» » «Келинойим бахтимни боғлади…»

Закладки «Келинойим бахтимни боғлади…»

Название:
«Келинойим бахтимни боғлади…»
Жанр:
Дата:
25-03-2014, 06:20
Просмотры:
2858
 
     Отамдан бевақт айрилганимиздан сўнг онам акам иккимизни ёлғиз катта қилди. Онамнинг чеккан азоблари менга аён. Мактабда ўқитувчилик қилишдан ташқари, тикиш-бичиш билан ҳам шуғулланарди. Шу меҳнатлари орқасидан бизни ўқитдилар, бировдан кам қилмади.
 
     Акам олийгоҳни тугатиб ишга кирди. Мен эса институт талабаси эдим. Онам нафақага чиқди. «Энди келин олсам, бу ёғига ро­ҳатларинг­ни кўриб яшасам», деб орзу қиларди. Акам келин танлашни онамга қўйиб берди. Онагинам суюна-суюна келин излашга тушиб кетди. Уч-тўрт қизни суриштирди. Учрашувлар белгиланди. Наргиза исм­ли, мен тенги, коллежни битирган бир қиз билан бир-бирига ёқишибди. Онам соддагина аёл эди. Ҳаммани ҳам ўзимизга ўх­шаган деб санаганми, қизни кўп суриштирмади…
     Тўй ўтгач, келинойим билан яқиндан танишиб олдим. Сирлашгим, кўнглимни очгим, унинг ҳам мен билан яқин дугона бўлиши учун ҳаракат қилардим. Доим табассум қилиб турувчи, ҳамма гапга лаббай деб жавоб берадиган келинойимни қариндошлардан тортиб қўшниларгача яхши кўриб қолганди. Акам ҳам бахтдан сармаст эди. Онам «Бахтимга ўзим истагандан зиёда келин тушди», деб қувончлари ичига сиғмасди. Бу аслида ниқоб эканини ким ҳам билибди, дейсиз? Ширин сўзлар замирида кўнгли қоралик яширинган экан…
     Бир куни ўқишдан эрта келдим. Онам қариндошимизнинг бешик тўйига кетган, акам ишда эди. Келинойим қаерда экан, деб энди уй остонасидан кираётгандим, телефонда гаплашаётгани қулоғимга чалинди.
- Ҳа, қайнонам ҳам қаергадир даф бўлди. Йўқолиб кетсин, кўришга тоқатим йўқ. Ҳм… ҳали кўрасан, дугон. Ўғлининг бошини айлантириб олганман. Ҳар кечқурун онаси кун бермаётганини айтиб, йиғлаб оламан. Аммо онасига ҳали бир оғиз гапира олгани йўқ, бу қўрқоқ. Синглиси бўлса мулойим супурги. Ҳамма уй ишларини қилдириб оламан. Нима? Йўқ, ҳали совчи келгани йўқ. Келса ҳам думини тугаман. Ҳали менга кўп керак бўлади… Охири ҳалиги жиянимга узатишга кўндирарман.
Сезиб қолмасин дея дарров ортимга қайтдим. Эшитганларим туш бўлишини жуда истардим. Онам билса, қон босими ошади, деб индамадим. Акамга айт­сам, хотини билан жанжаллашиб қолишидан қўрқдим. Балки бу икки дуго­нанинг оддий ғийбатидир. Эҳ­тимол кўнглида бундай гаплари йўқдир, деб ўзимни ишонтирдим. Шу би­лан бу гап­ларни унутиб юбордим.
Келинойим доимгидек хушмуомала ва меҳрибон эди. Акам унга ўзидан кўпроқ ишонарди. Акамнинг онамдан узоқлашиб кетаётгани менга яққол сезиларди. Авваллари ишдан сўнг онам билан гаплашиб ўтиришарди. Энди эса овқатдан сўнг келинойим бирор баҳона би­лан уйга чақирар, шу бўйи кў­рин­мас­ди. Онам акамни қалбан соғинаётганини сезардим, аммо буни билдирмасди. Икки ёш­нинг бахт­ли эканини кўриш уларга етарли эди.
Орадан бир йил ўтди. Келино­йим ҳомиладор эди ўшанда. Охирги курс эдим. Бир куни ўқишдан қайтаётгандим, қўшним имлаб қолди:
- Ҳа, Зиёдахон. Сизнинг тўйингизни ҳам бир кўрарканмиз-да. Ке­чаги совчилар дурустга ўхшади, нима жавоб қилдинглар? Мендан сўрашганда сени роса мақтадим…
Ҳайрон бўлдим.
- Билмасам… келгани йўқ, — дедим ийманиб.
- Вой, келинойингиз билан гаплашаётганига кўзим тушганди.
Бир вақтлар келинойим айтган ўша нохуш гаплар ёдимга тушди: «Келса, ўзим думини тугаман». Наҳотки!?
Ўйлаганларим ичимда қолиб ке­таверди. Онамга келинойим менга келган совчиларни йўқотаяпти экан, деб айтишга уялдим. Аммо бунга амин бўлиш учун келинойимнинг ўзидан сўрай қолдим.
- Кеча уйга кимдир келдими? Қўшнилар кўрганмиш…
Келинойим бироз талмовсираб қолди:
- Ҳа-я… айтиш хаёлимдан кўтарилибди. Ўлсин, ўқимаган, ҳунарсиз, камбағал оиладан экан. Йўқ, дея қолдим… Ойим эшитиб хафа бўлмасинлар, деб. Ҳали сизга зўр жойлардан чиқади, Зиёдахон.
Келинойимга яна ишондим.
Олийгоҳимиздаги бошқа факультетда ўқийдиган бир йигит ан­ча­дан бери мени кузатиб юрарди. Келишган, ўзига тўқ оиладанлиги  билиниб турар, жиддий ва ўқи­мишли эди. Дугоналаримнинг гапига кўра, кимдандир менинг манзилимни олибди. Совчи жўнатармиш…
Ўқишдан қайтаётганимда ўзи йўлимдан чиқди.
- Яхшимисиз, Зиёдахон, — деди у бироз жилмайиб. — Сизни анчадан бери кузатардим. Худди… кўнг­лимдаги қизсиз. Агар… йўқ демасангиз, эртага уйингизга одамларим боришади. Икки томон хўп деса, сизни учрашувга таклиф этардим. Бир-биримиз билан яқиндан танишиб олардик.
Яширмайман, бу йигит менинг орзуйимдаги инсон эди. Уялганимдан ҳеч нима дея олмадим. У сукутимни тўғри қабул қилди ва мени бекатгача кузатиб қўйди. Унинг сов­чиларини интиқиб кутдим. Онамга шипшиб қўйишни унутмадим. Келинойим бу сафар ҳам қайтармасин, деб уларга ҳам ўзим ёқтирган йигитдан элчи келаётганини айтдим.
Аммо… улар келмади.
Ўша йигит кўринмай қолди. Бир-икки ҳафтадан сўнг олийгоҳ ёнида учратиб қолдим. У мени кўриб, ғижингандек ўтиб кетди. Ҳайрон бўлганча қолавердим…
Барчаси бироз вақт ўтгач маълум бўлди. Йигит яқин бир дугонамга ичидагиларни айтибди:
- Зиёдахонни яхши қиз деб ўй­лардим. Дугонангизга айтиб қўйинг, ўз шаънини асрасин. Ёмон йўл­ларда юриб, охири бахтсизликка маҳкум бўлади.
Дугонам гапга тушунмай, ойдинлик киритишини сўрабди.
- Онам совчиликка бориб, аммаларим олдида изза бўлди. Суриштирса, у қиз шарманда бўлган, йигитлар билан юриб, номусини йўқотган бир беҳаё экан, — дебди.
Дугонам мени оқлабди. Булар бўлмағур гаплигини, ким тарқатганини сўрабди. Аммо йигит айт­мабди.
Буларни эшитиб, кўзларимга дунё қоронғи бўлиб кетди. Негадир келинойимдан кўргим келмасди бу туҳматни. Аммо бошқа ким айтиши мумкин? Бу сафар жим туролмадим. Онамга йиғлаб, барини айт­дим. Онам ҳам ким бундай деганига ҳайрон. Мени овутадилар-у, ўзлари эзиладилар. Ахир ёшим йигирма иккида, аммо уйга бирор сов­чи келмади.
Барига ойдинлик киритишим шарт эди. Ким менинг бахтимни боғлаяпти, билишим керак. Уят бўлса ҳам, ўша йигитни топиб учрашдим.
- Сиздан фақат биргина нарсани сўрашга келдим. Ўша туҳмат гапларни сизларга ким айтди?
Йигит кўзларимдаги ёшни кў­риб, кўнгли бўшади.
- Зиёда… Мен бунга ишонмагандим. Аммо… ўз оилангиз аъзоси айтганидан сўнг билолмай қолдим кимга ишонишни. Келинойингиз ҳеч кимга айтмаслигимиз шарти билан сиз ҳақингизда бор ҳа­қиқатни айтганди. Онамга ишонмай, ўзим келинойингиз билан суҳбатлашдим.
- Нима дедилар? Наҳотки, мени ёмонотлиқ қилдилар?
- Улар айтган гапларни айтишга ҳам уяламан, аммо… сиз ундай қизга ўхшамайсиз.
- Раҳмат, очиқ айтганингиз учун…
Мен бахтим учун эмас, оиламизга кириб олган илон борлигидан куйинардим. Ахир, келинойимга нима ёмонлик қилдимки, бахтимни боғласа? Керак бўлса, ҳомиладорлиги учун овқатни ҳам ўзим қилсам, кирларигача ювиб берсам, уйларни супурсам… Бу миннат эмас, оғринмай бажараман ҳаммасини. Лекин…
Онам бу гапларни эшитсалар, куйиб кул бўладилар. Шунинг учун акамга айтдим барчасини.
- Уялмайсанми келинойингга туҳмат қилгани? — деди онам тутақиб. — Қорни оғирлашиб, зўрға юрибди ўзи, сени ёмонлашдан бош­қа иши йўқми? Сенга совчи келмаса, унинг гуноҳи нима?
Баттар хўрлигим келди. Акам билан тортишмай, хонамга кириб тўйиб йиғладим. Шундан сўнг бу мавзуда бошқа гаплашилмади. Келинойим эса ҳеч нима бўлмагандек кулиб юрарди.
Ўқишни ҳам битирдим. Бир куни уйга совчи келди: келинойимнинг жияни экан. Келинойим оғзидан бол томиб мақтай кетди. Акам ҳам ал­­лақачон рози экан. Онам «ўзинг би­­ласан», дедилар. Учрашув белгиланди. Чиқсам, кўзлари бежо, оз­ғин­­гина, гап-сўзлари ғалати бир йи­­гит турибди. Сира ёқмади. Рад эт­­дим. Аммо акам шунга берамиз, деб туриб олди. Ҳатто мендан сўрамай нон синдирилди. Онам эса ик­ки ўт орасида, нима дейишга ҳам ҳай­рон эди. Ахийри, куёвни суриш­ти­рай, деб холам билан уч кун юриш­ди. Яхшиямки, шундай қи­лишиб­ди…
- Йигит гиёҳванд экан, — дедилар йиғлаб, — рўйхатда тураркан.
Акам шахд билан келинойимга ўгирилди:
- Буни билармидинг?
- Йўғ-ей, билсам Зиёдахонга мос кўрармидим… — дедилар маъюсланиб.
Ичида бошқа нарса деб турганини фақат мен сезардим. Аммо тилимга кўчира олмадим.
Тақдирга тан бердим. Ишга киргач, шу билан овундим. Келино­йим қиз туғди. Ҳаммамиз шу гўдакка хурсандмиз. Кечалари келинойимга ёрдам бериб, бешик тебратардим. Бироқ аввалгидек гаплашмасдик.
Бир куни ишдан чиқаётсам, бир пайтлар менга совчи қўйган ўша йигит кутиб турибди.
- Салом, анча бўлди кўришмаганимизга, — гап бошлади у, — сизни шунча вақтдан буён билдирмай кузатиб юргандим. Ножўя қадам босганингизни кўрмадим. Қўшнилар, устозларингиздан ҳам суриштирмадим. Онамни ишонтирдим… Менга турмушга чиқишингизни сў­рай­ман. Агар кечирган бўлсангиз…
Туман ортидан келган қуёш мени чўчитарди. Лекин бу сафар бахтим учун курашдим. Совчилар келадиган куни келинойимни огоҳлантирмадим. Аёллар онам билан гаплашиб, нон синдиришибди. Фотиҳаландик…
…Тўйим куни онамнинг кўзларида порлаган бахтни сира унутмайман. Йигит ўзим кутгандек шаҳзода эди. Биз бугун бахтлимиз. Қайнона-қайнотам ҳам яхши инсонлар экан. Ҳали замон уйимизга янги меҳмон келадиган…
Акам ва келинойимнинг қизи -  ширингина жияним бир ярим ёшга тўлгач ҳам тил чиқармади. Шифокорга кўрсатишди. Туғма гунг деган ташхис қўйилди… Келинойимнинг қилмишлари норасида гўдакка урганига роса ку­йиндим. Ҳомиладорлик пайтларида қанча ёлғон гапирганлар билмадим-у, аммо фарзандидан топди. Ҳозир келинойим қизининг дардида ич-этини ейди. Менга кўзи тушганида нигоҳларида афсусни сезаман. Лекин тил ёриб айтолмайди… Мен жиянимнинг тилга кириши учун келинойимни минг карра кечирганман. Нима бўл­ганда ҳам надоматда эканини қалбан сезаман.

Нодира Иброҳимова оққа кўчирди.
"БЕКАЖОН" газетасидан

кино. клип, мр3 , софт
 

 
SAYTIMIZNING HURMATLI FOYDALANUVCHILARI VA MEHMONLARI! SIZLAR UCHUN ENDI TELEGRAM DASTURIGA MO'LJALLANGAN SAYTIMIZNING MEDIA KANALI OCHILDI! SAYTIMIZDAGI BARCHA KLIP VA TARONALARNI USHBU KANALIMIZ ORQALI HAM YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN!
USHBU HAVOLAGA BOSING VA JOINNI BOSING

Вместо этого текста пропишите код вывода рекламы.
ИнформацияПосетители, находящиеся в группе Mehmon, не могут оставлять комментарии к данной публикации.

«    Декабрь 2016    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Siz qaysi viloyatdansiz?