Закладки QOTIL

Название:
QOTIL
Жанр:
Дата:
11-10-2013, 01:49
Просмотры:
1976

Анвар Намозов

 

Қ О Т И Л

 

Ҳикоя

 

Равшан икки ўт орасида қоврилар эди: бири – пуллар, иккинчиси – виждон!Пулларни ўзи олмаган, Элчиев Равшаннинг хотинига элтиб берган. Шоҳидага теккан пулни қайтариб олиб бўлмайди.

Элчиев шу тариқа яна бир ҳийласини ишга солган эди.

– Мен қаердан биламан? – ўзини оқлади Шоҳида. – Ахир, менга, "мана бу – пора”, деб олиб келишгани йўқ-ку! "Эрингиздан қарзимиз бор”, – дейишди, олиб қолавердим.

– Йўқ, сен била туриб олгансан, – жиғибийрон бўлди Равшан. – Мен кимга қарз беришим мумкин, буни жуда яхши биласан! Умуман, менда бунча пул нима қилсин? Ақалли шуни ўйламадингми?

– Э, бўлди қилинг, – тумтайди хотини. – Намунча қўрқоқ бўлмасангиз?! Биров билиб ўтирибдими шуни? Олдикми, олдик, вассалом! Якшанба куни уйга мебель харид қиламиз, залимизни тўлдириб туради.

– Пулни менга бер! – бақирди Равшан.

Шоҳиданинг баттар қовоғи уйилди-да, ичкаридан қоғозга ўралган пулларни олиб чиқиб берди. Равшан уни костюмининг ички чўнтагига соларкан, телефонидан Элчиевнинг рақамига қўнғироқ қилди. Аксига олиб, Элчиевнинг телефони ўчирилган эди. У атайин шундай қиляпти, албатта! Тўғри, ҳаммага ўз фарзанди ширин. Элчиев ўғлини қутқариб қолиш учун бор найрангини ишга соляпти. Аммо жабрдийда Дамира опа-чи? У ёлғиз боши билан нима қилади энди?

Элчиев Дамира опа билан гаплашган эмиш! Энди унинг рўзғорини бир умрга таъминлаб турармиш!

Равшаннинг кўз олдига суратдаги жажжи Лайлонинг сиймоси гавдаланди.

Эҳ, қизалоқ, нима қилардинг оқшом чоғи кўчага чиқиб? Хаста онангнинг дардига малҳам бўламан, дедингми? Наҳотки, қўни-қўшнига илтимос қилиб бўлмасди?

– Сен тушунмаяпсан! – деб тутақди Равшан хотинига. – Сенга қўшқўллаб пул тутқазган ўша нокаслар боғча ёшидаги қизчани машинасида босиб кетган.

– Нима?! – Шоҳиданинг ранги ўчди.

– Ҳа!

– Мен... мен билмабман, – деди Шоҳида. – Қаёққа кетмоқчисиз, ярим тунда?

– Мана бу пулни қайтаришим керакми-йўқми?

– Телефони жавоб бермади, шекилли?

Равшан эшик тутқичини ушлаганча нима қиларини билмай турарди.

– Эртага берарсиз, дадаси. Ҳозир кеч бўлди.

– Менга қара, мўйловли, семиз одаммиди?

– Йўқ, айтдим-ку, қотмадан келган, сариқ киши! Исминиям айтмади, эрингиз ўзи билади, деди.

Қанча ўйламасин, Равшан айтарли чора топа олмади. Ишхонага қайтиб, пулларни Элчиев бериб кетган, дея расмийлаштирай, деса, эртага у тан олмаслиги мумкин. Қайтага ишхонада гап кўпайгани қолади. Хотинига айтиб, пул оларкан, дейишади. Ўзи шундоқ ҳам анови Умматов Равшанга тиш қайраб юрибди.

Телефон жиринглаб, Равшан шоша-пиша уни чўнтагидан олди-да, экранига қаради.

– Дамира опа-ку, – деди ҳайрон бўлиб, кейин телефонни қулоғига олиб борди. – Алё, эшитаман...

Равшан телефонда тинглаб туриб, хафа бўлишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмасди.

Шу кеча у хотинининг кўзини шамғалат қилиб, қоғоз ўрамини очди-ю, пулларга тикилди. Бир нечта юзталик доллар кўзни яшнатар эди. Жами беш минг! Сўмда қанча бўларкан? Анча-мунча миллионлар бўлса керак!

Равшаннинг юраги орзиқди. Шу заҳотиёқ қулоғига Элчиевнинг доимий равишда пичирлаб айтадиган гапи эшитилиб кетди: "Ким билиб ўтирибди?”

Ўзи ҳам пулларга тикилган кўйи шу саволни такрорлади...

Ростдан ҳам ким билиб ўтирибди? Ана, Дамира опа ҳам эртага ишхонага бориб, даъвосини қайтариб олишини айтяпти. Демак, Элчиев уни ҳам рози қилган. Наҳотки, онаизор марҳума қизчасининг хунини шу йўл билан тўлашларига рози бўлган?

"Хотинимга қизча ҳақида бекор айтдим, – деб пушаймон бўлди Равшан. – Шошмасам бўларкан. Энди пулларни қандай олиб қоламан?”

Равшан пулларни қоғозга қайта ўраб, чўнтагига солиб қўйди, аммо ҳали-ҳануз бир қарорга келмаган эди.

Эрталаб нонушта устида у болаларига тикиларкан, яна пулларга ҳуши кетди. Хотинига зимдан қаради. У ҳам ўйчан эди.

Равшан ишга кета-кетгунча ҳам икки ўт орасида хаёлга берилган эди. Худдики ҳамма кутиб тургандек, бармоғини нуқиб кўрсатаётгандек туюлаверди.

Дамира опа хонасига кириб келганида бироз довдираб қолди. Аёлнинг йиғидан қизарган кўзларига қарашга ўзида зўрға куч топди.

– Начора, тақдир экан, – деди Дамира опа маъюс оҳангда. – Минг даъво қилганим билан қизим тирилиб келмайди энди. Қайтага ёшгина йигитнинг умрини увол қиламан, ука.

Равшан шу қадар талмовсираб қолган эдики, буёғига қонуний равишда қандай иш тутиш мумкинлигини ҳам идрок эта олмади. Дамира опага ҳеч нима демади, нима дейишни билмасди ҳам. Онаизор яна нималарни гапирди, неларни айтиб йиғлади, эсида йўқ. Гўё, Равшан тилдан қолган, умуман, у бошқа одамдек эди ҳозир!

Бироз ўтиб, Равшан тилга кирди. Бироқ шунда ҳам ўзининг овозини эшитмади. Дамира опага нималар деди, кейин оппоқ қоғозга нималарни ёздириб олди, билмайди. Қўлига олган қоғозга тикиляпти-ю унда битилган сўзларни ҳазм қилолмаяпти.

Дамира опа чиқиб кетгач, Равшан онг-шуури карахт ҳолда хонада анча ўтирди, Элчиев кириб келганида бир сесканди. У Равшан билан қучоқлашиб кўришди, ҳатто ғолибона тарзда белидан кўтариб қўйди. Ишлар қандайлигини сўради. "Ҳали яна атаганимиз бор”, – деди писка кўзини қисиб. Кейин эса...

Кейин, Равшан ўзига бўйсунмаган ғайритабиийлик билан Элчиевни эшиккача кузатиб қўйди. Айни дамда у ўз-ўзини оқлаш учун жамики важ-корсонларни ўйлаб топиш билан овора эди.

Хонасида ўтирар экан, титраётган қўлларига қараб, кўнгли тўлиб кетди. Нега? Нима учун? Пора олгани учун ҳам қўллари қалтираяптими? Фақат қўллари эмас, оёқлари, мижжалари, бутун аъзо баданига титроқ кирган. Қандай куч бу? Виждон бу! Виждоннинг иши бу! Шайтоннинг амрига бўйсунгани учун ҳам виждони бош кўтарган.

Виждон... шайтон! Ажабо, қофиясига қара буларнинг!..

Равшан куни билан ишламади, тўғрироғи, ишлай олмади. Кечки пайт яқин ҳамкасби Жўравой билан шакаргуфторлик қилди. Равшан шу баҳона унга дилидагиларни тўкиб солмоқчи эди. Қўрқди. Жўравойнинг, "ўл, виждонсиз”, дейишидан кўра, ишхонада Равшанни сотиб қўйишидан кўпроқ ҳадик босди уни.

Уйга гандираклаб кириб келаркан, хотинига хўмрайиб қаради.

– Шоҳида, ўша пулларни қайтарайлик, жуда бўлмаса, Лайлонинг онасига берайлик, – деди.

Хотинининг бош ирғади.

– Мен бундай яшолмайман, Шоҳида!

Шу кеча у тиниқиб ухлади.

Тонгга яқин эшик қўнғироғидан уйғониб кетди. Ким келди экан, деб кўнглига хавотир оралади. Қишлоқдан келишибди: қайноғалари Фозил ва Шокир! Худдики атайин қилгандек, Равшанни синаш учун ташриф буюришгандек. Ахир, шу чоққача булардан хат-хабар йўқ эди-да! Эҳтимол, Равшанни ҳозирги қисмати синаб кўраётгандир?

– Энди, куёв, ўзингиздан қолар гап йўқ, – гап бошлади дастурхон устида Фозил. – Салгина харажатга тушиб қолдик. Ҳал қилмасангиз бўлмайди, Равшанжон.

– Қанча эди? – сўради Равшан гўё унутгандек.

– Сиз бунақа энсангизни қотирманг, – гапга аралашди Шокир. – Ҳар ҳолда уй-жойли бўлишингизга сабабчимиз. Нотариус харажатигача кўтарган эдик, эсингиздами? Ваъда қилган муддатингиздан ҳам уч йил ўтиб кетди. Фоизини беринг, демаймиз, бизга ортиқча пул керак эмас. Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз.

– Тўрт минг эди, – деди Фозил.

Равшан Шокирга олайиб қараб қўйди-да, ўрнидан турди. "Балки буларга Шоҳида етказгандир, пул борида қарзлардан қутулайлик, дегандир, – деб ўйлади у. – Майли, энди бунинг фойдаси йўқ”.

У ётоққа ўтиб, жавоннинг эшигини очди. Бироз ўйланиб турди. "Шуларга аталган экан, начора”, деб қўйди пичирлаб. Сўнг яшириб қўйган қоғоз ўрамини очди-да, тўрт минг долларни санаб олди. Кўз олдидан яна лип этиб, марҳума Лайло ўтгандек бўлди.

Равшан енгил титраб қўйди, сўнг пулларга қаради. Ўзини бироз енгил ҳис этди. Худдики бу пулларни қайноғаларига бериб юбориши билан ташвиш, ўйлари арийдигандек туюлди. Ахир, қачондир бу қарзидан қутулиши керак эди-ку! Худойим мана шу бугунни белгилаб қўйгани бежиз эмасдир. Пулларнинг бўлгани ҳам яхши экан. Акс ҳолда қайноғаларига нима деб жавоб берарди?

– Мана бор экан-ку! Сўраб келмасак бермас экансиз-да, – деди Шокир илжайиб.

"Дамира опага қолган минг долларини берарман, – ўйлади ичида Равшан. – Уйига шу бугун, ҳозир бораман. Кўчаси эсимда, уй рақами... Сўраб-суриштириб оларман...”

Меҳмонларни кузатган Равшан Дамира опанинг уйига йўл олди. У яшайдиган кўчани қийналмай топди. Иттифоқо эллик қадамча юриб, Дамира опани учратиб қолди. Унга нима деярини билмай, "баъзи расмиятчиликлар бор эди”, – деб қўйди.

Дамира опа рўмолининг учини тишлаб, хийла безовталангандек бўлди.

– Бирор ёққа кетаётганмидингиз? – сўради Равшан.

– Ҳа... қабристонга, – жавоб берди Дамира опа. – Юринг уйга...

– Мен ўн дақиқага вақтингизни оламан, – Равшан шундай деб опанинг ортидан эргашди.

Икки хонали саранжом-саришта эски уй. Зах ҳиди анқийди. Деворлари униқиб кетган. Уй бекасининг ночор яшаши кўриниб турибди.

Дамира опа йиғлаб берса керак, деб ўйлаган эди Равшан. Йўқ, онаизор худди кўзёшлари қуригандек, нигоҳини бир нуқтага тикканча жим ўтирди. Унинг кўзларида жудоликнинг оғир акси қотиб қолган эди. Элчиев тўғри айтади: бу аёл "иш” нотўғри бўлган”, деб югурмайди, югурадиган жонкуяри ҳам йўқ.

"Ким билиб ўтирибди?” Ҳа, Элчиев тўғри айтади. У бу иш ўз фойдасига ҳал бўлиши учун пул берган. Пора билан ҳаммасини тўғрилаб қўйган. Шунинг учун ҳам унинг айтганлари тўппа-тўғри!

"Нима дейман, бу опага қандай тушунтираман? – ўйлади Равшан. – Ёки пулни индамай ташлаб кетаверганим маъқулми?”

У Дамира опадан ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Сўнг чўнтагидан конвертга солинган пулни чиқариб, хонтахта устига қўйди.

– Илҳомнинг отаси бердими? – сўради Дамира опа сокин товушда. – Менга керак эмас, укажон, олиб кетинг. Мен ҳадемай ўламан, пулнинг асло ҳожати йўқ. Мен қизимсиз яшолмайман.

– Ундай деманг, опа. Одам умид билан яшаши керак. Ҳали ҳаёт олдинда. Пулларни жуда бўлмаса, уйнинг тўловларига ишлатарсиз?

– Йўқ, ука, мен розиман, – хўрсинди опа. – Уйнинг тўловларига келсак... аллақачон тўлаб бўлишибди.

Равшан ҳар қанча ундамасин, алдаб гапирмасин, Дамира опа барибир пулни олмади. Равшан ўзини мажбурлаб кўнглига таскин берди: "Розиман, деди-ку, демак...”

Орадан бир ойча вақт ўтди.

Уйга мебель олинган куни кечқурун эр-хотин залда ухлашди. Ярим тунда Равшан алаҳсираб уйғониб кетди. У ҳозиргина кўрган тушидан терга ботган эди. Тушида Лайло қўлларини чўзганча қараб турарди.

У куни билан дилгир юрди. Дамира опанинг телефон рақамини излади. Афсуски, бу рақам аллақачон ўзининг телефонидан ўчиб кетган эди. Кераксиз одамнинг кераксиз рақами бўлгани учун! Умуман, ким учун кераксиз одам? Равшангами ё... жамиятгами?

Кечқурун ишдан қайтишда у Дамира опадан хабар олиш учун эски манзилга йўл олди. Таниш уйда таъмир ишлари билан банд уста йигитларга дуч келди. Улардан Дамира опа ҳақида сўради. Йигитлар елка қисиш билан жавоб бердилар. "Элчиев таъмирлаб беряпти, шекилли”, – деб қўйди Равшан.

Орадан яна қанча вақт ўтди, эсида йўқ, хонасида ишга кўмилиб ўтирган эди, Жўравой кириб қолди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб, сўраб қолди:

– Дамира Азаматова ишини сен кўрувдинг, шекилли?

– Ҳа, – жавоб берди Равшан ишдан бошини кўтармай.

– Ўша аёл ўлган экан-а, хабаринг борми?

– Нима? – Равшан ҳам ҳайрон бўлди, ҳам қўрқиб кетди. – Сенга ким айтди?

– Хотиним айтаётувди, гапдаги дугоналаридан эшитибди, – деди ҳомуза тортиб Жўравой. – Биттасининг узоқроқ қариндоши эканми-ей... Анча бўлганмиш-ку?!.

– Қандай ўлибди? – шалвираб сўради Равшан.

– Э, билмасам, – Жўравой шундай деб стол устига кўз ташлади. – Менга қара, пичоққа илинадиган ишинг йўқми-а, газетага бермоқчи эдим. Ануви Сойимов, матбуотда чиқмаяпсан, деб нақ қонимни ичди.

Равшан яна ташвишлар бошига йиғилгандек эзилиб ўтирди...

У бир ҳафта дили хун бўлиб юрди. Кейин қандайдир иш билан Дамира опанинг уйи томонга борган эди, эски манзилга бирров кирди. Ажабо, опанинг уйи аллақачон озиқ-овқат дўконига айланган, чаққон сотувчилар қўли қўлига тегмай савдо билан банд эдилар.

Ҳанг-манг бўлиб қолган Равшанни кимдир елкасига қоқиб, ҳушига келтирди. У ортига ўгирилиб қаради-ю, Элчиевга кўзи тушди.

– Қадрдоним, бормисиз? – чеҳраси ёришганча қучоғини очди Элчиев. – Қани, бу ёққа ўтсинлар.

Иккинчи хона муҳташам офислардан қолишмайдиган тарзда жиҳозланган эди. Элчиев муздек "кола” қуйиб, Равшанга узатди.

– Қайси шамоллар учирди? Тушимми-ўнгимми?

Равшан чайналди:

– Шундай... кирувдим.

– Қадамларига ҳасанот, қадамларига! Сиз бизга ҳали жуда кўп керак бўласиз, Равшан ака.

Элчиевнинг укаси тенги одамга "ака”лаб гапириши Равшанга эриш туюлди. Зотан, бу одам авваллари ҳам шундай деб мурожаат қиларди унга.

– Қалай бизнинг дўконча? – керилди Элчиев.

– Ўғлингиз учун дўкончага айлантирибсиз-да? – кесатди Равшан.

– Ўғлимга эмас, қизимга! Ўғлимга марказдан олиб берганман. Яқинда "иномарка” олади.

– Дўконча, денг?.. Қачон улгура қолдингиз?

– Ака, ҳозирги кунда темирни қизиғида босмасангиз, кўп имкониятларни бой берасиз. Раҳматли опа рози-ризолик билан шу уйни бизга хатлаб берди. Жойи жаннатда бўлсин, яхши инсон эди.

Равшан диққат бўлиб, ўрнидан турди:

– Бўпти, мен борай.

– Йўқ-йўқ, ҳозир бирга тушлик қиламиз, эллик-эллик оламиз. Ўтган кунларни эслаймиз. Сиз бизга жуда катта яхшилик қилгансиз, Равшан ака. Ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди.

– Бошқа сафар...

– Қачон, айтинг. Мен аниқ, лўнда гапиришни яхши кўраман. Шу бугун кечқурун, ишдан кейин. Маъқулми?

Элчиев қўлини кўксига қўйганча Равшанга тиржайиб қараб турарди. Равшаннинг эса боши қизиган-қизийверди. Қон босими кўтариларди. Кутилмаганда у Элчиевнинг ёқасидан олди-да, силтаб юборди. Элчиев орқаси билан мункиб кетди-ю, аммо йиқилмади. У ўзини ўнглаб оларкан, Равшанга дарғазаб бўлиб тикилди.

– Аблаҳ, разил! – деди Равшан. – Қандай қилиб шу ишга қўлинг борди? Қайси виждон билан...

– Мен ҳеч нима қилмадим, – жавоб берди Элчиев. – Ҳаммаси опанинг рози-ризолиги билан бўлган. Ҳужжатларга қўл қўйиб берган. Тилхати ҳам бор. Кўрсатайми?..

– Сендай ноинсофлар туфайли икки инсон ўлиб кетди. Наҳотки гуноҳларинг ҳақида ўйламасанг? Виждонинг сўроққа тутмайдими сени?

Элчиев бироз индамай турди-да, сўнг иягини хиёл олдинга чўзиб, Равшанга қошларини чимириб қаради:

– Виждон дейсизми? Сиз шунақа деяпсизми? Тушунмадим, сиз ўзингизни фаришта қилиб кўрсатяпсизми? Ўзлари-чи? Ўзларининг виждони-чи? Беш минг кўкидан олганингизда виждонингиз соқовмиди? Кейин ҳам рози қилдим. Ёки инкор этасизми?

– ...

Элчиев мийиғида кулиб, сўзида давом этди:

– Ана шундай: ҳаёт мендайларники, билиб қўйинг! Ҳаётда кучли, айёр, пулинг кўп бўлиши керак. Агар ожиз бўлсанг, сени топтаб ташлайдилар. Яна бир гап: ҳаммаси яхшиликка, деган гап бор. Ўғлимнинг ўша қизчани босиб кетгани яхшиликка эканки, мана, уларнинг уйи бизга насиб этди, дўконга ҳам айлантирдик... Виждон эмиш! Тавба, виждон деган билан қорин тўярмиди?..

* * *

Равшан дубдан ясалган улкан эшикни очиб, Элчиевнинг хонасидан чиққанида сотувчилар ҳали ҳам иш билан андармон эдилар...

Кўп ўтмай, Равшан ички ишлар бошқармаси биносига кириб борди.

– Менинг аризамни қабул қилинг, – деди у навбатчига. – Мен одам ўлдирдим...
 
Муаллиф (Анвар Намозов)нинг рухсатисиз ҳикояни бошқа сайтга кўчириш қатъиян таъқиқланади. 


кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
aybek082
Равшан Элчиевни ишки ишлар булимига айтиб берадими?
  • 3 декабря 2013 22:49
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?