» » БИР ИЛОН ВА ИМТИҲОН

Закладки БИР ИЛОН ВА ИМТИҲОН

Название:
БИР ИЛОН ВА ИМТИҲОН
Жанр:
Дата:
3-10-2013, 18:10
Просмотры:
2084



Анвар Намозов (1970 йили туғилган)
Анвар Намозов 1993 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган. Талабалик давридаёқ унинг ижод намуналари "Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, "Оила ва жамият” газеталарида чоп этилган.
Университетни тамомлагач, "Зарафшон”, "Даракчи” газеталарида ишлаган. Бир талай мақолалари ва бадиий ижод намуналари "Ҳуррият”, "Моҳият”, "Бекажон”, "Парвона” ва бошқа вақтли матбуот нашларида ҳам эълон қилинган. Анвар Намозов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиси ҳам бўлган.
Айни пайтда у республикамиздаги нуфузли нашриётлардан бирида бош муҳаррирлик қилмоқда. 
"Мен – кўринмас одам” саргузашт қисса, "Онаси ўпмаган йигит" қиссалар ва ҳикоялар, "Жумбоқ", "Қиёфа ўғриси" номли асарлар муаллифи.

Анвар Намозов

БИР ИЛОН ВА ИМТИҲОН

 

Ҳажвий ҳикоя

 

     Аттанг, фалсафа фанидан синовга келганда, Қиёмиддиннинг омади чопмади. Омади чопмади эмас, тўғриси, билими етмай қолди. Энди бу... фалсафа бўлса! Дунёда ким кўп – файласуфлар! Қайси бирининг таълимотини эслаб қоласан? Бир-бирига яқин жавобларнинг қай бири тўғрилигини Қиёмиддин фол очиб ҳам тополмасди. Устига-устак, домла Ғиёсова деганлари ўта талабчан. Қалин гардишли кўзойнаги остидан талабаларга қараганида худди кобра илонига ўхшаб кетади. Дарвоқе, илон...

– Йўли оппа-осон экан, – деди Ғиёсованинг ҳузурига кириб-чиққан Шавкат қўлларини бир-бирига ишқалаб. – Ўйлама, Қамар! Домлага битта илон олиб келсак бўлгани!

– Илон? – ҳайрон бўлди Фурқат. – Қанақа илон? Илонни бошига урадими?

– Секинроқ, – аудиторияга қараб қўйди Шавкат. – Мен роса ялинганимдан сўнг, Ғиёсова домланинг раҳми келиб, "майли, битта илон олиб келсин”, деди. Менимча, домламиз илоннинг гўштидан шўрва қилиб ичади.

– Мен айтдим-а, нега бу домла илонга ўхшаб кетяпти, деб.

– Гапни кўпайтирма, – деди Шавкат, сўнг Қамариддинга юзланди. – Мана энди ишинг осон битади.

– Илонни қаердан топаман? – бўғилди Қамариддин. – У ётоқхонамиздаги суварак эмаски, шартта-шуртта элликтасини ушлаб келсак!

– Топдим, – илжайди Фурқат. – Домлага чувалчанг олиб келамиз. Бу шапкўр илон билан чувалчангнинг фарқига борармиди?

– Э, ҳазилингни йиғиштир, вақт зиқ. Кетдик!

– Қаерга? – ҳайрон бўлди Қамариддин.

– Ҳайвонот боғига. Илонлар тиқилиб ётибди. Битта анакондани ўғирлаб келиб, "домла, заҳри-маҳрингизга енг”, деб қўлига тутқазамиз. Анаконда катта бўлади, Ғиёсовадан келгуси йилги имтиҳонларимиз учун ҳам баҳо қўйдириб оламиз.

Қамариддин Шавкатга олайиб қаради:

– Эсинг жойидами? Зоопаркдаги илонлар ойнавандли қутиларда сақланади. Уларни ўғрилаб бўларканми? Тағин анаконда эмиш! Чўнтагингга солиб чиқасанми уни? Бутингни битта қисса, додлаб юборасан!

– Тўппа-тўғри, – тасдиқлади Фурқат. – Сен, Шавкат, бўғма илонлар билан ўйнашма!.. Яхшиси, Сирдарёга борамиз. Балиқлар билан бирга илонлар ҳам бўлади, деб эшитганман. Иккаланг шундоқ сув остига шўнғиб, хоҳласанг илон, хоҳласанг қурбақа олиб чиқасан. Менинг қўлимдан келмайди, сузишни билмайман. Қолаверса, Сирдарёнинг суви тезоқар, менга ўхшаган қилтириқни оқизиб, Нил дарёсига элтиб ташлайди.

– Домлага қачон етказишимиз керак? – сўради Қамариддин. – Отпускага чиқиб кетмайдими ишқилиб?

– Қанча тез бўлса, шунча яхши. Бечора домла роса илон гўштидан егиси келяпти, шекилли, менга шипшиётиб, тамшаниб қўйди.

– Тешиб чиқсин, – минғирлади Фурқат. – Илон гўшти емай кетгур!

– Амакимга телефон қилиб айтсаммикан? – ўйланиб деди Қамариддин. – Тоғу тошда кўп бўлади илонлар. Илтимос қилсам, бир қоп юборади керак бўлса! Бошқа домлаларга ҳам тарқатиб чиқардик.

– Э-ҳе, амакинг Жарқўрғондан қачон илон юборади-ю сен уни қачон оласан! Шунча жойдан тирик илонни олиб келадиган одам бормикан?

– Нега йўқ бўлсин, бор, – яна гапга қўшилди Фурқат. – Ҳозирги таксичиларга пулини берсанг, почта қилиб эшакни ҳам олиб келаверади.

– Вақтни беҳуда ўтказмайлик, – чўрт кесди Шавкат. – Эски-туски лаш-лушлар сотиладиган бозорга борамиз. У ерда илон ҳам сотилади, деб эшитганман. Фақат тезроқ! Пешиндан кейин бозорда ҳеч ким қолмайди.

Учовлон тушлик ҳам қилмай йўлга тушишди. Шавкат айтган бозор шаҳарнинг бир бурчагида экан ўзиям. Автобусда ўтиравериб, ўриндиққа кетлари нақ ёпишиб қолди. Илонни шу бугун олиб келиб, Ғиёсованинг қўлига тутқазмоқчи бўлган Қамариддиннинг шашти сўнди. Тўрткўз домла бу учала илон овчисини кутиб ўтирармиди? Уйига кетворади-да!

Бозорда одам сийрак, уч ошна қайси томонга юришни билмасди. Кимдан илон ҳақида сўрашмасин, елка қисади. Ниҳоят, бир пистафуруш кампир уларнинг жонига оро кирди. Бозордаги битта-ю битта илонфуруш уйига кетганини айтиб, унинг манзилини берди.

Илонфурушнинг уйини зўрға топишди. Сарғайиб кетган тишлари орасига сигарет қистириб олган Равиль исмли татар йигит даставвал уларга обдон назар солди, кейин бош чайқади:

– Илан нету!

– Э, Равилжон ака, бундай деманг, – унинг эшикни ёпишига қўймади Шавкат. – Битта илон жалками сизга? Савоб иш қилинг. Манови бечоранинг ўгай аммаси илон шўрвасидан ичмаса, шу бугун томири узилади.

Равиль қўл силтади:

– Ну и что?

– Бу нима деганингиз? Раҳмингиз келмайдими? Битта яхшилик қилинг энди.

– Сенга керакми? – Қамариддинга ўгирилди Равиль. – Ўгай амманг, да? Уляптими?

– Ҳа-ҳа, – жавоб берди Қамариддин. – Поччам ҳам ўляпти. Ҳозир ҳамма қариндошлар, дўхтирлар бизни кутиб ўтиришибди. Тезроқ олиб беришимиз керак.

Равиль яна уларга бир-бир қараб олди ва деди:

– Юз минг!

– Вой-дод! – қичқириб юборди Фурқат.

– Ҳа, что подумали? Менинг илонларим қиммат туради. Уларнинг ҳаммаси тихий. Минг дардга даво.

Шавкат гапни узоқроқдан бошлади:

– Равилжон ака, биз бир талаба бўлсак, бунча пулни қаердан оламиз? Ишонсангиз, ҳали тушлик ҳам қилганимиз йўқ.

– Ну и что? Сенларга обед олиб беришим кирякми?

– Йўқ, илоннинг нархини туширмасангиз бўлмайди, ака. Бир ёрдамингиз тегсин. Шунча жойдан, институтимиздан қора тортиб келдик. Арзон қилинг. Ҳар ҳолда импортний эмасдир, Равилжон ака?

– Ладно. Икки минг тушдим, тўқсон саккиз минг дайте.

Фурқатнинг жаҳли чиқди:

– Ўв, қанақа одамсиз? Уялмай, "икки минг тушдим”, дейсиз! Туя сотаётганингиз йўқ-ку, ака! Ҳеч бўлмаса, талаба бўлганимиз учун чегирма қилинг. Сиз ҳам студент бўлгандирсиз?

– Мен студент бўлмаганман. Хотите, шу цена!

– Менга қаранг, Равиль ака, – хотиржам гапира бошлади Қамариддин. – Одамдан яхшилик қолади. Сизни нечат одам дуо қилади, биласизми?

Роса тортишишди. Тортишмасалар ҳам бўлмасди – учовининг чўнтагини титкиласа, йигирма уч минг чиқади ё йўқ. Бу орада Равиль тушмагур бир неча марта эшигини ичкаридан ёпиб олмоқчи бўлди. Худди икки каллали илон сотаётгандек, сира бўш келмасди у. Фурқат тутақиб, Қамариддин ялиниб-ёлвориб, Шавкат эса ривоятлар айтиб, ахийри кўндиришди. Аниқроғи, Равиль эмас, аллақаердан келиб қолган унинг хотини Фая ўн саккиз мингга кўнди.

– Ладно, – қўл силтади Равиль. – Киринглар. Ўзларинг танлаб оласанлар.

Ичкарида устма-уст қўйилган банкаларда турли-туман илонлар чирмашиб ётарди. Уларни кўриб, учала талабанинг ҳам юраги орқага тортиб кетди. Равиль илонларнинг тури, гўштининг фойдаси ҳақида сўзлай кетди. Кейин, пулни олгач, Қамариддиндан қайси илонни олиши ҳақида сўради. У кўзини чирт юмиб, дуч келган банкани кўрсатиб юборди.

Равиль узатган банкадаги илонни Шавкат ҳам, Қамариддину Фурқат ҳам ушлашга қўрқар, бир-бирига оширарди. Узоқ баҳсу мунозарадан кейин навбатма-навбат кўтаришга келишдилар. Автобусда кўтариш навбати Фурқатга келди. Унинг ранги-қути ўчган, банка солинган пакетни ғижимлаганча зўрға ўтирар, оёлари дағ-дағ қалтирарди. "Банкани ёриб чиқмасмикан?” – дерди пакетга ўғринча қараб...

Институтга етиб келишди. Кафедрага чиқиб-тушган Шавкат Қамариддин билан Фурқатнинг ҳафсаласини пир қилди:

– Ғиёсова кетиб қопти. Эртага берамиз.

Фурқатнинг аччиғи чиқди:

– Боя уйининг манзилини олсанг ўлармидинг, Шавкат? Энди буни қаёққа олиб борамиз?

– Қаёққа бўларди, ётоқхонага! Қўйиб юбормаймиз-ку ҳар ҳолда.

– Кетдик, аммо билиб қўй, мана шу илонни ўзинг қучоқлаб ётасан!

Аксига олиб, бугун ётоқхонада Носир ака қоровул эди. Шунақанги мижғовтушунмайдиган одамки.

– Тўхта, нима олиб киряпсан? – сўради у.

– Буми?.. – тутилиб қолди Қиёмиддин. – Қатиқ, Носир ака. Берайми?

– Қатиқ?.. Қишлоқникими? Манови пиёлага қуй-чи!

Учала ошна бир-бирига қараб олишди.

– Э, Носир ака, ачиган қатиқни нима қиласиз? – гапни илиб кетди Шавкат. – Ичингиздан кеткизиб, тир-тир қилади бу. Бизнинг ошқозонимиз эса ўрганиб қолган. Икки кундан кейин қишлоқдан тоза қатиқ юборишади, ўшанда бир пиёла эмас, бир коса берамиз.

Носир ака нимадир демоқчи эди, стол устидаги телефон жиринглаб қолди. У гўшакни кўтарган маҳалда оғайнилар ўзларини ичкарига уришди.

Илон солинган банкани хонанинг қаерига қўйишни билишмасди. Жавонга қўйишса, кимдир кириб қолиб, кўзи тушади. Каравотнинг ости ҳам тўғри келмайди – худдики илон банкадан чиқиб, тўшак ичига кириб кетгандек туйилаверади. Банкани стол остига қўйиб, эшикни ичкаридан қулфлашди.

– Қамар, бу ўлиб қолмаганмикан? – сўради банкадаги илонга тикилган Фурқат. – Қара, қилт этмаяпти.

Қамариддин ва Шавкат аввал банкага, сўнг бир-бирига қарашди.

– Эртага Ғиёсова домла текширса-ю, бу ўлган бўлса, банка-манканг билан калланга туширади.

– Нега ўларкан? – деди Шавкат. – Ўз-ўзидан ўлавермайди-ку!

– Қара, қимирламаяпти.

– Пулини тўлаганмиз, – деди алам билан Қамариддин. – Ўлишга ҳаққи йўқ.

Шавкат Фурқатни туртди:

– Сен банканинг қопқоғини очиб, чизғични секин теккизиб кўр, балки ўлмагандир?

Фурқат орқага тисарилди:

– Нега мен кўрарканман?

– Еб қўярмиди, Фурқат! Ўлгудек қўрқоқсан-да! Шундоқ очасан, чизғични секкин теккизасан, агар илон қимирласа, шартта қопқоқни ёпасан.

– Бекорингни айтибсан. Ўзинг қил!

Қамариддин банкани оҳиста қўлига олди-да, бир-икки силкитди. Ичидаги илон қилт этмади:

– Номард Равиль! Бизга ўлган илонни сотибди.

– Э, яхши ният қил, – деди Шавкат. – Ўлмаган бу! Қара, иккала кўзи ҳам очиқ!

Қамариддин уҳ тортди:

– Барибир текшириб кўриш керак.

Фурқат унга ўгирилди:

– Ўзинг текшира қол, ўртоқ. Имтиҳондан сен йиқилгансан-ку! Биз ташқарига чиқиб турамиз!

– Бекорингни айтибсан, – деди Қамариддин. – Ташқари-пашқарига чиқмайсан! Оғир кунда дўстни ташлаб кетиш экан-да, а?

– Қуръа ташлаймиз, – таклиф киритди Шавкат. – Ким ютқазса, илоннинг тирик-ўликлигини ўша текширади.

Бу гапдан Фурқат бир учиб тушди. Чунки, қачон қуръа ташлашса, у ютқазади-да! Нонга бориб келишми, хонанинг полини артишми, ҳар гал Фурқатнинг чекига тушади...

– Йўқ, мен норозиман, – бош чайқади у.

– Ўчир овозингни, – деди Шавкат. – Бошга тушганни кўз кўради. Балки банкани мен очишимга тўғри келар.

Фурқат иккала ошнасига ишонмай, учта қоғоз парчасини йиртиб, биттасига "илон” деб ёзди. Сўнг ҳаммасини алоҳида-алоҳида буклаб, стол устига ташлади. Биринчи бўлиб ўзи олди, аммо қоғозни очишга юраги бетламади. Қамариддин ҳам, Шавкат ҳам қоғозларни олишди.

– Менда бўм-бўш қоғоз, – деди Шавкат тантанали оҳангда қўлидагини очиб кўрсатаркан.

Фурқат чидаб туролмади. Қоғозни очган эди, ўзи ажи-бужи қилиб ёзган "илон” деган ёзувга кзи тушди.

– Алвидо, ҳаёт! – бақириб юборди у.

– Дадил бўл! – далда берди Шавкат. – Қўрқма, биз ҳам ёнингда бўламиз, аниқроғи... орқангда турамиз.

Фурқат худди икки ошнаси билан видолашаётгандек, уларга тўйиб қараб олди. Сўнг қалтираётган қўлларини банкага чўзди. Қамариддин унга чизғични узатди. Хона жимжит бўлиб қолганди. Фурқат чап қўлида ушлаган чизғичнинг учи ҳам титрай бошлади. Учта-тўртта жойи тешиб қўйилган банка қопқоғини очиш қийин экан, бечора Фурқат ғарқ терга ботди. Бир пайт стол устидаги қўл телефони жиринглаб, учаласи ҳам бир учиб тушди.

– Ўчир телефонни, – бақирди Фурқат банкадан қўлини тортиб оларкан.

Шавкат учала телефонни ҳам ўчириб, ҳатто аккумуляторигача ажратиб қўйди.

Яна ўлик сукунат ўчди. Фурқат нафас олишга қўрқиб, ҳали-ҳануз қалтираётган қўли билан банка қопқоғини оча бошлади.

– Очилмаяпти, – деди у баҳона топиб. – Буни михлаб ташлашган-ов!

– Тишинг билан оч, – маслаҳат берди Қамариддин. – Эсингдами, қишда мураббо банкасини шундай қилиб очувдинг.

– Ўргатма! Сен Моҳира билан свидания қилавермай, имтиҳонга тайёрланганингда бу кўргиликлар йўқ эди, – Фурқат чуқур-чуқур нафас олди-да, яна ишга киришди.

Банка қопқоғи ярим очилганида унинг киприклари пирпирай бошлади, бироқ қўллари ҳалиям қалтирагани учун қопқоқни яна ёпиб қўйди. Илон ҳануз қилт этмасди. Фурқат қайтадан ишга киришди. Оғир сукут ичида, ниҳоят, банка қопқоғи очилди. Шавкат билан Қамариддин тезда Фурқатнинг орқасига беркинишди. Нафақт хонада, балки бутун ер юзида жимжитлик ҳукм сурарди гўё!

Фурқат қопқоқни салгина суриб, чизғични банкага тиқди. Ана шунда...

Ташқаридан қадам тоушлари эшитилди-ю, эшик тақиллади. Фурқатнинг қўлидаги банка тушиб, юмалаб кетди. Учала ошна ҳам додлаб юборишди. Фурқат қандай улгурган, номаълум, у бир зумда жавоннинг устига чиқиб олганди. Шавкат билан Қамариддин эса оёқлари лиқиллаб турган столдан паноҳ топишди.

– Қамариддин, хонадамисиз? – Моҳиранинг овози келди ташқаридан. – Намунча ухлашади-я булар!.. Қа-ма-рид-дин!

– Тентак, нима қилдинг? – пичирлади Шавкат жавон устидаги Фурқатга. – Энди ўламиз-ку, аҳмоқ!

Фурқат бечоранинг жавоб беришга ҳоли йўқ, жавон устига қапишганча йиғламсирарди.

– Илон қаерга кетди, Қамар? – сўради Шавкат.

– Мен қаердан билай? Мен фақат банка думалаб, каравот тагига кириб кетганини кўрдим.

Ташқаридан овоз келди:

– Қамариддин, шу ерда экансиз-ку! Очинг, сизларга иссиққина сомса олиб келдим.

– Оҳ-оҳ! – деб қўйди жонланиб Фурқат.

– Сомса? – Қамариддиннинг сўлаги оғзидан оқиб тушаёзди. – Моҳи, хонангизга элтиб қўйинг, бироздан кейин оламан.

– Биз қизлар билан айланиб келишга кетаётгандик.

Шавкат нола қилди:

– Йў-ў-ў-ў-ў-қ, кетманглар.

– Илтимо-о-о-о-о-c, – қўшимча қилди Фурқат.

– Хўп, тезроқ чиқинг, – ташқаридан шип-шип қадам товушлари узоқлашди.

Жавон усти анчадан буён артилмагани учун, икки юзи оппоқ чанг бўлган Фурқат бошини секин кўтариб қаради:

– Қамаржон, жон ўртоқ, чиқиб, сомсани опкела қол! Қорним оркестр чалиб ётибди.

– Нега мен олиб келарканман?

– Ахир, Моҳи сенинг севгилинг-ку, – деди Фурқат. – Эшикни катта қилиб очиб қўйсанг, илон ҳам чиқиб кетарди.

– Илон стол тагида турган бўлса-чи? – ваҳима қилди Қамариддин. – Фурқат, сенга кўринади, қарагин.

– Кўринмаяпти, – деди Фурқат аланглаб. – Сизларга неча марта айтганман, кийимларингни стол остига тиқманглар, деб.

Шавкат гавдасининг оғирлигини бир оёғидан иккинчисига ўтказди:

– Қамар, илоннинг чақишидан ҳали одам ўлмаган. Туша қол!

– Бекорингни айтибсан! Илон ўлдирсин-да одамни!

– Ўлдирса, шу пайтгача Ғиёсовани ўлдирарди, Қамар, – деди Фурқат. – Туша қол энди. Ҳаммаси сени деб бўлди-ку!

– Ўзинг туш! Ахир, бир умр шкаф устида ётмайсан-ку!

– Менга ҳеч нима қилмайди, – ҳиринглади Фурқат. – Аммо сенлар ҳадемай стол билан қўшилиб ағдариласан. Оёқлари қийшайиб-майишиб кетди.

Бу гапни эшитиб, Шавкат билан Қамариддиннинг ҳам оёқлари қийшайди.

Ташқаридан шип-шип қадам товушлари эшитилиб, яна эшик тақиллади:

– Қамариддин...

– Мен... ҳозир... ҳозир, – деди Қамариддин. – Жоним, эшикдан узоқроқ туринг.

– Э, жонингдан ўргилдим, – минғирлади Фурқат. – Яхшиси, айт, қоровулдан қўшимча калитни олиб келсин.

– Калланг борми? Носир ака билса, комендантга айтиб, бизни ётоқдан ҳайдаб юборади-ку!

– Бу ерда илон чақиб ўлдиргандан кўра, квартирада яшаган яхши эмасми?

– Қамариддин?..

– Лаббай, Моҳи... Ҳозир... Сиз сомсаларни ўзингиз ея қолинг.

– Нега еркан? – жонҳолатда бақирди Фурқат. – Бировнинг насибасини еса, томоғига тиқилиб қолади, билиб қўй.

– Қа-ма-рид-дин...

– Эшикни очолмайман, Моҳи! Хонамизда илон бор!

– Нима?

– Хонада илон бор, деяпман. Гадюка!

– Э, ҳазилингиз қурсин.

– Моҳи...

– Бўпти, биз кетдик. Ярим соатларда қайтамиз.

– Кетма-а-а-н-г!

Фурқат Қамариддинни бўралатиб сўкди:

– Довдир, анқов, эшак! Тузукроқ гаплашсанг бўлмайдими? Э, шу... Ғиёсовангиям...

Агар столнинг бир оёғи синиб кетмаганида, ким билсин, Шавкат билан Қамариддин яна қанча туришарди? Стол ағдарилиб, иккаласи ҳам юмалаб тушди. Тура солиб, эшикка тармашишди ва очиб, чиқиб кетишди. Фурқат йиғламсираб қолаверди.

Орадан икки соатча вақт ўтди.

– Аблаҳлар, – деди бўғилиб Фурқат. – Менсиз еган сомсаларинг тешиб чиқсин!.. Онажон, оч қолдим...

Ниҳоят, эшик очилиб, ташқарида тумонат йигит-қизлар кўринди. Хонага эса катта ёшдаги мўйловли бир киши кирди. У жавон устидаги Фурқатга эътибор ҳам бермай, ён-атрофни синчиклаб кўра бошлади.

– Бўлди, – деди кейин, – илон яна банкада!

Талабалар ёпирилиб киришганида Фурқат жавон устидан тушиб бўлганди.

– Буни ҳайвонот боғига олиб кетамиз, – деди мўйловли амаки. – Энг ноёб илон! Аммо қандай қилиб хонада пайдо бўлиб қолгани жумбоқ. Нақшларининг чиройлилигини қаранг! Ўлдирмай яхши қилибсизлар!

– Бунинг ўзи бизни ўлдиришига сал қолди-ку! – уст-бошининг чангини қоқаркан, гина қилди Фурқат. – Олиб кетамиз, дейсизми. Нега?

– Бўпти, яна қўшаман: беш ҳисса тўлайман.

– А?.. Б...б...беш...

Эртаси куни Қамариддин Моҳира билан истироҳат боғига сайрга чиқди. Музқаймоқ тановул қилаётиб, Моҳира унинг юмилиб кетаётган кўзларига қараб, кулимсираб қўйди. Ғиёсованинг имтиҳонини қайта топшириб, аъло баҳо олган Қамариддин кеча туни билан ухламаган, китоб-дафтарларни титкилаб, синовга астойдил тайёрланган эди.


Муаллиф (Анвар Намозов)нинг рухсатисиз ҳикояни бошқа сайтга кўчириш қатъиян таъқиқланади.
кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Eng sevimli xonandangiz