-жарақ пул ишлаш ниятида юрганлар тегишли хулоса чиқариб оладилар.

Жабрланувчи О.Элназарова (барча исм-фамилиялар ўзгартириб берил­моқда)­нинг кўрсатмасидан:

«2010 йилнинг март ойларида Олмалиқ шаҳрида Зара (кейинчалик билсам, ҳақиқий исми Зуҳро экан) исмли қиз билан танишиб қолдим. Гап орасида у менга Хитойнинг Пекин шаҳрига официантлик ёки идиш-товоқ ювувчи қилиб ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини, бир кунлик иш ҳақи камида 200 доллар бўлиши­ни, ўзи ҳам ўша жойга кета­ётганини, лекин бунинг учун олдиндан 6500 доллар керак бўлишини, тураржойдан муаммо бўлмаслигини, бу масалани ўша ёқдаги танишлари ҳал қилишини, йўл ҳужжатлари ва харажат­ларини эса ўз зиммасига олишини айтди. Мен бу таклифни ўйлаб кўриб, жавобини айтаман дедим. Бир ҳафтадан кейин қўнғироқ қилиб, Хитойга боришга розилигимни билдирдим. Шундан сўнг у ўзининг «Нексия» русумли автомашинасида келиб самолётга чипта олиш учун паспортимни олиб кетди.

Март ойининг охирларида Зара менга қўнғироқ қи­либ, 7 апрелда Пекинга уча­диган самолётга чипта олга­нини, зарур буюмларим би­лан ўша куни эрталаб Тошкентга етиб келишимни та­йинлади. У мени «Қўйлиқ» бозорида кутиб олди ва икка­ламиз аэропортга йўл олдик.­

Пекинда бизни европа миллатига мансуб 25-30 ёш­лардаги бир йигит кутиб ол­ди. Кечқурун ўша йигитникида қолдик, эрталаб эса Зара иккаламиз «Муянг» меҳмонхонасига бориб жойлашдик. Кечки пайт Зара «Chocoladе» тунги клубида фоҳишалик қилишини, 6500 доллар топиш учун мен ҳам шундай қилишим кераклигини айтди. Бу гапларни эшитиб, қўрқиб кетдим, бу­нақа бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди. Мен унинг таклифига кўнмадим, у эса пас­портимни, авиабилетимни олиб қўйиб, сув ҳам, овқат ҳам бермаслигини, ҳеч қаёққа кетолмаслигимни айт­ди. Алданганимни билиб, йиғ­лашга тушдим. У эса кўзёш тўкишдан фойда йўқ­лигини, ҳеч ким ёрдам бермаслигини айтгач, унинг айт­ганига мажбуран рози бўл­дим. Кечқурун Зара мени тунги клубга бошлаб борди.­

Бу ерда у турли ёш, турли миллатдаги мижозлар билан гаплашиб, мени уларга қўшиб меҳмонхонага жўнатиб юборарди. Бир кечада 2-3 тагача мижозга хизмат қилган бўлсам-да, ҳеч вақо олганим йўқ. Бошимга тушган хўрликлардан қутулиш йўлини ўйлардиму, ҳеч иложини қилолмасдим. Шу зайлда бир ойдан ортиқ вақт ўтди. Кутилмаганда Зара Тошкентга кетадиган бўлиб қолди. У агар менга пул юбориб турсанг, паспорт ва авиачиптангни ташлаб кетаман деди. Иложим йўқ эди, қайтиш авиачиптаси 1 июнга олинган, ҳали анча вақт бор эди.

Зарага ҳаммаси сен айтгандек бўлади дедиму, у кетгач «иш»га чиқмай қўй­дим. Бироқ, меҳмонхона тў­лови, еб-ичиш учун пул за­рур эди. Ноилож «Choco­ladе» тунги клубига бориб, яна танамни сотиш билан шу­ғулланишга мажбур бўл­дим. Ниҳоят, юртга қайтадиган кун ҳам келди. Уйдагиларни яхшироқ иш тополмаганимни, топганим ўзимдан ортмаганини айтиб алдашга мажбур бўлдим. Бу орада Зара қайтиб келганимдан хабар топибди. Сен учун сарфлаган харажатларимни ҳали қоплаганинг йўқ, шунинг учун ишни давом эттир деди. Бунинг қўлидан ҳар иш келади деб ўйлаб, яна ихтиёримни унинг қўлига топширишдан бошқа чора то­полмадим. Заранинг Зоҳир­ ва Ибо исмли танишлари ҳужжатларимни тўғрилаш ва Хитойга жўнатиш билан шуғулланишди. Пекинда Зара кутиб олди ва яна «Choco­ladе» тунги клубида «ишлай» бошладим.

Орадан бир ойча вақт ўтгач, Тошкентдан Музина исмли қиз келди. У ҳам За­ранинг алдовига учганини дарров сездим. Кечқурун Зара унга нима иш би­лан шуғулланишини айтганида бечора роса йиғлаб-сиқтади. Бироқ Зара унга бошқа йўл йўқ эканини тушунтирди. Шундай қилиб, иккаламиз Зара учун ишлай бошладик. У яна ов учун Тошкентга кетадиган бўлди ва бизни Лео исмли йигитга топширди. Уйга қайтамиз десак, на ҳужжати­миз бор, на пулимиз. Музи­на иккаламиз яна тўрт ойча Зара ва Лео учун ишлагач, бир амаллаб Тошкентга келдик. Зара ва ҳамтовоқларининг кирдикорлари хусусида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълум қилдик.

Бизни ишлатишдан ташқари Зара ва унинг Лола исм­ли ўртоғи ҳам тунги клубда фоҳишалик билан шу­ғулланар, улар ҳам бир ке­чада 2-3 нафар мижозни қабул қиларди. Тошкентда уларни ишбилармон аёл қиё­фасида кўриб ҳайратда қолдим».

Жабрланувчи М.Оғабекованинг кўрсатмасидан:

«Одамлар хорижий давлатларга ишга кетиб, катта-катта пул ишлаб келаётганлиги ҳақида эшитардим. Им­кони бўлса, мен ҳам чет эл­да ишлаб келаман деб ор­зу қилиб юрардим. Алиса Лугай деган корейс хотин билан тасодифан танишиб қолганимда, унинг гапларини эши­тиб, орзум амалга ошадиган­ бўлди деб севиндим. Ахир, у мени узоқ давлат эмас, қўш­ни Қозоғистондаги яхшигина ҳақ тўланадиган иш­га жойлаштириб қўйишга ваъда берганди-да. Ундан йўл харажатлари, тураржой билан таъминлаш масалалари иш берувчининг зиммасида эканини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим. Ҳақиқатан шундай бўлди, Алиса мен учун елиб-югурди. Қозоғис­тон чегарасида бизни Арман­ исмли йигит кутиб олиб, Ос­тона шаҳрига олиб кетди.­ У бизни Инга исмли аёлга топширгач, ғойиб бўлди. Ин­га нима иш билан шуғулланишимни айтгач, бунга кўн­масдан роса йиғладим. Аммо фойдаси йўқ эди, у ҳатто йўқ қилиб юбориш билан пўписа қилди. Шундан сўнг сауналарда танфурушлик билан шуғуллана бошладим. Инга сени беш минг доллар­га сотиб олганман, қарзинг­ни узганингдан сўнг ишлаб топган пулингнинг йигирма фоизини олиб турасан деган­ди. Лекин қўлим пул кўрмади. Уйдагилар би­лан телефонлашиб турардим. Бир куни ўғлим қаттиқ бетоб бў­либ қолганини, тезда етиб келишимни айтишди. Кошки­ эди Инга бунга кўн­са. Йиғлаб-сиқтаб, ўғлим со­ғайиб кетиши билан қайтиб келишимни, у учун яна пул иш­лаб беришимни айтганимдан­ сўнг рози бўлиб, йўл харажати учун озгина пул берди, холос.

Етти ёт бегона одамнинг гаплари билан таваккал қи­либ, катта хатога йўл қўйганимни кеч тушуниб етдим. Хо­рижда бошимдан ўтказган­ хўрликлар, азоб-уқубатлар менга катта сабоқ бўл­ди».

Жабрланувчи Б.Содиқованинг кўрсатмасидан:

«Оилада кўпчиликмиз. Иш­лаб, уйдагиларга ёрдамим тегса деб таниш-билишлардан иш суриштириб юр­гандим. Танишимиз Баҳор хола Орзухон деган аёл кўп­чиликни чет элга иш­­га жў­натаётганини айтиб қолди. Хуллас, ўша аёл билан учрашдим. Қозоғистонга ишга юбораман, официантлик қи­ласан, ойига 500-600 доллар­ ишлайсан деди. Рози бўлдим.

Айтилган куни сафар тай­ёргарлигини кўриб, йўлга чиқ­дим. Чегарадаги назорат­ пунктига келгач, Орзухон опа постдан алоҳида-алоҳида ўтамиз, ҳамроҳларингиз борми деб сўрашса, йўқ деб айтинг, нима мақсадда Қозоғистонга бораяпсиз дейишса,­ айланиб келишга деб жавоб­ беринг деб қайта-қайта тайин­лади. Назорат постида мен­дан сафардан мақсадимни­ сўрашди. Уларга Орзухон опа ўргатган гапларни айтдим. Ҳуқуқ-тартибот ходимларидан бири менга рост гапиришни, алдовга учиб қолмаслигимни айтиб, айрим­ ноинсоф юртдошларимиз хо­тин-қизларни ишга жойлаштириш баҳонасида хорижга чиқариб, қул қилиб сотиб юбо­раётганликларини, хор-зор­ликда қийналиб, тузалмас­ касалликларга дучор бўлаётганликларини тушунтирди. Унинг куюниб айтган гапларидан кўзим очилди. Ҳаммасини рўй-рост гапириб бердим. Менга бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органига му­рожаат қилишим мумкинли­гини тушунтиришди.

Кейин билсам, Баҳор ва Орзухон опалар Қозоғистонга ёш-ёш қизларни ишга жойлаштириш баҳонасида олиб ўтиб, сауна ва меҳмон­хоналарда фоҳишалик қи­лиш­га мажбурлашар экан. Бундай хўрликка дучор бў­лишдан асраб қолганликлари учун ҳуқуқ-тартибот хо­димларидан миннатдорман».

Англаганингиздек, жабрланувчиларнинг барчаси одамфурушларнинг яхши ҳақ тўланадиган ишга жойлаштириш ҳақидаги ваъдаларига учиб, тузоққа тушиш­ган. Уларнинг асл мақсадларидан бехабар бўлишган. Бу одам менга ўзи ким, не­га хорижга кетишим учун елиб-югураяпти, нега мен учун ёнидан пул сарфлаяпти деб ўйлаб кўришмаган. Ахир, бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур деган мақол бежиз айтилма­ган-ку. Оқибати эса...

Юқоридаги жабрланувчилар каби одам савдоси қурбонига айланмаслик, аввало,­ ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Кимдир чет элда яхши ҳақ тўланадиган ишга жой­лаш­ти­­­ришни таклиф қилса, унинг­ ваъдаларига лаққа туш­манг. Огоҳ бўлинг, ҳу­қуқ ва манфаатларингиз бу­зилишига, инсоний қадр-қим­матингиз топталишига йўл қўйманг.

Даврон НОРБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Бектемир туман суди судьяси 

 

НАФС БАЛОСИ


     Халқимизда "Нафс балосидан сақласин", деган нақл бежизга айтилмаган. Эгри йўлга юрган қанчадан-қанча инсонлар бу балонинг қурбонига айланмоқдалар. Жорий йилда Бойсун, Шўрчи ва Узун туманларида содир этилган жиноятлар ўша нафс балосига учраган инсонлар томонидан содир этилган. Чунончи, Абдусалом Улуқов Бойсун туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи лавозимида ишларди. Ишининг "паст-баланди"ни тушуниб олган бу кимса ҳамкасблари орасида ўзининг "мен"лигини ўтказадиганлардан эди. У юқорида айтиб ўтганимиздек, нафсининг қулига айланди. Ўз мансабини суиистеъмол қилиб, тадбиркор ва фуқароларнинг ҳақига хиёнат қилди.

     Ҳаром луқмани фақатгина ўзининг "томоғи"га раво кўрмаган Абдусалом шу корхонанинг ҳуқуқшуноси Ю.Салимовга ҳам илинади. Улар ўзаро тил бириктириб, ўз олдиларига мўмай даромад топиш мақсадини қўядилар.

     Абдусалом Улуқов Бойсун тумани "Инкабот" маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Кучкелдиевдан электр энергияси бўйича 960 минг сўмлик қарздорлигини компьютер базасидан ўчириш эвазига тамагирлик йўли билан 500 минг сўм талаб қилади.

     Департаментнинг вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бойсун туманидаги "Инкабот" маҳалласи ҳудудида жойлашган автомашиналар тўхташ бекати олдида "Дамас" русумли автомашина ичида Бойсун туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи А.Улуқовнинг топшириғига кўра корхона ҳуқуқшуноси Ю.Салимов фуқаро Б.Кучкелдиевдан 500 минг сўм пулни олган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, "Жанубгазтаъминот" УК Шўрчи туман газ таъминоти филиали назоратчиси О.Ўсаров истеъмол қилинган газ қарздорлигини йўқ қилиш эвазига пул талаб қилаётганлиги юзасидан 2013 йил 6 февралда ўтказилган тадбирда газ назоратчиси О.Ўсаров тамагирлик йўли билан У.Чориевдан 200 АҚШ доллари ва 100 минг сўм пулни пора тариқасида олаётган вақтда қўлга олинди.

Фуқаро О.Ўсаров ўзининг кўрсатмасида пора тариқасида олинган пулларни туман газ филиали ҳуқуқшуноси Қ.Хўжамбердиевга беришини айтиб, ушбу пуллар махсус кимёвий ишлов берилиб кузатувга олинганда, Қ.Хўжамбердиев ўз хизмат хонасида О.Ўсаровдан пора тариқасида 200 АҚШ доллари ва 100 минг сўмни олаётган вақтида бу кимса ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланган.

Бундан ташқари, Узун туман электр таъминоти корхонаси назоратчиси О.Буранов истеъмол қилинган электр энергияси қарздорлигини йўқ қилиш ва электр тармоғига қайта улаб бериш эвазига фуқаро А.Ғозиевдан товламачилик йўли билан ҳақ беришини талаб қилиб, 150 минг сўм пулни олаётган вақтида воқеа жойида ушланган.

Нафс олдида виждонини унутиб, раҳбарликни имтиёз деб билган ушбу кимсалар ўз қилмишларига яраша жазоларини олишди.


Рўзимаҳмад ТурсунқуловСВОЖЖДЛҚК департаментининг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори

 


ВИЖДОН АМРИНИ ЧЕТЛАБ...


     Кам таъминланган, боқувчисини йуқотган, қисқаси, ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиш халқимизнинг қон-қонига сингган одат, таъбир жоиз бўлса, инсоний тамойилдир. Шу билан бирга, ногиронлар ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Уларнинг жамиятдан узилиб қолмаслигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб, юртимизнинг турли жойларида ногиронларни тиббий меҳнат экспертизасидан ўтказувчи ҳудудий комиссиялар фаолият юритмоқда. Шулардан бири Асака туманидаги тиббий меҳнат экспертизаси комиссияси ҳисобланади.

     Мазкур муассаса вилоятимиздаги учта — Асака, Марҳамат ва Булоқбоши туманларига хизмат кўрсатиб келади. Унинг ҳисобида 7251 нафар ногирон мавжуд бўлиб, тиббий меҳнат экспертизаси комиссияси раиси Шодмонқул Аралов уларнинг саломатлигига, зарур пайтда соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш, уйи ёки шифохонада текширувдан ўтказиш каби ишларга масъул эди. Бироқ, у ўзига юклатилган вазифани амалга ошириш, кемтик кўнгилларга мал­ҳам бўлиш ўрнига, ўз манфаатига мос қадам ташлашга уринди. Оқибатда эса...

     Гап шундаки, у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, муддатсиз ногиронларни қайта тиббий кўрикдан ўтказиши керак эди. Шу мақсадда ўз комиссиясига бириктирилган туманлардан бирига боради. Ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш бошланади. Унга мазкур туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачлик консультатив комиссияси раиси вазифасида ишлаган Б.Гадоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва икки ҳамшира ҳамроҳлик қиладилар. Навбатдаги хонадонга киришади. Бу ерда 2-гуруҳ ногирони Толиб ака истиқомат қиларди.

Ш.Аралов Толиб аканинг аризасини синчиклаб кўриб чиққач, унга шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига бориш ва қайта кўрикдан ўтиш лозимлигини тайинлади.

     Ишга қайтишар экан, йўл-йўлакай Ш.Аралов Б.Гадоевга нималарнидир тушунтира бошлади. Б.Гадоев ҳам унинг гапларини тасдиқлади.

     Орадан бир неча кун ўтиб, Толиб ака текширувга келди ва бир неча варақ солинган ихчам пакетни Б.Гадоевнинг қўлига тутқазди. Б.Гадоев қоғозларни кўриб чиққан бўлди-да, бир-иккита ҳужжатлар кам эканлигини айтди. Толиб ака қанақа ҳужжат кераклигини сўраган эди, бу ишларнинг оворагарчилиги кўплиги, гап раисга тақалиши-ю, унинг ҳам бошида раҳбарлари борлиги, ҳужжат тўкис бўлмаса, иш осон кўчмаслиги ҳақидаги жавобни олди.

Толиб ака ҳайрон бўлиб қолди. "Ахир раиснинг ўзи тиббий кўрикдан ўтишни тайинлаганди-ку", — дея энди оғиз жуфтлаган эди, Б.Гадоев унинг гапини бўлди.

— Tўғри, бироқ бунинг учун сиз билган-билмаган яна анча ҳужжат керак. Ёши катта одам экансиз, келинг, 200 минг беринг, ўрнингизга зарур ҳужжатларни ўзимиз тайёрлаб, Шодмонқул акага жўнатаман.

— Хўп, шундай қилдик ҳам дейлик, тиббий кўрикдан қачон ўтаман?

— Айтяпман-ку, Шодмонқул акага ҳужжатларни юборамиз. У киши бўлди деса, бас. Ўша куниёқ мушкулингиз осон бўлади...

Толиб ака бироз ўйланиб тургач, айтилган пулни бериб юборишини маълум қилиб, чиқиб кетди. Йўлдаги маслаҳат осонгина ҳал бўлганидан қувонган Б.Гадоев бу ҳақда раисга айтгиси келди-ю, бироқ фикридан қайтди. Чунки у сувни кўрмай, этик ечмайдиганлар хилидан эди.

Орадан уч кун ўтди. Б.Гадоев ишга энди келиб турганди, эшик очилиб, остонада бир аёл кўринди. Толиб аканинг аёли эканлиги, эри омонат бериб юборганини айтган эди, Б.Гадоевнинг чеҳраси ёришди. Омонатни аёлнинг қўлидан олиб, очиб кўрди — ўзи кутганидай икки боғлам! Шундан кейин аёлга юзланди-да, эри эрта ё индинга келиши мумкинлигини, унгача керакли ҳужжатларни ўзи тайёрлаб қўйишини айтиб, ваъдани қуюқ қилди.

Бироқ аёл чиқиб кетиши билан хонага кириб келган ходимлар ўзларини таништирганларида, унинг хаёлидан нелар кечгани фақат ўзигагина маълум.

Б.Гадоевга ҳамда унинг воситачилигида тамагирлик йўли билан пора олган Ш.Араловга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг ҳукми билан Ш.Аралов 3 йил муддатга моддий жавобгарлиги бор бўлган мансаб вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, энг кам иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима тўлайдиган ва ушбу жарима давлат фойдасига ундириладиган бўлди. Б.Гадоев эса 3 йил муддатга моддий мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик даромадининг 30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда, 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.

Бир инсоннинг ҳамёнига кўз тикиш, қонунни менсимай, виждон амрини ҳам четлаб ўтган кимсаларнинг қилмиши ана шундай тарзда якун топди.


Илҳомжон ҚЎЧҚОРОВСВОЖЖДЛҚК департаментининг Марҳамат туман бўлими бошлиғи


 

 

Манба: "Ҳуқуқ ва бурч" журнали, "Ҳуқуқ" газетаси, "Кун" интернет нашри, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги - УзА
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz